27.11.2021


 HOMO CONNECTUS – РАҚАМЛИ ДУНЁ МУБТАЛОЛАРИ

Француз тарихчиси Жюль Мишле "Ҳар бир сўз бир фикрни ифодалайди ва ҳар бир фикр бир мавжудликдир" дейди. Аслида, мавжудликнинг турли кўринишлари, шаклу шамойиллари бор. Техника асрида мавжудликнинг янада фарқли кўринишлари пайдо бўлди. Файласуфлар бугунги давр инсонларини "Homo connectus" (боғланувчи одам) яъни бошқалари билан боғланишни, муттасил мулоқот қилишни ёқтирадиган одам тарзида талқин қилишади. Бугина эмас, Homo connectus бир нави нарцист (ўзига маҳлиё инсон) профилининг фалсафадаги фарқли номи ҳамдир. Ашрафи маҳлуқотнинг бу тури қаршисида ҳар қандай нарцист ҳам беғубор қолиши тайин. “Homo connectus”нинг ақлу хаёлида “Агар улар мен ҳақимда ўйлашаётган бўлса, демак мен мавжудман” деган қараш ҳукмрон. Аслида биз ҳаммамиз бир-биримизга боғлиқмиз. Яъни менинг мавжудлигим бошқа бировларга боғлиқ. Мен ҳақимда қаердадир гапиришаётган бўлса, демак мен ўша ерда борман. Мен ҳақимда қаердадир ёзишса, ёзганларимдан иқтибослар олишса, мен ҳақимда гапиришса, мен ўша ерда мавжудман. Ижтимоий тармоқларда мени ўқишаётган бўлса, демак ҳақиқат қадар виртуал оламда ҳам борман. Мени тармоқларда кузатишаётган бўлсалар, демак рақамли оламда ҳам борман. Мени кимдир, кимлардир дунёнинг қайсидир бурчагида эслаётган бўлсалар, ўша ерда ўшанча миқдорда борман. “Homo connectus” аждоди “Homo sapiens”дан қолган мерос – “унутилишдан қўрқиш” ҳиссини мубталолик даражасига олиб чиқди. У энди реал оламдан зиёда рақамли дунёга кўпроқ вақт ажратмоқда. Чунки у ерда бир вақтнинг ўзида ўнлаб, юзлаб, минглаб, миллионлаб "мавжуд бўлмаган" макон ва хотираларда у МАВЖУД бўла олади. Шу маънда “Homo connectus” – рақамли дунёга мубтало авлоднинг номи ҳамдир.

M.Yuldashev

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder