9.11.2021

 




“Мужда”дан “Ҳолва”гача...

Тил илмида “дунёнинг лисоний манзараси” деган тушунча бор. Ҳар миллат дунёни ўзича идрок этади. Тафаккур ва тахайюлидаги дунёни сўзлар орқали ифода қилади. Сўзларга тўкилган дунё адабиёт бўлади, шеър бўлади, ҳикмат бўлади, миллатнинг абадиятга, сўнгсизликка алоқадорлигини кўрсатувчи қутлуғ далилларга айланади. Бу жараён ҳар бир тилда ўзига хос тарзда намоён бўлади. Дунёда 7000 атрофида тил бўлса, уларнинг ҳар бири дунёни фарқли ракурсларда кўради, идрок этади ва тасвирлайди. Масалан, биз кунгабоқарнинг ҳаракатини кузатиш орқали унинг муттасил Қуёшга интилишини фарқлаб “кунгабоқар” деб номлаган бўлсак, турклар унинг Ойга ўхшашини кузатиб “айчичек” номи учун асос қилиб олишган. “Кунгабоқар” ўтроқлик руҳи, “айчичек” кўчманчилик руҳининг ўзига хос кўринишлари ҳисобланади. Бизнинг тасаввуримиздаги “ошқозон” (ош ва қозон), “юрак” (юрмоқ, урмоқ) топилмалари ҳатто ўз қавмдошимиз бўлган турклар учун ҳам ҳайратли туюлади. Американинг йўқолиб бораётган ҳинду қабилаларидан бири хопи халқи эса дунёни бутунлай бошқача тасаввур қилади. Улар учун биз билган линеар вақт тушунчаси мавжуд эмас. Вақтни даврий такрорланувчи ҳодисалар номи билан атайди. Тунда, тонгда, қишда, ёзда каби. Жуда ибтидоий тил бўлишига қарамай, биз ўзимизнинг ниҳоятда ривожланган деб биладиган тилимиздаги сўзлар билан ифодалаб бўлмайдиган тушунчалардан фойдаланишади. Масалан, “койяанискаци” сўзи “ҳаётнинг сочилиб кетиши” деган маънони ифодалайди. Хопилар наздида, одамга энг буюк неъмат сифатида ҳаёт тортиқ қилинади, лекин у ҳаётни сочиш билан банд. “Сочилиб кетган ҳаёт” тор маънода туғилишдан ўлимгача босиб ўтилган йўлни ифодалайди. “Хопи” сўзи ҳам этимологик жиҳатдан “донишманд” деган маънони билдиради. Ва донишмандлар ўша “сочилиб кетган ҳаёт”ни яна ўз измига, интизомга солишнинг йўриғини қидириш билан машғул инсонлар ҳисобланади. Ёзувчи-шоирлар ҳам миллатларнинг донишмандларидир ва уларнинг зиммасига ҳаётнинг мунтазам қонуниятларини одамзодга эслатиб туришдек муқаддас вазифа юкланган. Ва улар сочилиб кетган ҳаётларни териб-тўплаб шеърга, ҳикояга, қиссаю романларга айлантириш билан муваззафлар.

Кун сайин йўқолиб бораётган тилларда дунёнинг бошқа бир нуқтасидан қаралганда кўринадиган манзарасини кўриш имкони ҳам йўқолиши тайин. Бора-бора дунё манзараси якнавлашиб, бирхиллашиб, рангсизлашиб боради. Шу боис тилга, адабиётга муҳаббатни юксалтириш ҳақида муттасил қайғуриш зарур. Бугун мамлакатимизда адабиётга давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётганлиги кўнгилга бир қадар таскин беради.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 2020 йилнинг 20 май куни Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида: “Адабиёт – халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак”, деган эдилар. Мана шу қайғуришнинг замирида ҳам ўзбек тилида ифодаланадиган дунёнинг муаззам ва муҳташамлигига ишора мавжуд. Бу тил то қиёмат жаранглаб туриши, авлодда-авлодга ўтган сари сайқалланиб бориши керак. Бу тилда ёзилган адабий асарларни дунё халқлари ўз тилларида ўқишлари лозим. Чунки бу тил муболағасиз беҳад гўзал тилдир.

Ўзбек адабиётининг сара асарлари кўплаб тилларга таржима қилинаётгани ва натижалари ҳақида барчамиз у ёки бу шаклда хабар топяпмиз. Маълумотларга қараганда, сўнгги 4-5 йил ичида ўзбек адабиётидан намуналар энг кўп турк тилига таржима қилинган экан.

Яқинда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Наргиза Асадованинг “Мужда” ва “Ҳолва” деб номланган икки китоби Туркиянинг нуфузли нашриётларида чоп қилинди. Ҳар икки китоб ҳам турк китобхонлар эътиборини тортди. Адабиёт ихлосмандларининг мазкур китоблар ҳақида илиқ фикрларни айтишаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Озарбайжонлик таниқли адабиётшунос олима, филология фанлари доктори, профессор Олмос Улви Биннатова шундай ёзади: “Ўзбек шоираси Наргиза Асад айни ёшликнинг мазмун-моҳиятига мос ёшда. Шунга қарамай, у ҳаётининг нақшини ўз қалами билан чиза олувчи соҳир қалам соҳибаси ҳамдир.”

Шоиранинг ўзи шеърият оламига кириб келишини шундай хотирлайди: “Илк шеърим ёмғир ҳақида эди. Ёмғирнинг нега йиғлаётгани ҳақида ўйлаган эдим. Куз келганда дарахтларнинг нега ғам-ғуссага тўлгани ҳақида ўзимча ўйлардим. Билардимки, қушлар қайтмоқ учун иссиқ ўлкаларга - жанубга учиб кетишарди. Болалик чоғларимдан шундай хаёллар оғушида улғайдим. Ва бу ўйларимни қаламга олганим онда ичмида аллақандай ҳузур ва роҳатни ҳис қила бошладим. Шу тариқа энг яқин сирдошим қоғоз ва қалам бўлиб қолди. Ҳамда шу иккиси орасида пайдо бўлган поэтик лавҳалар ҳаётимнинг мазмунига айланди.”

Ёмғирларда ювилган шаҳар,

Энтиктирди баҳор кунлари...

Кеча кузак сочган япроқлар

Бугун ёйди ўрик гулларин.

Унинг шеърларидаги, насрий асарларидаги тасвирланган табиат инсонни ўзига ром қилади. Табиатни кузатишдан беҳад завқ олишини, ҳар бир табиат ҳодисасини мўъжиза янглиғ қабул қилишини шеърларидан ёки ҳикояларидан сезмаслик мумкин эмас. Адабиётшуносликда “пассионар муносабат” тушунчаси бор, яъни воқелика “кучли”, “ҳиссий” ва “ҳалоскорона” муносабатда бўлиш назарда тутилади. Наргиза Асадованинг нарратив ёки лирик қатраларида муаллифнинг табиат ҳодисалари қаршисида айнан ўша кучли, эҳтиросли ва ҳалоскоркорона муносабатини сезиш мумкин. Масалан, кузги дарахт қаршисида туриб шундай ёзади:

“Кўз олдимда тўкилиб турсанг,

Беғам яшаш мумкинми – Дарахт!”

Мазкур лирик қатра, аслида, шунчаки кузатиш маҳсули эмас, дарахтни ичдан ҳис қилиш, ўзни дарахт деб ҳис қилишнинг, демакки, энг қадимги ҳаёт билан боғлиқ туркона тасаввурлар билан алоқадорликнинг намоён бўлиши ҳамдир. Дарахтга ошнолик ва дарахт билан дарддошлик Наргиза Асадова ижодининг ўзига хослигини таъминлайдиган поэтик чизгилардир.

Маъруфжон Йўлдошев

2021 йил 8 ноябрь куни “Турон” кутубхонасида Наргиза Асадованинг

турк тилида нашр қилинган китоблари тақдимотида ўқилган маъруза.



Hiç yorum yok:

Yorum Gönder