8.11.2021

 





ЁРУҒЛИККА БОШЛОВЧИ ШЕЪРИЯТ

Чексизлик гирдобига тушиб қолган инсон адабиёт кўрсатган томондаги ёруғлик сари интилади. Адабиёт инсонни йўқ бўлиб кетишдан, мақсадсизлик ва маънисизликдан асрайди. Адабиёт энг аввало инсонга хаёл қилишни, тафаккур ва тасаввур қилишни ўргатади. Динлар ва мифологик таълимотлар замирида ҳам айни маъно яширинган. Яъни, исёнкор руҳни ҳечлик ботқоғидан қутқариб муқаддаслик мартабасига олиб чиқиш. Аъзам Ўктам шеъриятининг асосини ҳам айни шу ҳақиқат ташкил этади. Унинг шеърларини ўқиганда, майда ташвишлардан анча баландда турадиган самимиятни, бегидир ҳақиқатни туясиз. Унинг ҳеч ким кўрмаган ноёб бир манзарани, сўзни ёхуд фикрни топа олгани учун эмас, ҳаммага маълум бўлган манзара, сўзни ёки ҳолатни ўзига хос тарзда кўра олгани ва ўз услубига мувофиқ ифодалай олгани учун ёқтириб қоласиз. Адабиётшунос олим Баҳодир Карим бир мақоласида шоирни шундай таърифлайди: “Аъзам Ўктамнинг адабий шахсияти ва қиёфасини, истеъдодининг асосий қиррасини шеърий асарлари белгилайди. Бу шеърлар эгасининг мавқеини, обрўсини табиий равишда баланд кўтаради; яхши шеъргина шоирни абадиятга дахлдор қилади. Чунки бу шеърият эгасида ички бир мағрурлик, ғолибият сезилади; у бировларга ялтоқланишни, айниқса, ҳақсизлик қошида бўйин эгилишни ўзига эп кўрмайди. Аъзам Ўктам шеърлари ўзи каби анча ўжар ва одамнинг юзига, ҳақиқатнинг кўзларига тик қараб турадиган, инсон юрагига тез етиб борадиган самимий, жонли ижод намуналаридир.”

Ҳар қандай шеърни ўқиш учун ҳам маълум савия керак бўлади. Айниқса, Аъзам Ўктам шеърларини шунчаки ўқиб бўлмайди. Исломий ақида ва ҳикматлардан бехабар кимса шоир шеърларидаги гоҳ ошкора гоҳ яширин ҳолда ифодаланган маънавий хазиналардан бебаҳра қолиши тайин. Аслида, Аъзам Ўктам шеър учун мавзуни узоқлардан қидирмайди. Таниш туйғулар, аниқ ҳолатлар унинг эътиборини тортади. Энг кичик тасодифларга ҳам қизиқиб қарайди ва илҳом олади. Улардан кутилмаган фалсафий ифодалар чиқаради, топиб айтади. Ҳар бир сўзга, иборага ҳикмат назари билан қарайди. Масалан, ёмғир ҳақида жуда кўп шеър бор. Бироқ “ёмғир – бу пичирлаб қилинган дуо” сатри содда ва аниқлиги билан уни бир марта ўқиган китобхоннинг хотирасига муҳрланиб қолади. Унинг халқ тилидаги мақол-маталлардан, фразеологик бирликлардан фойдаланиш тарзи ҳам ниҳоятда ўзига хослиги билан эътиборга лойиқ. Масалан, тилимизда “замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” мақоли мавжуд. Шоир шу мақолнинг мазмунини сўроқлаб кўради:

“Замон сенга боқмаса,

сен замонга боқ.”

Бу гапни айтган-ов

замоннинг ўзи. (“Эҳтимол”)

Шоирнинг шубҳаси сизга ҳам ўтиши табиий. Сиз ҳам шоирга қўшилиб беихтиёр сўзлар замиридаги маъноларни уқишга, англашга ва фарқли ракурслардан баҳо беришга уринасиз. “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” мақоли мазмунида тобелик, мусалламлик бор. Шоир ҳар қандай итоатни эмас, Оллоҳга яқинлаштирадиган итоатни ёқлагани боис, мазкур мақолнинг ҳақиқатига ҳам шубҳа билан қарайди. Шоир очиқ айтмаса ҳам мақолда ифодаланган маънонинг аксини ёқлаши англашилади. Қуйидаги шеър ҳам худди шу тарзда шакллантирилган. Мақол ва унинг маъносига киноявий муносабат:

“Узоқнинг буғдайидан

яқиннинг сомони яхши.”

Агар буғдой эмас,

сомон ейдиган бўлсанг. (Мақолга шарҳ)

Бадиий матннинг тил хусусиятлари тадқиқига бағишланган ишларда, интертекстуаллик атамасидан фойдаланилади. Интертекстуаллик атамаси муайян бадиий матн таркибида ўзга матнларга дахлдор унсурларнинг мавжудлигига нисбатан ишлатилади. Таъкидлаш лозимки, ҳар қандай бадиий матн интертекстуал бўлиши шарт эмас, бу ёзувчининг бадиий мақсади, услуби билан боғлиқ ҳолда юзага келади. Бошқача қилиб айтганда, бадиий матнга олиб кириладиган ҳар қандай бошқа матн ёки унинг унсури асосий матн мазмуни ва лисоний қурилиши билан уйғунлашиб, ёзувчининг эстетик нияти рўёби учун хизмат қилади. Бадиий матннинг интертекстуаллиги хилма-хил шаклларда намоён бўлади. Асосий матнга олиб кириладиган ўзга матн ёки унинг муайян унсури ёзувчи ниятига кўра асосий матн структурасининг турли қисмларидан жой олиши мумкин. Юқоридаги шеърларда мақол яхлит ҳолда олиб кирилган ва унга муносабат билдирилган. Мақол бу шеърдан ташқарида ҳам мустақил ва яхлит ҳолда ўз маъно доирасига эга. Шеърга олиб кирилгандан кейин бутуннинг парчасига айланади ва маъноси ундан кейин келган парча асосида англашилади. Бу тарздаги шеърлари билан шоир ўқувчига ҳар нарсага тақлидий, кўр-кўрона ишониб кетавермай, суриштириб, аниқлаб ҳодисанинг ҳақиқатига етгандан кейин ишониш кераклигини уқтиришга ҳаракат қилади.

Солмаганман оғзимга толқон,

қўрқаман одамдан қўрқишга.

Хафа қилма – бепарво кулма,

Синдириб ташласанг-да,

Мендан ўпкала –

Мен – ойнаман,

сенинг башаранг қийшиқ. (Кўрга ҳасса)

Бу шеърда “башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама” мақолини ёйиб ташлайди ва бир шеър шаклида қайта тиклайди. Энди мақолнинг моҳияти бутунлай ўзгаради. Ислом ақидасига кўра “мусулмон мусулмоннинг ойнасидир.” Бунинг акси бўлсанг, демак мусулмон эмассан. Шоирнинг маънавий дунёсини ҳисобга олганда, бу шеърнинг маъноси янада теран англашилади.

Қор ёққани яхши – излар босилар,

Маъқул шамол келгани –

Қувилади дарду гард.

Ёмғир ювар ғуборни.

Ҳаммасидан ёв қочгани зўр –

болалайди ботирлар. (Баҳонада)

Ушбу шеърда “қор ёғди – излар босилди” ва “ёв қочса, ботирлар кўпаяди” мақоллари интертекстуалликни юзага келтирган. Юқорида таъкидланганидек, шоир шеърларини кузатганда, унинг ҳаётга нисбатан кучли ироник муносабати англашилади. Турмуш ташвишлари ҳам, амал-мансаблар ҳам шоир наздида майда нарсалар. У буларнинг барини кузатади ва илҳом олади. Кузатиш, эҳтимол, ҳаётнинг маънисини илғаш учун илҳомлантирадиган энг тўғри ва ягона йўлдир.

Йирик лингвопоэтист олим Роланд Барт фотосуратлар таҳлили орқали муаллифнинг эстетик оламини ёритиш жараёнида иккита атамадан фойдаланади: “studium” ва “punctum”. Studium атамаси орқали олим муаллифнинг мақсади ва натижасини изоҳлайди. Суратда акс этган ҳолатлар, нарса-буюмларнинг маъно-мазмуни ва ёзувчининг уларга юклаган маъноси ҳақида фикр юритади. Punctum атамаси эса суратда акс этмаган аммо суратни томоша қилган инсоннинг хаёлотида акс этган қандайдир тасаввурлар, аллақандай кайфиятни уйғотувчи эсламлар (ассоциация) ва илҳомларни ҳосил қилувчи “нимадир”ни ифодалаш учун ишлатилади. Адабиётшунослар мазкур атамалардан бадиий асарларни таҳлил қилишда ҳам фойдаланишади. Studium хусусий ҳолатни тадқиқ қилишда, punctum эса нисбатан кенгроқ, бир неча асари учун муштарак бўлган нуқтани аниқлашда ишлатилади. Аъзам Ўктам шеърияти учун умумий нуқта яъни punctumни белгилаш зарурати туғилса, эҳтимол, кўпгина шеърларига хос бўлган кучли киноявий муносабатни айтиш мумкин бўлар. Чунки шу тарздаги киноя унинг бошқа шеърларида ҳам кузатилади. Масалан:

Кун кўрмай куним кўрдим:

Тез кеч кирди, тонгдан дил хуфтон.

Ўсиб қарияпман,

Енгилиш – енгил иш.

Ҳар тун ҳаёт марҳум,

Доим тирик ўлим:

ҳаёт менга дўстмас, ҳа, ёт. (Кузда кулган чечак)

Шеърни илк марта ўқиганда, лирик қаҳрамоннинг ҳаётдан норизолиги, тақдирдан шикоятзадалиги ва буларнинг барига кучли бир киноя билан қараши сезилади. Буни “кун юзини кўрмаслик”, “кунини кўрмоқ”, “енгилиш – енгил иш”, “ҳаёт марҳум”, “ҳаёт дўстмас, ҳа, ёт” каби ўзига хос ифода шакллари таъкидлаб туради.

Қуйидаги шеърдан ҳам шоирнинг тил табиатини, миллий тил мантиғини нақадар теран англашини сезишимиз мумкин. “Сичқон сиғмас инига ғалвир боғлар думига” мақолидан ўз ҳаёт ҳикоясига алоқадор ҳолатларни топади. Мақолдан келиб чиқадиган образли мазмун шеърда ифодаланган асосий фикр-ғояни яхлит ҳолатда ўзида мужассамлайди. Мақолни ўқигандаёқ ўқувчи матндаги асосий ғоянинг умумий чизгиларини тасаввур қилади.

Тўғри, тўғри. Эътирозим йўқ:

Сичқон ғирт овсар-да –

сиғмайди-ю инига,

ғалвир боғлар думига.

Тушундим:

дахли бор бу гапнинг менга.

Аммо сизга англатай қандоқ –

Ў, на қадар сулувдир ғалвир,

уни судра-аб юриш –

нақадар завқли. (Тушунинг...)

“Эгилган, таслим бўлган ҳар қандай нарсада исён бор. Ёйлар тортилганда гўзал бўлади, чунки тортилмаслик учун чиранади. Дунёдаги инсон ижоди бўлган барча гўзалликлар буюк марҳаматга исён ва алалоқибат тобеликнинг ҳосилаларидир. Ҳамма нарса эгилмай-букилмай тўппа-тўғри ўсишни, юксалишни истайди. Аммо, минг шукрки, уларнинг ҳеч бири буни уддалай олмайди. Тўппа-тўғри ўсишга ҳаракат қилаверинг, ҳаёт сизни эгиб олади.” – дейди инглиз ёзувчиси Гилберт Честертон. Исён ва итоат Аъзам Ўктам ижодининг пойдеворини ташкил этади. Унинг шеъриятини бошдан-охир кузатган одам, шоир исёнининг бора-бора итоатга, ўжарлигининг марҳаматга, киноясининг таслимиятга айланиб бориш жараёнини англаб етади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг таъбири билан айтганда, унинг шеърларида “мусулмон инсон, динини худди чўғни тутгандек тутиб, диндан ажраб қолган бир жамиятда яшаб келган инсоннинг фикрлари, унинг қийналишлари, ўртанишлари ва халқи учун куюниши ўз ифодасини топгандир.”

Маъруфжон Юлдашев

филология фанлари доктори, профессор

"Аъзам Ўктам ижоди бадиияти" халқаро илмий-амалий анжуман материаллари. Андижон, 2021. -Б. 337-341

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder