15.11.2024


 

Шовқинлар ичра...

Йўлда кетаётиб, бирдан шундай сукунат ичига тушиб қолдимки, гўё замонлар оша саёҳат қилгандек бўлдим. Бундай вақтаро кўчишдан ҳайратга тушганим рост. Мен яшаб ўтилган ўша вақт оралиғида айнан ўша сукутни бошдан кечирган бўлишим керак. Акс ҳолда, бу асрорангиз жимлик бунчалик таниш туюлмаган бўларди менга. Тасаввур қиляпсизми, бир одим олдинга ташлашингиз билан қандайдир параллел оламга ўтиб қоласиз. Бир вақтнинг ўзида кўплаб оламлар борлигини англайсиз. Бу тушда туш кўраётгандек, туш ва ўнг оралиғида сузиб бораётгандек бир ҳиссиёт уйғотади. Макондан мустасно сукут оламидан чиқиб кетишни истамайсиз. “Қанийди, шу туш ўнг бўлса-ю, ўнг деб ўйлаганларим тушга айланиб қолса”, деган фикр пайдо бўлади шуурингизда. Мен ҳам худди шундай бир ҳисни яшадим бир он аввал. Шуниси қизиқки, мени шовқинлар диёридан бир он узоқ-узоқларга олиб кетган бу сукутни жуда яхши танишимни аниқ-тиниқ англаяпман. Эҳтимол, у қачонлардир мен оид бўлган сукутистондир, эҳтимол, у орзуларим истиқомат қиладиган шовқинлардан фориғ жимистондир... Хуллас, “мени қидириб кепти, мени унутмапти, мени соғинибди”, дейман ичимдан қувониб. Мени тарк этишни истамаяпти, қовжираган чинор япроқлари билан ўйнаяпти, шитирлатиб қўшиқлар куйлаяпти, ахир. Мен англаган тошлар устида сассиз юриб-югуриб қувнаяпти, ўт-ўланлар устида ўмболоқлар отаётгани рост-ку! Мени топганидан шунчалар хурсандки, уни ҳис қилганим учун миннатдор, сезганимдан беҳад шод-хуррам. Бу сукут қанчалар яхши... Ўз вақтида келгани ундан-да яхши...

15.11.2024 М.Ю.