4.06.2015

Заргар (ривоят)


ЗАРГАР

(РИВОЯТ)

Бир донишманд уста узоқ йиллар ёнида ҳунар ўрганган шогирдини синаш мақсадида унга бир дона ялтироқ тошни тутқазибди ва: “Ўғлим, манави тошнинг нархини бозордаги савдогарлардан сўраб билиб кел. Қайтишда заргарга ҳам учрашни унутма” - дебди. Шогирд бозорга чиқиб аввал баққолга учрабди ва “Манави тошни сотмоқчиман, қанчага оласиз?” Баққол тошни қўлига олиб айлантириб кўриб: “Бир тангага берсанг оламан, болаларга ўйинчоқ бўлади.” - дебди.
Шогирд баққолнинг дўконидан чиқиб газмолфурушнинг ёнига борибди. Газмолчи ҳам тошни айлантириб у ёқ бу ёғини кўргач: “Беш танга бераман” дебди. Шогирд у ердан чиқиб атторнинг ёнига ўтибди. Аттор тош учун ўн танга беришга розилигини айтибди. Шогирд расталарни айланиб устози берган тошнинг нархини сўраб-суриштирибди. Қайтишда заргар дўконига кирибди ва тошни кўрсатибди. Заргар: “Ўғлим, сен бу гавҳарни қаердан топдинг?” дея ҳайрат билан сўрабди. Шогирд: “Буни қанчага оласиз?” деб сўрабди. Заргар: “Қанча сўрасанг бераман!” Шогирд: “Сиз қанча берган бўлардингиз?” Заргар: “Бу тошни менга сот, оғзингга сиққанини бераман. Керак бўлса дўконимни ичидаги тиллалари билан қўшиб бераман” - дея ёлворибди.  
Шогирд бу гавҳарнинг бошқа бировнинг омонати эканлигини айтиб сотмоқчи эмаслигини, фақат нархини ўрганмоқчи эканлигини тушунтирибди. Заргар бу гавҳарга нарх бичишга қодир саррофнинг йўқлигини айтибди. Шогирд заргар дўконидан чиқиб устахонага йўл олибди. Мияси алғов-далғов бўлган кўйи йўлда давом этибди. Бир ёнда катта бир анордек гавҳарни бир тангага олишни истаган баққол, иккинчи ёнда унинг нима эканлигини айтиб унинг учун бор будини беришга рози заргар...
Устозининг ёнига келган шогирд ҳайрат ичида бошидан ўтказган воқеаларни айтиб берибди.    
Шогирд: “Ҳайрат ичидаман, устоз. Нима дейишга ҳайронман. Миям ғовлаб кетди.” - дебди.
Устоз: "Бу бир сабоқ эди, ўғлим. Бундан хулоса чиқар. Кимгадир кераксиз бўлган буюм кимгадир топилмас матоҳ. Ҳар нарсанинг қийматини уни билган одамларгина тушунади. Ҳар нарса унинг қийматини билган кишининг ҳузурида азиз. Қўлингдаги тошнинг нима эканлигини заргардан бўлак ҳеч ким билмади. Шунга кўра баҳо бичдилар. Одамлар билан муносабатда бунга эътибор бер..."
Хулоса шуки, ҳар инсонда бир бебаҳо гавҳар яширинган. Шу боис инсоний муносабатларда баққол эмас, заргардек қадршунос бўлмоқ керак.
/Турк тилидан Муслима.Йўлдошевa таржимаси 

1 yorum:

  1. Bu tarjımamı yokı öz ıjodıngızdan? Ma'nılı lavha ekan. Menga yoqdı

    YanıtlaSil