20.01.2019

Митти ҳикоялар устаси (мақола)



МИТТИ ҲИКОЯЛАР УСТАСИ
XX асрнинг охирларидан бошлаб дунё адабиётида ҳажм жиҳатидан ниҳоятда қисқа, мазмунан теран ҳикоя тури пайдо бўлди ва шиддат билан оммалашиб борди. Бугунги кунда деярли ҳар бир халқ адабиётида бундай асар намуналарини, муаллифларини ва муҳлисларини учратиш мумкин. Турк адабиётида ана шундай қисқа, митти ҳикоялари билан танилган уста ёзувчи Фарид Эдгу бўлади.
Фарид Эдгу митти ҳикояни шундай тушунтиради: “модданинг энг кичик зарраси – атоми бўлганидек, ҳикоя марказида ҳам мағиз бўлади, митти ҳикоя ана ўша мағизни англатишдир.” Арастунинг “ибтидонинг боши йўқ, интиҳонинг охири. Аммо ўртанинг боши ҳам охири ҳам бор” деган машҳур гапи бор. Фарид Эдгу ўз митти ҳикоялари ҳақида гапирар экан, “бу ҳикояларнинг боши ҳам охири ҳам йўқ. Улар ўртанинг ҳам қоқ маркази ҳақидадир. Боши ва охирини ўқувчига ҳавола қилганман. Худди (ўхшатишни маъзур кўргайсиз) Тангри бизларни ҳаётнинг қоқ марказига отиб юборгани каби.” Аслида ҳам минимал ҳикояларнинг шаклу шамойили ҳаётга ўхшайди. Улар ҳам ҳаёт мисоли мунтазам ўзгаради, янгиланади, ривожланиб боради.  
Тунги қоровул
Истасанг, тунда шу ерда қолишинг мумкин, деди менга.
Бу таклифмиди ёки раҳми келдими, тушунолмадим.
Тунга, зимистонга бурдим нигоҳимни. Tашаккур айтдим.
Афсуски қололмайман, дедим. Кутаётганим бор.”  
Фарид Эдгу асарларини ўқиганда, дастлаб, жумлалар тарқоқ, қаҳрамонлар суҳбати қовушмагандек, бир-бирига алоқасиздек туюлади.  Аммо синчиклаб қарасангиз, матн структурасининг зичлигини, ниҳоятда пухта ўйланганлигини сезасиз. Юқоридаги ҳикояда 27 та сўз бор. Тун сўзининг 3 марта такрорланиши зимистоннинг моҳиятини теранлаштиришга хизмат қилади. Қаҳрамон ички нутқидаги тушунолмадим феълидан сўнг мавҳумлик янада қуюқлашади. Қаҳрамон нигоҳини зимистонга тушуниш ва кўриш мумкин бўлмаган мавҳумликка қаратади. Ташаккур яшаб ўтилган ҳар он учун айтилади. Маънили, маънисиз, нима бўлса ҳам ҳаётнинг ўзи ташаккурга арзийди. Афсуски қололмайман, дейди қаҳрамон йўловчи. Кутаётган ким ёки нима? Одамзоднинг бу дунёда бир йўловчи эканлиги, дунёнинг бир муддатлик қўнимгоҳ эканлиги, “қол” дегувчиларнинг ҳаммавақт мавжудлиги, “кутгувчи”ларнинг ҳам мудом борлиги... Фано ва бақо, умрнинг бевафолиги, ўлимнинг барҳақлиги, икки эшик ораси ва мангу дарбадар ҳақидаги маълум ва машҳур ривоятлар, ҳикоятлар... Мазкур митти ҳикояларни ўқир экансиз буларнинг бари хаёлингиздан ўтиши шубҳасиз.
Унинг “Товуш” деб номланган митти ҳикоясини ўқиб кўринг, унинг замиридаги маънолар қатламини тез англайсиз:
– Ким ўлибди? деди бир товуш.
– Ким ўлдирибди? деди бошқа бир товуш.
– Неча киши ўлибди? деди учинчи товуш.
– Қачон ўлдиришибди? деди нотаниш товуш.
– Ўлдирган ҳам ўлади, деди таниш товуш.
– Учови ҳам норасида, деди ғалати товуш. – Бештаси аёл, деди айни товуш.
– Қаёққа кетяпмиз, деб сўради кекса товуш. – Билмайдигандек гапирма, деди ёш товуш.
 – Ростдан билмайди, деди охирги товуш.
Тўққиз фарқли товушнинг диалогидан ташкил топган “Товуш”даги қаҳрамонлар характер жиҳатидан тўла шаклланмаган, хира образлар ҳисобланади. Исмлари йўқ,товушлари бор. Кекса ёки ёш эканлиги ошкор қилинади холос. Тўққиз овоз, тўққиз товуш, аслида ўлимга ва сабабиятга бўлган муносабатини саслари, овозлари орқали билдирмоқда. 
Фарид Эдгу ўзининг митти ҳикояларида фавқулодда мазмунга мос фарқли ва янги шакллар қидиради. У ўз асарлари орқали турк тили ифода имконларининг нақадар кенглигини, оз сўз, сиқиқ жумлалар билан не чоғли теран ва сермазмун фикрларни ифодалаш мумкинлигини кўрсатиб берди.
Маъруфжон Йўлдошев
20.01.2019.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder