Илм остонасида турган ёшларга хитобим
Азиз ёшлар, тадқиқотчи ва илм талабида юрган дўстлар! Бу сўзим сизларга. Ўзингизга маълум, ҳар бир инсон бир тажриба. Мен 50 йилнинг сарҳисобидан гапирсам, сиз 20 балки 30 ёшда эришган ютуқлардан гапирарсиз. Ва буларнинг бари бир миллатга алоқадор тажрибани намоён қилади.
Бугунги кунда юртимизда мисли кўрилмаган янгиланишлар юз кўрсатмоқда. Буюк бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлигини ҳаммамиз кўриб-кузатиб турибмиз. Устозлар бу жараёнга камарбаста бўлишга тайёр, ёшлар эса имкониятларини ишга солиб ўзбекнинг кимлигини дунёга тараннум этмоқда. Спортчи ўғил-қизларимизнинг муваффақиятига барчамиз даҳлдорлик ҳис қилаётганимиз, бу менинг зафарим, юртимга, ватанимга алоқадор муваффақият деб фикр юритаётганимизнинг ўзи “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиорининг амалдаги исботидир.
Илм-фанда ҳам ана шундай ўктамликка, бирдамликка эҳтиёжимиз бор. Чунки бугунги глобаллашган дунёда ўз сўзини айта олиш осон эмас. Бундай вазиятда, албатта, илмга, таълимга катта сармоя киритган давлатларгина ўз оёқларида мустаҳкам тура оладилар. Минг шукрки, мамлакатимизда таълимнинг барча босқичлари тизимли ишлаб турибди. Буларни мендаан кўра яхши биласизлар. Мен бугун айтмоқчи бўлган масала ёшларга қаратилганлиги учун олимлик фазилатлари ҳақда гапирмоқчимаан. Нега? Сабабини маърузамнинг якунида билиб оласиз. Халқимизда “олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган пурҳикмат мақол бор. Халқ нима айтса, топиб айтади. Лекин шуни унутмаслик керакки, олим бўлиш ҳам осонмас. Мақолда ҳам шу таъкидланяпти. Яъни машаққатига қарамасдан олим бўлиш одам бўлишдан осон, дейиляпти-да. Агар шунчаки осон маслак айтилиши керак бўлса, олимлик қиёс учун олинмаган бўлар эди.
Китобларда олимлик сифати ва фазилатлари турлича талқин қилинади ва бу ҳам табиий. Чунки моҳиятнинг ўзи сарҳадсиз. Мен айримларини қайд қилиб келдим. Эшитиб кўринг балки ишингизга яраб қоладигани чиқиб қолар.
Илм талабгорининг илк фазилати ҳар қандай ҳодисага шубҳа билан ёндашишида кўринади. Шубҳачилик. Шубҳа бир нави савол бериш қобилияти дегани. Бугун дунёдаги энг яхши университетларда талабаларга энг зўр билим берилади, деб ўйласангиз янглишасиз. Улар талабаларга билимдан кўра ҳам савол беришни ўргатишар экан. Савол беришни ўрганиш масаланинг ярмини ўрганиб бўлди дегани. Савол бера олиш бир фазилат экан. Биз миллат сифатида болаларимизга савол беришни ўргатмаймиз. Нега? Нима учун? Қандай? Бу саволлар оиладан университетдаги таълим жараёнигача шаклланиб келиши керак. Савол беришни билмай университетни тамомлаган мутахассис мактаб ёки бошқа даргоҳга борганида савол бермай жим ўтирадиган болаларни тарбиялайди. Дарс ўтамиз. Дарс якунида саволлар борми? Жавоб аксар ҳолларда “Йўқ!” бўлади. Наҳотки, дейсиз. Бир айтасиз, икки айтасиз в ажабланмай қўясиз. Сиз шундай жиддий илмий янгиликларни айтасиз лекин савол йўқ. Қизиқмаяптими? Унда нега чиқиб кетишмай ўтиришибди? Тушунишяптими? Сиз ўз саволларингиз гирдобида қолаверасиз. Айтмоқчиманки, яхши олим бўлиш ниятида шу ерларда заҳмат чекиб юрибсизми, савол беришни ўрганинг. Устозларга илтимосим, талабаларга савол беришни ўргатайлик. Зора улар, ўзлигини, атрофини, жамиятни сўроғлашни ўрганишса.
Навбатдаги фазилат Сезги саналади. Қадимдан дунё ўзанларини белгилаган олимларга хос жиҳатлар орасида сезги кучи алоҳида эътироф қилинади. Яъни ҳодисаларнинг илмий моҳиятини сеза билиш, англаш ва баҳолай олиши беҳад муҳим фазилат ҳисобланади. Ҳисларингизга қулоқ солишни ўрганинг, улар сизга илм эшикларини очишга ёрдам беради. Одамни, оламни ва ўзимизни англаш ўша сезгилар воситасида амалга ошади.
Ташаббускорлик. Бу ҳам тадқиқотчи учун зарур фазилатлардан саналади. Илмий ғояни, фаразни, илмий муаммони ўртага ташлай билиш ниҳоятда қадрланадиган жиҳатлардан биридир. Ибн Синони оласизми, Берунийними, Форобий ёки Ибн Халдунни оласизми уларнинг ҳар бири ташаббусскорликлари билан илм тарихида қолган забардаст олимлар ҳисобланади. Ва ҳар бири ўзлари ишонган илмий фараз ортидан кетишди ва қанчалик машаққатли бўлмасин ўша ғояни исботлай олдилар. Шундай экан, азиз ёшлар ташаббускор бўлишимиз шарт. Бугун сиз эъзозлайдиган устозларингиз, улар эришган ютуқлар ортида уларнинг ташаббускорлиги ётибди. Ташаббуснинг катта-кичиги бўлмайди. Фойдалиси ва долзарблиги асос ҳисобланади. Мен ташаббускорлик деганда парадоксал тушунча тарзини, умуман, излаш, изланиш жараёни ва унинг бирлаштирувчи кучини ҳам тушунаман. Илмнинг бирлаштирувчанлик кучи борлигига ишонаман. Чунки тадқиқот бир жамоа, бир миллат ва мамлакат тараққиёти учун қилинади. Бекорчиликдан, “шу билан шуғулланай-да, вақт ўтсин” деб қилинмайди.
Яна бир фазилат жасорат деб аталади. Жасорат деганда мен ақлнинг, тафаккурнинг жасоратини тушунаман. Жасоратсиз инсон илм йўлига кира олмайди. Илм йўли бу эртаклардаги Кенжа ботирнинг “Борса келмас” деб аталадиган йўлни танлашидек гап. Ҳақиқий илм толиби “Борса келар” ёхуд “Борса гумон”ни эмас, айнан “Борса келмас”ни танлайди ва муваффақиятга эришади. Тарихни, миллат тарихини айни шу “Борса келмас”ни танлаган жасур ақл эгалари яратади. Азиз ёшлар, илм йўлидаги сафарингиз осон бўлмаслиги мумкин лекин жасоратингизга ишонинг сиз албатта муваффақиятга эришасиз.
Ҳаяжон. Навбатдаги фазилат ҳаяжон ҳисобланади. Тадқиқотчи руҳли инсонлар боладек серҳаяжон бўладилар. Топган бир гапи, бир фикри, бир тушунчаси, янгилиги, ҳатто биргина сўзи унга олам-олам ҳаяжон бағишлаши мумкин. Ҳаяжон тадқиқотчига хуш кайфият бағишлайди. Илҳом беради ва янада янги дунёларни кашф этишга ундайди.
Ирода. Тадқиқотчи бардошли, сабрли ва маслагида собитқадам бўлгандагина натижага эришади. Кучли олимлар бир нави иродали инсонлардир.
Меҳнаткашлик. Ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан оғирроқдир. Жисмоний меҳнат эгалари маълум соат ишлагандан кейин уйига бориб дам олади. Яъни бугунги кунда 8 соат меъёр ҳисобланади. Жисмоний меҳнат қилувчилар шунча соатдан кейин дам олишади. Ақлий-ижодий меҳнат эса 24 соатингизга талабгор фаолиятдир. Буюк даҳолар йирик кашфиётларни тушларида қилишган. Бежиз эмас. Мунтазам бир ўй-фикр атрофида айланаверсангиз бу ишнинг ўнгу тушлиги қолмайди. Ижоддаги меҳнат бу уни қайд қилиш, қоғозга тушириш, мукаммал шаклу шамойилга тушириш жараёни билан боғлиқ заҳматлар ҳисобланади.
Санаб ўтилганлар илм кишисида бўлиши керак бўлган айрим фазилатлар холос. Ҳали яна олим адолатли бўлиши керак, миллий қадриятларни қадрловчи шахс бўлиши керак. Самимийлик, бетарафлик, ҳалимлик ва бошқа фазилатлар ҳам борки, айнан олимдан талаб қилинади.
Кўряпсизми, азизлар, нима учун муқаддас динимизда, Қуръони Каримда ва ҳадисларда олимлар юксак даражада қадрланади?! Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди», деганларни эшитдим, деган эканлар».
Ана шундай юксак аъмолни зиммага олишни шараф деб билган устозларга қуллуқ қиламиз, ёшлардан эса ўзбек илмини дунёга олиб чиқиш учун ғайрат қилишларини тилаб қоламиз.
“Маърифат улашиб” ЧДПУ
17.12.2024