Озарбайжон пойтахти Боку кўҳна тарих ва замонавий тараққиётнинг ажойиб уйғунлигидир. Каспий денгизи соҳилида жойлашган бу мамлакат ноёб меъморчилик, бой маданият ва кутилмаган мўъжизаларга эга. Келинг, Боку ҳақидаги айрим маълумотларни эсга оламиз.
1. Шамоллар шаҳри
"Шамоллар шаҳри" бу ном Бокуга шунчаки берилган эмас. Боку ҳақиқатан ҳам дунёдаги энг шамолли шаҳарлардан бири. “Хазорий” ва “Гиловар” деб аталувчи икки шамол шаҳар иқлимини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади. Денгиздан эсувчи шамолнинг қуруқликдан эсувчи шамол билан тўқнашуви халқ тилида муҳаббат ва нафратнинг туташуви ёки поэтик тилда Лайли ила Мажнун деб ҳам тилга олинади. Боку кўчаларида юрганингизда шамолнинг таъсирини деярли ҳамма жойда ҳис қиласиз. Маҳобатли байроқнинг ўрнатилиши, кўчаларнинг шамол йўналишига мос тартибланиши, ҳайкал ва ёдгорликларни шамол эсишига қараб жойланиши, ҳамма-ҳаммасида “Хазорий” ва “Гиловар”нинг таъсири сезилиб туради.
2. Оловлар юрти
Озарбайжон бу номни минг йиллар давомида тупроқ ва тоғлар бағридан сизиб чиқадиган табиий газнинг мунтазам ёниб туриши туфайли олди. Асрлар мобайнида ўчмай ёниб турувчи бундай масканларнинг энг машҳури Янардағ (ёнаётган тоғ) ҳисобланади. Ушбу табиий ҳодиса минтақанинг тарихий ва диний ривожланишида муҳим рол ўйнаган, чунки оташпарастлар уни муқаддас жой деб билишган.
3. Олов миноралари
Боку шаҳри ва, умуман, Озарбайжон замонавий меъморчилигининг юксак намунаси бўлган олов миноралари визуал улуғворлигидан ташқари, мамлакатнинг оташпарастлик билан боғлиқ қадим тарихи, иқтисодий қудрати ва жадал тараққиётининг ҳам тимсоли ҳисобланади.
4. Гобустон петроглифлари
Бокудан унча узоқ бўлмаган ҳудудда қадимий петроглифлари билан машҳур ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Гобустон археологик қўриқхонаси мавжуд. Бу ерда эрамиздан аввалги 8-минг йилликка оид 6000 дан ортиқ қоятош петроглифлари аниқланган. Ушбу қоятошларда овчилик, рақс, ҳунармандлик ва турли ибодат маросимлари акс этган. Петроглифларнинг топилиши ва ҳимояга олиниши Гобустонни дунёдаги энг муҳим археологик очиқ ҳаво музейлардан бирига айлантирди.
5. Ўралган гилам шаклидаги музей
Бокудаги Озарбайжон гилам музейи меъморий ва маданий жиҳатдан муҳим зиёрат масканларидан бири ҳисобланади. Бино ўралган гиламга ўхшаш шаклда барпо қилинган бўлиб, мамлакатнинг узоқ йиллик гилам тўқиш анъанасини намойиш этади. Музейда озарбайжон гиламларининг энг катта ва нодир нусхалари тўплами сақланади. Музей ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида рўйхатга олинган.
6. Эски шаҳар
Ичаришаҳар, шунингдек, эски шаҳар номи билан ҳам танилган, Бокунинг тарихий маркази бўлиб, уни асрлар давомида ҳимоя қилиб келган деворлар билан ўралган. ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий шаҳардан ўрта аср саройлари, масжидлари ва маҳобатли Қиз минораси жой олган. Ичаришаҳарнинг энг қадимги бинолари 12-асрга тўғри келади. Ҳозирги кунда шаҳарнинг бу тарихий қисмида 3000га яқин аҳоли истиқомат қилади.
7. Қиз қалъаси
Бокунинг қалби ҳисобланмиш эски шаҳардаги қадимий Қиз қалъаси 7-12-асрлар орасида қурилган Зардуштийлар ибодатхонаси ёки астрономик обсерватория вазифасини ўтаган. Айрим тарихчилар эса бу шаҳарни айланасига қуршаган катта мудофаа тизимининг бир қисми деб ҳисоблашади. Минора Озарбайжон валютасида ҳам акс этган бўлиб, дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонларни жалб қиладиган шаҳарнинг энг диққатга сазовор маданий масканлардан бири ҳисобланади. Қиз қалъасини янада жозибадор қилиб кўрсатадиган сир унинг номи билан боғлиқ кўплаб афсоналарда яширинган. Бир афсонада балиқчи йигит ва Боку хонининг қизи, оловранг сочли гўзал маликанинг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилинади. Хон қизини аслзода йигитга турмушга бермоқчи бўлади. Қиз Хазор денгизининг соҳилга яқин қисмига қурилган кузатув минорасига чиқади ва ўзини минорадан сувга ташлашга қарор қилади. Малика минорадан сакраган пайт турнага айланиб қолади ва учиб кетади. Минора ҳақида 20га яқин афсона мавжуд. Уларнинг барчаси минорани янада сирли ва жозибадор кўрсатишга хизмат қилади.
Hiç yorum yok:
Yorum Gönder