4.01.2016

Алифдек қоматим нундир...


АЛИФДЕК ҚОМАТИМ НУНДИР...

Тасаввуф ва шарқ фалсафасида арабий алифбодаги ҳар бир ҳарфнинг ўз маъноси, теран мазмуни, шаклу шамойили ва руҳи бор деб ишонилади. Чунки арабий ҳарфлар инсон ва инсон аъзолари билан алоқалантирилади. “Алиф” тик, адл қоматни, “дол”, “нун”, “ёй” ҳарфлари эса эгилган қадни, озурдаликни, ситамни, дарддан, айрилиқдан эзилганлик ҳолатини ифода этади.
Ҳижронда чекмишам фиғону нола,
Алифдек қоматим ўхшамиш “дол”а,
***
Алифдек қоматим нундир,
Сажда айлаб қошларинга.
***
Висолингдан ғамгин кўнглим очилди,
Фирқатингда алиф қаддим ёй энди.
(Мисоллар Мулла Нафас шеърларидан олинган.)
“Алиф” ҳарфининг шаклига эътибор берилса, нозик, зариф ва мутавозе инсон қиёфасини ёдга солади. Шу боис мумтоз шеъриятимизда севгилининг қадди-қоматига нисбатан айни ҳарф кенг қўлланилган. Алишер Навоий ғазалларидан бунга истаганча мисол келтиришимиз мумкин:
Эй, алифдек рост қаддинг ҳасрати жонлар аро,
Жисм ичинда жон киби сен барча султонлар аро.
***
Ҳар “алиф” сарв эди, “ҳе” ғунчаву “дол”и сунбул,
Демайин номаки, бир тоза гулистон топтим.
“Алиф” билан “лом” ҳарфининг бирикишидан ўртага чиққан “Ломалиф” ҳарфи ҳайратни, ҳайратдан лол бўлмоқликни ифода этади. Мисолни яна Алишер Навоийдан топамиз:
Заъфдин қаддим “алиф” бўлди, ул икки “лом”и зулф
Ҳар ёнимдин жилвагар, ваҳ, не ажаб гар лолмен.
“Ломалиф” бундан ташқари инсон руҳининг сайрини ҳам билдиради. Тасаввуфий адабиётларда “алиф” тўғриликнинг, дурустликнинг “дунё” сўзи эса эгриликнинг, нодурустликнинг рамзи эканлиги кўпчиликка маълум. Араб ёзувида “дунё” сўзининг ўзаги бўлмиш “д-н-и” ҳарфларининг учаласи ҳам эгри чизиқлардан таркиб топган. Уларда “алиф”лик, тўғрилик йўқдир. Бунинг маъноси эса “алиф”дай бўлишни истасанг “дунё”дан кўнгилни узмоғинг керак демакдир.
Араб графикасидаги “алиф” ва “вов” ҳарфлари мутасаввуфлар томонидан алоҳида эътибор билан тилга олинади. Мазкур ҳарфларнинг илки адолатни, адолатпарварликни, тўғриликни, дурустликни ифодаласа, иккинчиси тавозу, камтарлик ва ҳаётнинг асоси бўлган бўлган нафасни англатади. Шу билан бирга “вов” ҳарфининг баъзан она қорнидаги эмбрионни эслатиши, баъзан тасбиҳ ўгириб ўтирган киши қиёфасини ёдга солиши таъкидланади. Баъзи адабиётларда эса таслимият ва садоқатнинг ифодаси сифатида тилга олинади.

Қисқаси, теран маънолар талабгори бўлган кишиларга бу ҳарфлар ҳаётий аҳамиятга молик рамзлардир.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder