17.10.2023

 


ФУЗУЛИЙДАН БИР ҒАЗАЛ

Фузулийнинг “Сўз” радифли ғазали шоирнинг адабиёт, нотиқлик ва шеър санъати ҳақидаги эстетик қарашларини ўрганиш учун асос бўладиган мўътабар назм дурдонаси ҳисобланади. Ғазалда сўз қудрати, нотиқнинг маҳорати, сўзлар замиридаги маънолар гўзаллиги тараннум этилган. Шоирнинг сўзга эътибор ва масъулият ҳақидаги фалсафий-ижтимоий фикрлари беҳад гўзал тарзда ўз ифодасини топган. Асосий ғоя шундан иборатки, ҳар бир инсон ўз нутқига катта масъулият билан ёндашиши, сўз танлашда заргар ҳассосияти билан танлаши зарурлиги таъкидланади. Чунки ҳар бир сўз сўзловчининг маънавий оламидан дарак беради, маърифатини намоён этади. Фузулий таъбирича, “инсоннинг ички дунёси сирларини халққа очиб берувчи, йўқдан бор қилгувчи” сўз инсон қадрини белгиловчи мезон ҳамдир. Ўзини азиз қилмоқчи бўлган одам аввало сўзини азиз қилмоғи керак. Сўзини қадрлаган инсоннинг ўзи ҳам қадр топишини баён қилади. Юзига парда тортган санамга қиёсланган сўз ўзининг асрорангиз чеҳрасини ҳаммага ҳам эмас, фақат унинг гўзаллигини қадрига етган инсонларгагина кўрсатишини гўзал тарзда ифодалайди. Шоир тасвиридаги сўзнинг туби шоҳона инжулардан иборат маърифат денгизидир, у баҳрда сузишни билмаганлар ориф санлмайди. Денгиз ҳақида билимга эга бўлмаганлар ҳеч қачон сўзлар шамойилидаги дуру жавҳарларга эга бўлолмайдилар. Сўзнинг қудратини, сиру асрорини англаган инсон ўз сўзини абадиятга алоқадор қилиш орқали ўзи ҳам мангуликка даҳлдор бўлиши мумкин. Ғазалнинг сўнгги мисрасида кўп сўзнинг эътиборни задалаши мумкинлиги ҳақидаги ғоя илгари сурилган. Агар сўзинг эътиборли, қийматли бўлишини истасанг, оз сўзла, чунки кўп сўз, инсонни эътибордан туширгай.

Эл-улусга сирингни ҳар дам қилур изҳор сўз,

Бу на сирки, ҳар лаҳза бўлур йўқдин бор сўз.


Сўз қадрини оширган сидқ ила қадрин оширгай,

Ким на қадар оширгайдир, қадри ҳам ошгай сўз.


Бергил сўзингга иҳё, тутганда хоби ажал

Этгай сени ҳар он ул уйқудан бедор сўз.


Бир нигори анбаринвашдир кўнгиллар олгали,

Кўрсатар ҳар дам ниқоби ғайбдан рухсор сўз.


Хазинаи ганжинаи асрордир ҳар дам тортадур

Риштаи изҳорга минг-минг гавҳари асрор сўз.


Бўлмаган ғаввоси баҳри маърифат ориф эмас,

Ким садаф таркиби тандир марвариди шаҳвар сўз.


Гар иззат истасанг Фузулий оз сўзлагин сўзни

Ким кўп сўзлагай, билки иззатин хор қилур сўз.

 ***

Инсоннинг бошқалардан яширган сирларини эл-улусга ошкор қилгувчи, йўқни ҳам бор қилгувчи сўздир. (1)

Сўз қадрини билган, унга эътибор қилган инсон аслида ўзига эътибор қилган бўлади. Сўз қандай қадр кўрса, сўзловчи ҳам шундай қадр кўради. Ўзини азиз билган сўзини азиз қилади. Чунки инсонга унинг сўзларига қараб баҳо берадилар. (2)  

Сен сўзингга жон ато қил, тирилтир-ки сенга ўлим уйқуси етганида у сени тирилтирсин. Шундай сўзлар айтгинки, ўлганингдан кейин сенинг ҳар сўзингни хотирлаганларида қайта тирилгин. (3)

Маъноли сўз кўнгилларни олган севгили кабидир. У ҳам пардасини очиб юзини кўрсатади ва кўнгилларни шод қилади. Сўзга меҳр ва муҳаббат кўрсатмай туриб унинг сирларидан воқиф бўлиш душвордир. (4)

Сўз сирлар хазинасининг хазинабонидир, қўриқчисидир. Баъзан асорангиз гавҳарларини ипга тизиб ошкор этади. Сирлар сўзлар воситасида ошкор бўлади. (5)

Сўз туби шундайин шоҳона инжулардан (лўлўйи шаҳвар) иборат маърифат денгизидир-ки, у денгизда сузишни билмаган ориф санлмайди. Ғаввос бўлмагунча денгиз тубидаги инжуларга етиб бўлмайди. (6).

Агар сўзинг эътиборли, қадрли бўлишини истасанг, оз сўзла, чунки кўп гапирмоқ, инсонни эътибордан туширгайдир. Зеро, чин сўз мўътабар, яхши сўз мухтасар. (7)

                                                                                                       M.Йўлдошев

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder