12.09.2015

Самед Беҳранги: Қора балиқча


САМЕД БЕҲРАНГИ

(1939-1968)

Самед Беҳранги замонавий Эрон адабиётининг ёрқин сиймоларидан биридир.
У 1939 йилнинг 23-июнида Эроннинг Табриз шаҳрида дунёга келган. Самед ўрта мактабни тамомлагандан сўнг 1955 йилда муаллимлар тайёрлаш билим юртига ўқишга кирган. Талабалик пайтида ҳамфикр дўстлари билан бирга “Гулуш” номли сатирик журнал чиқара бошлаган. 1957 йилдан умрининг охиригача Эроннинг озарий қишлоқларида муаллимлик қилган. Шу билан бирга озарий қишлоқларини кезиб халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаган. 1963 йилда халқ оғзаки ижоди намуналаридан иборат “Пора пора” (шеър ва тез айтишлар) китоби нашр қилинган. Бир неча турк ёзувчиларининг асарларини озарий лаҳжасига ўгирган. Унинг “Эрон таълим тизими муаммолари” ва “Озарбайжон мактаблари учун озарий алифбо” номли китоблари катта баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган. 1967-1968 йиллар адиб ижодининг энг сермаҳсул даври бўлган. Италиянинг номдор “Булуми Олтин Мукофоти”га сазовор бўлган “Қора балиқча” асари ҳам 1968 йилда босилган ва ўша йилнинг ўзида дунёнинг жуда кўплаб тилларига таржима қилинган.
Самед Беҳранги 1968 йилнинг сентябрида фожиали бир тарзда ҳаётдан кўз юмган. Адибнинг Арас дарёсига чўкиб ўлгани ҳақидаги хабар Эрон халқи билан бирга унинг асарларини ўқиган барча китобхонларни қайғуга ғарқ қилди.
Самед Беҳранги ҳикоя ва эртаклари болалар билан бирга катталарни ҳам бефарқ қолдирмайдиган асарлардир.
ҚОРА БАЛИҚЧА

Денгиз тубида кекса бир балиқ ўн икки минг боласи ва набирасини атрофига тўплаб олиб эртак айтиб бермоқда:
Қадим замонда кичик бир ирмоқда қора балиқча онаси билан бирга яшар экан. Ирмоқ баланд тоғдаги бир қоядан чиқиб водийнинг этакларигача оқиб борар экан.
Она-бола балиқ ирмоқ тубидаги катта тош тагини ўзларига уй қилиб олишган экан. Тошни қоплаган йўсинлар уйнинг томи вазифасини бажарар экан. Балиқлар тунда йўсин остига кириб ухлашар экан. Қора балиқча бир марта бўлса ҳам йўсинлар остидан чиқиб ой нурини кўришни орзу қилар экан.
Она балиқ ва миттивой эрталабдан кечгача бир–бирини ортидан сузиб айланиш билан овора экан. Баъзида бошқа балиқлар билан бирга кичик ирмоқда у ёқдан бу ёққа сузиб юришар экан.
Ўн минг увилдириқдан бор–йўғи шу қора балиқча ҳаётда қолишга муваффақ бўлган экан. Қора балиқча бир неча кун ғамгин бўлиб қолибди. Худди бетоб бўлгандек, у ёндан бу ёнга секин-секин сузиб вақт ўтказар экан. Онасининг ортидан жимгина сузиб юраверибди. Онаси миттивойнинг аҳволидан ташвишланар, тезроқ тузалиб кетишини умид қилар экан. Аммо қора балиқчанинг дарди шунчаки ўткинчи бир дард эмас экан.
Митти балиқ бир куни эрта тонгдан, ҳали қуёш чиқиб улгурмасдан онасини уйғотиб:
– Ойижон, келинг бироз гаплашиб ўтирайлик, – дебди.
Онаси уйқусираб:
– Болажоним, гаплашгани топган вақтингни қара-я. Кейинроқ гаплашсак бўлмайдими? Агар хоҳласанг бирга айланишга чиқишимиз мумкин, нима дейсан? – дебди.
– Йўқ, ойижон, айланишни умуман хоҳламайман. Мен бу ердан бутунлай кетмоқчиман!
– Бутунлай кетмоқчиман, деганинг нимаси?
– Ҳа, ойижон, кетишим керак.
– Аммо, эрта тонгдан қаерга кетмоқчисан?
– Шу ирмоқ қаергача боришини ўз кўзим билан кўрмоқчиман. Биласизми, ойижон. Қачондан бери бу ирмоқнинг охири қаерда экан, деган ўй менга тинчлик бермайди. Ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Кечадан бери уйқум қочиб ухлолмаяпман. Ниҳоят, ирмоқнинг охиригача бориб ўз кўзим билан кўриб келишга қарор қилдим. Бошқа жойларда нималар бўлиб ўтаётганидан хабардор бўлмоқчиман.
Онаси кулиб дебди:
– Мен ҳам сендайлигимда бу ҳақда кўп ўйлардим. Болажоним, дарёнинг боши ҳам охири ҳам бўлмайди. Буни ақлингдан чиқарма! Дарё доим оқиб туради ва бирон жойга ҳам бормайди.
– Аммо, ойижон, ҳамма нарсанинг ҳам охири бўладику. Тун тугаб тонг отади, ой, йиллар ҳам шундай...
Онаси унинг сўзини бўлибди:
– Бундай бемаъни гапларни бас қил, қани бўлақол, бирга айланишга чиқамиз. Гап сотадиган вақт эмас, эрталабки сайр вақти бўлди.
– Йўқ, ойижон. Мен бунақанги сайрлардан зерикдим. Саёҳатга чиқиб, дунёни кезишни истайман. Бошқа жойларда нималар бўлаётганидан хабардор бўлишни хоҳлайман. Бу гапларни кимдир қулоғимга қуйган, деб ўйласангиз, билиб қўйинг, мен кўпдан бери бу ҳақда ўйлайман. Албатта, бошқалардан ҳам кўп нарсани ўргандим. Масалан шуни тушуниб етдим: Кўпчилик балиқлар қариганда умри бекорга ўтиб кетганидан шикоят қилишади. Тинмай нолишади, кимларнидир лаънатлайди, ҳуда-беҳуда қарғаш билан вақт ўтказишади. Мен шуни билмоқчиман: ҳаёт дегани ҳақиқатан ҳам шу бир ҳовуч жойда қариб ўлгунча айланишдан иборатми? Ёки бу дунёда бошқа шаклда ҳам яшаса бўладими?
– Болажоним, ақлдан оздингми, сен? Дунё, дунё дейсан... Дунё деганинг нимаси? Мана шу ер дунё бўлади. Эл қатори яшаб юрибмиз, ҳаёт дегани бундан бошқача бўлмайди...
Шу пайт уларнинг уйига бир катта балиқ яқинлашибди:
– Қўшни, болангиз билан боядан бери нимани тортишяпсизлар? Бугун сайрга чиқмайсизларми, дейман? – дебди.
Она балиқ қўшнисининг ёнига чиқиб дебди:
– Қай кунларга қолдик, кўрмайсизми, қўшнижон! Болалар энди оналарига ақл ўргатадиган бўлиб қолишди.
Қўшни:
– Нима бўлди, ўзи?
Она балиқ:
– Манави нодоннинг айтган гапини қаранг. Кетмоқчиман, дейди. Дунёда нималар бўлиб ўтаётганини ўз кўзим билан кўрмоқчиман, дейди. Кетаман деб оёқ тираб олди. Бўйидан ошадиган гапларни айтиб ётибди!
Қўшни:
– Миттивой, сен қачон ўқиб олим, файласуф бўла қолдинг-а? Биз бехабар қолибмиз-ку!
Қора балиқча:
– Хола, сиз кимни олим-файласуф деяпсиз, мен билмайман. Аммо бундай ҳар кунги сайрлардан зерикдим. Бу бемаъни сайрларга чиқишни истамайман. Кўз очиб юмгунча сизлардек қариб қоламан. Кўзим кўрмас, қулоғим эшитмас бўлиб қоламан. Хоҳламайман, тушуняпсизми, хоҳламайман!
Қўшни:
– Вой тавба қилдим! Бу қанақа гап бўлди?
Онаси:
– Яккаю ягона ўғлим бу кўйга тушади деб сира ўйламагандим. Қайси яшшамагур ақлли болагинамни йўлдан урган экан-а?
Қора балиқча:
– Ҳеч ким йўлдан ургани йўқ. Ўзимнинг ақлим, ўй-фикрим бор, ахир! Кўзим бор, ҳаммасини кўриб-билиб турибман.
Қўшни балиқчанинг онасига қараб:
– Қўшнижон, ҳалиги ғийбатчи шиллиқ қурт бор эдику...
Онаси:
– Ҳай, эсим қурсин, яхши эслатдингиз, қўшни. Боламни атрофида гирди капалак эди. Вой, ярамас-ей!
Қора балиқча:
– Бўлди қилинг, ойижон. Ахир у менинг дўстим эди-ку!
Онаси:
– Балиқ билан шиллиққурт дўст бўларканми? Умрим бино бўлиб бунақасини эшитмаганман!
Қора балиқча:
– Балиқ билан шиллиққурт душман ҳам бўлмаган-ку! Бекорга гуноҳини оляпсиз.
Қўшни:
– Ғирт бемаънилик!
Қора балиқча:
– Ҳамма бемаънилик сизда-ку!
Онаси:
– Ўлимига ўзи сабабчи бўлди. Дуч келган ерда оғзига келганни валақлайверарди, эсингдан чиқдими?
Қора балиқча:
– Ундай бўлса, мени ҳам ўлдиринглар! Мен ҳам шунга ўхшаш гапларни гапиряпман. Онгингиз заҳарланиб қолмасин, тағин.
Тортишув кучайиб овозлар юксалгач бошқа балиқлар ҳам уларнинг атрофига йиғилишибди. Митти балиқчанинг гапи ҳамма балиқларни ғазаблантирибди.
Кекса балиқлардан бири:
– Шундай қилсам, ачинади, деб ўйлапсан, чоғи?!
Бошқаси:
– Миттивой бошига бало орттирмоқчими, дейман!
Қора балиқчанинг онаси:
– Бас қилинг! Менинг болам билан ишингиз бўлмасин!
Бир балиқ:
– Хоним, билиб қўйинг, болангизга ҳозирдан яхши тарбия бермасангиз, кейин азобини тортасиз.
Қўшни:
– Сизга қўшни бўлганимдан афсусдаман.
Бошқа бирови:
– Бошқаларни ҳам айнитмасидан, шиллиққуртнинг ёнига гумдон қилиб қўя қолайлик?!
Балиқлар митти қора балиқни жазолаш учун келишганида дўстлари унинг атрофини ўраб ҳимоя қилишибди. Қора балиқчанинг онаси эса: “Вой–дод! Боламни ўлдириб қўйишади! Бу кўргилик ҳам бормиди! Нима қилдим энди?! Бошимни қайси тошга урай?!” деб дод–фарёд қила бошлабди.
Қора балиқча:
– Онажон, мен учун йиғламанг. Шу ожиз, қари балиқларнинг ҳолига йиғланг.
ДАВОМИНИ ШУ ЖОЙДАН ЎҚИНГ. 

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder