14.09.2015

Икром ота (ҳикоя)

ИКРОМ ОТА

(ҲИКОЯ)

Эрталаб ишга кетаётсам хотиним қўлимга бир жуфт оёқ кийимни тутқазиб: “Шуни Икром отага ташлаб ўтинг, товони баймайиб кетибди” - деди.
Икром ота маҳалланинг пойафзалчиси. Кўпни кўрган, донишманд одам. Ўғиллари яхши ишларда ишлашади, ўзига тўқ одамлар. Аммо отахон уларнинг қўлига қараб ўтиришни ёқтирмайди. Ўғли “шу ишни бас қилинг, одамларга ўхшаб маза қилиб ўтирсангиз бўлмайдими?” деса, ота “икки оёғим ишламайди, икки қўлим ҳам ишламаса, тирик мурда бўлиб қоламанку, болам, унақа ўтиришнинг мазаси бўларканми?” деган экан. Маҳалла оқсоқоллари ҳам ўғилга, “шу билан овуниб ўтиради, кўнглига қарагин” деб насиҳат қилишган экан.
Ишдан қайтишда эрталаб қолдирган туфлиларимни олиш учун отанинг дўконига кирдим. Ўтириб бироз суҳбатлашган бўлдим. Ота чой узатди. “Чойингиз жуда мазали бўлади-да, сизни, бошқа жойда йўқ бунақаси” деб мақтаган бўлдим. Ота хурсанд бўлиб, бошини қимирлатди.
- Муҳими чойнинг таъми, овқатнинг мазаси эмас, ким билан баҳам кўрганингда, деган экан улуғлар - деди ота чойидан бир хўплаб.
- Ота, яна бир нима сўрасам майлими?
- Сўра болам.  
- Момомни яхши кўриб олганмисиз?
- Эҳ болам тушмагур, эй лодан болама... Бизни замонда яхши кўриб, севиб уйланиш қаёқда дейсан... Уруш эди... Урушга бормаганга биров қизини бермасди... Урушдан икки оёғидан ажраб келган нотовонгаям қизини бераман деган марди топилмасди у вақтлар... Севги деганлари яхши, лекин ҳамма гап вафода, садоқатда, болам.
Икром ота бир нафас тин олди. Қўлидаги бир пой туфлини мойлаб порлатиб бўлгандан кейин олдидаги сандиқ устига авайлаб қўйди. Иккинчи пойини олиб чангларини тозалай бошлади. Ёнида борлигимни тамоман унутгандек эди. Ўзига ўзи пичирлаб бир нималар дерди: “қўнжи ўзиники, пошнаси қўшниники!” Бу гапдан хижолат торта бошлаганимни сезди чамаси “Ҳамма гап косибларнинг эпсизлигида, болам. Эски косиблар хўўўп бошқача эди-да... Битта этик олсанг йиллаб киярдинг. Ҳозиргиларчи, еҳ...”
Мавзуни ўзгартириш мақсадида яна сўрадим:
- Жанжалсиз уй бўлмайди дейишади, момом билан ҳеч жанжаллашганмисизлар?
- Ҳа, жанжалсиз уй бўларканми? Момонг хўп ажойиб-да. Жанжаллашиб қолсак, хафа бўлганини камгап бўлиб қолганидан биламан. Чой олиб келади, индамайди... Чой узатсаям индамайди... Жим юриб ишини қилади. Овқат олиб келади яна жим... Ана ўшанда дунё деганлари кўзимга қоронғу бўлиб кетади. Ҳамма нарсани унутиб юбораман. Яратган эгамнинг менга топширган омонатини ранжитиб қўйдим, деб ич-этимни ейман.
Отанинг титроқ овозидан сабр, кўзларидан шукр тўкилар эди...  

2 yorum: