23.11.2015

Сандал



Расмдаги жиҳозни билмаган ўзбек бўлмаса керак. Бу шунчаки сандал-да, деб ўйларсиз. Ҳа, бу ўша, қаҳратонда дилдираб уйга югурганингизда иликларингизгача илитиб жонингизга оро кирган сандал... Бутун оила аъзолари жамул-жам ўтириб гўзал суҳбатлар қуриладиган митти мамлакат... Ҳаётини шаҳарда ўтказаётганлар учун эса болаликнинг энг иссиқ хотираси...  Қишнинг совуқ кечаларида сандалдан чиққимиз келмас эди. Фақат исиниш учунгина эмас бувиларимиздан эртак ва ривоятлар тинглаш учун ҳам сандал атрофидан айрилгимиз келмас эди. Сандал атрофи хаёллар қуриладиган, орзулар қанотида сирли оламларга сайр қилинадиган мўъжаз маскан эди…
Ҳатто куз охирламай «Тандирни қачон қурамиз?» деб катталарни ўз ҳолига қўймас эдик. Cандал қуриладиган кун эса алоҳида байрамга айланиб кетарди. Эрта баҳорда чордоққа чиқариб қўйилган сандални олиб тушиб яхшилаб тозланар, бир-икки кун шамоллатилар ва топ ташлаб қолган қисмлари мустаҳкамланарди. Хавфсизлик учун кўпроқ оёқ қўйгичлари – гурвадакларига эътибор бериларди. Сандал устига ёпиладиган кўрпани сандалкўрпа дердик. Иссиқни яхши сақлаши учун сандалкўрпанинг астари қалин тўқилган бўздан, усти гулдор қалин материалдан зич қавилган бўларди. Сандал қуришга мўлжалланган жойни сандалжой дердик. Полнинг сандал учун ажратилган жойидаги тахталар олиниб кўздан кечирилар, агар тешик ёки нураган жойлари бўлса лой билан суваб чиқиларди. Кейин сандал қурилиб, фотиҳалар ўқиларди. Ҳамма қишдан совқотмай, соғ-омон чиқиш ҳақида яхши ниятлар қиларди. Шундан кейин жой танлаш бошланарди. Катталар ўтирадиган тўрига ҳеч ким ўтмасди. Биз болалар катталарга энг яқин жойни танлашга ҳаракат қилардик. Пойгакда, эшикнинг рўпарасида қолиб кетмаслик учун жой талашардик…
Сандалнинг ноқулай томонлари ҳам бор эди. Масалан, суянчиғи йўқ эди. Уйда катталар бўлмаган пайтда девор томонда ўтиришни талашардик, бунинг боиси ҳам деворга суяниб ўтириш имконига эга бўлишдан иборат эди. Сандалнинг атрофига суянчиқ қилса бўлмасмикан деб нолиган пайтларимиз ҳам бўларди. Буни қарангки, бу дардимизга орадан анча йиллар ўтиб японлар чора топибди. (2-расмда) 
Мазкур жиҳознинг япон тилидаги номи котатсу (kotatsu) экан. Ота-боболаримиз юз йиллар мобайнида фойдаланиб келган сандал ёки танча бугун қишлоқлардагина қолган. Японлар шаҳар шароитига мослаб замонавий дизайнда ва, албатта, японча номда тақдим қилмоқда. (3-расмда)
Ўз қадриятларимизни ўзимиз дунёга танитмаганимиз учун бошқалар эгалик қилмоқда. Интернет қидирув тизимидан сандал сўзини излаб кўрдим. Бир дона ҳам сандалнинг сурати топилмади. Японча номини қидирсам юзлаб шаклдаги сандалларнинг расми чиқиб келди. Аммо улар сандал эмас, шунчаки японларнинг КОТАТСУси эди...

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder