14.11.2015

Устуршана



Милоддан олдинги VII асрга оид манбалардаёқ Уструшана деган жой тилга олинади. Македонскийнинг Туронни забт этиш тарихи акс этган манбаларда Уструшананинг ҳаёт тарзи, маданий ҳамда ҳарбий ҳолати тўғрисида анчагина маълумот берилган. А. Македонский қўшинлари Уструшанада қаттиқ қаршиликка учраб, жаҳонгир бошидан яралангани, уструшаналикларни таслим қилсада, уларнинг қайта қўзғолишларидан чўчиб, Александрия Эсхата, яъни Чекка Александрия номли шаҳар тиклаб, унга қўшин жойлаштиргани ҳам шу манбаларда айтилади. 
Илк ўрта асрларга тегишли ёзма манбаларда Уструшананинг V-VI юзйилликларда мустақил давлат бўлгани қайд этилган. Бу давлат жуғрофий жиҳатдан ҳозирги Ўзбекистоннинг Жиззах, Сирдарё вилоятлари, Тошкент ва Самарқанд вилоятларининг баъзи қисмлари, Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Қирғизистоннинг Лайлак тумани ерларида ўрнашган. Уструшана тўғрисида Чин йилномалари ва Иброҳим ал-Истахрийнинг  “Масолик ал-мамолик”, Абу Саъд ас-Самъонийнинг “Ал-Ансоб”, Ёқут ал-Ҳамавийнинг “Муъжам ул-булдон” асарларида айтилган.
Уструшананинг бошкенти Бунжикат айрим манбаларда 10 минг, баъзиларида 20 минг эркак аҳолига эга бўлган шаҳар сифатида таърифланади. Бошкент ўртада арк, уни ўраб олган ички шаҳар – шаҳристон, уларнинг сиртида ҳунармандлар яшайдиган – работ  сингари уч қисмдан иборат бўлиб, ҳар бири алоҳида ҳимоя деворлари ва сувли хандақлар билан ўралган. Аркка бир, шаҳристонга икки, работга эса тўрт дарвоза орқали кирилган. Аркда сарой, ибодатхона ва бошқа маъмурий бинолар жойлашган[1].
В.Бартольд, И.Крамер, А. Семенов, Н.Неъматов, Б.Ғафуров, Б. Тўйчибоев сингари олимлар Бунжикат шаҳрининг ўрни сифатида Қалаи Қаҳқаҳа харобаларини кўрсатишади[2]. Олим Муслим Отаев эса ёзма манбалар таҳлилига таяниб, Бунжикат ҳозирги Жиззах шаҳри атрофида бўлганини даъво қилади[3].
Уструшана бир қанча шаҳар ва қишлоқларни ўз ичига олувчи рустоқ деб аталмиш маъмурий тузилмалардан ташкил топган. Мамлакат 18 рустоқдан иборат бўлиб, улар тоғ ва текислик рустоқларига бўлинган. Бунжикат, Сабот, Зомин, Бурнамад, Харакана, Фағнон, Ховос, Шавкат, Фагкат рустоқлари текисликда жойлашган. Минқ, Асбаникат, Бискар, Балтам, Вакр, Шaгap, Масча, Буттам ва Бургар рустоқлари тоғли ҳудудларга ўрнашган[4].
Афшинлар томонидан бошқарилган Уструшанада тахт отадан болага мерос бўлиб ўтган. Ҳукмдорлик нисбасининг “афшин” экани қадимда туркий ҳукмдорларнинг “ашин”лар тарзида номланганини ёдга солиб, ҳукмдорларнинг туркийлигига ишора қилади. Манбаларда VII асрдан ҳукмронлик қилган икки сулолага тегишли 14 афшиннинг номи келтирилади. Нумизматик манбалардан Чирмиш, I Сатачари, I Раханч, II Сатачари, III Сатачари, II Раханч, III Раханч каби биринчи сулоланинг етти вакили 600 йилдан 720 йилгача ҳукмронлик қилгани аён бўлади[5]
Ёзма манбаларда 720 йилда тахтга келган иккинчи сулола афшинлар: Харабугра  (720-738), Ханахара (738-800), Ковус (800-825), Ҳайдар (825-840) давлат бошқарган йиллар аниқ кўрсатилган[6] бўлса, Абдуллоҳ ва Сайр ибн Абдуллоҳ сингари сўнгги икки афшин ҳақида улар зарб этган тангалар хабар беради. Уструшанада сўнгги танга 893 йилда зарб этилган[7]. Тангалардаги ёзувлар таҳлили бу сулоланинг ҳам туркийлигига далолат қилади. Чунончи, афшин Харабугра туркий Қорабуғро, Ханахара эса Хонқора, яъни Қорахон бўлиши эҳтимоллиги бунга асос беради. Шаҳристондан топилган "Ташландиқ болаларни эмизаётган она бўри" тасвири ҳам сулоланинг туркий гениологик оғочига ишорадир.
VIII аср бошларидан Уструшанага араблар кириб келди. Манбаларда Қорабуғронинг 737 йилда қўшни давлатлар билан арабларга қарши ҳарбий иттифоқ тузгани айтилган. Бу иттифоқ мағлуб этилган 738 йилда тахтга ўғли Хонқора чиқади. Отаси каби мустақил сиёсат юритишга уринган Хонқора 738 йилда Наср ибн Сайёр, 795 йилда Фадл ибн Яҳё каби араб лашкарбошилари билан сулҳ тузиб, тахтини сақлаб қолади. Хонқора 752 йилда арабларга қарши курашиш учун Хитойдан ёрдам сўраб, рад жавоб олгани ҳам манбаларда кўрсатилган. Уструшана 893-894 йилларда мустақиллигини йўқотиб, сомонийлар давлати таркибига қўшиб олинади.
Уструшана аҳолиси турмуши негизини деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ташкил этган. Қазувларда Уструшанадан пухта суғориш тизими излари топилгани аҳолининг суғорма экинчилик қилганини кўрсатади[8]. Металл эритувчи печ, заргарлик қолиплари, турли хўжалик ашёлари, қилич, ёй ўқлари, найза каби қуроллар уструшаналикларнинг маданга ишлов бериш салоҳиятидан даракдир. Уструшананинг «400 қалъали ўлка»[9] деб аталиши ҳам мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини билдиради. 
Қазилмаларда урчуқбош, урчуқ ва мато парчалари топилиши ўлкада тўқувчилик ҳам ривожланганини англатади[10].
Археологик қазувлар ўлкада олтин, темир, қалай сингари маданлардан хўжалик ва рўзғор буюмлари, ҳарбий қуроллар, тақинчоқлар ясалганидан далолат беради. Уструшаналиклар тиклаган бинолар, ясаган асбоблар, қуроллар, рўзғор буюмлари, тақинчоқлар бежирим ва қулайлиги билан ажралиб турган. Минқ рустоқида тайёрланган темир хомашё сифатида қўшниларга экспорт қилинган[11].     
Олтин, мис, жез сингари металлардан Уструшанада ясалган узук, сирға, чироқ, шамдон, тамға ва патнисларнинг нафис ҳамда бежиримлиги ўлка ҳунармандларининг маҳорати ва аҳолининг бадиий савиясини кўрсатади[12].
Ўлкада тасвирий санъат ҳам ривожланган бўлиб, археологик қазишмалар натижасида етмишдан ортиқ сюжетли тасвирий асар топилган. Улардан "Ташландиқ болаларни эмизаётган она бўри", "Кўп қўлли худо тасвири", "Уч отлиқ жангчи", "Жанг аравасидаги жангчи", "Уч кўзли афсонавий образ", "Уч бошли ва тўрт қўлли худо", "Қанотли жангчи", "Қуш ва аждар", "Отини даволаётган жангчи", "Арфа чалаётган аёл" сингари асарлар алоҳида ажралиб туради. 
Ўн саккиз рустоқ, йигирма тўрт шаҳар, тўрт юз қалъа ва юзлаб қишлоқларни ўз ичига олган Уструшана ерларида фан ва санъат ҳам ривожланган. Олдинги ҳолат маълум бўлмасада, ислом кириб келгандан то Уструшана сомонийлар салтанати таркибига қўшиб олингунча бўлган давр оралиғида бу ердан 3 шоир, 73 муҳаддис ва 33 фақиҳ етишиб чиққани манбаларда қайд этилади[13]. Табиийки, бу рўйхатга мамлакатдаги барча ижодкор ва алломалар кирмаган.
Уструшаналик Абу Бакр Дулаф ибн Жаъфар аш-Шиблий (859-946) араб тилида, сўфиёна йўлда ёзадиган шоир бўлган. 87 ёшида Бағдодда вафот этган шоирнинг мозори кейинчалик қадамжога айланган. Иккинчи бир машҳур шоир Муҳаммад ибн Ҳусайн аш-Шиблий (вафоти 1078) ҳам Бағдодда таниқли эди. Усмон ибн Али аш-Шиблий (1274-1354) эса нафақат шеърият, балки насрда ҳам маҳорат кўрсатган ижодкор бўлган.
Уструшана таниқли муҳаддислари билан ҳам шуҳрат қозонган. Толиб ибн Али аш-Шийракасий (вафоти 901), Абу Каср Сайф ибн Зоҳид аз-Зоминий (вафоти 909), Аҳмад ибн Муҳаммад аз-Зоминий (вафоти 914), Райҳон ибн Муҳаммад ал-Уструшаний (вафоти 1015), Абдулвоҳиб ибн Абдурраҳмон аш-Шовкатий (1016-1101), Али ибн Али Иброҳим Уструшаний (вафоти 1054), Мутриф ибн Жамҳур ал-УструшанийҲусайн ибн Муҳаммад ал-Ғўбдиний (952-1036), Ҳаким ибн Наср ал-Уструшаний, Луқмон ибн аш-Шаъбий ал-Уструшаний (вафоти 1013) сингари ислом оламида тан олинган муҳаддислар Уструшанада етишиб чиққан.
Шунингдек, Уструшана фикҳ илмининг билимдонлари билан ҳам машҳур бўлган. Ўлкада турли даврларда Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Уструшаний (вафоти 929), Абу Жаъфар ал-Уструшаний (вафоти 1013), Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Уструшаний (953-1016), Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ад-Дизакий (1096), Муҳаммад ибн Наим ал-Ғўбдиний (вафоти 991), Абу Аҳмад ал-Ховасий (вафоти 1167), Мажудиддин ал-Уструшаний (1180-1240) сингари шариат қонунчилиги билгичлари фаолият кўрсатганлар.
Уструшанадаги маданият марказларида бир вақтлар ривожланган илму санъатнинг таъсири ҳозиргача ҳам сезилиб туради. Уструшаналикларнинг фикрлаш тарзи, ҳаёт ҳодисаларига муносабат шакли, фикру туйғуларини ифодалаш йўсини ўзига хосдир. 
Маълумки, ҳар бир этноснинг тафаккур тарзи, руҳияти унинг тилида намоён бўлади. Уструшананинг 18 рустоқидан бири бўлмиш Зомин аҳолисининг тилига хос хусусиятларни комплекс ўрганиш аҳолининг тафаккур даражаси ва ижодий салоҳиятини кўрсатади. Проф. Босим Тўйчибой билан зоминликларнинг этник қатламлари, удумлари, топонимлари, мақоллари, топишмоқлари, иборалари, айтимлари, киши отлари, қариндош-уруғчилик атамалари, инсон танаси номлари, егулик номлари, кийим номлари, жонлиқлар номи, экинчиликка доир атамалар, ўйин номлари, олқишлар, қарғишлар ҳамда қасамларни тўплаб, “Зоминнинг тил қомуси” отлиқ 21 қисмдан иборат китоб яратдик. Ушбу китоб этноснинг тили орқали сақланиб қолган тарихни жонлантиришдан ташқари, бугунги адабий тилни минглаб сўзлар билан бойитади. Уструшаналикларнинг поэтик салоҳияти бу маконда неча юзйилликлардан буён айтилиб келинадиган қуйидаги эл битигида жуда ёрқин кўринади:
Кирғовул қизил экан, 
Қуйруғи узун экан, 
Музга тойғон экан, 
Оёғи синғон экан.
Оврувдан озорланиб,
Бир сўз деб турғон экан:
-Муз ака, муз ака,
Сен недин[14] зўрсан?
-Э, мен зўр бўсам,
Кунга эриб кетармидим':
-Кун ака, кун ака,
Сен недин зўрсан?
-Ай, мен зўр бўсам,
Булутлар бетимди жовармиди?
-Булут ака, булут ака,
Сен недин зўрсан?
-Ўйй, мен зўр бўсам,
Жовин тешиб ўтармиди?
-Жовин ака, жовин ака,
Сен недин зўрсан?
-Қўй-е, мен зўр бўсам,
Жерга сингиб кетармидим?
-Жер ака, жер ака,
Сен недин зўрсан?
-Вой-ей, мен зўр бўсам,
Ўтлар тешиб чиқармиди?
-Ўт ака, ўт ака,
Сен недин зўрсан?
-Вуҳ, мен зўр бўсам,
Қўйға жемиш бўлармидим?
-Қўй ака, қўй ака,
Сен недин зўрсан?
-Мэ-э, мен зўр бўсам,
Қуйруғимдан бўри тортиб кетармиди?
-Бўри ака, бўри ака,
Сен недин зўрсан?
-Увв, мен зўр бўсам,
Итлар қувиб журармиди?
-Ит ака, ит ака,
Сен недин зўрсан?
-Вов, мен зўр бўсам,
Чўпондинг тойоғини жермидим?
-Чўпон ака, чўпон ака,
Сен недин зўрсан?
-Ў, мен зўр бўсам,
Қумурсқа (каринжа)ға жем бўлармидим?
-Кумурсқа ака, қумурсқа ака,
Сен недин зўрсан?
-  Эҳо! Мен зўрманда!
Мен зўр бўмай, момонг зўрма! 
Энангнинг эллик ботмон, 
Отангнинг олтмиш ботмон 
Жугини кўтараман... 
Пародоксал мантиққа қурилган ушбу айтимда халқнинг образли фикрлаш қудрати намоён бўлган. Унда дунёнинг гултожи ҳисобланмиш инсон эмас, балки оёқ остида бор-йўқлиги билинмай яшайдиган қумурсқа (қаринжа)нинг энг қудратли яратиқ экани борасидаги тўхтам кутилмаганлиги билан ҳам, тасвирдаги ички мантиқий боғланишнинг пухталиги билан ҳам мукаммалдир. 
Ана шундай фикрлаш йўсинига эга элнинг фарзандлари бўлмиш Фозил Йўлдош, Ҳамид Олимжон, Тўра Сулаймон, Ҳалима Худойберди, Абдурашид Парда, Туроб Мақсуд, Нурали Қобул, Мамарасул Абдулқосим, Абдуқаюм Йўлдош, Муҳаммад Исмоил, Зулфия Қурол, Ҳаёт Шодмон, Баҳодир Қобул, Икром Искандар сингари санъаткорлар ўзбек адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшдилар.
Уструшаналик адибларда фалсафий фикрлашга мойиллик кучли. Улар кундалик маиший ҳолатлар фонида мангу  эскирмас ҳақиқатларни кўрсата оладилар. Чунончи, шоир Тўра Сулаймон “Тебратар” шеърида дунёдаги мустаҳкам ички боғланишни маҳорат билан тасвирлайди: 
Шамол шамолни тебратар.
Шамол булутни тебратар.
Булут ёмғирни тебратар.
Ёмғир тупроқни тебратар.
Тупроқ майсани тебратар,
Майса бияни тебратар.
Бия қимизни тебратар.
Қимиз йигитни тебратар
Йигит сулувни тебратар.
Сулув бешикни тебратар.
Бешик болани тебратар.
Бола оламни тебратар.
Инсон кўнглидаги ўта ингичка туйғулар тасвирида тенгсиз маҳоратга эга шоира Ҳалима Худойберди “Ҳайф” шеърида одам шукроналик ила тўлиб-тошиб яшаши, дунё неъматларидан баҳраманд бўлиши кераклигини бетакрор йўсинда ифода этади:
Эссиз, зилол дарёлар
Биз қониб ичмасак, ҳайф.
Эссиз мовий маъволар 
Биз қониб учмасак, ҳайф.

Ирмоқ пастлаб, қиялаб
Кетса улуғ тоғ эссиз.
Кўрмай ўтса биялар,
Учқур арғумоқ эссиз.

Дунёсига ўт кетсин,
Дунёсига эртак ҳайф!
Унда кўнгли аёлсиз
Кетаётган эркак ҳайф!
Қадимдан илму маърифат маскани бўлиб келган Уструшана бугун ҳам инсониятнинг маданий тараққиётига жиддий таъсир кўрсатаверади. Зеро, бугун кечадан пайдо бўлгани янглиғ келажак ҳам бугундан яралади.


Қозоқбой ЙЎЛДОШ
2015 йил 19 октябрь
1.TÜRK DÜNYASI KÜLTÜR BAŞKENTLERİ BİLGİ ŞÖLENİNDE SUNULAN BİLDİRİ. NEVŞEHİR 5-7 KASIM 2015 


[1] Негматов Н.Н. Историко–географический очерк Усрушаны с древнейших времен по X в.н.э. // МИА. №37. -М.-Л., 1953. С. 242., Негматов Н.Н., Мамаджонова С.М. Бунжикат - средневековая столица Уструшаны. // Градостроительство и архитектура. ­- Т.: Фан. 1989. С. 91-99.
[2] Негматов Н.Н. Усрушана в древности и раннесредневекове. -Сталинабад. 1957. С.30-31.
[3] Отаев М. Уструшана олимлари. –Т.: “Ислом университети”, 2009. 25- бет.
[4] Негматов Н.Н. Усрушона в древности и раннем средневекове. -Сталинабад. 1957. с.34-35.
[5] Смирнова О.И. Сводный каталог согдийских монет. - М.: Наука, 1981.с. 324-335.
[6] Негматов Н.Н. Уструшана в древности и раннесредневековье. – Сталинабад. 1957. С.129-140., Грицина А.А. Уструшанские были. -Т.: Изд. народного наследия им. А. Кадири. 2000. С.38-55.
[7] Древний Заамин (История, археология, нумизматика, этнография). / Отв. ред. Н. Ш. Умаров. – Т.:  Фан. 1994. С.72.
[8] Билалов А.И. Из  истории  ирригации  Уструшаны. (МКУ. Вып. 4). -Душанбе: Дониш. 1980. Беляева Т.В.  К исторической топографии городов Уструшаны. // Древняя и средневековая археология Средней Азии. – Т.: Фан. 1990. С. 76-81.
[9] Негматов Н.Н. Уструшана в древности и раннесредневековье. – Сталинабад. 1957. С.243.
[10] Фаязова М.М. Отпечатки тканей на керамике из Нуртепе. // Первая конференция молодых историков Средней Азии и Казахстана. - Душанбе: Дониш. 1984. С. 132-133.
[11] Папахристу О.А. Кузнечное дело и селскохозяйственные орудия жителей горной Уструшаны середины XII вв. // ОНУ. 1992. №1. С. 39-42.
[12] Кильчевская Э.В., Негматов Н.Н. Находки ювелирных изделий из Шаҳристана. // СА. -1964. -№3. С.238-246.Бердимуродов А.Э. Гемма инталия из Алмантепа. // ОНУ. -1984. -№4. С.63-65.
[13] Атаев М. Жиззах алломалари. –Т.: “ADIB”, 2014. 33- бет.
[14] Недин - нима сабабли, қандай? (шева).

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder