8.04.2023

 


ҚУШЛАРИ ТАРК ЭТГАН ҚИШЛОҚ

Қишлоғимиздаги энг баланд ва ҳайбатли бино колхоз идораси эди. Ҳовлисидаги азим чинорлар у ерга жуда ярашар эди. Оқшом пайти дарахтларга макон қурган майна, қарға ва чуғурчуқлар қулоқни қоматга келтирар эди. Айниқса, майналар... Дадам бу қушларни “тақлидчи қушлар” дерди. Ҳар қандай овозга тақлид қила оларкан. Отлардек кишнаши, ит бўлиб ҳуриши ёки хўроздек қичқириши мумкин экан. Чигирткаларнинг ашаддий душмани сифатидан билинган бу қушлар ўтган асрнинг ўрталарида Афғонистон ва Покистон томонлардан юртимизга олиб келинган экан. Бироқ майналар чигирткаларни ейиш ўрнига узум, анжир, гилос каби меваларга ҳужумга ўтар; чумчуқ, мусича ва бошқа кичик қушлар инини пойлаб тухумини чўқиб кун бермасмиш.  

Идора биносининг орқа томонида чамаси икки гектарлик боғ бор эди. Боғнинг каттагина қисмига ҳафсала билан таралгандек қилиб узум кўчатлари экилган. Мевали дарахтлари ҳам ҳукмдорни кутгани чиққан аъёнлар каби саф тортиб турарди. Мен бу боғдаги қандак ўрикни яхши кўрардим. Ўриги ҳам данаги ҳам жуда мазали бўларди. Ғарқ пишган пайтда ерга дув-дув тўкилар, шираси кўплигидан асфалт йўлакда қорайиб изи қоларди. Ўртадаги зангори нақшли шийпоннинг атрофини анвойи гуллар ўраб турарди. Кўпинча бу айвонда туман раҳбарларига ёки қайсидир ташкилотга текшириш учун келган комиссияга зиёфат берилар эди. Водий аскиячилари ҳам тез-тез шу боғда тўпланиб аскиябозлик қилишар эди. Баъзан шаҳардан келган машҳур санъаткорлар учун базми жамшид уюштирилар эди. Шийпон ортида йўлак адоғига қадар симтўр қўриқхона қилинган бўлиб, унда товуслар, туяқушлар, япон товуқларидан тортиб тоғ какликларгача боқилар эди.

Дадамнинг ишхонаси ва идора биноси ўртасидаги катта дарвозадан ўша боғга кирилар эди. Мактабда дарслар тугаши билан дадамнинг ёнига югурар эдим. Дадам раҳбарлик қиладиган биолаборатория менга ғаройиб макондек кўринарди. У ерда оппоқ халатлар кийган ишчилар шиша идишларга термулиб эртадан-кечгача нималарнидир ҳисоб-китоб қилиб ўтирашар эди. Хоналарда тахта токчаларга қатор қилиб саноқсиз шиша идишлар терилган. Турли катталикдаги идишларнинг ичида майда жониворлар – хабрабраконлар ҳаёт учун бетиним курашар эди. Уларга ёрдам бергим келар эди. Бир куни шиша идишларнинг қопқоғини очиб, митти капалакларни у ердан озод қилиш учун пайт пойладим. Ишчилар нимадир сабаб билан ташқарига чиққан пайтда, тахта токчаларга терилган банкаларнинг қопқоғини очиб чиқдим. Бир зумда хонани оқ қанотли митти капалаклар қуюни қоплади. Жон ҳавлийла ўзимни эшикка урдим. Биолабораторияда ўргамчаккана, шира, кўсак қурти каби зараркунандаларга қарши хабрабракон деб аталадиган фойдали ҳашаротлар етиштирилар эди. Ғўзалар кўсаклаган пайтда картондан ясалган учбурчак уячаларда далаларга қўйиб юборилади. Улар кўсакларга тушган қуртларни қидириб топиб ейди.

Йўл четидаги ариқ ёқасида пастак бино – кутубхона бор эди. У ерга ариқ устига ўрнатилган омонатгина тахта кўприкдан ўтиб кирилади. Кутубхоначи Инобат ая жуда хушфеъл аёл бўлиб, дераза олдига қўйилган стол-стулда ўтириб йўлдан ўтган-кетган билан саломлашар, кирганни кутиб олар эди. Ичкарида янги китобларни намойиш қилиш учун айланиб турадиган бир қурилма бор эди. Ҳар сафар кутубхонага кирганда ўшани айлантиришни ёқтирардим. У овоз чиқариб айланса ҳам менга мўъжизадек туюлаверарди. Айлантирган сари орқа томондан янги китоблар чиқиб келаётгандек бўларди. Инобат ая “Ҳой болам, бўлди энди” дегунча айлантираверардим.

Бир куни ўша мўъжизакор чархпалакда Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” китобини кўриб қолдим. Қалин муқоваси қора ва оқ ранглардаги ажабтовур қушлар билан безатилган эди. Китобни қўлимга олиб, узоқ варақладим. Қушлар номини ўқидим. Водийлар тасвирига кўзим тушди. Ва шу китобни олишга қарор қилдим. Кутубхоначига узатиб, “Мана шуни ёзиб қўйинг” - дедим. Инобат ая дафтардан бошини кўтариб, мен узатган китобни олди, кўзойнагини ҳафсала билан артди ва бурнига қўндирди. Китоб муқовасига синчиклаб қаради. Орқа-олдини айлантириб кўрди. “Буни сизга бера олмайман, катталарники бу китоб. Мана бу белги катталар учун дегани” – дея китоб ичидан ўсиб чиққан лолагул расмли нашриёт белгисини кўрсатди. Мен ҳам иккиланиб ўтирмай, “Менга эмас, дадамга” дедим. Инобат ая “Ростданми?” – деди. Мен индамай кутиб турдим. Инобат ая “Майли, мен дадангиздан сўрайман, агар ёлғон айтган бўлсангиз. қайтиб китоб бермайман” –деди, қайд дафтарига нималарнидир ёзиб, менга қўл қўйдириб олди. Мен китобни олдиму уйга югурдим. Тезроқ бориб тайинлаб қўймасам, кутубхоначи ая мендан олдин бориб дадамдан сўраб қолиши мумкин эди-да. Уйда аямга китобни қандай қилиб олганимни айтиб бердим. Дадамни хабардор қилиб қўйишларини илтимос қилдим. Аямга ўқиб бўлгандан сўнг гапириб беришга ваъда бериб хотиржам бўлдим.

Ўшанда “Лисон ут-тайр”ни тушунмасам ҳам ўқиганман. Бир неча кун қўлимдан қўймаганман. Қандайдир катта бир имтиҳон мени кутиб турганини ўйлаб тинчим йўқолган эди. Дадамга сўзлаб берганмидим-йўқмидим эслолмайман, лекин китобни қайтаришга кирганимда кутубхоначи ая асар мазмунини сўрагани эсимда. Сўзлаб беришга чоғланганимда қушларнинг қаергадир учиб кетишаётгани, водийлардан ўтаётгани кўз олдимда гавдаланганди. Бироқ тилимга кўчган сўз эса “Бу қуш тилида ёзилган экан, мен тушунмадим” бўлган эди. Ҳатто семурғнинг қандай қуш эканлигини ўқитувчимдан сўраганимда “товус бўлса керак” дегани ёдимда. Япалоққуш билан ҳудҳуднинг қандай қушлигини онамдан сўраб билиб олганман.

Ҳозир қишлоғимиздаги ўша идора биносини одамлар бўлиб ўзлаштириб олишган. Ҳовлисига ҳам дидсиз, кўримсиз иморатлар қурилган. Жаннатдан бир парча – боғи бўстон ҳам аллақачон одамларнинг томорқасига айланиб улгурган. Ҳайвонот боғи ўрнида эса парранда тугул дарранда ҳам қолган эмас.  Айниқса, майналар... Улар дарахтлари кесилиб кўримсиз бўлиб қолган қишлоқни аллақачон тарк этишган. Энди қишлоқда от бўлиб кишнайдиган, ит бўлиб ҳурадиган, хўроз бўлиб қичқирадиган майналар қолмаган. Улар шаҳарларга, чинорлари ҳануз кесилиб кетмаган маконларга учиб кетишган.

Мен болалигимни эслаганда энг кўп катта ариқ ёқасидаги кутубхонани соғинаман. Қишлоққа борганда ҳар гал ўша жойдан ўтаётиб кўзларим мўъжизалар маскани – кутубхонани қидиради. Баҳор ва ёзда тўлиб оқадиган катта ариқнинг икки ёқасидаги сербарг тутлар ҳам, қалин ажриқлар ҳам, эскириб бир ёнга қийшайган лопиллама тахта кўприк ҳам кўз ўнгимдан кетмайди...

Қушлари тарк этган қишлоқнинг оқшомлари сассиз, тонглари сокин. Қушларни соғинадиган девосо дарахтлар қолмаган энди, бироқ оқшомлар ҳар куни уларни кутади, кутаверади...

М.Йўлдошев

08.04.2023


1 yorum:

  1. Ассалому алайкум !Ҳикоядан анча таъсирландим,ҳақиқатан кӯп жойда болаликни эслатувчи энг қадрли бинолар, кӯринишлар ӯрнида бегона хотиралар....

    YanıtlaSil