16.02.2016

Тилларнинг ўлими


ТИЛЛАРНИНГ ЎЛИМИ

Кейинги йилларда БМТ ва Юнеско дунё халқлари диққатини тилларнинг камайиб бораётганига қаратмоқда. Тадқиқотларга қараганда ҳар 14 кунда бир тил ўлмоқда. Яъни икки ҳафта олдин кимлардир томонидан гаплашилган, кимларгадир мактуб ёзилган тил бугун истеъмолда йўқ. Ҳайвонот  ва ўсимликлар оламида эса бу ҳолатнинг янада аянчли эканлиги таъкидланади. БМТнинг 2015 йил ҳисоботига қараганда, ҳар куни табиатдаги 3 жонли ҳайвон ва 3 ўсимлик тури йўқ бўлиб бормоқда. Биотурларнинг йўқ бўлиб бораётгани табиатнинг қашшоқлашиб кетишига ва ер шаридаги ҳаёт сифатининг тушиб кетишига сабаб бўлади. Чунки табиатдаги ҳамма нарса бир-бири билан бевосита боғлиқдир
Дунёда тилларнинг ўлими ҳодисасига табиий ҳол сифатида қарайдиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг наздида тилларнинг кўплиги халқлар орасидаги коммуникацияни қийинлаштирувчи иллатдир. Ҳатто тилларнинг кўплиги тараққиёт тезлигига жиддий салбий таъсир қилаётган омиллардан ҳисобланади. Бироқ мутахассислар бир тилнинг йўқ бўлиши оқибатида бир миллатнинг, бир халқнинг ва бир маданиятнинг йўқ бўлиб кетишидан огоҳлантирмоқдалар. Ҳар қайси тилнинг ўзига хос гўзаллиги бўлади. Ўша тилдагина ифода этилиши мумкин бўлган тушунча ва ифодалар бўлади. Бир тилнинг ўлими бир халқнинг урф-одат ва анъаналарининг, дуо ва қарғишларининг, тилак ва орзуларининг, мақол ва маталларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Бир тил йўқ бўлди дегани, бундан кейин фарзанд ўз онаси эшитган тилда алла эшитолмайди дегани, онасининг тилида севинолмайди дегани. Тил билан бирга ўша тил воситасда яратилган маънавий қадриятлар ҳам йўқ бўлиб боради. Бу ифодалаб бўлмайдиган даражада катта фожиадир
Аслида, тилларнинг ўлими масаласи бугун ёки кеча ўртага чиққан муаммо эмас. Афсуски, узоқ ўтмишдан бери давом этиб келаётган табиий жараён ҳисобланади. Тарих саҳифаларига кирган ва бугун бутунлай истеъмолдан чиқиб кетган тилларнинг сон саноғи йўқ. Ҳатто бугунги кунда дунёда қанча тил мавжудлиги ҳам аниқ эмас. Чунки баъзи лаҳжаларни алоҳида тил ҳисоблаш керакми ёки йўқлиги масаласида бир тўхтамга келинмаган. Яхши ўрганилмаган ҳудудлардаги тиллар ҳақида ҳам етарли тадқиқот олиб борилмагани ҳам бу борадаги муаммолардан ҳисобланади. Таҳминан, 3000-3500 атрофида тил борлиги айтилади. Бу рақам баъзи манбаларда 6000-8000 атрофида ҳам кўрсатилади. “Этнолог: Дунё тиллари” деб аталадиган маълумотлар ресурсининг 2015 йил, 18-сонида 7472 тил ва лаҳжа ҳақида маълумот берилган. Мазкур ресурснинг 15-сонида дунёда 6912 тил борлиги таъкидланган эди. "Les langues du monde" деб номланган манбада 2500-3500 тил борлиги айтилади. Иккинчи жаҳон урушидан олдин ўтказилган бир тадқиқоқтда, лаҳжалар ҳисобга олинмаганда 2.796 тил борлиги таъкидланган. "Britannice" деб номланган энциклопедияда бу миқдор 2500-5000 деб кўрсатилган. "Americana" энциклопедиясида 3-4000 тил борлиги қайд қилинган. ХХI аср охирига бориб мавжуд тилларнинг ярмига яқини ўлик тилга айланиши ҳам ҳақиқатга яқин таҳминлар сирасида. АҚШ Тилшунослик тадқиқотлари институти томонидан 1999 йилда эълон қилинган ҳисоботга қараганда, дунёда фақат бир киши томонидан билинадиган 51 тил мавжуд бўлиб, уларнинг 28таси Австралиядадир. Бундан ташқари,  юз кишидан кам киши томонидан билинадиган 500га яқин тил бор.  Сўзлашувчиси минг кишидан кам бўлган тиллар миқдори ҳам шунга яқин. Масалан, Австралияда 108, Ҳиндистонда 198, АҚШда 190 тил ана шундай тиллар қаторига киради. Булар ҳам йўқ бўлишга маҳкум тиллардир.
Тилларнинг йўқ бўлиб кетишининг ташқи ва ички омиллари мавжуд. Ташқи омиллар деганда тилдан ташқарида рўй берган урушлар, қатағон, қирғин, сургун, сиёсий тазйиқ ва катта табиий офатлар тушунилади. Мазкур омиллар натижасида муайян бир халқ йўқ бўлиб кетади. Бунда ўша халқ билан бирга унинг тили ҳам йўқ бўлади. Ёки маълум бир халқ сиёсий истило ёҳуд этник тўқнашувлар туфайли дунёнинг турли ҳудудларига тарқаб кетади. Натижада она тилининг ишлатилиш макони оила ва қариндош-уруғлар билан чегараланиб қолади. Бундай вазиятда тилдан фойдаланувчилар сонининг камайиши тил тараққиётига жиддий таъсир кўрсатади. Мазкур ҳолатда табиий шаклда рўй берадиган авлодлар алмашинуви эса она тилининг таназзулини тезлаштиради. Ички омил деганда, тил имкониятларининг замонга мослашувини таъминламаслик назарда тутилади. Ҳар қандай тилнинг ўзига хос сўз ясаш усуллари бўлади. Ўша усуллардан фойдаланиб тилнинг сўз хазинасини мунтазам кенгайтириб бориш орқали тилнинг яшовчанлиги таъминланади. Бунинг ўрнига бошқа тиллардан тайёр сўзларни олиш тилнинг яратувчилик имконини чегаралайди ёки бошқача айтганда, тилни қисирлаштириб қўяди. Она тил ўрнига “оға” тилнинг кўпроқ ташвиқ қилиниши, дунёга чиқиш учун бирламчи восита сифатида уқдирилиши ҳам она тилни заифлаштиради. Бу эса секин-аста она тилнинг истеъмолдан чиқишига сабаб бўлади. Тилнинг такомили ёки таназзулига сабаб бўладиган иқтисодий омиллар, глобаллашув, техник-технологик жараёнларнинг ҳаддан зиёд ривожланиши каби экстралингвистик омиллар ҳам мавжуд. Уларга қарши кучли қурол эса миллий руҳ ва миллий шуур ҳисобланади. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни ёқотмак миллат руҳини ёқотмакдур.”   
Маъруфжон Йўлдошев
16.02.2016

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder