20.02.2016

Умберто Эко

УМБЕРТО ЭКО

(05.01.1932-20.02.2016)
   Умберто Эко 1932 йилнинг 5 январида Италиянинг шимолидаги Алессандра шаҳарчасида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таълимни католик мактабда тамомлаган Умберто таҳсилини Турин университетининг Ўрта аср фалсафаси ва адабиёти бўлимида давом эттиради. Университетни битиргач ўзи ўқиган соҳадан дарс бера бошлайди. Магистрлик ва докторлик диссертациясини томасчилик оқими ва унинг эстетик фалсафаси мавзусида олиб боради. 1962 йилда Турин университетида доцент, 1969 йилда Флоренция университетида профессор унвонини олди. 1971 йилдан Болонья университетида ишлай бошлайди ва 1975 йилда мазкур даргоҳнинг илмий текшириш институтига директор этиб тайинланади. Умрининг охиригача айни институтга раҳбарлик қилади.
 Тарихчи, файласуф ва ўрта асрлар бўйича мутахассис Умберто Эко Жеймс Жойс асарларининг энг йирик тадқиқотчиси ҳисобланади. У Ролан Бартдан кейин “майда деталларнинг аҳамияти” ёки “майда деталлар социологияси” деб номланадиган ёндашувнинг энг таниқли назариётчилардан бири сифатида эътироф қилинади.
  Умберто Эконинг бугунга қадар чоп қилинган 6 романи мавжуд. Унинг илк асари “Атиргул исми” номли роман бўлиб 1980 йилда нашр қилинган. Бу роман олимни уста ёзувчи сифатида дунёга танитади. IV асрда бир монастрда рўй берган сирли воқеалар ва заҳарланиб ўлдирилган роҳиб ҳаётини ҳикоя қилувчи мазкур асар қисқа вақт ичида оммалашиб кетади ва 8 миллиондан ортиқ нусҳада чоп қилинади. Шундан кейин бу асар экранлаштирилади. Фильмда бош ролни машҳур актёр Шон Коннери ўйнаган. Иккинчи романи “Фуко маятниги” 1988 йилда чоп қилинган. Бу асар Кабала, симёгарлик ва конспирологик фаолиятлар билан боғлиқ бўлиб номини ер шарининг айланиб туришини исбот этиш учун тажрибалар ўтказган француз физиги Фуко томонидан қўлланилган маятникдан олган.
  Адибнинг учинчи романи “Ўтган куннинг ороли” номи билан 1994 йилда нашр қилинган. Эконинг ички дунёси ва сирли хаёлларининг бадиий инъикоси ҳисобланган бу асарда ўн еттинчи аср италян зодагонларидан Роберто делла Гриванинг бошидан ўтган воқеалар тасвирланади.
  “Баудолино” деб аталган романида 1204 йилда Византиянинг пойтахти Истанбулда бўлиб ўтган воқеалар, хочли сафари туфайли шаҳарнинг вайрон қилиниши, шаҳардаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт асар қаҳрамони Алессандрианинг бошидан ўтказган воқеалари фонида тасвирланади.
  Муаллифнинг бешинчи романи “Қиролича Лоананинг сирли олами” деб аталади. Бу роман 2005 йилда нашр қилинган. Асарда оғир комадан уйғониб ўқиган барча китобларини нуқта-нуқтасигача хотирлайдиган аммо қариндош-уруғ ва яқинларини умуман эслай олмайдиган 59 ёшли эски китоб сотувчисининг даҳшатли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Қаҳрамон ўз ҳаёти билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганган сари баъзи нарсаларни эслай бошлайди. Бироқ қаҳрамоннинг ички дунёси унинг талабалик йилларида ўзи ошиқ бўлган қиз юзини эслашга уриниши тасвирида ниҳоятда таъсирчан очиб берилади.
  Файласуфнинг сўнгги романи “Прага қабристони” деб аталади. 2010 йилда нашр қилинган бу роман тарихий мавзуда бўлиб қаҳрамонлар тарихий шахслардир. Асар воқеалари 1897 йилда рўй берган суиқасдни текшириш учун тайинланган детектив тилидан ҳикоя қилинади. Асарда ирқчилик ва антисемитизмнинг илдизлари  бадиий тадқиқ қилинади.
  Умберто Эко 20 февраль 2016 йилда 84 ёшида вафот этди. Ундан 6 роман ва ўнлаб илмий-фалсафий асарлар қолди.
   
Қуйида ёзувчининг турли асарларидан олинган баъзи иқтибосларни келтирдик:

Адабиётнинг қудрати бетўхтов ва бетакрор мутолаа имкони яратишидадир.
***
Кутубхонада инсон совқотмайди. Энг камида жаҳолатнинг музлатгувчи совуқларидан ҳимояланган бўлади.
***
Яхши билан ёмон орасида ниҳоятда инжа чизиқ бор. Кимгадир яхши туюлган нарса бировлар учун ёмон бўлиши мумкин.
***
Кучли шовқин ҳамиша ўз ортидан теран сукутни эргаштириб юради.
***
Худбинлик ва жоҳиллик устун бўлган дунёда яхшиямки яшашга ундовчи китоблар бор.
***
Замона зайлини қаранг: қушлар қанот ёзмай учаман дейди, эшаклар машшоғу ҳўкизлар раққос.
***
Менга кимсасиз оролга бориш ва бир дона китоб олишимга изн берилса, телефон дафтаримни олган бўлардим. Чунки рўйхатдаги исмлардан саноқсиз асар қаҳрамонларини чиқара олардим.
***
Ёлғизик бир нави озодликдир.
***
Мен учун энг катта муаммо, кўрганларим билан кўришни истаганларимни адаштириб юришимдир.
***
Кўп билган кўп қийналади. Билган сари дардларинг ҳам ортаверади.
***
Давлат кучли бўлса, шеърият сукут сақлайди.
***
Ҳеч нима ўзгараётгани йўқ, бор йўғи жисмлар алмашмоқда.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder