21.02.2016

Шукрулло

 ШУКРУЛЛО
(1921)
Яқинда Туркиянинг “Қардош қаламлар” деб аталадиган нуфузли журнали “Туркий жумҳуриятларнинг адабий журналлари конгресси” ҳамкорлигида “Йил инсони” танловини ўтказди.  Бу танловда атоқли адибимиз, Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло номзоди ҳам бор эди. Овоз бериш йўли ўтказилган танловда Шукрулло адабиётшунос, шоир ва ёзувчилардан иборат ҳайъат томонидан “Йил инсони” сифатида эътироф этилди. 2016 йил давомида “Қардош қаламлар” ва бошқа адабий журналларда Шукрулло асарлари мунтазам чоп этилади. Шукрулло асарли бўйича олиб борилган тадқиқотлар ҳам илмий журналлар эътиборида бўлади. Биз ардоқли шоирни ушбу катта мукофот билан табриклаймиз.
Шукруллонинг қисқача таржимаи ҳоли
Шукрулло (Юсунов) 1921 йил 2 сентябрда Тошкентнинг Шайҳонтохур даҳасида туғилган. Педагогика билим юртини 1935 йилда, Тошкент Давлат педагогика университетини 1944 йилда тамомлаган. Ўзбекистон Миллий университети (Тошкент Давлат дорулфунуни) қошидаги аспирантурада таҳсил олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, бадиий адабиёт нашриётида муҳаррирлик қилган.
Асарлари: Шукруллонинг биринчи шеъри “Бахт қонуни” 1939 йилда, дастлабки шеърий тўпламлари — “Биринчи дафтар”, “Қалб қўшиқлари” 1949 йилда нашр этилди. Ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги, дарди ва орзу-армонлари шоир ижодининг асосини ташкил қилади. “Чоллар” (1948), “Россия”, “Икки қоя”, “26 тонготари”, “Достонлар” (1970) каби асарлари айни мавзуда ёзилган асарлардир. Адиб ижодида инсоннинг маънавий камолотини куйлаш биринчи ўринда туради. Шоир асарларида инсонни улуғловчи фазилатларнинг энг буюги меҳнат деб билади. Унинг бу фикрлари “Ҳаёт илҳомлари”, “Умрим борича”, “Инсон ва яхшилик” (1961), “Инсон — инсон учун” (1964) шеърий тўпламларида ўз ифодасини топган. Шукрулло болалар учун ҳам ижод қилди. Унинг “Баҳор совғаси” (1962), “Юлдузлар” (1964) каби китобларида дўстлик, Ватанга муҳаббат, она юрт табиатини улуғлаш ғоялари тараннум қилинади. Адиб драматик асарлар ҳам яратди. Унинг “Хатарли йўл”, “Табассум ўғрилари” (1977), “Ўғрини қароқчи урди” (1984) драмалари республикамиз театрлари саҳнасида намойиш қилинган. Шукрулло “Зарралар” (1973), “Суянчиқ” (1977), “Яшагим келади” (1978), “Сенинг бахтинг” (1986), шеърий мажмуаларини ҳамда “Кафансиз кўмилганлар” романини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Шукрулло ҳам қатагонлик даврининг иккинчи тўлқини жабрини чеккан, Сибирга бадарға этилган ўзбек ижодкорларидан бири, шўро ҳукумати лагерларида оғир азоб-уқубатларни ўз бошидан кечирган жабрдийдалардан бири ҳамдир. Унинг “Кафансиз кўмилганлар” романи ана шу воқеаларнинг бадиий ифодасидир. Бу асар турк тилига муваффақият билан таржима қилинган ва китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.
Мукофотлари: Ўзбекистон халқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). “Дўстлик” (1994) ва “Эл-юрт ҳурмати” (1999) орденлари билан мукофотланган.
ТЎКМА КЎЗ ЁШИНГНИ

Тўкма кўз ёшингни, йиғлама, гўзал!
Мажнунтол сингари ёйма сочингни.
Менинг гуноҳимни кечиргил бир гал,
Бир дам қояга боқ, кўтар бошингни.

Томчи томиб турар қоядан чак-чак,
Бир томчи тошларга солибди ажин.
Ахир тош эмас-ку мендаги юрак...
Кўз ёшингни тўкма, менга ҳам ачин.

ТУН ИЛА ТОНГ

Қуёш ботиб борар, қизариб ботар,
Олтин копток каби кетди думалаб.
Қуёш ботадими ёки тонг отар,
Бепарво болалар ўйнар қувалаб.

Бепарво ёшлигим, қайтиб келсанг-чи,
Туннинг азобидан мени қутқариб!
Баҳор шамолидек тонгда елсанг-чи,
Тонгга интиқликни бошдан кўтариб.

Қани болалигим, бедардликларим,
Эрта тонг отардик бегардликларим!

КЕКСАЛИК

Дарахт тепа шохдан, одам оёқдан
Қарийди, дейдилар, бу ҳам бир ҳикмат.
Бундай ўйлаб кўрсам, бутун нарсани
Ҳисобли яратган доим табиат.
Яхшики, одамнинг куч-қувватини
Белу оёғидан аввал олади.
Бўлмаса, бу оёқ  кексайганингда
Сени қай кўчага судраб қоларди. 

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder