14.02.2016

Заҳириддин Муҳаммад Бобур


ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

(1483 - 1530) 

Улуғ шоир, мутафаккир, тарихчи ва давлат арбоби, бобурийлар салтанатининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилди.  Амир Темурнинг бешинчи авлоди, Фарғона ҳукмдори Умаршайх Мирзонинг фарзандидир. Бобур отасининг фожиали вафотидан сўнг 12 ёшида (1494) тахтга чиқади. 1503-1504 йилларда Афғонистонни забт этади. 1519-1525 йилларда Ҳиндистонга 5 марта юриш қилади.  Уч асрдан ортиқ давом этган (1526-1858 й.й.) бобурийлар салтанатига асос солади. 1530 йилнинг 26 декабрида Аграда вафот этади. Қабри кейинчалик васиятига кўра Қобулга кўчирилган. Лирик мероси “Қобул девони” ва “Ҳинд девони” га жамланган. Тўлиқ девон тузгани ҳақида маълумот бор. Шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортади. Шундан 119 ғазал,  231 рубоий ва туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда асарлар яратган. Шеърларини мавзу жиҳатидан ошиқона, таълимий, тасаввуфий, ҳасби ҳол каби турларга ажратиш мумкин. Бобур шеърияти интеллектуал қалб изҳори сифатида арқоқлидир. Унинг асарлари самимий, равон, услубан тугал ва мушаккалдир. Бобур рубоий жанрини турк адабиётида дунёга олиб чиққан шоирдир. Бобурнинг улуғ асари “Бобурнома” бўлиб,  уни “Вақое” деб ҳам номлайдилар.  Буюк мемориал асарда 1494-1529 йиллари Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. “Бобурнома”нинг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари бор. Асарни Қозонда Н.И. Илминский (1857), Лондонда Бевериж хоним нашр (1905) этган. Ўзбекистонда дастлаб профессор Фитрат 1928 йилда мазкур асардан парчалар эълон қилди. “Бобурнома”нинг 1948-1949 йилларда икки жилдлик,  1960 ва 1989 йилларда тузатилган, 2002 йилда эса тўлдирилган қайта нашри амалга оширилди. “Бобурнома”ни Абдураҳим хони хонон (1586) форс тилига,  Вицен (1705) голланд тилига,  Ж. Лейден (1826) ва В. Эрскин инглиз тилига, Павел де Куртейл (1871) француз тилига, Рашит Раҳмати Арат (1940) туркчага, Михаил Сале (1943) русчага таржима қилган. 1826-1985 йиллар давомида “Бобурнома” 4 марта инглиз (1826, 1905, 1921, 1922),  3 марта француз (187, 1980, 1985), 1 марта немис (1878) тилига ўгирилган. Бобур Мирзо “Хатти Бобурий”ни 1504 йилда кашф қилди. Унда шеърлар ёзди ва Қуръондан нусха кўчиртирди. Бобурнинг солиқ ишлари ҳақида маълумот берувчи “Мубаййинул-закот” (1521), аруз вазни ҳақида Рисолаи аруз” (1523-25) деб номланган асарлари бор. Бобур Мирзо Хожа Аҳрор Валийнинг “Волидия” асарини ўзбекчага шеърий таржима қилган. Бобурнинг “Ҳарб иши”,  “Мусиқа илми” номли асарлар яратгани ҳақида ҳам маълумот бор. Аммо улар топилган эмас.  (Манба: http://goo.gl/q0MTGT)

Ким кўрубтур,  эй кўнгул,  аҳли жаҳондин яхшилиғ,  
Кимки ондин яхши йўқ,  кўз тутма ондин яхшилиғ. 

Бу замонни нафъи қилсам айб қилма,  эй рафиқ,  
Кўрмадим ҳаргиз,  нетайин,  бу замондин яхшилиғ. 

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,  
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ. 

Эй кўнгул,  чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,  
Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ. 

Бори элга яхшилиғ қилғилки,  мундин яхши йўқ
Ким,  дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ. 

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,  
Ким кўрубтур,  эй кўнгул,  аҳли жаҳондин яхшилиғ




Hiç yorum yok:

Yorum Gönder