29.10.2024

 


Қишлоқ тунлари

Ҳозир, аниқ биламан, айни шу дамда...

Қишлоқ ҳувиллаб ётибди: кимсасиз кўчалар, аҳён-аҳёнда чироқ нурлари...  

Қишлоқдаги барча уйларнинг чироқлари ўчган, тунни кўмир тутуни қоплаган.

Бир болакай велосипедини ғизиллатиб ўтиб боряпти. Менга жуда таниш болакай. Унинг қўлида бир халта, халтада бир даста сурат. Плёнкадан эндигина қоғозга кўчирилган суратлар...

Кундузларни тунларга таслим қилишни истамаган болакайнинг кўзларида ҳайрат яшайди ва  ўзидан баланд орзулар...

Бу қишлоқ тунлари менга тегишли. Бу тун ўша кўзларига ҳайратни жойлаган болакайга дахлдор...

Болакай мактаб рўпарасидаги катта тутдан қўрқади. Тутга яқинлашган сари бадани музлаб педални янада тезроқ босади. Тутга қарамайди. Гўё қарамаса, тут ҳам йўқ бўлиб қоладигандек...

Тоза туйғулар ва ҳаяжонларни ортмоқлаб олган велосипед қоронғу, кимсасиз кўчалардан ғизиллаб ўтиб боради. Тезроқ уйига етиб борса, эшикни очсаю бугун чиқарган расмларини отасига кўрсатиб мақтанса. Айниқса, онасининг сўрида дутор чалиб ўтирган расми зўр чиққан. Кейин синглининг атиргул олдида тушган расми ҳам мақтанишга арзийди. Отасининг сомон кесаётган пайтидаги расми ҳаммасидан яхши чиққан. Бу расмлар отасига ёқиши аниқ. Балки чиндан ёқса, унинг ўзига ҳам ўртоғиникидек расмчиқаргич аппрат олиб берармиди...  

Болакай ҳозир ҳам ўша ўнқир-чўнқир қишлоқ кўчаларида тунни ёритиб велосипедини ғизиллатиб учиб юради.

У уйига шошаётган паллада қанча одам қоронғи уйлар ичида дардини деворга айтиб ётган бўлади.

Қанча одам юрагини тўкиш учун қоғоз-қалам қидираётган бўлади, билмайман. Аммо қишлоқнинг бутун тунлари менга ва ўша таниш болакайга тегишли...

29.10.2024

27.10.2024

 


Д Е Р А З А  О Р Т Д А Г И Л А Р

Ёлғиз япроқ

“Мурувват уйи”нинг энг сокин ва камсуқум маскунларидан бири Шокир ота билан анчадан бери суҳбатлашишга уринаман, лекин сира очилмайди. Саволларга “ҳа” ёки “йўқ” дейиш билан чекланади. Бу сафар ундай бўлмади. Мен савол бермадим, унинг ўзи саволга эҳтиёж қолдирмади. У сўзлади, мен тингладим.  

- Мен, - дейди у сокин ва ҳузурли оҳангда, - деразадан қарай олганимга шукр қилиб яшайман. Ўйлаб қарасам, умрим умидворлик билан ўтибди. У келармикин, бу нега келмайди? Нега ҳеч ким ҳол-хотир сўрамайди? Мен бутун умр яхшилик қилган инсонлар нега “тузукмисан” дейишга ярамайди? Яна аллақанча жавоби муаллақ саволлар билан катта умрни зое қилибман. Аслида, сўраб келса ҳам бир нима ўзгариб қолмайди-я. Лекин барибир одам эканмиз-да, интиқлик, кимнидир кутиш, нимадандир умидвор бўлиш... Тўқсонни қоралаган таниш бир олимдан эшитдим, фалон давлат мукофотига номзодини қўйибди. Олмаган медалу мукофоти қолмаган. Қошиқ ерга тушиб кетса ҳам умид билан қарайди “медал-педал бермаяптимикин”, деб. Кимдир эшик қоқиб келса ҳам “қандай мукофотга маълумотнома сўраб келмаганмикин”, деб тамшаниб қарайди. Медалхўрлик ҳам бир касаллик эканми, дейман-да. Тўй бўладими, чоғроқ тадбирми шақир-шуқур қилиб медалларини осиб чиқади. Мундооқ ўйлаб қарасам, умр деб аталгувчи ўлчовли вақтнинг барини, унга қўшиб куч-қувватимни ва ақлу шууримни давлат ишига сарфлабману бирон марта ўша олим маҳлиё бўлган нарсаларга интилмабман. Хаёлимнинг бир учидан ҳам ўтказмабман. Лекин одамлардан меҳр кутиб яшаганим рост, қилган яхшиликларимни (агар чиндан ҳам шундай бўлса) қадрлашларини, яхши гап айтишларини кутиб яшаганим бор. Раҳмат айтмаса, бироз ранжиганларимни ва ё кўнглим қолганини ҳам айтмасам бўлмас. Бу ҳам бир таъма, аслида. Худодан ҳам зўрмидинг, кимгадир нимадир берган ё кўмаклашган бўлсанг, қайтишини кутасан, ҳа одам-а, одам-а...  Қариб, майдалашиб кетяпман чоғи.

У чуқур тин олди. Кўзларини қалтираган бармоқлари билан уқалаб олди. Сизиб чиққан бир-икки томчи ёшни артган бўлди. Токчадаги рўмолчасини олиб очди, ғижимланган жойларини кафти билан текислади, кейин тахлаб жойига қўйди ва яна сўзлай бошлади:

- Қушларнинг сайрашини қаранг, умрни узайтиради-ю бу, ўн йилга узайтиради, ишонаверинг... Ҳу шохдаги баргни кўряпсизми, жуда такаббур чиқди, тушмагур!  Кузаки ёмғир севалаб ўтди-ю, пишиб турган япроқларнинг бари шувуллаб тўкилиб берди. Уларнинг тўкилишини кузатганмисиз, олов бўлиб, ял-ял ёниб тушади-я... Тўкилаётибам одамни ҳайратга солиб кетади булар. Сариғи тилладек товланади, қизили кўзга малҳам, жигарранги жигарингизни шундоқ юлиб кетади-я... Лекин шу баланд шохдаги битта япроқнинг жони қаттиқ экан. Ёмғир юмшатди, шамол совурди, бироқ у қилт этмади. Ўша япроқ менга ўхшаркан.

Ўрнидан туриб, хонани бир-икки айланган бўлди. Дераза олдига келиб, чойнакдаги совиб қолган чойни косага тўкди. Озгина чой солиб ошхона томонга ўтиб кетди. Дераза ортида енгил шамол эсар, нари-берида дарахт шохларида тўкилмай қолган япроқларни юлқайди. Мен унинг овунчоғи бўлган япроққа қарадим. Тўкилмай туришини ич-ичимдан хоҳлардим, чунки усиз Шокир буванинг ҳикояси чала қолишини билардим. Шокир бува “Мурувват уйи”га баҳорда келди. Уни ўғли ва келини олиб келган эди. Ташлаб кетишгандан кейин яна бир-икки келишди, неварасини ҳам олиб келишди. Шокир бува у билан роса ўйнади. Дарвоза олдидаги дарахтдан олма узиб берди. Онаси “қорнинг оғрийди, ювмасдан емагин” дейишига қарамай, болакай олмани тишлаб-тишлаб еб олди. Шокир бува “қўявер, ҳеч нима қилмайди, уйдаги дарахтлардан ҳам териб берардим, шундоғича еяверарди-ку” деди кулиб. Келини жуда ҳозиржавоб экан: “У ердаги қишлоқ, бу ер шаҳар, машина тутунлари, қанақадир зарарли чанглар меваларга ўтириб қолган. Ҳозир ҳаммаёқда айтишяпти, наҳот эшитмаган бўлсангиз, шаҳар ҳавоси дунёдаги энг ифлос ҳаволардан экан” -деганди. Шокир бува ҳам шунга яраша жавобни берганди: “Бўлса бордир, келин! Аммо бу шаҳарда миллионлаб одам яшаб юрибди, ўлиб-нетиб қолгани йўқ. Мени шу қариялар уйига олиб келишда жаннатдан аъло қилиб мақтаган эдиларинг, ўшандаям шунақа хабарлар бормиди?!”

Шокир бува бир қўлида чойнак, иккинчисида патнисда пиёла, нон ва майиз кўтариб кириб келди. Уларни ётоқ ёнидаги столга қўйиб, меҳмоннавозлик қилди. Чойлар қуйилди, нон синдирилди. Мен унинг суҳбатини интиқ кутардим. Яна ўша жойдан давом этишини истардим. Савол берсам чалғиши мумкинлигини ўйлаб жим ўтирдим. Шокир ота чойдан хўплаб, нондан бир парча ушатиб оғзига солди.     

- Биласизми, - деди - мен бу дунёга келиб бир ҳовуч бахт истагандим холос. Шугина, бошқа ҳеч нима истамадим. На ҳашаматли уйлар, на қимматбаҳо машина ва яна алланималар. Мен истаган нарса озгина бахт. Бор-йўғи шу! Бу нима эканлигини биласизми? Ҳа-ҳаҳ-ҳаҳ... Бу энди киноларда айтиладиган гап бўлди, қулоғимга тушиб қолган бўлса керак.  Уни ўзим ҳам яхши тасаввур қилмайман. Бахт нима ўзи, унинг шаклу шамойили қандай бўлади? Эҳҳ, қўяверинг... Аёлим вафот этганида ўғлим икки ёшга кирган эди. Ҳеч кимга ва ҳеч нимага мухтож қилмай катта қилдим. Боғчага олиб борган кунимни, кейин мактабга олиб чиққанимни, университетга ўқишга кирганида уни катта шаҳарга кузатганимни ҳеч қачон унутмайман. Истасам ҳам кўз олдимдан кетмайди. Мен қанотлари қайрилган қувончларим ҳаққи,  ўша кунлар ҳурмати жигарпорамни яхши кўраман. Ундан заррача ранжимайман. Уфф... Миннат қиляпти деб ўйлаётгандирсиз. Миннат эмас, асло миннат эмас! У яхши эди, унинг учун жонимни ҳам беришга тайёр бўлган кунларим қанийди яна қайтиб келса... У касал бўлиб “их-их”лаб чиққанида касалхонма-касалхона чопганларим, тунлари дорихона қидириб сарсон бўлганларим... Эҳҳ, ўшанда сира чарчамасдим, биласизми... Қайтанга яхши кўриб кетардим. У касал бўлса, менга мухтож бўларди, унга парвона бўлиб, тунни тонгга улардим. Мижжа қоқмай яна ишга кетаверардим. "У катта бўлса зўр доктор бўлади" -деб орзу қилардим. Университетга кирганида маҳаллага ош бериб, роса мақтангандим. Қишлоққа катта касалхона қуриб бераман, бутун қишлоқни бепулга даволайди, дориларини ҳам ўзимиз берамиз деб ҳаммага айтиб чиққандим.  Қайдам... Университет уни бутунлай ўзгартириб юборди. Ё олдин ҳам шундай худбин эдию мен сезмасмидим? Аввал сўзлари ўзгарди. Қишлоқ шевасида гапиришни ўзига эп кўрмай қолди. Уялармиш, қўполмиш. Қишлоқ одамларидан ҳам шикоят қила бошлади, нима эмиш, замондан орқада қолган эмиш, буларни одам қилиб бўлмасмиш. Кейин кийими, юриш-туриши ўзгарди. Бошда тез-тез келарди, кўп ўтмай уям ўзгарди. Мен шаҳарга кузатган бинойидек одам ўрнига ғирт бегона биров келиб қолгандек эди.  У энди менга мухтож эмасди... Ўзимни кераксиз буюмдек ҳис қила бошлагандим ўшанда.

Мен ўша бегонадан кўп нарса кутган эканимни баҳорда шу ерга ташлаб кетишганида билибман. Бир ҳовучгина бахтни ўша уйимдаги ўзим гард қўндирмай ўстирган бегонадан кутган эканман. Ит боқсам, ҳеч йўқ атрофимда айланиб мени хурсанд қиларди-ку! Эҳҳ майли, аввали худо. Ҳеч ким бировга у кутган бахтни беришга қодир эмас...

Шокир бува ўрнидан туриб дераза олдига бориб ўтирди. Чуқур нафас олиб, осмонга қаради.  

- Қаранг, кўряпсизми, шу тиниқ осмон, шу дарахтлар, шу ташқаридаги ҳамма нарса аслида бахт, мен шуни бахт деб атайман, иним. Чуқур-чуқур нафас олганда бу бахт дейман. Эрта туриб деразадан қараганда мени кутиб турган ёлғиз япроқни кўриб бу бахт дейман. Менга ҳеч ким мен истаган бахтни бера олмаслигини биламан. Шу ҳам менинг бахтим. Фарзандим, неварам, яқинларим мен билан доим гаплашиб туришини хоҳлаганим менинг худбинлигим экан, аслида.  Уларнинг ҳаёти, замони, ўй-хаёллари бутунлай бошқа, ахир, меникидан фарқли эканлигини нега олдинроқ тушунмадим. Улар ҳолимдан хабар олишмай қўйса, қанча гап-сўз, қанча ғавғо кўтардим. Кейинчалик тушундимки, буларнинг бари ўша такаббур япроқнинг ҳолидан бошқа нарса эмас экан.  Уларнинг айби нима? “Ҳозир мен ёрдам беряпман, кейин сен ёрдам берасан” - деб келишув имзолаганмидинг-ки, уларни ўз сайёранг атрофида айланишга мажбур қиласан...

Шокир ота узоқ жим қолди. Фурсатни бой бермай сўрадим:

- Ота, мен сизни бу ерга келган кунингиздан бери биламан. Лекин сабаби ҳақида ҳеч гаплашмадик. Қандай келиб қолдингиз?

- Эҳ, ўғлим, сўрасангиз айтардим. Яширадиган жойи йўқ. Боғда ўн-ўн икки туп дарахтим бор. Олма, ўрик, ғайноли дегандек. Анжир шафтолиям бор, Хурмонинг энг зўридан экандим. Шуларнинг тагини юмшатиб сув тараб ўтирсам, сизга айтган дўхтир ўғлим бир ўзи шаҳардан келиб қолди.  Келиним, неварамни сўрасам “зарил иш билан келдим”, -деди. “Нима гап” -десам, - “сизни шаҳарга олиб кетаман” - деди. “Бўлмаган  гапни қўй” - дедим. “Бир ўзингиз қийналяпсиз, сизга боқувчиям топиб қўйдим” - деди. "Рози бўлинг" -деб сира қўймади. Мен “агар шу гапни айтгани келган бўлсанг, бор кетавер шаҳарингга” -деб ҳайдаб солдим. Мендан хавотир олаётган экан, деб ичимда суюндим ҳам. Кўп ўтмай келиним билан келди. Келиним жуда гапга уста, шундай мақтади-ки, мени жаннатга олиб боришади шекилли, деб ўйлабман. У гапирган сари кўз олдимдан жаннат боғлари ўтаверди. Ям-яшил боғлар, сув ўрнида шаробу бол оқадиган ариқлар, меваларини айтмайсизми, еган сари еяверасиз. Ўнг томонга қарасангиз овқат, чап томонга қарасангиз ичимлик беришади. Атрофингизда оппоқ кийимлар кийган малаклар парвона. “Ихх” десангиз дори-дармон билан тепангизга етиб келишади. Қўйинг-ки, нақ жаннат боғларининг ўзгинаси. Балки ўтиб кетган хотинимни ҳам ўша боғларда учратиб қоларман, деб ўйлаган бўлсам ҳам ажабмас.  Қандай рози бўлганимни билмайман. Шу жўги келиним авради-авради рози қилди, хуллас. Аллақандай қоғозларга қўл қўйдирди. Келсам, аҳвол шу. Кетай десам, ўша кунги имзойим билан боғ ҳам, уй ҳам қўлдан кетган экан. “Қишлоққа борсам шарманда бўламан”, -деб қайтмадим. Ўғлим “бир-икки ойда уй сотиб оламиз, ўшанда сизни олиб кетамиз” деб кетганича қайтмади. Қайтмаганиям дуруст. Бу ерда жуда кўп ҳақиқатларни англар экан, инсон. Бу ҳақиқат дегани шу қадар хунук, шу қадар даҳшатли нарса эканки, оломон нега оғиз йиртиб “ҳақиқат, ҳақиқат” деб бақиришади, тушунмайман. Аслида ҳақиқат деб аталувчи муҳташам қобиқ остидаги ёлғонларингизга ишониб яшайверинг, қийналмайсиз. Ҳақиқатга тик боқаман, деб кўкс кериб юрманг, кўзингиз оқиб тушади, билмай қоласиз. Ҳаётнинг ўзи ширин ёлғонларни минг тус, минг жилвада тортиқ қилаверади. Ўшаларни шимиб маза қилиб юравермайсизми! Ҳақиқат шам ичидаги пиликка ўхшайди. Уни ёқаман деб юрманг, ичингизда сақлай қолинг. У ёнса, сиз эришга маҳкумсиз. Эҳ, иним, менга парво қилманг, ишингиздан ҳам қўйдим эзмаланиб. Бир ректорни билардим, “Қариликнинг қирқ белгиси” деган рисола ёзганди. Унда адашмасам шундай гап бор эди: “Битта ақлли гап айтаман деб гап бошлайди-ю, охирини келтиролмай эзилиб чайналаверади.” Менда ўша рисоладаги қирқ белгининг ҳаммаси бор, ҳатто ортиғи билан, гапни нимадан бошлагандиму нима билан якунлаяпман. Эҳҳ, қарилик ҳам бор бўлсин экан...

Шокир ота чуқур-чуқур нафас олди. Ётоққа узаниб, анчагина толиққан кўзларини уқалади. Бошини бироз кўтарди-да деразага қаради. Дераза ортида унга таниш ёлғиз япроқ енгил шабадада ҳамон ҳилпираб турарди. 

25.10.2024

 



Сафар Ризосўйлу 

 (Озарбайжон)

Оғочлар ёндирар япроқларини

 

Оғочлар ёндирар япроқларини,

Баҳорнинг вафосиз мактубларидек.

Чинорлар униққан варақларини,

Йўқотар минг йилнинг китобларидек.

Эсар, у шаҳардан шамоллар эсар,

Кузаклар устига сочилар сочинг.

Шамоллар ичида сенинг овозинг,

Мен қайси оғочнинг остига қочай,

Ҳар оғоч остида йиғлаган сенсан.

Эсар, у шаҳардан шамоллар эсар,

Ёмғиру, япроғу, булутлар ила,

Ўз-ўгай, қавмдош-қариндош ила,

Тангрим, балки унинг одими ила,

Эсар, у шаҳардан кўчалар эсар,

Деразам кўзимга кўринмаса ҳам.

Эҳтимол, бу шамол сас ёмғиридир,

Соғинар бу шаҳар сас ёмғирида

У узоқ шаҳарнинг кўчаларини

Ҳузури, кундуз-у кечаларини.

Уйи, деразаси, чироқларини,

Шамолни, булутни, ёмғирларини,

Сенинг шаҳринг сари элтар бу шаҳар.

Эсар, у шаҳардан кечалар эсар.

Эсар у шаҳарда турна саслари,

Тўкилган япроқни пати деб билар.

Оғочлар уялар яланғочликдан,

Чўккан оқшомларни тасалли билар.

Эсар, у шаҳрдан кўчалар эсар

Ҳар недан ортиқроқ асрайсан мени.

Айт, қайси оғочнинг остига қочай,

Ҳар оғоч остида йиғлаган сенсан.

Эсар, у шаҳардан кўчалар эсар...

Эсар, у шаҳардан кечалар эсар...

Эсар, у шаҳардан кўлкалар эсар...

М.Йўлдошев таржимаси

25.10.2024

24.10.2024

 

Яна оқшом...

 Чарчаган руҳлар зилдай баданларни улар оид бўлган манзиллар сари аранг судраб кетмоқда. Кимдир соҳилда ўтириб куннинг ҳисобини қилади, кимдир маъно қидиради югурик замондан. Кимдир шафақларга ёзади ҳузунларини, кимдир дардин тўкар тўлқинлар узра. Дунё оғир келар инсонга баъзан, ўзимиз сабабчи бироқ барига...

 Яна оқшом...

Сардафтарга яна бир бет ёзилди, тамом. Сен нима ёзмоқчи эдингу, нима ёзолдинг?!

Шафақ қатларида сўзинг бормиди? Ё денгиз мавжида сасинг қолдими? Қай юлдузга айта олдинг сирингни? Қай кўнгилга жойлай олдинг ўзингни?

 Яна оқшом...

Шоир ёзар:

Қаламнинг қудрати изидандир, сен қалам бўл!

Одамнинг иззати сўзидандир, сен одам бўл!

 

М.Йўлдошев

24.10.2024


 


МАЪНАВИЙ ВАТАН

Тил шундай бир ватандирки, у бой берилса,

на миллат қолади, на давлат.

Умар Сайфиддин

 

Ҳаммамизга маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда, алоҳида байрам сифатида кенг нишонланаётган қутлуғ сананинг алоҳида файзи ва шукуҳи бор.

Она тили - бу халқнинг мавжудлигининг асосий кўрсаткичи, энг катта миллий ва маънавий бойликдир.

Миллий тил асрлар давомида ҳар бир халқ ва миллатнинг ўзига хослиги, тарихий ўтмиши ва маданияти, бой луғати, эътиқод ва анъаналари, ахлоқий хатти-ҳаракатлари ва дунёқарашини ўзида мужассам этган бебаҳо миллий бойлик саналади.

Халқнинг халқ, миллатнинг миллат сифатида бирлаштирадиган муҳим омиллардан бири бу – она тилидир.

Ҳар бир миллатнинг тили унинг сиёсий,  ижтимоий ва маданий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугунги кунда ўзбек тили ғоят теран фикрларни жуда аниқ ва равшан рангларда ифода этиш қобилиятига эга тиллардан биридир. 

Бир миллат ўз фикрлари ва ҳиссиётларининг теранлигини тўлиқ ифода эта олиши учун,  у бир неча минг йиллик тарихга эга бўлиши керак. 

Ўзбек тилининг ҳозирги ривожланиш даражаси ўзбек халқининг дунёдаги энг қадимги халқлардан бири эканлигини кўрсатади. Тилимизнинг тарихи буюк маданиятларни барпо қилган халқ тарихи қадар қадимийдир.

Ҳозирги кунда миллионлаб ўзбеклар учун маданий тараққиёт воситаси бўлган бу тил нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда истиқомат қилувчи миллатдошларимиз учун ҳам муштарак воситадир.

Ўзбек тилининг лаҳжа ва шевалари шунчалик ранг-баранг бўлишининг асосий сабаби, бу улкан Туркистонда тарқалган туркий халқларнинг деярли барча тил хусусиятларини ўзида акс эттириши билан белгиланади. 

Она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиб, ғоят муҳим бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб келмоқда.

М.Йўлдошев

22.10.2024




Сарчашмадан қатралар


Ҳожи Бектош Вали ҳикматлари

 

Камтар бўлмай туриб, қалбларни қозониб бўлмайди.

 

Асло шон-шуҳратга берилма, чунки шуҳратпарастлик офатдир.

 

Аждодингла мағрур бўлма, исмингни ўзгалардан олдинга ёзма.

 

Мол-дунё ва мартабанг билан керилма.

 

Фақр оламида ному нишонсиз бўлмоқ афзалдир,

Ишқ диёрида тилсиз бўлмоқ мақбулдир,

Борлиқ сирларини англай олмаганларга,

Таржимон ёрдамида англатмоқ шартдир.

 

Зоҳирда халқ билан, ботинда эранлар билан ошно бўлганлар мўътабардир.

 

Инсоннинг қалби маҳзун, вужуди дардли, кўзи ёшли, амаллари холис, дуолари маъюс, либоси эски, дўсти дарвеш, сармояси ибодат, уйи масжид, йўлдоши Оллоҳ бўлмоғи лозим.

 

Агар сени бошқалар ўртага чиқарган бўлса қўрқма, сен ўзинг чиққан бўлсанг қўрқ.

 

Ўзига маҳлиё бўлган одам баднафсдир.

 

Кимки ўз нафсини ўйлайди, унинг жойи жаҳаннамдир. Ким Оллоҳ ризосини ўйлайди, унинг жаннатдаги жойи тайиндир.

 

Ўзингни англашга ғайрат қилганинг энг зўр сармоянгдир.

 

Юксалиш орзусини ҳирс деб бил.

 

Толиб эрсанг, фано ва фақр йўлини тут.

 

Кўп кулма, қаҳқаҳа қалбни ўлдиради.

 

Сўрмасалар сўзлама.

 

Жавоб беришга шошилма.

 

Сабрсиз мурод ҳосил бўлмагай.

 

Одоб инсон кўзининг нури, қалбининг қуёшидир.

 

Ўзгалар айбини қидирма, ўз айбинг ҳақида ўйла.

 

Илмга эга бўлмоқ учун уни талаб қилмоқ зарур.

 

Маърифат қуёшга, ақл ойга, илм эса юлдузларга ўхшайди.

 

Илм ойнага ўхшайди. Ойнага боққан ўзини кўргай.

 

Сўз мисоли ўқ, отилдими ортга қайтмагай.

 

Илм-ал-яқин баданни тарбия қилмоқдир, айн-ал-яқин қалбни тарбия қилмоқ, ҳаққ-ал-яқин руҳни тарбия қилмоқдир.

 

Мағрур бўлган жоҳиллардан қўрқ.

 

Дўст кўринган душманлардан қўрқ.

 

Жоҳил билан бир дастурхон атрофида ўтирма.

 

Қалб Оллоҳнинг назаргоҳидир.

 

Маърифатсиз инсоннинг ҳайвондан фаарқи йўқдир.

 

Етмиш йиллик ибодат бир соатлик тафаккурга бадалдир.

 

Маърифат илмнинг меваси, яқинлик эса муҳаббатнинг.

 

Инсоннинг моҳияти менинг сиримдир, мен эса Унинг.

 

Қилмаган ишингни қилдим дема.

 

Икки қилич бир қинга сиғмайди.

 

Мол-дунё жўмардлиги бойларга хосдир, тан жўмардлиги ғозийларга хос, жон жўмардлиги ошиқлар учун, қалб жўмардлиги эса орифларга хос.

 

Ҳеч кимсани камситма, ҳар кимга шафқат назари ила боқ.

 

Ўлмасдан аввал нафсингни ўлдир.

 

Тили, дини, ранги нима бўлса бўлсин, яхши барибир яхшидир.

 

Одам қиёфасидаги ҳамма ҳам одам бўлавермайди.

 

Ўқилиши керак бўлган энг буюк китоб инсондир.

 

Бир бўлайлик, йирик бўлайлик, тирик бўлайлик.

 

Нимани қидирсанг ўзингдан қидир.

 

Сўзимиз ҳақ, ўзимиз ишқ, йўлимиз бирдир.

 

Ҳеч бир қавмни ва инсонни айблама.

 

Илмга асосланмаган ҳар йўлнинг охири зулматдир.

 

Менинг уч гўзал дўстим бор: бири уйда қолади; иккинчиси йўлда қолади; учинчиси мен билан келади. Уйда қолгани оиламдир; йўлда қолгани дўстларим; мен билан келадигани эса яхши амалларимдир.

М.Йўлдошев таржимаси

22.10. 2024

2.10.2024


 

Салом бўлсин

 

Эй тарихни сатр-сатр яратганлар,

Шараф ила шонингизга салом бўлсин!

Қолгусидур бу тарихда бор бўлганлар,

Ўчмас оту номингизга салом бўлсин!

 

Адо бўлди бизни назар қилмаганлар,

Қонга ботди қонхўрликка тўймаганлар.

Бу миллатни йиқилгани қўймаганлар,

Дунёда ҳар онингизга салом бўлсин!

 

Номи қолур замон оша мард ўғлоннинг,

Изи қолмас номардларнинг, керилганнинг

Илҳом, сенинг, Ражаб Таййиб Эрдўғаннинг,

Ҳамиша бор жонингизга салом бўлсин!

 

Шаҳидларим, ҳаққингиз бор елкамизда,

Кафан кийдик, қолгусидир егнимизда,

Чиқмаяжак, яшагайдир қалбимизда

Тўкилган ол қонингизга салом бўлсин!

 

Алам эди, ғусса эди ҳар чоғимиз,

Ўттиз йилдан сўнгра кулди иқболимиз.

Ҳилпиради Шушада ол байроғимиз,

Қурбон бўлай ҳаммангизга салом бўлсин!

Моҳира Нағи қизи

(Озарбайжон)

Озарбайжон тилидан М.Йўлдошев таржимаси


 *****


Salom bo‘lsin

 

Ey tarixni satr-satr yaratganlar,

Sharaf ila shoningizga salom bo‘lsin!

Qolgusidur bu tarixda bor bo‘lganlar,

O‘chmas otu nomingizga salom bo‘lsin!

 

Ado bo‘ldi bizni nazar qilmaganlar,

Qonga botdi qonxo‘rlikka to‘ymaganlar.

Bu millatni yiqilgani qo‘ymaganlar,

Dunyoda har oningizga salom bo‘lsin!

 

Nomi qolur zamon osha mard o‘g‘lonning,

Izi qolmas nomardlarning, kerilganning

Ilhom, sening, Rajab Tayyib Erdo‘g‘anning,

Hamisha bor joningizga salom bo‘lsin!

 

Shahidlarim, haqqingiz bor yelkamizda,

Kafan kiydik, qolgusidir yegnimizda,

Chiqmayajak, yashagaydir qalbimizda

To‘kilgan ol qoningizga salom bo‘lsin!

 

Alam edi, g‘ussa edi har chog‘imiz,

O‘ttiz yildan so‘ngra kuldi iqbolimiz.

Hilpiradi Shushada ol bayrog‘imiz,

Qurbon bo‘lay hammangizga salom bo‘lsin!

Mohira Nag‘i qizi

(Ozarbayjon)

Ozarbayjon tilidan M.Yo‘ldoshev tarjimasi