Сарчашмадан қатралар
Ҳожи Бектош Вали ҳикматлари
Камтар бўлмай туриб, қалбларни қозониб бўлмайди.
Асло шон-шуҳратга берилма, чунки шуҳратпарастлик
офатдир.
Аждодингла мағрур бўлма, исмингни ўзгалардан олдинга
ёзма.
Мол-дунё ва мартабанг билан керилма.
Фақр оламида ному нишонсиз бўлмоқ афзалдир,
Ишқ диёрида тилсиз бўлмоқ мақбулдир,
Борлиқ сирларини англай олмаганларга,
Таржимон ёрдамида англатмоқ шартдир.
Зоҳирда халқ билан, ботинда эранлар билан ошно
бўлганлар мўътабардир.
Инсоннинг қалби маҳзун, вужуди дардли, кўзи ёшли,
амаллари холис, дуолари маъюс, либоси эски, дўсти дарвеш, сармояси ибодат, уйи масжид,
йўлдоши Оллоҳ бўлмоғи лозим.
Агар сени бошқалар ўртага чиқарган бўлса қўрқма, сен
ўзинг чиққан бўлсанг қўрқ.
Ўзига маҳлиё бўлган одам баднафсдир.
Кимки ўз нафсини ўйлайди, унинг жойи жаҳаннамдир. Ким
Оллоҳ ризосини ўйлайди, унинг жаннатдаги жойи тайиндир.
Ўзингни англашга ғайрат қилганинг энг зўр
сармоянгдир.
Юксалиш орзусини ҳирс деб бил.
Толиб эрсанг, фано ва фақр йўлини тут.
Кўп кулма, қаҳқаҳа қалбни ўлдиради.
Сўрмасалар сўзлама.
Жавоб беришга шошилма.
Сабрсиз мурод ҳосил бўлмагай.
Одоб инсон кўзининг нури, қалбининг қуёшидир.
Ўзгалар айбини қидирма, ўз айбинг ҳақида ўйла.
Илмга эга бўлмоқ учун уни талаб қилмоқ зарур.
Маърифат қуёшга, ақл ойга, илм эса юлдузларга
ўхшайди.
Илм ойнага ўхшайди. Ойнага боққан ўзини кўргай.
Сўз мисоли ўқ, отилдими ортга қайтмагай.
Илм-ал-яқин баданни тарбия қилмоқдир, айн-ал-яқин қалбни
тарбия қилмоқ, ҳаққ-ал-яқин руҳни тарбия қилмоқдир.
Мағрур бўлган жоҳиллардан қўрқ.
Дўст кўринган душманлардан қўрқ.
Жоҳил билан бир дастурхон атрофида ўтирма.
Қалб Оллоҳнинг назаргоҳидир.
Маърифатсиз инсоннинг ҳайвондан фаарқи йўқдир.
Етмиш йиллик ибодат бир соатлик тафаккурга бадалдир.
Маърифат илмнинг меваси, яқинлик эса муҳаббатнинг.
Инсоннинг моҳияти менинг сиримдир, мен эса Унинг.
Қилмаган ишингни қилдим дема.
Икки қилич бир қинга сиғмайди.
Мол-дунё жўмардлиги бойларга хосдир, тан жўмардлиги
ғозийларга хос, жон жўмардлиги ошиқлар учун, қалб жўмардлиги эса орифларга хос.
Ҳеч кимсани камситма, ҳар кимга шафқат назари ила
боқ.
Ўлмасдан аввал нафсингни ўлдир.
Тили, дини, ранги нима бўлса бўлсин, яхши барибир
яхшидир.
Одам қиёфасидаги ҳамма ҳам одам бўлавермайди.
Ўқилиши керак бўлган энг буюк китоб инсондир.
Бир бўлайлик, йирик бўлайлик, тирик бўлайлик.
Нимани қидирсанг ўзингдан қидир.
Сўзимиз ҳақ, ўзимиз ишқ, йўлимиз бирдир.
Ҳеч бир қавмни ва инсонни айблама.
Илмга асосланмаган ҳар йўлнинг охири зулматдир.
Менинг уч гўзал дўстим бор: бири уйда қолади;
иккинчиси йўлда қолади; учинчиси мен билан келади. Уйда қолгани оиламдир; йўлда
қолгани дўстларим; мен билан келадигани эса яхши амалларимдир.
М.Йўлдошев таржимаси
22.10. 2024
Hiç yorum yok:
Yorum Gönder