Д Е Р А З А О Р
Т Д А Г И Л А Р
Ёлғиз япроқ
“Мурувват уйи”нинг энг сокин ва камсуқум маскунларидан
бири Шокир ота билан анчадан бери суҳбатлашишга уринаман, лекин сира очилмайди.
Саволларга “ҳа” ёки “йўқ” дейиш билан чекланади. Бу сафар ундай бўлмади. Мен
савол бермадим, унинг ўзи саволга эҳтиёж қолдирмади. У сўзлади, мен тингладим.
- Мен, - дейди у сокин ва ҳузурли оҳангда, - деразадан
қарай олганимга шукр қилиб яшайман. Ўйлаб қарасам, умрим умидворлик билан
ўтибди. У келармикин, бу нега келмайди? Нега ҳеч ким ҳол-хотир сўрамайди? Мен бутун
умр яхшилик қилган инсонлар нега “тузукмисан” дейишга ярамайди? Яна аллақанча
жавоби муаллақ саволлар билан катта умрни зое қилибман. Аслида, сўраб келса ҳам
бир нима ўзгариб қолмайди-я. Лекин барибир одам эканмиз-да, интиқлик, кимнидир
кутиш, нимадандир умидвор бўлиш... Тўқсонни қоралаган таниш бир олимдан эшитдим,
фалон давлат мукофотига номзодини қўйибди. Олмаган медалу мукофоти қолмаган.
Қошиқ ерга тушиб кетса ҳам умид билан қарайди “медал-педал бермаяптимикин”,
деб. Кимдир эшик қоқиб келса ҳам “қандай мукофотга маълумотнома сўраб келмаганмикин”,
деб тамшаниб қарайди. Медалхўрлик ҳам бир касаллик эканми, дейман-да. Тўй
бўладими, чоғроқ тадбирми шақир-шуқур қилиб медалларини осиб чиқади. Мундооқ
ўйлаб қарасам, умр деб аталгувчи ўлчовли вақтнинг барини, унга қўшиб куч-қувватимни
ва ақлу шууримни давлат ишига сарфлабману бирон марта ўша олим маҳлиё бўлган нарсаларга
интилмабман. Хаёлимнинг бир учидан ҳам ўтказмабман. Лекин одамлардан меҳр кутиб
яшаганим рост, қилган яхшиликларимни (агар чиндан ҳам шундай бўлса)
қадрлашларини, яхши гап айтишларини кутиб яшаганим бор. Раҳмат айтмаса, бироз ранжиганларимни
ва ё кўнглим қолганини ҳам айтмасам бўлмас. Бу ҳам бир таъма, аслида. Худодан
ҳам зўрмидинг, кимгадир нимадир берган ё кўмаклашган бўлсанг, қайтишини
кутасан, ҳа одам-а, одам-а... Қариб,
майдалашиб кетяпман чоғи.
У чуқур тин олди. Кўзларини қалтираган бармоқлари
билан уқалаб олди. Сизиб чиққан бир-икки томчи ёшни артган бўлди. Токчадаги
рўмолчасини олиб очди, ғижимланган жойларини кафти билан текислади, кейин тахлаб
жойига қўйди ва яна сўзлай бошлади:
- Қушларнинг сайрашини қаранг, умрни узайтиради-ю бу,
ўн йилга узайтиради, ишонаверинг... Ҳу шохдаги баргни кўряпсизми, жуда такаббур
чиқди, тушмагур! Кузаки ёмғир севалаб
ўтди-ю, пишиб турган япроқларнинг бари шувуллаб тўкилиб берди. Уларнинг
тўкилишини кузатганмисиз, олов бўлиб, ял-ял ёниб тушади-я... Тўкилаётибам
одамни ҳайратга солиб кетади булар. Сариғи тилладек товланади, қизили кўзга
малҳам, жигарранги жигарингизни шундоқ юлиб кетади-я... Лекин шу баланд шохдаги
битта япроқнинг жони қаттиқ экан. Ёмғир юмшатди, шамол совурди, бироқ у қилт
этмади. Ўша япроқ менга ўхшаркан.
Ўрнидан туриб, хонани бир-икки айланган бўлди. Дераза
олдига келиб, чойнакдаги совиб қолган чойни косага тўкди. Озгина чой солиб
ошхона томонга ўтиб кетди. Дераза ортида енгил шамол эсар, нари-берида дарахт
шохларида тўкилмай қолган япроқларни юлқайди. Мен унинг овунчоғи бўлган япроққа
қарадим. Тўкилмай туришини ич-ичимдан хоҳлардим, чунки усиз Шокир буванинг ҳикояси
чала қолишини билардим. Шокир бува “Мурувват уйи”га баҳорда келди. Уни ўғли ва
келини олиб келган эди. Ташлаб кетишгандан кейин яна бир-икки келишди,
неварасини ҳам олиб келишди. Шокир бува у билан роса ўйнади. Дарвоза олдидаги
дарахтдан олма узиб берди. Онаси “қорнинг оғрийди, ювмасдан емагин” дейишига
қарамай, болакай олмани тишлаб-тишлаб еб олди. Шокир бува “қўявер, ҳеч нима
қилмайди, уйдаги дарахтлардан ҳам териб берардим, шундоғича еяверарди-ку” деди
кулиб. Келини жуда ҳозиржавоб экан: “У ердаги қишлоқ, бу ер шаҳар, машина тутунлари,
қанақадир зарарли чанглар меваларга ўтириб қолган. Ҳозир ҳаммаёқда айтишяпти,
наҳот эшитмаган бўлсангиз, шаҳар ҳавоси дунёдаги энг ифлос ҳаволардан экан” -деганди.
Шокир бува ҳам шунга яраша жавобни берганди: “Бўлса бордир, келин! Аммо бу шаҳарда
миллионлаб одам яшаб юрибди, ўлиб-нетиб қолгани йўқ. Мени шу қариялар уйига олиб
келишда жаннатдан аъло қилиб мақтаган эдиларинг, ўшандаям шунақа хабарлар
бормиди?!”
Шокир бува бир қўлида чойнак, иккинчисида патнисда
пиёла, нон ва майиз кўтариб кириб келди. Уларни ётоқ ёнидаги столга қўйиб, меҳмоннавозлик
қилди. Чойлар қуйилди, нон синдирилди. Мен унинг суҳбатини интиқ кутардим. Яна
ўша жойдан давом этишини истардим. Савол берсам чалғиши мумкинлигини ўйлаб жим
ўтирдим. Шокир ота чойдан хўплаб, нондан бир парча ушатиб оғзига солди.
- Биласизми, - деди - мен бу дунёга келиб бир ҳовуч
бахт истагандим холос. Шугина, бошқа ҳеч нима истамадим. На ҳашаматли уйлар, на
қимматбаҳо машина ва яна алланималар. Мен истаган нарса озгина бахт. Бор-йўғи
шу! Бу нима эканлигини биласизми? Ҳа-ҳаҳ-ҳаҳ... Бу энди киноларда айтиладиган гап бўлди, қулоғимга тушиб қолган бўлса керак. Уни ўзим ҳам яхши тасаввур қилмайман. Бахт нима ўзи, унинг шаклу шамойили қандай бўлади? Эҳҳ, қўяверинг... Аёлим
вафот этганида ўғлим икки ёшга кирган эди. Ҳеч кимга ва ҳеч нимага мухтож
қилмай катта қилдим. Боғчага олиб борган кунимни, кейин мактабга олиб
чиққанимни, университетга ўқишга кирганида уни катта шаҳарга кузатганимни ҳеч
қачон унутмайман. Истасам ҳам кўз олдимдан кетмайди. Мен қанотлари қайрилган қувончларим
ҳаққи, ўша кунлар ҳурмати жигарпорамни
яхши кўраман. Ундан заррача ранжимайман. Уфф... Миннат қиляпти деб
ўйлаётгандирсиз. Миннат эмас, асло миннат эмас! У яхши эди, унинг учун жонимни
ҳам беришга тайёр бўлган кунларим қанийди яна қайтиб келса... У касал бўлиб “их-их”лаб
чиққанида касалхонма-касалхона чопганларим, тунлари дорихона қидириб сарсон
бўлганларим... Эҳҳ, ўшанда сира чарчамасдим, биласизми... Қайтанга яхши кўриб
кетардим. У касал бўлса, менга мухтож бўларди, унга парвона бўлиб, тунни тонгга
улардим. Мижжа қоқмай яна ишга кетаверардим. "У катта бўлса зўр доктор бўлади" -деб орзу қилардим. Университетга кирганида маҳаллага ош бериб, роса
мақтангандим. Қишлоққа катта касалхона қуриб бераман, бутун қишлоқни бепулга
даволайди, дориларини ҳам ўзимиз берамиз деб ҳаммага айтиб чиққандим. Қайдам... Университет уни бутунлай ўзгартириб
юборди. Ё олдин ҳам шундай худбин эдию мен сезмасмидим? Аввал сўзлари ўзгарди.
Қишлоқ шевасида гапиришни ўзига эп кўрмай қолди. Уялармиш, қўполмиш. Қишлоқ
одамларидан ҳам шикоят қила бошлади, нима эмиш, замондан орқада қолган эмиш,
буларни одам қилиб бўлмасмиш. Кейин кийими, юриш-туриши ўзгарди. Бошда тез-тез
келарди, кўп ўтмай уям ўзгарди. Мен шаҳарга кузатган бинойидек одам ўрнига ғирт
бегона биров келиб қолгандек эди. У энди
менга мухтож эмасди... Ўзимни кераксиз буюмдек ҳис қила бошлагандим ўшанда.
Мен ўша бегонадан кўп нарса кутган эканимни баҳорда
шу ерга ташлаб кетишганида билибман. Бир ҳовучгина бахтни ўша уйимдаги ўзим
гард қўндирмай ўстирган бегонадан кутган эканман. Ит боқсам, ҳеч йўқ атрофимда
айланиб мени хурсанд қиларди-ку! Эҳҳ майли, аввали худо. Ҳеч ким бировга у
кутган бахтни беришга қодир эмас...
Шокир бува ўрнидан туриб дераза олдига бориб
ўтирди. Чуқур нафас олиб, осмонга қаради.
- Қаранг, кўряпсизми, шу тиниқ осмон, шу дарахтлар,
шу ташқаридаги ҳамма нарса аслида бахт, мен шуни бахт деб атайман, иним. Чуқур-чуқур
нафас олганда бу бахт дейман. Эрта туриб деразадан қараганда мени кутиб турган ёлғиз
япроқни кўриб бу бахт дейман. Менга ҳеч ким мен истаган бахтни бера олмаслигини
биламан. Шу ҳам менинг бахтим. Фарзандим, неварам, яқинларим мен билан доим
гаплашиб туришини хоҳлаганим менинг худбинлигим экан, аслида. Уларнинг ҳаёти, замони, ўй-хаёллари бутунлай
бошқа, ахир, меникидан фарқли эканлигини нега олдинроқ тушунмадим. Улар ҳолимдан
хабар олишмай қўйса, қанча гап-сўз, қанча ғавғо кўтардим. Кейинчалик
тушундимки, буларнинг бари ўша такаббур япроқнинг ҳолидан бошқа нарса эмас
экан. Уларнинг айби нима? “Ҳозир мен ёрдам
беряпман, кейин сен ёрдам берасан” - деб келишув имзолаганмидинг-ки, уларни ўз
сайёранг атрофида айланишга мажбур қиласан...
Шокир ота узоқ жим қолди. Фурсатни бой бермай
сўрадим:
- Ота, мен сизни бу ерга келган кунингиздан бери
биламан. Лекин сабаби ҳақида ҳеч гаплашмадик. Қандай келиб қолдингиз?
- Эҳ, ўғлим, сўрасангиз айтардим. Яширадиган жойи
йўқ. Боғда ўн-ўн икки туп дарахтим бор. Олма, ўрик, ғайноли дегандек. Анжир
шафтолиям бор, Хурмонинг энг зўридан экандим. Шуларнинг тагини юмшатиб сув тараб
ўтирсам, сизга айтган дўхтир ўғлим бир ўзи шаҳардан келиб қолди. Келиним, неварамни сўрасам “зарил иш билан
келдим”, -деди. “Нима гап” -десам, - “сизни шаҳарга олиб кетаман” - деди. “Бўлмаган гапни қўй” - дедим. “Бир ўзингиз қийналяпсиз,
сизга боқувчиям топиб қўйдим” - деди. "Рози бўлинг" -деб сира қўймади. Мен “агар
шу гапни айтгани келган бўлсанг, бор кетавер шаҳарингга” -деб ҳайдаб солдим. Мендан хавотир олаётган экан, деб ичимда суюндим ҳам. Кўп
ўтмай келиним билан келди. Келиним жуда гапга уста, шундай мақтади-ки, мени
жаннатга олиб боришади шекилли, деб ўйлабман. У гапирган сари кўз олдимдан
жаннат боғлари ўтаверди. Ям-яшил боғлар, сув ўрнида шаробу бол оқадиган
ариқлар, меваларини айтмайсизми, еган сари еяверасиз. Ўнг томонга қарасангиз
овқат, чап томонга қарасангиз ичимлик беришади. Атрофингизда оппоқ кийимлар
кийган малаклар парвона. “Ихх” десангиз дори-дармон билан тепангизга етиб
келишади. Қўйинг-ки, нақ жаннат боғларининг ўзгинаси. Балки ўтиб кетган
хотинимни ҳам ўша боғларда учратиб қоларман, деб ўйлаган бўлсам ҳам ажабмас. Қандай рози бўлганимни билмайман. Шу жўги
келиним авради-авради рози қилди, хуллас. Аллақандай қоғозларга қўл қўйдирди. Келсам,
аҳвол шу. Кетай десам, ўша кунги имзойим билан боғ ҳам, уй ҳам қўлдан кетган
экан. “Қишлоққа борсам шарманда бўламан”, -деб қайтмадим. Ўғлим “бир-икки ойда
уй сотиб оламиз, ўшанда сизни олиб кетамиз” деб кетганича қайтмади. Қайтмаганиям
дуруст. Бу ерда жуда кўп ҳақиқатларни англар экан, инсон. Бу ҳақиқат дегани шу
қадар хунук, шу қадар даҳшатли нарса эканки, оломон нега оғиз йиртиб “ҳақиқат,
ҳақиқат” деб бақиришади, тушунмайман. Аслида ҳақиқат деб аталувчи муҳташам
қобиқ остидаги ёлғонларингизга ишониб яшайверинг, қийналмайсиз. Ҳақиқатга тик
боқаман, деб кўкс кериб юрманг, кўзингиз оқиб тушади, билмай қоласиз. Ҳаётнинг
ўзи ширин ёлғонларни минг тус, минг жилвада тортиқ қилаверади. Ўшаларни шимиб маза
қилиб юравермайсизми! Ҳақиқат шам ичидаги пиликка ўхшайди. Уни ёқаман деб юрманг, ичингизда сақлай қолинг. У ёнса, сиз
эришга маҳкумсиз. Эҳ, иним, менга парво қилманг, ишингиздан ҳам қўйдим
эзмаланиб. Бир ректорни билардим, “Қариликнинг қирқ белгиси” деган рисола
ёзганди. Унда адашмасам шундай гап бор эди: “Битта ақлли гап айтаман деб гап
бошлайди-ю, охирини келтиролмай эзилиб чайналаверади.” Менда ўша рисоладаги
қирқ белгининг ҳаммаси бор, ҳатто ортиғи билан, гапни нимадан бошлагандиму нима
билан якунлаяпман. Эҳҳ, қарилик ҳам бор бўлсин экан...
Шокир ота чуқур-чуқур нафас олди. Ётоққа узаниб, анчагина толиққан кўзларини уқалади. Бошини бироз кўтарди-да деразага қаради. Дераза ортида унга таниш ёлғиз япроқ енгил шабадада ҳамон ҳилпираб турарди.
Hiç yorum yok:
Yorum Gönder