Қишлоқ тунлари
Ҳозир, аниқ биламан, айни шу дамда...
Қишлоқ ҳувиллаб ётибди: кимсасиз кўчалар, аҳён-аҳёнда
чироқ нурлари...
Қишлоқдаги барча уйларнинг чироқлари ўчган, тунни кўмир
тутуни қоплаган.
Бир болакай велосипедини ғизиллатиб ўтиб боряпти.
Менга жуда таниш болакай. Унинг қўлида бир халта, халтада бир даста сурат.
Плёнкадан эндигина қоғозга кўчирилган суратлар...
Кундузларни тунларга таслим қилишни истамаган болакайнинг
кўзларида ҳайрат яшайди ва ўзидан баланд
орзулар...
Бу қишлоқ тунлари менга тегишли. Бу тун ўша кўзларига
ҳайратни жойлаган болакайга дахлдор...
Болакай мактаб рўпарасидаги катта тутдан қўрқади. Тутга
яқинлашган сари бадани музлаб педални янада тезроқ босади. Тутга қарамайди. Гўё
қарамаса, тут ҳам йўқ бўлиб қоладигандек...
Тоза туйғулар ва ҳаяжонларни ортмоқлаб олган велосипед
қоронғу, кимсасиз кўчалардан ғизиллаб ўтиб боради. Тезроқ уйига етиб борса,
эшикни очсаю бугун чиқарган расмларини отасига кўрсатиб мақтанса. Айниқса,
онасининг сўрида дутор чалиб ўтирган расми зўр чиққан. Кейин синглининг атиргул
олдида тушган расми ҳам мақтанишга арзийди. Отасининг сомон кесаётган пайтидаги
расми ҳаммасидан яхши чиққан. Бу расмлар отасига ёқиши аниқ. Балки чиндан ёқса,
унинг ўзига ҳам ўртоғиникидек расмчиқаргич аппрат олиб берармиди...
Болакай ҳозир ҳам ўша ўнқир-чўнқир қишлоқ кўчаларида
тунни ёритиб велосипедини ғизиллатиб учиб юради.
У уйига шошаётган паллада қанча одам қоронғи уйлар
ичида дардини деворга айтиб ётган бўлади.
Қанча одам юрагини тўкиш учун қоғоз-қалам қидираётган
бўлади, билмайман. Аммо қишлоқнинг бутун тунлари менга ва ўша таниш болакайга
тегишли...
29.10.2024
Hiç yorum yok:
Yorum Gönder