25.02.2026

 



У бургут, ахир!

У бургут, ахир! Тоғларнинг юксак чўққилари ярашади унга. У борлиқни баланд қоялардан кузатишни афзал кўради.

Ерда ҳаёт қайнаган, бунда ҳамма харидор, ҳамма савдогар. Ҳар ким ўзича ҳақ, ўзидан ўзгаси ноҳақ. Ҳар ким арзон молини томоқ йиртиб, қиммат пуллаш пайида... Бошлар оёқ, оёқлар бош ўрнида. Булбуллар зоғлар хизматида, қарғалар асолат дўконида...

Аммо, аммо у бургут, ахир! Бу қадим бозорнинг майда шовқинларига эътибор ҳам қилмайди. Ким ҳақу ким ноҳақ, ким эшшагу ким саман, бариси майда ва эътиборга арзимас савдолар бўлиб туюлади. Ахир, баландаларни кўрмаган, кўк тоқидан ерга боқмаганлар учишнинг, юксакларда сузилмоқнинг завқини қаёқдан ҳам билсин...

Қурсоқ ташвишидан ўзгани билмайдиган, англамайдиган, англашни ҳам истамайдиганлар ғавғо кўтаришни зўр уддалашди. Юксаклардан бехабарлар дунёни шовқиндан иборат, деб биладилар. Баландлик сукут ва сабр талаб қилишини қаёқдан ҳам билишсин?! Шамолларга қарши уча олмоқ учун унинг йўналишини билмоқ, кузатмоқ кераклигини; кузатиш учун эса сукут даркор эканлигини қаёқдан билсин, ахир?!

Бургут қанотларини ёйди. Унинг ўткир нигоҳлари кўкларга қадалган. Бир лаҳзада пурвиқор қоялар митти тепаларга айланди. Сарбаланд шовқинлар эшитилмас бўлди, ўзини муҳим санаган жамики жонзод тупроқдан фарқсиз бўлди.

Бургутни юксакларда бепоён кенглик, беадоқ булутларни суриб ўйнашдан ўзга аъмоли бўлмаган шамол ва ҳудудсиз эркинлик кутмоқда эди...

У бургут, ахир!

М.Йўлдошев

25.02.2026


1 yorum: