17.12.2024


            Илм остонасида турган ёшларга хитобим

    Азиз ёшлар, тадқиқотчи ва илм талабида юрган дўстлар! Бу сўзим сизларга. Ўзингизга маълум, ҳар бир инсон бир тажриба. Мен 50 йилнинг сарҳисобидан гапирсам, сиз 20 балки 30 ёшда эришган ютуқлардан гапирарсиз. Ва буларнинг бари бир миллатга алоқадор тажрибани намоён қилади. 

    Бугунги кунда юртимизда мисли кўрилмаган янгиланишлар юз кўрсатмоқда. Буюк бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлигини ҳаммамиз кўриб-кузатиб турибмиз. Устозлар бу жараёнга камарбаста бўлишга тайёр, ёшлар эса имкониятларини ишга солиб ўзбекнинг кимлигини дунёга тараннум этмоқда. Спортчи ўғил-қизларимизнинг муваффақиятига барчамиз даҳлдорлик ҳис қилаётганимиз, бу менинг зафарим, юртимга, ватанимга алоқадор муваффақият деб фикр юритаётганимизнинг ўзи “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиорининг амалдаги исботидир. 

    Илм-фанда ҳам ана шундай ўктамликка, бирдамликка эҳтиёжимиз бор. Чунки бугунги глобаллашган дунёда ўз сўзини айта олиш осон эмас. Бундай вазиятда, албатта, илмга, таълимга катта сармоя киритган давлатларгина ўз оёқларида мустаҳкам тура оладилар. Минг шукрки, мамлакатимизда таълимнинг барча босқичлари тизимли ишлаб турибди. Буларни мендаан кўра яхши биласизлар. Мен бугун айтмоқчи бўлган масала ёшларга қаратилганлиги учун олимлик фазилатлари ҳақда гапирмоқчимаан. Нега? Сабабини маърузамнинг якунида билиб оласиз. Халқимизда “олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган пурҳикмат мақол бор. Халқ нима айтса, топиб айтади. Лекин шуни унутмаслик керакки, олим бўлиш ҳам осонмас. Мақолда ҳам шу таъкидланяпти. Яъни машаққатига қарамасдан олим бўлиш одам бўлишдан осон, дейиляпти-да. Агар шунчаки осон маслак айтилиши керак бўлса, олимлик қиёс учун олинмаган бўлар эди.

    Китобларда олимлик сифати ва фазилатлари турлича талқин қилинади ва бу ҳам табиий. Чунки моҳиятнинг ўзи сарҳадсиз. Мен айримларини қайд қилиб келдим. Эшитиб кўринг балки ишингизга яраб қоладигани чиқиб қолар. 

    Илм талабгорининг илк фазилати ҳар қандай ҳодисага шубҳа билан ёндашишида кўринади. Шубҳачилик. Шубҳа бир нави савол бериш қобилияти дегани. Бугун дунёдаги энг яхши университетларда талабаларга энг зўр билим берилади, деб ўйласангиз янглишасиз. Улар талабаларга билимдан кўра ҳам савол беришни ўргатишар экан. Савол беришни ўрганиш масаланинг ярмини ўрганиб бўлди дегани. Савол бера олиш бир фазилат экан. Биз миллат сифатида болаларимизга савол беришни ўргатмаймиз. Нега? Нима учун? Қандай? Бу саволлар оиладан университетдаги таълим жараёнигача шаклланиб келиши керак. Савол беришни билмай университетни тамомлаган мутахассис мактаб ёки бошқа даргоҳга борганида савол бермай жим ўтирадиган болаларни тарбиялайди. Дарс ўтамиз. Дарс якунида саволлар борми? Жавоб аксар ҳолларда “Йўқ!” бўлади. Наҳотки, дейсиз. Бир айтасиз, икки айтасиз в ажабланмай қўясиз. Сиз шундай жиддий илмий янгиликларни айтасиз лекин савол йўқ. Қизиқмаяптими? Унда нега чиқиб кетишмай ўтиришибди? Тушунишяптими? Сиз ўз саволларингиз гирдобида қолаверасиз. Айтмоқчиманки, яхши олим бўлиш ниятида шу ерларда заҳмат чекиб юрибсизми, савол беришни ўрганинг. Устозларга илтимосим, талабаларга савол беришни ўргатайлик. Зора улар, ўзлигини, атрофини, жамиятни сўроғлашни ўрганишса. 

    Навбатдаги фазилат Сезги саналади. Қадимдан дунё ўзанларини белгилаган олимларга хос жиҳатлар орасида сезги кучи алоҳида эътироф қилинади. Яъни ҳодисаларнинг илмий моҳиятини сеза билиш, англаш ва баҳолай олиши беҳад муҳим фазилат ҳисобланади. Ҳисларингизга қулоқ солишни ўрганинг, улар сизга илм эшикларини очишга ёрдам беради. Одамни, оламни ва ўзимизни англаш ўша сезгилар воситасида амалга ошади.

    Ташаббускорлик. Бу ҳам тадқиқотчи учун зарур фазилатлардан саналади. Илмий ғояни, фаразни, илмий муаммони ўртага ташлай билиш ниҳоятда қадрланадиган жиҳатлардан биридир. Ибн Синони оласизми, Берунийними, Форобий ёки Ибн Халдунни оласизми уларнинг ҳар бири ташаббусскорликлари билан илм тарихида қолган забардаст олимлар ҳисобланади. Ва ҳар бири ўзлари ишонган илмий фараз ортидан кетишди ва қанчалик машаққатли бўлмасин ўша ғояни исботлай олдилар. Шундай экан, азиз ёшлар ташаббускор бўлишимиз шарт. Бугун сиз эъзозлайдиган устозларингиз, улар эришган ютуқлар ортида уларнинг ташаббускорлиги ётибди. Ташаббуснинг катта-кичиги бўлмайди. Фойдалиси ва долзарблиги асос ҳисобланади. Мен ташаббускорлик деганда парадоксал тушунча тарзини, умуман, излаш, изланиш жараёни ва унинг бирлаштирувчи кучини ҳам тушунаман. Илмнинг бирлаштирувчанлик кучи борлигига ишонаман. Чунки тадқиқот бир жамоа, бир миллат ва мамлакат тараққиёти учун қилинади. Бекорчиликдан, “шу билан шуғулланай-да, вақт ўтсин” деб қилинмайди. 

    Яна бир фазилат жасорат деб аталади. Жасорат деганда мен ақлнинг, тафаккурнинг жасоратини тушунаман. Жасоратсиз инсон илм йўлига кира олмайди. Илм йўли бу эртаклардаги Кенжа ботирнинг “Борса келмас” деб аталадиган йўлни танлашидек гап. Ҳақиқий илм толиби “Борса келар” ёхуд “Борса гумон”ни эмас, айнан “Борса келмас”ни танлайди ва муваффақиятга эришади. Тарихни, миллат тарихини айни шу “Борса келмас”ни танлаган жасур ақл эгалари яратади. Азиз ёшлар, илм йўлидаги сафарингиз осон бўлмаслиги мумкин лекин жасоратингизга ишонинг сиз албатта муваффақиятга эришасиз. 

    Ҳаяжон. Навбатдаги фазилат ҳаяжон ҳисобланади. Тадқиқотчи руҳли инсонлар боладек серҳаяжон бўладилар. Топган бир гапи, бир фикри, бир тушунчаси, янгилиги, ҳатто биргина сўзи унга олам-олам ҳаяжон бағишлаши мумкин. Ҳаяжон тадқиқотчига хуш кайфият бағишлайди. Илҳом беради ва янада янги дунёларни кашф этишга ундайди. 

    Ирода. Тадқиқотчи бардошли, сабрли ва маслагида собитқадам бўлгандагина натижага эришади. Кучли олимлар бир нави иродали инсонлардир. 

    Меҳнаткашлик. Ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан оғирроқдир. Жисмоний меҳнат эгалари маълум соат ишлагандан кейин уйига бориб дам олади. Яъни бугунги кунда 8 соат меъёр ҳисобланади. Жисмоний меҳнат қилувчилар шунча соатдан кейин дам олишади. Ақлий-ижодий меҳнат эса 24 соатингизга талабгор фаолиятдир. Буюк даҳолар йирик кашфиётларни тушларида қилишган. Бежиз эмас. Мунтазам бир ўй-фикр атрофида айланаверсангиз бу ишнинг ўнгу тушлиги қолмайди. Ижоддаги меҳнат бу уни қайд қилиш, қоғозга тушириш, мукаммал шаклу шамойилга тушириш жараёни билан боғлиқ заҳматлар ҳисобланади. 

    Санаб ўтилганлар илм кишисида бўлиши керак бўлган айрим фазилатлар холос. Ҳали яна олим адолатли бўлиши керак, миллий қадриятларни қадрловчи шахс бўлиши керак. Самимийлик, бетарафлик, ҳалимлик ва бошқа фазилатлар ҳам борки, айнан олимдан талаб қилинади. 

    Кўряпсизми, азизлар, нима учун муқаддас динимизда, Қуръони Каримда ва ҳадисларда олимлар юксак даражада қадрланади?! Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди», деганларни эшитдим, деган эканлар». 

    Ана шундай юксак аъмолни зиммага олишни шараф деб билган устозларга қуллуқ қиламиз, ёшлардан эса ўзбек илмини дунёга олиб чиқиш учун ғайрат қилишларини тилаб қоламиз. 

“Маърифат улашиб” ЧДПУ

17.12.2024


15.12.2024

 


Атрофда фақат аҳмоқларми?

Бугун институт ҳовлисида китоб савдоси ташкил қилинибди. Анча-мунча янги китоблар чиқибди. Қайта нашр қилинган асарларнинг ҳам шаклу шамойили таҳсинга лойиқ. Томоша қилар эканман, бир китобнинг номи диққатимни тортди. Томас Эриксоннинг “Атроф тўла аҳмоқлар” деб номланган китоби экан. Олиб бироз кўз югуртдим. Илғадимки, ушбу китобда муаллиф одамларни 4 рангга ажратган ва ҳар бир ранг 4 хил хулқ-атворни тавсифлаши ёритилган. 

Нашриёт рекламасида шундай фикр ёзилган: “Китобда муаллиф инсонлар характерини 4 рангга қиёслайди. Китоб ранглар орқали инсон характерини тушунишга ва орадаги тушунмовчиликларни камайтиришга ёрдам беради.” 

Китобни ўқимасдан у ҳақда гапиришни маъқул кўрмайман. Аввалдан айтиб ўтганимдек, китобнинг номи менга таъсир қилди.

Швед психологининг “Surrounded by idiots, the four types of human behaviors” номли китоби ўзбек тилига юқоридагидек таржима қилинибди. Бундан ташқари интернетда айни асарнинг “Атрофда фақат аҳмоқлар. Агар сизга шундай туюлса, балки сизга кўринмасдир” тарзида рус тилидан ўгирилгани ҳам бор экан. 

Кейин дарсга кириб кетдим, лекин китоб номи хаёлимдан кетмади. Ва қуйидаги матн шу асар номи турткиси билан ёзилди. 

Аҳмоқлик ҳақида улуғлар кўп ёзишган, насиҳат қилишган, аҳмоқлардан узоқ туришни танбеҳлашган. Аҳмоқлик белгиларини ўқиб ўзингиздан шубҳа қилган бўлсангиз ҳам ажаб эмас. 

Масалан, ўзини ҳаммадан ақлли деб билган киши аҳмоқ саналади. Билган нарсаси билан мақтаниш аҳмоқликнинг бош белгиси ҳисобланади. Ўзининг ташқи кўринишига ошуфта инсонлар аҳмоқларнинг йўлбошчиларидир, дейилади китобларда. 

Амброс Бирс ўзининг “Шайтоннинг луғати” китобида шундай ёзган экан: “...Аҳмоқлар Одам алайҳиссалом билан бирга дунёга тушганлар, кўп ва кучли бўлганликлари учун бу дунёни истило қилганлар...” 

Истило қилганлар! Кўряпсизми, нега атроф тўла аҳмоқ кўп! Хўш, уларни қандай ажратамиз? Бу унчалик мушкул эмас. Қуйидагиларни эслаб қолинг, аҳмоқларни осонгина таниб оласиз: 

Ақлли одам кўп нарсани билмаслигини айтади, аҳмоқ ҳамма нарсани билиши билан мақтанади. 

Аҳмоқ доим ўзини ҳақ деб билади.

Аҳмоқ ҳар кимга ва ҳар мавзуда маслаҳатфурушлик қилишга хавасманд бўлади. 

Ақлли одам сўзни исроф қилишдан ўзини тияди, аҳмоқ оғзига келганни қайтармайди. 

Аҳмоқ одам андишасиз, ориятсиз ва фаросатсиз бўлади. 

Аҳмоқ “тўғрисўзман, аяб ўтирмай шартта-шартта юзига айтаман” дея фаросатсизлигини таъкидлаётганини билмайди. 

Аҳмоқ одамнинг мақтовида мезон ва мантиқ бўлмайди

Мана шулар аҳмоқликнинг бош белгилари саналади. Улар билан курашиб ғалаба қозонаман деб юрманг. Билим билан жаҳолатни енгиш мумкин аммо аҳмоқларни енгиб бўлмайди. Яхшиси улардан узоқроқ юринг, шунинг ўзи умрингизни узайтиради ва худога яқинлаштиради.

15.12.2024



10.12.2024


БОКУ ИЗЛАМЛАРИ

    Озарбайжон пойтахти Боку кўҳна тарих ва замонавий тараққиётнинг ажойиб уйғунлигидир. Каспий денгизи соҳилида жойлашган бу мамлакат ноёб меъморчилик, бой маданият ва кутилмаган мўъжизаларга эга. Келинг, Боку ҳақидаги айрим маълумотларни эсга оламиз.

1. Шамоллар шаҳри

    "Шамоллар шаҳри" бу ном Бокуга шунчаки берилган эмас. Боку ҳақиқатан ҳам дунёдаги энг шамолли шаҳарлардан бири. “Хазорий” ва “Гиловар” деб аталувчи икки шамол шаҳар иқлимини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади. Денгиздан эсувчи шамолнинг қуруқликдан эсувчи шамол билан тўқнашуви халқ тилида муҳаббат ва нафратнинг туташуви ёки поэтик тилда Лайли ила Мажнун деб ҳам тилга олинади. Боку  кўчаларида юрганингизда шамолнинг таъсирини деярли ҳамма жойда ҳис қиласиз. Маҳобатли байроқнинг ўрнатилиши, кўчаларнинг шамол йўналишига мос тартибланиши, ҳайкал ва ёдгорликларни шамол эсишига қараб жойланиши, ҳамма-ҳаммасида “Хазорий” ва “Гиловар”нинг таъсири сезилиб туради. 

2. Оловлар юрти

    Озарбайжон бу номни минг йиллар давомида тупроқ ва тоғлар бағридан сизиб чиқадиган табиий газнинг мунтазам ёниб туриши  туфайли олди. Асрлар мобайнида ўчмай ёниб турувчи бундай масканларнинг энг машҳури Янардағ (ёнаётган тоғ) ҳисобланади. Ушбу табиий ҳодиса минтақанинг тарихий ва диний ривожланишида муҳим рол ўйнаган, чунки оташпарастлар уни муқаддас жой деб билишган.

3. Олов миноралари

 Боку шаҳри ва, умуман, Озарбайжон замонавий меъморчилигининг юксак намунаси бўлган олов миноралари визуал улуғворлигидан ташқари, мамлакатнинг оташпарастлик билан боғлиқ қадим тарихи, иқтисодий қудрати ва жадал тараққиётининг ҳам тимсоли ҳисобланади.

4. Гобустон петроглифлари

    Бокудан унча узоқ бўлмаган ҳудудда қадимий петроглифлари билан машҳур ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Гобустон археологик қўриқхонаси мавжуд. Бу ерда эрамиздан аввалги 8-минг йилликка оид 6000 дан ортиқ қоятош петроглифлари аниқланган. Ушбу қоятошларда овчилик, рақс, ҳунармандлик ва турли ибодат маросимлари акс этган. Петроглифларнинг топилиши ва ҳимояга олиниши Гобустонни дунёдаги энг муҳим археологик очиқ ҳаво музейлардан бирига айлантирди.

5. Ўралган гилам шаклидаги музей

    Бокудаги Озарбайжон гилам музейи меъморий ва маданий жиҳатдан муҳим зиёрат масканларидан бири ҳисобланади. Бино ўралган гиламга ўхшаш шаклда барпо қилинган бўлиб, мамлакатнинг узоқ йиллик гилам тўқиш анъанасини намойиш этади. Музейда озарбайжон гиламларининг энг катта ва нодир нусхалари тўплами сақланади. Музей ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида рўйхатга олинган.

6. Эски шаҳар

    Ичаришаҳар, шунингдек, эски шаҳар номи билан ҳам танилган, Бокунинг тарихий маркази бўлиб, уни асрлар давомида ҳимоя қилиб келган деворлар билан ўралган. ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий шаҳардан ўрта аср саройлари, масжидлари ва маҳобатли Қиз минораси жой олган. Ичаришаҳарнинг энг қадимги бинолари 12-асрга тўғри келади. Ҳозирги кунда шаҳарнинг бу тарихий қисмида 3000га яқин аҳоли истиқомат қилади. 

7. Қиз қалъаси

    Бокунинг қалби ҳисобланмиш эски шаҳардаги қадимий Қиз қалъаси 7-12-асрлар орасида қурилган Зардуштийлар ибодатхонаси ёки астрономик обсерватория вазифасини ўтаган. Айрим тарихчилар эса бу шаҳарни айланасига қуршаган катта мудофаа тизимининг бир қисми деб ҳисоблашади. Минора Озарбайжон валютасида ҳам акс этган бўлиб, дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонларни жалб қиладиган шаҳарнинг энг диққатга сазовор маданий масканлардан бири ҳисобланади. Қиз қалъасини янада жозибадор қилиб кўрсатадиган сир унинг номи билан боғлиқ кўплаб афсоналарда яширинган. Бир афсонада балиқчи йигит ва Боку хонининг қизи, оловранг сочли гўзал маликанинг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилинади. Хон қизини аслзода йигитга турмушга бермоқчи бўлади. Қиз Хазор денгизининг соҳилга яқин қисмига қурилган кузатув минорасига чиқади ва ўзини минорадан сувга ташлашга қарор қилади.  Малика минорадан сакраган пайт турнага айланиб қолади ва учиб кетади. Минора ҳақида 20га яқин афсона мавжуд. Уларнинг барчаси минорани янада сирли ва жозибадор кўрсатишга хизмат қилади. 
















3-7-dekabr, 2024. Baku


15.11.2024


 

Шовқинлар ичра...

Йўлда кетаётиб, бирдан шундай сукунат ичига тушиб қолдимки, гўё замонлар оша саёҳат қилгандек бўлдим. Бундай вақтаро кўчишдан ҳайратга тушганим рост. Мен яшаб ўтилган ўша вақт оралиғида айнан ўша сукутни бошдан кечирган бўлишим керак. Акс ҳолда, бу асрорангиз жимлик бунчалик таниш туюлмаган бўларди менга. Тасаввур қиляпсизми, бир одим олдинга ташлашингиз билан қандайдир параллел оламга ўтиб қоласиз. Бир вақтнинг ўзида кўплаб оламлар борлигини англайсиз. Бу тушда туш кўраётгандек, туш ва ўнг оралиғида сузиб бораётгандек бир ҳиссиёт уйғотади. Макондан мустасно сукут оламидан чиқиб кетишни истамайсиз. “Қанийди, шу туш ўнг бўлса-ю, ўнг деб ўйлаганларим тушга айланиб қолса”, деган фикр пайдо бўлади шуурингизда. Мен ҳам худди шундай бир ҳисни яшадим бир он аввал. Шуниси қизиқки, мени шовқинлар диёридан бир он узоқ-узоқларга олиб кетган бу сукутни жуда яхши танишимни аниқ-тиниқ англаяпман. Эҳтимол, у қачонлардир мен оид бўлган сукутистондир, эҳтимол, у орзуларим истиқомат қиладиган шовқинлардан фориғ жимистондир... Хуллас, “мени қидириб кепти, мени унутмапти, мени соғинибди”, дейман ичимдан қувониб. Мени тарк этишни истамаяпти, қовжираган чинор япроқлари билан ўйнаяпти, шитирлатиб қўшиқлар куйлаяпти, ахир. Мен англаган тошлар устида сассиз юриб-югуриб қувнаяпти, ўт-ўланлар устида ўмболоқлар отаётгани рост-ку! Мени топганидан шунчалар хурсандки, уни ҳис қилганим учун миннатдор, сезганимдан беҳад шод-хуррам. Бу сукут қанчалар яхши... Ўз вақтида келгани ундан-да яхши...

15.11.2024 М.Ю.

29.10.2024

 


Қишлоқ тунлари

Ҳозир, аниқ биламан, айни шу дамда...

Қишлоқ ҳувиллаб ётибди: кимсасиз кўчалар, аҳён-аҳёнда чироқ нурлари...  

Қишлоқдаги барча уйларнинг чироқлари ўчган, тунни кўмир тутуни қоплаган.

Бир болакай велосипедини ғизиллатиб ўтиб боряпти. Менга жуда таниш болакай. Унинг қўлида бир халта, халтада бир даста сурат. Плёнкадан эндигина қоғозга кўчирилган суратлар...

Кундузларни тунларга таслим қилишни истамаган болакайнинг кўзларида ҳайрат яшайди ва  ўзидан баланд орзулар...

Бу қишлоқ тунлари менга тегишли. Бу тун ўша кўзларига ҳайратни жойлаган болакайга дахлдор...

Болакай мактаб рўпарасидаги катта тутдан қўрқади. Тутга яқинлашган сари бадани музлаб педални янада тезроқ босади. Тутга қарамайди. Гўё қарамаса, тут ҳам йўқ бўлиб қоладигандек...

Тоза туйғулар ва ҳаяжонларни ортмоқлаб олган велосипед қоронғу, кимсасиз кўчалардан ғизиллаб ўтиб боради. Тезроқ уйига етиб борса, эшикни очсаю бугун чиқарган расмларини отасига кўрсатиб мақтанса. Айниқса, онасининг сўрида дутор чалиб ўтирган расми зўр чиққан. Кейин синглининг атиргул олдида тушган расми ҳам мақтанишга арзийди. Отасининг сомон кесаётган пайтидаги расми ҳаммасидан яхши чиққан. Бу расмлар отасига ёқиши аниқ. Балки чиндан ёқса, унинг ўзига ҳам ўртоғиникидек расмчиқаргич аппрат олиб берармиди...  

Болакай ҳозир ҳам ўша ўнқир-чўнқир қишлоқ кўчаларида тунни ёритиб велосипедини ғизиллатиб учиб юради.

У уйига шошаётган паллада қанча одам қоронғи уйлар ичида дардини деворга айтиб ётган бўлади.

Қанча одам юрагини тўкиш учун қоғоз-қалам қидираётган бўлади, билмайман. Аммо қишлоқнинг бутун тунлари менга ва ўша таниш болакайга тегишли...

29.10.2024

27.10.2024

 


Д Е Р А З А  О Р Т Д А Г И Л А Р

Ёлғиз япроқ

“Мурувват уйи”нинг энг сокин ва камсуқум маскунларидан бири Шокир ота билан анчадан бери суҳбатлашишга уринаман, лекин сира очилмайди. Саволларга “ҳа” ёки “йўқ” дейиш билан чекланади. Бу сафар ундай бўлмади. Мен савол бермадим, унинг ўзи саволга эҳтиёж қолдирмади. У сўзлади, мен тингладим.  

- Мен, - дейди у сокин ва ҳузурли оҳангда, - деразадан қарай олганимга шукр қилиб яшайман. Ўйлаб қарасам, умрим умидворлик билан ўтибди. У келармикин, бу нега келмайди? Нега ҳеч ким ҳол-хотир сўрамайди? Мен бутун умр яхшилик қилган инсонлар нега “тузукмисан” дейишга ярамайди? Яна аллақанча жавоби муаллақ саволлар билан катта умрни зое қилибман. Аслида, сўраб келса ҳам бир нима ўзгариб қолмайди-я. Лекин барибир одам эканмиз-да, интиқлик, кимнидир кутиш, нимадандир умидвор бўлиш... Тўқсонни қоралаган таниш бир олимдан эшитдим, фалон давлат мукофотига номзодини қўйибди. Олмаган медалу мукофоти қолмаган. Қошиқ ерга тушиб кетса ҳам умид билан қарайди “медал-педал бермаяптимикин”, деб. Кимдир эшик қоқиб келса ҳам “қандай мукофотга маълумотнома сўраб келмаганмикин”, деб тамшаниб қарайди. Медалхўрлик ҳам бир касаллик эканми, дейман-да. Тўй бўладими, чоғроқ тадбирми шақир-шуқур қилиб медалларини осиб чиқади. Мундооқ ўйлаб қарасам, умр деб аталгувчи ўлчовли вақтнинг барини, унга қўшиб куч-қувватимни ва ақлу шууримни давлат ишига сарфлабману бирон марта ўша олим маҳлиё бўлган нарсаларга интилмабман. Хаёлимнинг бир учидан ҳам ўтказмабман. Лекин одамлардан меҳр кутиб яшаганим рост, қилган яхшиликларимни (агар чиндан ҳам шундай бўлса) қадрлашларини, яхши гап айтишларини кутиб яшаганим бор. Раҳмат айтмаса, бироз ранжиганларимни ва ё кўнглим қолганини ҳам айтмасам бўлмас. Бу ҳам бир таъма, аслида. Худодан ҳам зўрмидинг, кимгадир нимадир берган ё кўмаклашган бўлсанг, қайтишини кутасан, ҳа одам-а, одам-а...  Қариб, майдалашиб кетяпман чоғи.

У чуқур тин олди. Кўзларини қалтираган бармоқлари билан уқалаб олди. Сизиб чиққан бир-икки томчи ёшни артган бўлди. Токчадаги рўмолчасини олиб очди, ғижимланган жойларини кафти билан текислади, кейин тахлаб жойига қўйди ва яна сўзлай бошлади:

- Қушларнинг сайрашини қаранг, умрни узайтиради-ю бу, ўн йилга узайтиради, ишонаверинг... Ҳу шохдаги баргни кўряпсизми, жуда такаббур чиқди, тушмагур!  Кузаки ёмғир севалаб ўтди-ю, пишиб турган япроқларнинг бари шувуллаб тўкилиб берди. Уларнинг тўкилишини кузатганмисиз, олов бўлиб, ял-ял ёниб тушади-я... Тўкилаётибам одамни ҳайратга солиб кетади булар. Сариғи тилладек товланади, қизили кўзга малҳам, жигарранги жигарингизни шундоқ юлиб кетади-я... Лекин шу баланд шохдаги битта япроқнинг жони қаттиқ экан. Ёмғир юмшатди, шамол совурди, бироқ у қилт этмади. Ўша япроқ менга ўхшаркан.

Ўрнидан туриб, хонани бир-икки айланган бўлди. Дераза олдига келиб, чойнакдаги совиб қолган чойни косага тўкди. Озгина чой солиб ошхона томонга ўтиб кетди. Дераза ортида енгил шамол эсар, нари-берида дарахт шохларида тўкилмай қолган япроқларни юлқайди. Мен унинг овунчоғи бўлган япроққа қарадим. Тўкилмай туришини ич-ичимдан хоҳлардим, чунки усиз Шокир буванинг ҳикояси чала қолишини билардим. Шокир бува “Мурувват уйи”га баҳорда келди. Уни ўғли ва келини олиб келган эди. Ташлаб кетишгандан кейин яна бир-икки келишди, неварасини ҳам олиб келишди. Шокир бува у билан роса ўйнади. Дарвоза олдидаги дарахтдан олма узиб берди. Онаси “қорнинг оғрийди, ювмасдан емагин” дейишига қарамай, болакай олмани тишлаб-тишлаб еб олди. Шокир бува “қўявер, ҳеч нима қилмайди, уйдаги дарахтлардан ҳам териб берардим, шундоғича еяверарди-ку” деди кулиб. Келини жуда ҳозиржавоб экан: “У ердаги қишлоқ, бу ер шаҳар, машина тутунлари, қанақадир зарарли чанглар меваларга ўтириб қолган. Ҳозир ҳаммаёқда айтишяпти, наҳот эшитмаган бўлсангиз, шаҳар ҳавоси дунёдаги энг ифлос ҳаволардан экан” -деганди. Шокир бува ҳам шунга яраша жавобни берганди: “Бўлса бордир, келин! Аммо бу шаҳарда миллионлаб одам яшаб юрибди, ўлиб-нетиб қолгани йўқ. Мени шу қариялар уйига олиб келишда жаннатдан аъло қилиб мақтаган эдиларинг, ўшандаям шунақа хабарлар бормиди?!”

Шокир бува бир қўлида чойнак, иккинчисида патнисда пиёла, нон ва майиз кўтариб кириб келди. Уларни ётоқ ёнидаги столга қўйиб, меҳмоннавозлик қилди. Чойлар қуйилди, нон синдирилди. Мен унинг суҳбатини интиқ кутардим. Яна ўша жойдан давом этишини истардим. Савол берсам чалғиши мумкинлигини ўйлаб жим ўтирдим. Шокир ота чойдан хўплаб, нондан бир парча ушатиб оғзига солди.     

- Биласизми, - деди - мен бу дунёга келиб бир ҳовуч бахт истагандим холос. Шугина, бошқа ҳеч нима истамадим. На ҳашаматли уйлар, на қимматбаҳо машина ва яна алланималар. Мен истаган нарса озгина бахт. Бор-йўғи шу! Бу нима эканлигини биласизми? Ҳа-ҳаҳ-ҳаҳ... Бу энди киноларда айтиладиган гап бўлди, қулоғимга тушиб қолган бўлса керак.  Уни ўзим ҳам яхши тасаввур қилмайман. Бахт нима ўзи, унинг шаклу шамойили қандай бўлади? Эҳҳ, қўяверинг... Аёлим вафот этганида ўғлим икки ёшга кирган эди. Ҳеч кимга ва ҳеч нимага мухтож қилмай катта қилдим. Боғчага олиб борган кунимни, кейин мактабга олиб чиққанимни, университетга ўқишга кирганида уни катта шаҳарга кузатганимни ҳеч қачон унутмайман. Истасам ҳам кўз олдимдан кетмайди. Мен қанотлари қайрилган қувончларим ҳаққи,  ўша кунлар ҳурмати жигарпорамни яхши кўраман. Ундан заррача ранжимайман. Уфф... Миннат қиляпти деб ўйлаётгандирсиз. Миннат эмас, асло миннат эмас! У яхши эди, унинг учун жонимни ҳам беришга тайёр бўлган кунларим қанийди яна қайтиб келса... У касал бўлиб “их-их”лаб чиққанида касалхонма-касалхона чопганларим, тунлари дорихона қидириб сарсон бўлганларим... Эҳҳ, ўшанда сира чарчамасдим, биласизми... Қайтанга яхши кўриб кетардим. У касал бўлса, менга мухтож бўларди, унга парвона бўлиб, тунни тонгга улардим. Мижжа қоқмай яна ишга кетаверардим. "У катта бўлса зўр доктор бўлади" -деб орзу қилардим. Университетга кирганида маҳаллага ош бериб, роса мақтангандим. Қишлоққа катта касалхона қуриб бераман, бутун қишлоқни бепулга даволайди, дориларини ҳам ўзимиз берамиз деб ҳаммага айтиб чиққандим.  Қайдам... Университет уни бутунлай ўзгартириб юборди. Ё олдин ҳам шундай худбин эдию мен сезмасмидим? Аввал сўзлари ўзгарди. Қишлоқ шевасида гапиришни ўзига эп кўрмай қолди. Уялармиш, қўполмиш. Қишлоқ одамларидан ҳам шикоят қила бошлади, нима эмиш, замондан орқада қолган эмиш, буларни одам қилиб бўлмасмиш. Кейин кийими, юриш-туриши ўзгарди. Бошда тез-тез келарди, кўп ўтмай уям ўзгарди. Мен шаҳарга кузатган бинойидек одам ўрнига ғирт бегона биров келиб қолгандек эди.  У энди менга мухтож эмасди... Ўзимни кераксиз буюмдек ҳис қила бошлагандим ўшанда.

Мен ўша бегонадан кўп нарса кутган эканимни баҳорда шу ерга ташлаб кетишганида билибман. Бир ҳовучгина бахтни ўша уйимдаги ўзим гард қўндирмай ўстирган бегонадан кутган эканман. Ит боқсам, ҳеч йўқ атрофимда айланиб мени хурсанд қиларди-ку! Эҳҳ майли, аввали худо. Ҳеч ким бировга у кутган бахтни беришга қодир эмас...

Шокир бува ўрнидан туриб дераза олдига бориб ўтирди. Чуқур нафас олиб, осмонга қаради.  

- Қаранг, кўряпсизми, шу тиниқ осмон, шу дарахтлар, шу ташқаридаги ҳамма нарса аслида бахт, мен шуни бахт деб атайман, иним. Чуқур-чуқур нафас олганда бу бахт дейман. Эрта туриб деразадан қараганда мени кутиб турган ёлғиз япроқни кўриб бу бахт дейман. Менга ҳеч ким мен истаган бахтни бера олмаслигини биламан. Шу ҳам менинг бахтим. Фарзандим, неварам, яқинларим мен билан доим гаплашиб туришини хоҳлаганим менинг худбинлигим экан, аслида.  Уларнинг ҳаёти, замони, ўй-хаёллари бутунлай бошқа, ахир, меникидан фарқли эканлигини нега олдинроқ тушунмадим. Улар ҳолимдан хабар олишмай қўйса, қанча гап-сўз, қанча ғавғо кўтардим. Кейинчалик тушундимки, буларнинг бари ўша такаббур япроқнинг ҳолидан бошқа нарса эмас экан.  Уларнинг айби нима? “Ҳозир мен ёрдам беряпман, кейин сен ёрдам берасан” - деб келишув имзолаганмидинг-ки, уларни ўз сайёранг атрофида айланишга мажбур қиласан...

Шокир ота узоқ жим қолди. Фурсатни бой бермай сўрадим:

- Ота, мен сизни бу ерга келган кунингиздан бери биламан. Лекин сабаби ҳақида ҳеч гаплашмадик. Қандай келиб қолдингиз?

- Эҳ, ўғлим, сўрасангиз айтардим. Яширадиган жойи йўқ. Боғда ўн-ўн икки туп дарахтим бор. Олма, ўрик, ғайноли дегандек. Анжир шафтолиям бор, Хурмонинг энг зўридан экандим. Шуларнинг тагини юмшатиб сув тараб ўтирсам, сизга айтган дўхтир ўғлим бир ўзи шаҳардан келиб қолди.  Келиним, неварамни сўрасам “зарил иш билан келдим”, -деди. “Нима гап” -десам, - “сизни шаҳарга олиб кетаман” - деди. “Бўлмаган  гапни қўй” - дедим. “Бир ўзингиз қийналяпсиз, сизга боқувчиям топиб қўйдим” - деди. "Рози бўлинг" -деб сира қўймади. Мен “агар шу гапни айтгани келган бўлсанг, бор кетавер шаҳарингга” -деб ҳайдаб солдим. Мендан хавотир олаётган экан, деб ичимда суюндим ҳам. Кўп ўтмай келиним билан келди. Келиним жуда гапга уста, шундай мақтади-ки, мени жаннатга олиб боришади шекилли, деб ўйлабман. У гапирган сари кўз олдимдан жаннат боғлари ўтаверди. Ям-яшил боғлар, сув ўрнида шаробу бол оқадиган ариқлар, меваларини айтмайсизми, еган сари еяверасиз. Ўнг томонга қарасангиз овқат, чап томонга қарасангиз ичимлик беришади. Атрофингизда оппоқ кийимлар кийган малаклар парвона. “Ихх” десангиз дори-дармон билан тепангизга етиб келишади. Қўйинг-ки, нақ жаннат боғларининг ўзгинаси. Балки ўтиб кетган хотинимни ҳам ўша боғларда учратиб қоларман, деб ўйлаган бўлсам ҳам ажабмас.  Қандай рози бўлганимни билмайман. Шу жўги келиним авради-авради рози қилди, хуллас. Аллақандай қоғозларга қўл қўйдирди. Келсам, аҳвол шу. Кетай десам, ўша кунги имзойим билан боғ ҳам, уй ҳам қўлдан кетган экан. “Қишлоққа борсам шарманда бўламан”, -деб қайтмадим. Ўғлим “бир-икки ойда уй сотиб оламиз, ўшанда сизни олиб кетамиз” деб кетганича қайтмади. Қайтмаганиям дуруст. Бу ерда жуда кўп ҳақиқатларни англар экан, инсон. Бу ҳақиқат дегани шу қадар хунук, шу қадар даҳшатли нарса эканки, оломон нега оғиз йиртиб “ҳақиқат, ҳақиқат” деб бақиришади, тушунмайман. Аслида ҳақиқат деб аталувчи муҳташам қобиқ остидаги ёлғонларингизга ишониб яшайверинг, қийналмайсиз. Ҳақиқатга тик боқаман, деб кўкс кериб юрманг, кўзингиз оқиб тушади, билмай қоласиз. Ҳаётнинг ўзи ширин ёлғонларни минг тус, минг жилвада тортиқ қилаверади. Ўшаларни шимиб маза қилиб юравермайсизми! Ҳақиқат шам ичидаги пиликка ўхшайди. Уни ёқаман деб юрманг, ичингизда сақлай қолинг. У ёнса, сиз эришга маҳкумсиз. Эҳ, иним, менга парво қилманг, ишингиздан ҳам қўйдим эзмаланиб. Бир ректорни билардим, “Қариликнинг қирқ белгиси” деган рисола ёзганди. Унда адашмасам шундай гап бор эди: “Битта ақлли гап айтаман деб гап бошлайди-ю, охирини келтиролмай эзилиб чайналаверади.” Менда ўша рисоладаги қирқ белгининг ҳаммаси бор, ҳатто ортиғи билан, гапни нимадан бошлагандиму нима билан якунлаяпман. Эҳҳ, қарилик ҳам бор бўлсин экан...

Шокир ота чуқур-чуқур нафас олди. Ётоққа узаниб, анчагина толиққан кўзларини уқалади. Бошини бироз кўтарди-да деразага қаради. Дераза ортида унга таниш ёлғиз япроқ енгил шабадада ҳамон ҳилпираб турарди. 

25.10.2024

 



Сафар Ризосўйлу 

 (Озарбайжон)

Оғочлар ёндирар япроқларини

 

Оғочлар ёндирар япроқларини,

Баҳорнинг вафосиз мактубларидек.

Чинорлар униққан варақларини,

Йўқотар минг йилнинг китобларидек.

Эсар, у шаҳардан шамоллар эсар,

Кузаклар устига сочилар сочинг.

Шамоллар ичида сенинг овозинг,

Мен қайси оғочнинг остига қочай,

Ҳар оғоч остида йиғлаган сенсан.

Эсар, у шаҳардан шамоллар эсар,

Ёмғиру, япроғу, булутлар ила,

Ўз-ўгай, қавмдош-қариндош ила,

Тангрим, балки унинг одими ила,

Эсар, у шаҳардан кўчалар эсар,

Деразам кўзимга кўринмаса ҳам.

Эҳтимол, бу шамол сас ёмғиридир,

Соғинар бу шаҳар сас ёмғирида

У узоқ шаҳарнинг кўчаларини

Ҳузури, кундуз-у кечаларини.

Уйи, деразаси, чироқларини,

Шамолни, булутни, ёмғирларини,

Сенинг шаҳринг сари элтар бу шаҳар.

Эсар, у шаҳардан кечалар эсар.

Эсар у шаҳарда турна саслари,

Тўкилган япроқни пати деб билар.

Оғочлар уялар яланғочликдан,

Чўккан оқшомларни тасалли билар.

Эсар, у шаҳрдан кўчалар эсар

Ҳар недан ортиқроқ асрайсан мени.

Айт, қайси оғочнинг остига қочай,

Ҳар оғоч остида йиғлаган сенсан.

Эсар, у шаҳардан кўчалар эсар...

Эсар, у шаҳардан кечалар эсар...

Эсар, у шаҳардан кўлкалар эсар...

М.Йўлдошев таржимаси

25.10.2024

24.10.2024

 

Яна оқшом...

 Чарчаган руҳлар зилдай баданларни улар оид бўлган манзиллар сари аранг судраб кетмоқда. Кимдир соҳилда ўтириб куннинг ҳисобини қилади, кимдир маъно қидиради югурик замондан. Кимдир шафақларга ёзади ҳузунларини, кимдир дардин тўкар тўлқинлар узра. Дунё оғир келар инсонга баъзан, ўзимиз сабабчи бироқ барига...

 Яна оқшом...

Сардафтарга яна бир бет ёзилди, тамом. Сен нима ёзмоқчи эдингу, нима ёзолдинг?!

Шафақ қатларида сўзинг бормиди? Ё денгиз мавжида сасинг қолдими? Қай юлдузга айта олдинг сирингни? Қай кўнгилга жойлай олдинг ўзингни?

 Яна оқшом...

Шоир ёзар:

Қаламнинг қудрати изидандир, сен қалам бўл!

Одамнинг иззати сўзидандир, сен одам бўл!

 

М.Йўлдошев

24.10.2024


 


МАЪНАВИЙ ВАТАН

Тил шундай бир ватандирки, у бой берилса,

на миллат қолади, на давлат.

Умар Сайфиддин

 

Ҳаммамизга маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда, алоҳида байрам сифатида кенг нишонланаётган қутлуғ сананинг алоҳида файзи ва шукуҳи бор.

Она тили - бу халқнинг мавжудлигининг асосий кўрсаткичи, энг катта миллий ва маънавий бойликдир.

Миллий тил асрлар давомида ҳар бир халқ ва миллатнинг ўзига хослиги, тарихий ўтмиши ва маданияти, бой луғати, эътиқод ва анъаналари, ахлоқий хатти-ҳаракатлари ва дунёқарашини ўзида мужассам этган бебаҳо миллий бойлик саналади.

Халқнинг халқ, миллатнинг миллат сифатида бирлаштирадиган муҳим омиллардан бири бу – она тилидир.

Ҳар бир миллатнинг тили унинг сиёсий,  ижтимоий ва маданий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугунги кунда ўзбек тили ғоят теран фикрларни жуда аниқ ва равшан рангларда ифода этиш қобилиятига эга тиллардан биридир. 

Бир миллат ўз фикрлари ва ҳиссиётларининг теранлигини тўлиқ ифода эта олиши учун,  у бир неча минг йиллик тарихга эга бўлиши керак. 

Ўзбек тилининг ҳозирги ривожланиш даражаси ўзбек халқининг дунёдаги энг қадимги халқлардан бири эканлигини кўрсатади. Тилимизнинг тарихи буюк маданиятларни барпо қилган халқ тарихи қадар қадимийдир.

Ҳозирги кунда миллионлаб ўзбеклар учун маданий тараққиёт воситаси бўлган бу тил нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда истиқомат қилувчи миллатдошларимиз учун ҳам муштарак воситадир.

Ўзбек тилининг лаҳжа ва шевалари шунчалик ранг-баранг бўлишининг асосий сабаби, бу улкан Туркистонда тарқалган туркий халқларнинг деярли барча тил хусусиятларини ўзида акс эттириши билан белгиланади. 

Она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси самарали фаолият кўрсатиб, ғоят муҳим бу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириб келмоқда.

М.Йўлдошев

22.10.2024




Сарчашмадан қатралар


Ҳожи Бектош Вали ҳикматлари

 

Камтар бўлмай туриб, қалбларни қозониб бўлмайди.

 

Асло шон-шуҳратга берилма, чунки шуҳратпарастлик офатдир.

 

Аждодингла мағрур бўлма, исмингни ўзгалардан олдинга ёзма.

 

Мол-дунё ва мартабанг билан керилма.

 

Фақр оламида ному нишонсиз бўлмоқ афзалдир,

Ишқ диёрида тилсиз бўлмоқ мақбулдир,

Борлиқ сирларини англай олмаганларга,

Таржимон ёрдамида англатмоқ шартдир.

 

Зоҳирда халқ билан, ботинда эранлар билан ошно бўлганлар мўътабардир.

 

Инсоннинг қалби маҳзун, вужуди дардли, кўзи ёшли, амаллари холис, дуолари маъюс, либоси эски, дўсти дарвеш, сармояси ибодат, уйи масжид, йўлдоши Оллоҳ бўлмоғи лозим.

 

Агар сени бошқалар ўртага чиқарган бўлса қўрқма, сен ўзинг чиққан бўлсанг қўрқ.

 

Ўзига маҳлиё бўлган одам баднафсдир.

 

Кимки ўз нафсини ўйлайди, унинг жойи жаҳаннамдир. Ким Оллоҳ ризосини ўйлайди, унинг жаннатдаги жойи тайиндир.

 

Ўзингни англашга ғайрат қилганинг энг зўр сармоянгдир.

 

Юксалиш орзусини ҳирс деб бил.

 

Толиб эрсанг, фано ва фақр йўлини тут.

 

Кўп кулма, қаҳқаҳа қалбни ўлдиради.

 

Сўрмасалар сўзлама.

 

Жавоб беришга шошилма.

 

Сабрсиз мурод ҳосил бўлмагай.

 

Одоб инсон кўзининг нури, қалбининг қуёшидир.

 

Ўзгалар айбини қидирма, ўз айбинг ҳақида ўйла.

 

Илмга эга бўлмоқ учун уни талаб қилмоқ зарур.

 

Маърифат қуёшга, ақл ойга, илм эса юлдузларга ўхшайди.

 

Илм ойнага ўхшайди. Ойнага боққан ўзини кўргай.

 

Сўз мисоли ўқ, отилдими ортга қайтмагай.

 

Илм-ал-яқин баданни тарбия қилмоқдир, айн-ал-яқин қалбни тарбия қилмоқ, ҳаққ-ал-яқин руҳни тарбия қилмоқдир.

 

Мағрур бўлган жоҳиллардан қўрқ.

 

Дўст кўринган душманлардан қўрқ.

 

Жоҳил билан бир дастурхон атрофида ўтирма.

 

Қалб Оллоҳнинг назаргоҳидир.

 

Маърифатсиз инсоннинг ҳайвондан фаарқи йўқдир.

 

Етмиш йиллик ибодат бир соатлик тафаккурга бадалдир.

 

Маърифат илмнинг меваси, яқинлик эса муҳаббатнинг.

 

Инсоннинг моҳияти менинг сиримдир, мен эса Унинг.

 

Қилмаган ишингни қилдим дема.

 

Икки қилич бир қинга сиғмайди.

 

Мол-дунё жўмардлиги бойларга хосдир, тан жўмардлиги ғозийларга хос, жон жўмардлиги ошиқлар учун, қалб жўмардлиги эса орифларга хос.

 

Ҳеч кимсани камситма, ҳар кимга шафқат назари ила боқ.

 

Ўлмасдан аввал нафсингни ўлдир.

 

Тили, дини, ранги нима бўлса бўлсин, яхши барибир яхшидир.

 

Одам қиёфасидаги ҳамма ҳам одам бўлавермайди.

 

Ўқилиши керак бўлган энг буюк китоб инсондир.

 

Бир бўлайлик, йирик бўлайлик, тирик бўлайлик.

 

Нимани қидирсанг ўзингдан қидир.

 

Сўзимиз ҳақ, ўзимиз ишқ, йўлимиз бирдир.

 

Ҳеч бир қавмни ва инсонни айблама.

 

Илмга асосланмаган ҳар йўлнинг охири зулматдир.

 

Менинг уч гўзал дўстим бор: бири уйда қолади; иккинчиси йўлда қолади; учинчиси мен билан келади. Уйда қолгани оиламдир; йўлда қолгани дўстларим; мен билан келадигани эса яхши амалларимдир.

М.Йўлдошев таржимаси

22.10. 2024