27.03.2021


 ШАМОЛЛАРДАН ҚЎРҚМАГИН, ОНА!


— Тур, болам, жойнамозда ётмайди, тур дедим, эййй!

— Ҳа, она, ҳозир, яна озгина ухлай...

— Жойнамозда ухлаб бўлмайди, болам, юртга юк тушади!

— Мен ухламадим, кўзим илинибди, шекилли, лекин...

— Ухламадиммиш, хуррагингдан уйғониб чиқдим-ку, кўпайгур!

— Йўқ, йўқ сиз уйғонганингзни билдим, ўшанда ҳам уйғоқ эдим, фақат бир зумгагина кўзим илинибди. Лекин бир кун ухлагандек мириқибман.

— Тур, ўрнингга кириб ёт. Намозимни ўқиб олай. Ҳа, айтганча, нега кириб ётмадинг? Жойнамозда ухлайдиган одатинг йўқ эди-ку?!

— Йўқ, она, сиз кўрмагансиз-да. Баъзан... баъзан отамни жуда соғиниб кетсам...

Ташқарида шамол тобора шиддатланар, бор куч-қудратини кўрсатиб қўйиш дардида дарахт шохларини қайириб, синдириб деразага уриб-уриб эсарди. Тунда қўпган шамолни онаси “тентакшамол” дерди. Онаси шамолни ёқтирмас, ундан қаттиқ қўрқар, шамол эсган пайтларда кўпроқ ибодатга бериларди. Ҳозир ҳам гоҳ деразага, гоҳ эшикка қараб безовталаниб ўтирган эди. Ёвқон онасидаги қўрқувни сезиб, “ташқарига чиқасизми, юринг, қараб тураман”, — деди. Она печка устидаги қумғонни кўтариб ташқарига чиқди, “Тентакшамол ҳам Оллоҳни амри билан эсади эсишга-я, лекин, кунботардан эсмасин экан, кунчиқардан эсгани безиён бўлади... Пайғамбаримиз ёмғирни яхши кўрарканлар...” деб қўшиб қўйди. Шамолнинг важоҳати ва ваҳимали уввосидан онасининг қолган гапини эшитиб бўлмади.

Ўғил шу тобда ҳар шамол эсганда эсланадиган бу гапларни эмас, кун сайин бувисига ўхшаб бораётган онасининг муштдеккина жуссасига қараб, қачонлардир ўзи айтган бир гапни хотирлади, “оналар қаримайди, бувилар қари бўлади”. Бу гапни холалари ўзаро суҳбатлашиб ўтириб “Опам қариса, бувимни ўзи бўлиб қолади” деган пайтида айтган эди. Холалар бор овози билан кулишганди. Ўша-ўша бу гап оила ичида кўп эсланадиган бўлганди. Мен ҳалиям онамнинг қариб бораётганини тан олгим келмайди. Икки одим юрмасдан чарчаб қолишларини ўйласам, юзидаги ажинларнинг тобора чуқурлашиб бораётганини кўрсам, болаликка қайтгим келаверади. Энди онамнинг кўзларига қарасам, “Онанг қарияпти, болам, онанг ўтиб боряпти. Эртага қидириб қолмаслик учун тўйиб ол, кипригимнинг тагида-ю, бугун бўлмаса, эрта гаплашарман, демагин. Эртанинг юмуши мушкул, мушти оғир, болам” деяётгандек бўлаверади.

— Отанг раҳматли айтардилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сабо бирлан ғолиб қилиндим, Од қавми дабур бирлан ҳалок қилинди”, — деган эканлар. Сабо деб кунчиқардан эсадиган шамолни, дабур деб кунботардан эсадирган шамолни айтар эканлар. Отанг раҳматли ҳам шу сен туғилганда эккан теракларнинг учига қараб шамолни қайси ёқдан эсаётганини таҳмин қилиб ўтирарди.

— Она, шамолдан қўрқишингизнинг сабаби шуми фақат?

— Бувим[1] мени беланчакка бойлаб ухлатиб, ўзи ҳам ухлаб қолибди. У вақтлар ҳамма уйда қурт боқиларди. Яқингача ҳам ўзимиз то пилла териб олгунча битта кичик хонада жон сақлардик. Хуллас, мен уйғониб, беланчакдан тушиб эмаклаб кўчага чиқиб кетибман. Қандай чиққан бўлсам... Дарвозадан чиқсанг, ҳайқарон[2] ариқ, йўл тарафга энсизгина эпламачак кўприкдан ўтилади. Ўша ердан ўтиб тўртайлишдаги[3] устунга илинган чироққа қараб бораверибман-да. Ўша кеча қаттиқ шамол бўлиб, дарвозани битта қанотини қўпориб кетганди, деб эсларди бувим. Шу даражадаги қаттиқ шамол мени учириб кетмаганига ҳамма ҳайрон бўлишган экан. Ўнғарвой амаким, тўртайлишдаги катта магазинни ёнида уйи, нимадир сабабминан кўчага чиқса, бир бола йиғиси эшитилганмиш. Йиғи келган томонга қараб бораверибди. Чироқ тагига борса мен йиғлаб ётганмишман. Қўлига олиб, “одамлар бу кимни боласи” деб бақираверибди, турган жойида. Нимадир бўлиб, отам уйғонибди, овозни эшитиб чиқсаки, мен эмишман. Хулласи... ўшанда қўрққан бўлсам керак-да... Шамол турса юрагим безовта бўлаверади. 

— Она, сизнинг вужудингизга сингиб кетган ўша қўрқув менга ҳам ўтган. Шамол бошланса, шу безовталигингиз менга ҳам ўтади. Айниқса, хизмат сафарига кетганда энг кўп шуни ўйлайман. Шамол турсагина эмас, шамол ҳақида у ер бу ерда ўқиб қолсам ҳам ичимга титроқ кираверади.

Ёвқон чуқур нафас олди, онасининг кўнглига озор етмасин деб нафасини ичига ютди. Она жойнамозини солиб, намозга турди. Ёвқон яқинда ўқиган бир ҳикоясини эслади. Шамолли кеча эди. Ўшанда ҳам қаттиқ таъсирланиб, даҳшатга тушганидан ишини ҳам ташлаб ортига қайтган эди.

Шамол бу маконларда тўсатдан қўзғалади. Тоғ ораларида етилиб, ўнгирлар орасидан ўкириб-ваҳшат солиб чиқиб келади. Қишлоқларнинг наридан-бери оҳакланган деворларидаги чангларни учириб, томларнинг қумларини сочиб, кўча тупроғини тўзғатиб-тўзғитиб эсаверади. Маккапояларни ағанатади, кир ўраларда ҳуштак чалади, сувларни чайқатади, тепаларда ғувиллайди, пастга тушганида челакларнию чўпсаватларни ағанатиб юмалатиб юборади. Дала-даштдаги юмрон инларини қум билан кўмади, овсарроқ қушлар қурган уяларни тамомила бузиб ташлаганида жажжи полапончалари чирқиллаганча ерга қулаб тушиб, ваҳший ҳайвонларга ем бўлишади.”[4]

— Ёвқонжон болам, ҳаа ўтирибсин мунғайиб, кир ухла, эртага яна кетсанг керак ишга. Менга қарама, ёш илгарилагани сайин кўз қотиб қоларкан, уйқуниям тайини қолмайди. Ёшликда уйқуга зор бўп кетардик. Тонг отмай туриб, мол-ҳол, дала, уйга келиб, қозон-ўчоқ, ярим кечасигача кирмиди, тикишмиди хулласи иш тугамасди. Бувим “яхшиям иш деп қўйган экан, чуҳ деганда нима қиларканмиз, тағини” дерди.

— Уйқум қочди, она, эртага ишга бормасам ҳам бўлади. Отам ҳақида гапириб беринг...

Онийдан кўзига қалққан ёшларини онасига кўрсатмаслик учун телевизор пултини қидира бошлади. Кўзёшини билдирмайгина артиб олгач, “Бу соатда кўрсатувлар ҳам тугаб бўлгандир-а”, деб қўйди. Онаси гапини эшитмади.

— Шу ўтиришингда отангга жуда ўхшаб кетасан. Битта тиззасини букиб ўтирарди. Суннат дерди, одамларга ўхшаб чордона қуриб ё оёғини узатиб ўтирмасди. Бурунгилар отанинг сири ўғилда очилади, дейишаркан. Сен яхши бўлсанг, болаларинг роҳатини кўради. Ёмон бўлсанг, жабр чеккан яна улар бўлади. Ўзига шукур, отанг жаннати одам эди. Сен туғилганда буғдойлар энди бошоқлай бошлаганди. Мен “Муҳаммаджон қўяйлик” деб чирқиллаганим билан, бориб метиркангга Ёвқонжон деб ёздириб кепти. Буғдой бошоқлаган дамда туғилган болага Ёвқон деб от қўйилар эмиш. Қайсидир китобда шунақа ёзилган экан-да, хулласи. Отанг эскичаниям, янгичаниям яхши биларди, олим одам эди-я, гўринг нурга тўлгур. “Нимаси ёмон? Ўзимизни исмларни нимаси хунук? Тағини, расулуллоҳнинг исмини таҳоратсиз айтиб бўлмайди” деганиди, раҳматли. Отангга гап топиб бериш қийин эди. “Хўп!” деб кўникиб кетдик, отингдан айланай.

Ёвқон отасини эслаганда ўзидан хафа бўларди... Фурсат топилди дегунча, кўчага югурибман, тўйиб-тўйиб суҳбатлашиб олсам бўларкан ўшанда... “Ота, сиз ҳам одамлардек янги кийимлар олиб кийсангиз бўлмайдими? Тўйгаям шунақа келадими! Шу чопонингизни ташланг, энди, чириб кетгунча киясизми?” деган пайтим бу гапнинг мен учун бир умрлик жазо бўлишини қайданам билибман?.. Маҳалладан синфдошининг тўйи эди. Наҳорги ошга ўтиб, ўшандан нари далага кетаман деб эски чопонида чиқиб келаверган экан отаси. Ўртоқлари ичида изза бўлганидан уни шундай озорлаган эди. Отаси индамаган, фақат қаттиқроқ бир қараб қўя қолган эди. Отаси бу озорни боласидан эшитаман деб ўйлаганмиди, ўшанда? Тўйда тумонат одам, ҳеч ким унга “нега бунақа кийиниб чиқдинг” демаяпти. Нега ўғли бундай дейиши керак? Хўп, бу кийимнинг нимаси ёмон? Энди эсласа, отаси ҳамма нарсани ҳатто ўша эскириб кетган чопонини ҳам қадрдон дўстидек эъзозлар экан. У ҳамма нарсадан ҳикмат қидириб, маъно излаб яшар экан. Девордаги эски соат чиқиллаб ўғилни безор қилади, ота эса унга гўё қуролдош дўстига қарагандек қарайди. Тўхтаб ё бузилиб қолса борми, ҳамма ишини ташлаб, шу дақёнусдан қолган матоҳни тузатмагунча тинчимайди. Ўғилда эса ҳою ҳавасдан ғайриси беқадр, бемаъно... Тошкентга кетиш, университетларда ўқиш, яхши жойларда ишлаш... Боши тик, хаёлларининг баландлигига осмоннинг ҳам суқи келади. Ота эса кўзларини ердан узгиси келмайди. Ердан узиб осмонга қараса, ерга хиёнат қилаётгандек изза бўлади. Осмонга қараб ҳам нима қилди, бу ёшдан кейин... қараб нимага эришдики... 

— Она, Камарсойдаги Норбўта амаки бор-ку! Ўшани кўрдим бугун.

— Норбўта? Ҳа, Хайринсани укасими?

— Қайси Хайринса?

— Аҳмадали аканг бору, гузарбошидаги. Ўшани опаси Марҳаматой Кенагасга тушган, Марҳаматойни хўжайини Хайринсага тоға томондан жамаат[5] бўлади. Норбўта Хайринсани укаси, ҳа айтганча, Хонзодахонни синглиси Маликахонни ўша Норбўтага сўраб келишганда мени қўярда-қўймай “юринг, опа” деб опкирган эди. Онаси “Опамни юз қилиб олиб келибсизлар, йўқ демайман, опам ўртада турган экан, кўзимни чирт юмиб рози бўламан. Фақат бир минимиз[6] бор-да...” деб қолди. Кейин билсак, қизни садафи[7] бор экан. Бермагани ҳам яхши бўлган экан, мана ҳуу этакдаги Мирзараҳмонга тегиб бир чиройли яшаяпти. Тунов куни кўришиб қолдик. Садафи юзу қўлларига ҳам урибди. Бечора “Ҳаммага онасидан чиройли қош-кўз, чиройли бурун ўтади, менга онамдан шу садаф ўтган экан. Шу қургур қўзиса онамни эслайвераман, оҳ онам-а, сизни кўрсам онамни кўргандай бўламан, хола” дейди. Онаси ниҳоятда олифта, чиройли аёл эди-да. Маликахон отасига ўхшабди, жиккаккина...

— Ҳаа, ўша Норбўта ака сўраб-салом айтди. Отам ўтиб қолганини эшитмаган экан, анча гина қилди. Сизни сўраб, дуоларида эслаб турсинлар, деди.

— Саломат бўлсин. Ҳа, отангминан борди-келдиси яхши эди. Энди эҳсон қилганда айтиб қўйинглар. Кенагаслик Раҳмоналини отаси отангни тоғасиминан урушда бирга Берлингача борган экан-да. Отанг кўп айтиб берарди. Ҳозир Кенагас тугул ўзимизни қишлоқдаги қариндошларниям кўрмаймиз. Ҳамма ўзиминан ўзи бўп қоларкан... Ҳа, қайда кўрдинг айтганча? Кампирларга ўхшаб сен танимайдиган бурунги одамларни айтиб ётишимни қара...

Она “кампирларга ўхшаб” дегани ўзига бошқача эшитилди шекилли, яйраб кулиб олди.

... Онам қандай мавзу бўлса ҳам мен танимайдиган, кўпи аллақачон бу ёруғ оламдан ўтиб кетган хеш-ақронларини тилга олишни канда қилмасди. Уларни эслаганда кўзининг ичи яшнаб кетарди. Сўзлаётиб, ўзи билган, ардоқлаган инсонлар орасига, бахтиёр дамларига қайтиб қолганини ҳис қилардим. Мен онамнинг кўзида пайдо бўладиган ўша бир онлик масъудликни кўриш учун ҳар қанча тунни тонгга улаб тинглашим мумкин... Тентакшамол нима бўпти, бўрон бўлмайдими, она... Қўрқма, ўғлинг, Ёвқонинг ёнингда... Сенинг кўзларингдаги ўша масъудликни, ҳаётдан мамнунликни, шундай тақдир битилганига сўнгсиз шукроналикни кўрсатгани учун тентакшамолдан ҳам миннатдорман.

— Шамол забтига оляпти, кўп-кўп салавот айтиш керак, ўғлим. Сениям ухлатмадим, тур, бомдодга азон айтилди. Вақтни ўтишини қара-я... 

 — Ҳа, она, ҳозир, яна озгина ухлай...

— Жойнамозда ухлаб бўлмайди, болам, юртга юк тушади!

— Отам ҳақида гапириб беринг, онажон, отамни жуда соғиндим...



[1] шв. Буви - баъзи шеваларда онани ҳам буви дейишади.

[2] шв. Ҳайқарон - катта, ҳайқириб оқадиган

[3] шв. Тўртайлиш - чорраҳа

[4] Исажон Султоннинг “Шамолли кеча” ҳикоясидан.

[5] швЖамаат – қариндош.

[6] швМин – айб, нуқсон.

[7] Садаф - бош терисида қичиш ва кепакланиш орқали кўринадиган касаллик.

2.11.2020

Фарғонанинг йўлларида.... (ҳикоя)

 



ФАРҒОНАНИНГ ЙЎЛЛАРИДА…

(Ҳикоя)

Муҳаммадраҳим ака бугун питакка ҳар қачонгидан ҳам эртароқ чиқди. Янгиқўрғон автовакзалига туташ такси питагига етиб келганида фаррош аёл эндигина ишни бошлаган экан. “Ҳали тонг оқармасдан муштдеккина ўғлини ҳам уйғотиб шерикликка олиб чиқибди. Бу бола нари борса 9-10 ёшлар бордир, йўқса ундан ҳам кичик чиқар” - деб қўйди ўзича тусмоллаб. “Э қойил-е, маладес бола экан. Ҳақиқий ўғил бола шунақа бўлиши керак-да!”

Муҳаммадраҳим машинасини мижозлар кўп тўпланадиган жойга қулай қилиб тўғрилади. Бугун Тойир қорадан олдинроқ чиқиб бу жойни банд қилганига ич-ичидан хурсанд эди. “Худони берган куни “қоратаппак” шу жойга турволади, худди энасини маҳрига тушгандай, бугун қуруқ қолди жойидан, келганда афти қандай буришишини бир кўрарканман-да!” - деб кулиб қўйди машинасининг ён ойнасига қараб.

Машинасининг эшигини очиб вокзал худудини супураётган фаррошни кузата бошлади. “Бу орқа маҳаллалик Собир эзмани боллари.” - хаёлидан ўтказди. Собир эзма чойхоналарда ҳеч кимга гап бермай сайраб ўтиради. Унга текин қулоқ бўлса бас, ўзини томдан ташлашга тайёр. Хотини бўлса, саҳар мардондан Худоёрхонни аркидай келадиган вокзални супуриб сув сепиб чиқади, барака топгур. Шу боласини еталамай, эзма эрини олиб чиқса бўмасмикан, хайронман… Бечорани иши бу билан ҳам битиб қолмайди. Кундузи то қош қорайгунча вокзалда туриб сомса сотади” - дея хаёлидан ўтказди.  

Энг ёмони боласини судраганига жаҳлим чиқди. Болада нима айб, айни тўйиб ухлаши керак бўлган пайт-ку ҳозир. Бу ёшида тўйиб ухламаса, эртага пачақ бўлиб қолади-ю, ўсмай қолад-ю… Мана бизни Сотволди 15 ёшни уриб қўйди, бўйи мендан ошганига анча бўлди. Ҳа демай бошини иккита қилишимиз керак. Лекин болапақир ғирт дангаса бўлди-да, кимга тортканийкан бу ўзи, хайронман. У ҳозир еттинчи тушини кўраётган бўлса керак. Ҳа майли-да жони соғ бўлсин, биз ахир шуларни деб юрибмиз-ку…”

Муҳаммадраҳим қўлига докани олиб машина ойнасини артган бўлди. Уйдан чиқишда артган, топ тоза бўлса ҳам ҳайдовчилик одати, бўш қолди дегунча бир бор ойнани артиб қўймаса, кўнгли жойига тушмайди. Тонг ёришиб кўчада одамлар қатнови орта бошлади. Тойир қора кўринмайди-я, дегандай қилиб йўлга қараб қўйди. Кеча Фарғона вокзалидаги дўкондан сотиб олган газетасини варақлай бошлади.  “Ўқишга арзигулик ҳеч нима ҳам йўқ экан” деб қўйди энсаси қотиб. Шундай бўлса-да газетанинг сўнгги саҳифасидаги сарлавҳаларга кўз югуртиб чиқди. “Фарғоний Фарғонага қайтмоқда” деган сарлавҳа эътиборини тортди. “Э, қайтса қайтавермайдими, шуям хабар бўлдими”- деб минғирлаганча бошқа сарлавҳаларни ўқий кетди. “Одамларга хайронсан, катта шоир бўламан деб Тошканди азимга кетволишатта, эплолмагандан кейин фамиласига “-ий” ни қўшиб орқага қайтишади. Нимеймиш, Фарғониймиш. Фамиласини ўзгартган минан ҳамма Навойи бўп қолорсаякан?!  Э, ўргилдим найрангвозлардан…”

Келиб тўхтаган машина овозидан Тойир қора эканлигини билди.  Атайин газета варақлашда давом этди. Тойир қора машинасидан тушиб унга яқинлашди.

- Ие, Мамарейим ака, тинчликми, сўпи азон айтмасдан кевопсиз, ё кеча шу ерда қоганмидингиз?

- Ассалому алайкум, Тойир бой! Кесатиб салом берган бўлди, ўзича. Жуда ажойиб урф одатларимиз бор-у кўп ҳам амал қилавермаймиз-да, ука. Мана қаранг, эрта тонгда бир-бирингизга салом беринглар. Саломда ҳикмат кўп дейишади ота-буваларимиз.

- Узр ака, ҳа энди салом берамиз-да қочиб кетаётганимиз йўғу,  жа энди ерга урворманг-да, ака.

- Саломингни пишириб е, ука. Мени отам қўйган исмим бор. Муҳаммадраҳим деган. Уқдингми? Мамарейиммас. Ўшанга жаҳлим чиқди.

- Ҳа энди тушундим, Мамарейим ака, шунақа демейсизми бошдан… Ўзиям икки серияли экан-да исмингиз. Бошдан охиригача айтгунча кеч кириб тонг ҳам отиб бўлади-ю, Мамарейим ака. Қолаверса, сиз ҳам мени отагинам қўйган исмимни пачағини чиқариб айтяпсиз-у, акам. Мен индамадим-а, билиб қўйинг шуни.

- Мен сени исмингни тўлиқ айтдим, агар қулоғинг узилиб тушмаган бўлса эшитардинг, ҳатто Тойир бой деб айтдим.

- Ҳа, худди шу ерда хатони каттасини қилдингиз, Мамрейим ака.

- Қанақа хато экан, исминг билан андармон бўлгур?!

- Меҳрибон отагинам мени пок инсон бўлсинлар деб Тоҳир деб қўйган эканлар. Билмасангиз билиб олинг. Тоҳир топ тоза дегани экан. Ҳатто туғилганимда ҳам топ тоза бўлган эканман онагинам шунақа деганлар. Сиз бўса Тойир деяпсиз. Тойир учувчи дегани экан араб тилида.

- Йўғеее, ҳали араб тилиниям биламан денг? Таҳорат нима билмайдиган одам араб тилидан дарс бермоқчи тавба. Топтозаймиш, қоп-қора бўлган бўсанг керагов, Тойирбой? Бўмаса, халқ бекорга қора демасди. Ҳа, айтганча ўзинг оппоқ йигитсан-у нега лақабинг қора? Ё ичинг қора-ми?

- Эее уни айтганимминан сиз тушунмайсиз, ака. Бу сўзни маъносини чақишингиз учун сиз қайтадан дунёга келишингиз керак.

- Ҳой ука, оғзингга эрк бераверма, кунингни кўрсатиб қўяман ҳозир.

- Ана, лақабингизга жуда мос гапни айтдингиз. Сизга қўйилган лақабни маъносини тушуниш учун 10 йил мактабда ўқиш шарт эмас, ака.

- Хўш, нима экан лақабим? Айт, биз ҳам билиб қўяйк.

- Билмасангиз билиб қўйинг. Халқ сизи Мамарейим тажанг дейди.

- Оббо, қайси занғар менга шунақа лақаб қўйди. Айт, онасини учқўрғондан кўрсатиб қўяман.

- Сизи ҳеч ким Му-ҳам-мад-ра-ҳим деб айтмайди овора бўманг. Ҳамма тажанг дейди, отингиз ҳам керакмас, памилангиз ҳам. Тажанг деса, Янгиқўрғонда битта одам тушунилади. У ҳам бўлса сиз, ака.

- Вей, нимага мен тажанг бўларканман? Қайси бетамизни арпасини хом ўрибман?!

- Ака, халқимизни билассу, арпасини хом ўрасми, пишган ўрасми, уларга барибир. Авлиё бўлсангиз ҳам лақаб қўймаса кўнгиллари жойига тушмайди. Бунга хафа бўлиш керакмас, қайтангга хурсанд бўлинг. Эл сизни одам санаб лақаб қўйганига. Белақаб ўтгандан худо сақласин, ака. Мана бизди лақаб ҳам қора, лекин кўриб турганингиздай оппоқ йигитмиз. Оилада ҳеч ким қорамас. Бу лақаб бувамларни айтиши бўйича етти уруғимиздан бери бор экан.  Пошшонинг ишончли одамлари бўлишган экан-да.

- Пошшонинг ишончли одамлари қора халқ бўлади. Фақир-фуқаро бўлади. Етти пуштинг фақир ўтган экан-да унда? Ҳа, майли, ука, папиросдан ол, эрталабдан асабни расвосини чиқардинг.

- Мамарейим ака, анави келаётган студентлар Фарғонада ўқишади. Биттаси Мингвой найновнинг невараси, Исмейил ноғорачини қизи, ёнидаги дугонаси бўлса керак.  Анави йигит ўзимизни Сатторхон обқочарни ўғли. Танийсиз-а? Фарғонада катта ўқишда ўқийди. Бўладиган бола.

Тойир қора гапини тугатмасидан узун бўйли, шаҳарлик йигитлардай бежирим кийинган, сочини қабартиб тараган йигит етиб келди-ю, салом аликни ҳам унутиб “Фарғонага уч киши” деди.  Тойир қора:

- Иброҳим, қалайсан, ука? Аҳволларинг яхшими? Ўқишлар қалай, битай деб қолдими? - деб ҳол сўраган бўлди.

- Раҳмат,  Тоҳиржон ака. Ҳаммаси жойида, бугун охирги давлат имтиҳонимиз бўлади. Шунга эртароқ чиққандик.

- Ийе, шунақа денг… Ҳа, икки соатга қолмай шаҳарга обориб қўямиз, ука, чиқинглар. Мамарейим ака, бўлинг машинани юргизинг. Студентлар имтиҳонга шошилишаётган экан.

- Қани ўтиринглар, болалар, дарров кетамиз. - деди Муҳаммадраҳим ака машина эшикларини очиб.

Қизлар орқа ўриндиққа, йигит эса ҳайдовчининг ёнига ўтирди.

- Шопир ака, иложи борича тезроқ ҳайдасангиз, бугун имтиҳонимиз бор эди.

- Худо хоҳласа, укам, икки соатга қолмай обориб қўяман. Йўллар яхши. Ишқилиб мелисага тутилмасак бўлгани.

Йигит ҳайдовчининг димоғида айтган сўнгги гапларини эшитмади, ёки қулоқ солишни эп билмади. Орқа ўриндиқдаги қизларга қараб:

- Зари, Мумтоз Одинаевичнинг “Водий”даги мақоласини ўқиёлмадик-а… Агар имтиҳонда шу мақоладан савол бериб қолсалар,  борми!

- Худо сақласин деб гапир, Ибош. - деб кўзларини пирпиратди Зарифа.

- Назо, сенга барибир-а, сув тошса тўпиғингга чиқмайди.

Дафтарларини варақлаб маърузларга кўз югуртиб ўтирган Назокат Иброҳимга қараб: - Энди, ўқиганинг билан каллангга кирмайди. Яхшиси ўзингни хотиржам тутишга ҳаракат қил. Қанча хаяжонлансанг, ўқиганларингни шунча чалкаштириб юборасан.  Психологлар шунқа тавсия қилишади. - деди машҳур кинофильмдаги қаҳрамон овозига тақлид қилиб.

- Ўша психологларинг Мумтоз Одинаевични билишмайди-да, - деб кулди Иброҳим айни кинофильмдаги бошқа бир қаҳрамон овозига тақлид қилиб.

Зарифа “қизларнинг айтишича, мақола каттагина лекин жуда зўр ёзилганмиш” - дея қўшимча қилди. Иброҳим бу гапни тасдиқлаган бўлди:

- Ҳа, Одинаевич ҳақиқатан ҳам қалами ўткир олим. Мақолаларида шунақангги метафораларни қўллайдилар-ки, унча мунча ёзувчи ҳам бунақа ёзолмайди. Айниқса мақолаларига оригинал сарлавҳалар қўйишига қойил қоламан. Сарлавҳани ўқиб, мақолага қизиқмаган одам бўлмаса керак. Агар шундай одам бўлса, ғирт тўнка бўлади,  бошқача бўлиши мумкин эмас.

Қизлар бараварига кулишди: “Ҳатто чириган тўнка десанг тўғри бўлади унақа одамларни, Ибош.”

Муҳаммадраҳим ака ёшларнинг суҳбатига эътибор бермаётгандай кўринишга ҳаракат қилгани билан уларнинг гап-сўзларига қулоқ осиб борарди. Айниқса бир бирларининг исмларини қисқартиб ажабтовур оҳангда талаффуз қилишларидан энсаси қотиб борарди. Сарлавҳани ўқиб мақола ҳақида хулоса чиқариш одати кўпчилик қатори Муҳаммадраҳим акада ҳам бор эди. Шунинг учун Иброҳимнинг гапидан жаҳли чиқди ва ичида “оббо олифта-ей” деб қўйди.  Кеча олган газетаси ёдига тушиб, ўртага савол ташлади:

- “Олтин Водий”нинг кечаги сони ҳақида гапиряпсизларми?

- Ҳа, шу газетанинг кечаги сонида бир муҳим мақола берилган. Бизни жуда қаттиққўл домламиз ёзган у мақолани. “Фарғоний Фарғонага қайтмоқда” деган мақола.

- Ҳа, ҳа, шунақа мақола борийди…

- Ўқиганмидингиз?

- Ҳммм, ҳа, ҳа албатта. Ҳаммасидан ҳам сарлавҳасига гап йўғаканда,  ука.  Домланг синдириб қўйибди, ўзиям сарлавҳани.

- Ҳа, айтмадимми, қалами ўткир деб. Мақолани мазмуни ҳақида гапириб беролмайсизми?

- Ҳа, а… йўғеей, мен… - дея каловланди Муҳаммадраҳим ака. – Айтганча, бардачокни оч, ўша ерга қўйгандим.

Иброҳим қутичадаги газеталар ичидан “Олтин Водий”нинг кечаги сонини ажратди. Шоша-пиша ўша мақолани қидирди.

- Ҳа, мана ўша мақола, айнан Одинаевичники.

- Мунча яхши, манзилга етгунча бир кўз югуртиб олсак бўлди.  Асосий фикрларини билиб олсак, қолганини ўзимиз улаб кетаверамиз. - деди Зарифа хурсандлигидан кўзлари ёниб.  Иброҳим мақола ҳақида маълумот беришда давом этди:

- Демааак, мақола роса бизбоп қилиб бўлим-бўлим қилиб ёзилган экан. Киришда Аҳмад ал Фарғонийнинг болалиги ҳақида ёзибдилар.  Узун гапнинг қисқаси шундай экан: Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний гўзал Фарғонамизда 798-йилда туғилган эканлар.  Вафоти 861-йил экан.  Яъни 63 ёшларида оламдан ўтган эканлар.  Бошланғич таълимни шу ерда олибдилар.  Аҳмад ал-Фарғоний вояга етганларида ўша даврнинг илмий маркази ҳисобланган Бағдод шаҳридаги “Байт ал-ҳикма” номи билан дунёга машҳур академияда ўқишини давом эттирибдилар. Талабалик йилларида фалакиёт илмига бўлган қизиқиши ва олиб борган изланишлари туфайли устозлари назарига тушибди. Ёш олим бу академияда қолиб жиддий илмий тадқиқотлар олиб борибди. Бу илм маконида ал-Фарғоний бошқа атоқли олимлар, жумладан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий билан биргаликда хизмат қилган экан.”

Иброҳим шу ерга етганда Одинаевич тақлидан “Хўўўўш, бу масала тушунарлими?” деди ва қўшиб қўйди: “Тушунганлар тушунмаганларга тушунтириб берсин, мен эса давом этаман.” Бу луқма ҳам Одинаевичга тегишли эди. Қизлар баралла кулишди.  Иброҳим ҳайдовчига қараб олди. Ҳайдовчи ўз хаёллари билан банд,  ёшларга эътибор бермасдан йўлида давом этарди.  Иброҳим:

- Қизлар бу ерда олимнинг академиядаги фаолияти ҳақида анча гап бор экан, лекин биздан домла буларни сўрамасалар керак.  Яхшиси, олимнинг қандай асарлари борлигини билиб олайлик.  Буларни ёдда сақлаш қийин, чунки арабча узундан-узоқ номлар.  Шунинг учун асарларини ўқиб бўлганимдан кейин икковингиздан сўрайман такрорлаб берасиз.

Иброҳим қизларнинг розилигини олгач ўқишда давом этди.

“Китоб фий ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум” яъни астрономия илми асосларига бағишланган “Астрономиянинг қисқача хулосаси ва самовий ҳаракатларнинг асослари” деб номланган асари. Олимнинг бу асари ҳозирга қадар фалакиётшуносларнинг энг мўътабар китоби ҳисобланар экан. Мақолада айтилишича, рисоланинг асл қўлёзмалари матни бир хил бўлса ҳам турли номлар остида тарқалган экан. Булар: “Ал-Мажистийга бағишланган фалакиёт рисоласи”, “Фалак сфералари сабабияти”, “Ал-Мажистий ҳақида”, “Илм ал-ҳайъа” деб аталган қўлёзмалар экан. Бундан ташқари, олимнинг “Китоб ал-комил фий санъа ал-астурлоб” (“Устурлоб ясаш ҳақида китоб”) деб аталган ноёб асари ҳам сақланган экан.

Иброҳим қизларга қараб: “Қани, кимдан бошлаймиз? Зари, сен бошлай қол, олимнинг қандай асарлари бор экан?”

- Арабчаси эсимда қолмади, лекин ўзбекчасини айтаман: “Самовий ҳаракатлар ва умумий астрономия”. Бу асар фарқли номлар билан кунимизгача етиб келган экан. Бошқа номларни эсимда олиб қололмадим. Лекин бу асар ҳозиргача ўз илмий қимматини йўқотмаган экан. Иккıнчи йирик асари устурлоб ясаш ҳақида экан.

Иброҳим “яхши, майли ўша фарқли номларни кейинроқ яна қайтарамиз, ҳозирча бўлади.  Навбат сеники энди” деб Назокатга қаради. Назокатнинг: “- Бўлди, эсимда қолди, вақтни йўқотмай давом этаверайлик”, -дейишига қарамасдан Иброҳим унинг жавоб беришини кутиб турди.  Назокат “Биринчиси Самовий ҳаракатлар ҳақида, иккинчиси устурлоб ясаш ҳақида” деб қисқа жавоб берган бўлди. Иброҳим:

- Фарқли номлардан нечтаси ёдингда қолди?

- Биттаси, “Ал-Мажистий ҳақида” дегани.

- Унда қолганларини ҳам такрорлаб олайлик: “Ал-Мажистийга бағишланган фалакиёт рисоласи”, “Ал-Мажистий ҳақида”, “Фалак сфералари сабабияти”, “Илм ал-ҳайъа”.

Қизлар Иброҳим жўрлигида асар номларини бир-икки такрорлаган бўлишди. Ҳайдовчи ёшларнинг бу тарздаги суҳбатидан боши ғовласа ҳам билдирмас, бир тарафдан ёшларнинг ўқишга бўлган жидд-у жаҳди ҳақида ўйласа, бир ёқдан улуғ ватандоши ҳақида ўйлай бошлади. Ўзидан уялди, бу олим ҳақида аввал сира эшитмаган ё ўқимаган экан экан.  “Кафтдеккина Фарғонамиз номини дунёга то эски замонлардан бери ўз исми ва асарлари билан танитиб келган экан-у биз билмаган эканмиз…” - деб қўйди.

Иброҳим мақолани ўқишда давом этарди. Зарур ўринларини алоҳида-алоҳида таъкидлар ва қизларга такрорлатар эди.

“Ал-Фарғонийнинг қўлёзмалари Англия, Америка Қўшма Штатлари, Россия, Франция, Германия, Ҳиндистон, Миср, Эрон, Марокаш ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг илмий кутубхоналарида ҳозирга қадар сақланиб келмоқда. Ал-Фарғоний китоблари ХII асрдан ХХ асргача лотин, италян, француз, немис, инглиз, иброний, испан, араб, форс тилларида дунёнинг кўплаб мамлакатларида узлуксиз нашр этиб келинган.”

- Бу ергача тушунарли-а? Қайтаришга ҳожат йўқ. Фақат шу маълумот жуда муҳим. Иброҳим мақоладаги ўзи муҳим деб билган жойларни яна дона-дона қилиб ўқий бошлади: “Нил дарёси Миср халқининг ҳаёт манбасидир. Мисрда қадимдан деҳқончилик ривожланган. Табиий иқлимнинг нобоплиги ёхуд қурғоқчилик туфайли кўпинча Нилнинг сатҳи тушиб кетарди. Деҳқонлар эса ҳосил солиғини бир хилда тўлашга мажбур эдилар.  Қурғоқчилик йиллари бундай солиқ деҳқонларнинг хонавайрон бўлишига сабаб бўларди. Халқнинг шикояти ва исёнларидан безган ҳокимлар бунинг чорасини излай бошлаганлар. Аҳмад ал-Фарғоний ўзи ихтиро қилган сув сатҳини ўлчаш қурилмаси “Миқёси Нил”ни ҳукмдорга тавсия қилади. Бу қурилма тезлик билан Нил соҳилига барпо қилинади. Бу қурилма сувнинг кўтарилиши ва пасайишини кузатиш имконини берган. Бу қурилма ёрдамида кузатиш асосида деҳқончиликнинг йил бўйи қандай бўлганлигини қайд этиш мумкин бўлган. Агар Нил дарёсида суғориш мавсумида сув сатҳи фақат 12 тирсаккача кўтарилса, деҳқончиликда ҳосил мутлақо бўлмай, мамлакатда очарчилик бошланган. Сув сатҳи 13 тирсакда бўлганида буғдой ҳосил бермаган. 14 тирсак баландлигида эса ўртача ҳосил етиштирилганлиги қайд этилган. 15 тирсакда экинлар яхши ҳосилга кирган. 16 тирсакда эса ҳосил ниҳоятда кўп бўлиб, мамлакатда ободончилик бошланган. Хуллас, Нил дарёси оқимидаги мавсумий ўзгаришлар ва уларнинг ҳаракати мунтазам кузатилиб борилган.”

Шу жойга етганида Зарифа “э, қойил, ўз даври учун беқиёс кашфиёт” деб қўйди. Назокат ҳам маъқуллаган бўлди: “Демак, Миср халқининг иқтисодий тизимини йўлга солган киши бизнинг бобомиз экан-да. Солиқ тизимидаги адолат тарозиси деса ҳам бўлар экан ўша қурилмани. Миср деҳқонларнинг мамнунияти кўз олдимда гавдаланди,  бирдан… Олган ҳосилига қараб солиқ тўлайди. Бу жуда зўр кашфиёт бўлган экан. Ҳозир ҳам бормикан-а ўша қурилма?”

Иброҳим худди бориб кўриб келгандай тавсифлай кетди:

- Ҳа, “Миқёси Нил” бугунги кунда ҳам фаолиятини давом эттираётган экан. Яқинда бир гуруҳ ўзбек олимлари бориб зиёрат қилишибди. Бу ҳақда алоҳида кўрсатув ҳам тайёрлашибди.

Муҳаммадраҳим аканинг икки кўзи йўлда бўлса ҳам қулоғи “илмий суҳбат”да эди. “Вей, қойил қолмасликнинг иложи йўғ-а, ўзимизнинг Фарғонадан то Мисрга бориб ўша ердаги муаммоларни ҳал қилиб берган бўлса… Ҳа, ўша сув ўлчагични ўзимизда қурса бўлмасмиди, дийман-да, ўша пайтларда бизда ҳам Сирдарё бўлгандир, Амударё оққандир, тўғрими? Бу ердаги деҳқонларга ўша пайтда ҳам солиқ солинган бўлса керак… Ё бизда ўта адолатли бўлганмикин ўша пайтларда? Ҳа майли, лекин барбир қойил қолиш керак…” деб суҳбатга аралашганини билмай қолди. Ёшлар ҳайдовчининг бу гапларига баралла кулиш билан жавоб берган бўлишди. Ёшларнинг табассумидан илҳомланиб Муҳаммадраҳим ака:  Энди, омади гап-да, бир латифа айтиб берай сизларга, ҳадеб ўқийверсангиз ҳам бошингиз ачиб кетади. Бугун имтиҳон экан бироз каллани дам олдириш керак. ”-деб латифасини бошлади:

- Бир киши ўқитувчининг ёнига келиб, Маркснинг “Капитал” асарини неча кунда ўқишини сўрабди. Ўқитувчи 2 ойда ўқиб тугатаман дебди. Доктордан сўраса, 4 ойда ўқийман дебди. Муҳандисдан сўраса, 6 ойда ўқисам керак дебди. Талабадан сўраса,  ўйланиб ўтирмай “Қачон имтиҳон?” деган экан.

Ёшлар яйраб кулишди. Иброҳим гап қотди:

- Қойил, агар эртага имтиҳон деса,  бир кунда ўқиб битирар экан-да…

- Ҳа, сизларни имтиҳонга тайёрланишингизни кўриб шундай бўлишига аввал ишонмасам ҳам, энди ишонадиган бўлдим, деб кулиб қўйди Муҳаммадраҳим ака.

Машина Олтиариқнинг ишкомли кўчаларидан елдек учиб борарди. “Олтиариқликларни кўнглида гули бор одамлар деб айтса бўлади-да. Ҳар бир ҳовлининг киришию ариқларининг икки ёғига анвойи гуллар экилган. Ишкомларинию хонимбармоқ узумларини айтмайсизми? Бу халқ чумолига ўхшаб тиним билмайди. Бодрингнинг ҳам, узумнинг ҳам энг зўрини шу олтиариқликлар етиштиришади. Муҳаммадраҳим ака Фарғонанинг бу сўлим қишлоғидан ҳар гал ўтганида кўнглидан шу гаплар ўтади.

Фарғонанинг муҳташам дарвозаси кўринганда ёшлар мутолаани бас қилишди. Машина шаҳарнинг серчинор ва озода кўчаларидан ўтиб университет дарвозаси олдида тўхтади. Ёшлар хайрлашиб университетга кириб кетишгач, Муҳаммадраҳим ака яқингинада қуриб битказилган ал-Фарғоний ҳайкалини зиёрат қилишга қарор қилди. Шаҳарнинг қоқ марказида салобат тўкиб турган ал-Фарғоний қаршисига борганида унинг асарларини эслашга ҳаракат қилди. Ёшлар чуғурлашиб бир неча бор такрорлашган эди. Муҳаммадраҳим ака уларни эслолмади. Фақат ёдида қолган ном “Миқёси Нил” бўлди. Бу номни у асло унутмайдиган даражада эслаб қолди. Ҳатто уйига борганда фарзандига берадиган илк саволи шу бўлади. Билмаса мароқ билан, дона-дона қилиб тушунтириб беради. Муҳаммадраҳим ака ал-Фарғоний олдида расмга тушаётган ёш-ялангларга боқиб “ажабо, булар кимнинг олдида расмга тушаётганликларини билишармикан? Миқёси Нил ҳақида эшитишганмикан?” деб қўйди.

Маъруфжон Йўлдошев

02. 09. 1999

Наргис Мадина



НАРГИС

Мадина

Мафтун бўлиб зулмат маъбудининг замзамасига,

17 октябрь 2020 йилда...

Кўкларни бўйлади маъсум қарашлар...

Булутларда сайр айлаган ҳурилар алласин тингла,

Мадина, кетма!

Ўлимнинг муздек нафаси қўнди лабга,

Титраб сўлди нозик қўллар ҳарорати,

Қанотланди қароқлардан қалдирғочлар...

Туннинг кўз ёшларин ҳис этдингми?

Мадина чанқадингми?

Ўша кеча қон рангида эди барча юлдузлар...

Ой ҳам либосини ўзгартирганди!

Сайёралар қадар олис эди ўлим сенга...

Фаришталар тўқидими кафан сенга?

Ўша тунда ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади дунё...

Мадина, илтимос, уйғон, ётмагин бундоқ...

Юрагингнинг кучсиз, заиф дукури

Ўзгартира олармиди коинот низомини!

Сиқма нозик қўлларингни, дунёнинг адолати шу!

Рухсат эт, ўпайин кафтчаларингни...

Мадина, оч, қизим қўлчаларингни...

Ўша тунда, замбарак ўқлари ёғилган чоғ Низомийнинг

мамлакатига..

Сен сўнгги тинчлик кабутари бўлдинг, Мадина!

Қанот қоқиб учиб кетдинг булутларга,

Бир йилу тўрт ойлик умринга

қучоқладинг ўлимни сокин ҳолда...

Ортмоқлаб миллионларнинг маъсумиятини

йўл олдинг абадий ҳаётга.

Бутун тилларда хотирага айландинг энди.

Юзингдаги қўрқувни қандай олиб ташлашим мумкин?

Қандай бахш этишим мумкин, айт, табассумингни?

Мадина, Мадина, Мадинагинам!

Эшитяпсанми?!

Озарбайжон тилидан М. Йўлдошев таржимаси