23.08.2022


ДЕРАЗА ОРТИДАГИЛАР

(ҳикоя)

У ўқиётган китобидан бошини кўтарди. Ромлари униққан деразадан ёзнинг ҳорғин юзи кўринарди...

Ёз охирлаган, бироқ ҳали куннинг ҳовури босилмаган. “Мурувват уйи”нинг баланд бинолари ортига кириб бораётган қуёш ҳам алвон нурларини йиғиштириш пайига тушган. Шаҳар улкан бир таслимият билан саждага кетгандек сукутда. Оқшомлари чуғурлаб қулоқни қоматга келтирадиган қушлардан садо йўқ. Дим ҳаво шаҳарнинг ҳаётбахш кучини бутунлай тортиб олаётгандек бўлса ҳам, жилдираб оқаётган ариқча ва унинг четларига экилган райҳонлар ҳаёт давом этаётганидан дарак бериб турарди. Нарироқда уч кекса аёл бурун-ияк гурунглашиб ўтиришар эди. Новча, жағдоргина, бўйнини чўзиб-чўзиб гапирадиган аёл Лутфихон ая асли қўқонлик. Унинг аччиқ қисмати ҳақида билмаган йўқ. Иложи бўлса, йўлдан ўтганниям тўхтатиб айтиб беришни ёқтиради. Қотмагина, қорамағиз аёл Зулфихон аяга қулоқнинг расми бўлса кифоя. Шунга қараб гапириб ўтираверади. У шу даргоҳнинг оёқли архиви. Ўтган-кетганнинг етти уруғи ҳақида адашмай айтиб бера олади. Бу икки гапдон аёлнинг орасида Ҳалима аяга қийин. Нигоҳини райҳонлардан узмай жим ўтираверади. Лутфихон аянинг таъбири билан айтганда, унинг қулоғи бору, оғзи йўқ. Зулфихон ая бўлса уни нуқул қудуқмисиз” деб тергайди.  

Фароғат уларни кузатиб турди-да, хаёлида бирданига боши ва охири маълум бўлмаган ғалати ҳикоя айлана бошлади. У бир лаҳза бошқа бировнинг ҳикоясига тушиб қолишни, унинг ҳикоясида бош қаҳрамон бўлишни истаб қолди. Масалан, ҳозир дераза олдида райҳонларга бемақсад тикилиб ўтирган Ҳалима аянинг ҳикоясида... У аёлнинг қаердан келганини, нега келиб қолганини, ҳар куни дераза олдида райҳонларга тикилиб нималарни хаёл қилишини билгиси келарди. Аммо, мабодо унинг ҳикоясига тушиб қолса, ишни нимадан бошлаши кераклигини аниқ тасаввур қила олмас эди...

Баланд бинолар ортидан кўриниб турган бир қатим нур ҳам ғойиб бўлди. Ғира-шира қоронғида дарвоза томон умидсиз одимлар билан судралиб бораётган руҳсиз кимсалар кўринар эди. Улар аллақачон унутилган, ҳеч ким уларни йўқламайди, эсламайди ҳам. Улар бўлса оқшом бўлди дегунча дарвоза томон бораверишади. Шу тахлит кунлар, ойлар, йиллар ўтаверади. Тонглар отаверади, қуёш ботаверади. Фасллар бирин-кетин алмашаверади... Бу маскан маскунларининг бир-бирларига айтиб берадиган ҳикоялари ҳамдаври доим” мисоли такрорланаверади. Ҳеч ким бунга эътироз қилмайди. Ҳар сафар илк бора тинглаётгандек мароқ билан қулоқ солиб ўтираверишади.

“Миямда ойсиз тундек саволлар бор... Шу тил-забонсиз Ҳалима ая ҳикоясига кириб бораман, лекин у буни билмайди…” деб ўйлади Фароғат. Баъзан бир расм, баъзан бир сўз, бир ҳолат инсонни мушоҳадага чорлайди, кутилмаган саволларга рўбарў қилади: қачон? қандай? нега? Фароғат ҳам ҳали сабабини тугал билмайдиган бир ҳикоянинг қаҳрамони бўлиш учун ўзини тайёрлаётган эди...

“Балки, у менинг ҳикоямга қаҳрамон бўлар. Балки, мен ҳам келажакда кимгадир айтиб бериладиган ҳикоянинг бир парчасидирман. Эҳтимол, менинг ҳикоямда ҳам кимлардир айланиб юргандир...

У ўқиётган китобидан бошини кўтарди. Ромлари униққан деразадан куз мўраларди...

Дарахтлардаги оловранг олтин сариғи бу йил бошқача, ҳайқираётгандек, оламни сариқ ҳайқириқ эгаллаб олгандек эди. У дарахтларнинг бунчалик ҳайқиришини олдин тасаввур қилмаган эди. Эҳтимол, шу даргоҳга ишга келганидан кейин фарқлай бошлагандир... Новдасидан узилаётган ҳар бир япроқ даҳшатли ҳайқирар экан, узилишнинг азобидан, оғриғидан эмас, овозини инсониятга эшиттира олмаганидан... “Мурувват уйи”нинг маскунлари ҳам кузак шамолларида узилай деб турган, ҳайқириб тўлғонаётган музтар япроқларга жуда-жуда ўхшар эди. Фароғат тераклардан тўкилаётган япроқларни томоша қилиб ухлаб қолди. Эрталаб кучли чарчоқ билан уйғонди. У тун бўйи алоқ-чалоқ тушлар кўрганди. Гўё бошқа бировнинг танасига тушиб қолган-у ундан озод бўлиш учун аёвсиз курашиб чиққандек эди. У тушини эслашга уринди. Унутмаслик учун дарҳол кундалик дафтарини олиб эслаганларини ёза бошлади:

“Тушимда мен ромларининг сири кўчган эски деразадан ташқарини томоша қилиб ўтирибман. Паға-паға қор ёғарди. Қор шафқатсизларча ёғарди. “Мурувват уйи” аҳлининг устига балодек ёғиларди. Ажабланиб тепага қарадим. Осмону фалакдан тўкилаётган қор дастлаб қарғалар шаклида қағ-қағлаб тўкилар, томга яқинлашганда лайлакларга айланишар, деразага етганда шеърга айланиб ёғар эди. Ҳавода айланиб тушаётган қорни томоша қилардим ва қорга айлангим келар эди. Ерга тушган ҳар бир қор парчасидаги шеърга айланишни истар эдим. Уларни ўқиш учун деразадан бошимни чиқариб ерга эгилдим. Шу пайт деразам олдидан ўша маъсум ва лолмисол Ҳалима ая бинафшаранг рўмолда, пахмоқ ёқали пальто ва баланд пошнали этиклар кийиб ўтиб борар эди. Унга маҳлиё бўлиб қараб қолдим. Шу пайт уйғониб кетдим. Ҳалима аянинг мени кўрмаганига афсусландим. Қайта кўзларимни юмиб астрал саёҳат сўзларини такрорлай бошладим. Кўп ўтмай яна чала қолган тушимнинг давомини кўра бошладим. Мен тарқаб кетган тушимнинг парчаларини қайтадан тикладим. Токчадаги вазадан бир гулни олиб Ҳалима аяга отдим. У менга тикилиб қаради. Ажабландим. Бу аёл ҳамма қатори оғзи билан эмас, кўзлари билан гапираркан, деб ўйладим. Бахмалдек майин қараши шу қадар ҳайратангиз эдики, нафасимни ютиб томоша қилдим, жону қулоқ бўлиб тингладим. Тупроқдек сассиз эканимга боқма, фарёдим чақмоқ мисоли кўкларни ларзага келтиришга қодир...” дерди ая боқишлари билан. Қарашлар ҳам гапирадими, нигоҳ тили деган тушунча борми ўзи? Ажабланарлиси, мен ҳам нигоҳларим билан тинглардим... Кўп ўтмай, қор бағрига сингиб кетди. 

Фароғат Ҳалима аянинг ҳикоясини нигоҳларидан уққан эди. Шунча дардни кўтариб юрган аёлнинг матонатига ҳайрон қолди. У ҳам майли, шунча ҳикояни сўзсиз ҳам осон, ҳам жуда қисқа вақт ичида айтиб бериши мумкин эканлиги ҳақида ўйлай бошлади. Биз тил пайдо бўлгач, тараққий топгачгина бир-биримизни осон тушунадиган бўлганимизга ишониб яшадик. Аслида, тилдан фаол ва мукаммал восита – нигоҳ бор экан-ку.  Нега биз ундан воз кечдик? Инсондан бошқа жонзотлар ҳалиям нигоҳ тилида мулоқот қилишади-ку! Нега инсон бу имкониятни бой берди? Сўзларни аслида бир-бирини осон тушуниши учун ўйлаб топган эди-ку инсоният. Буни қаранг-ки, ўзи ўйлаб топган воситанинг қурбонига айланди...  

Фароғат райҳонларга боқиб ўтирган Ҳалима аянинг ёнига ўтирди ва секин сўзлай бошлади:

“Мен сизга айтсам, кеча тушимга кирибсиз. Жуда чиройли кийиниб олибсиз. Бинафшаранг рўмолингизни елкангизга ташлаб олибсиз. Устингизда пахмоқ ёқали пальто, оёғингизда баланд пошнали этик. Жуда ярашаган эди ўзингизга. Дераза олдидан ўтиб кетаётган эдингиз... Ортингиздан бир дона гул отдим. Ва... ва менга қараб бошингиздан ўтган азоб-уқубатларни нигоҳларингиз билан айтиб бердингиз... Энди мен бутун ҳикоянгизни биламан. Лекин товушсиз сўзларнинг бахмалдек майин бўлиши мени ҳайратга солди... "

Ҳалима ая жимгина тинглади. Ва бирдан тилга кирди:

 Ҳаа, қизиқ, сиз мени жуда ажаблантирдингиз. Тушимда кимдир ортимдан нимадир отгандек бўлди, ўгирилиб қарадим. Сиз деразадан менга қараб турган эдингиз. Сиз отган гул мендан ўтмишини сўради. Мен унга айтиб бердим... Ҳикояга келадиган бўлсак, у омонат гаплар эди. Улар аслида сиз ҳақиқий ҳаётингизда яшаган ҳикоялар эди. Менда қолиб кетаётганидан жуда ташвишда эдим. Омонатингизни ўзингизга қайтариб қушдек енгилладим. Яна бир омонат гапни айтай, қизим. Бизни хотиралар ҳаётга боғлаб туради. Сиз кўриб турган шу жуссалар аслида хотиралар сақланадиган сандиқлар холос. Ўтмиш деганлари ўзинг такрорлашдан безмайдиган, тўймайдиган суҳбатлар силсиласидан бошқа нарса эмаслигини англаган чоғим билгандим буларни. Бир китобда ўқигандим, “инсон ўзи истаган нарсани ўзи истаган пайтда ва ўзи хоҳлагандек хотирлай олсагина бахтли бўлади”, деб. Бормикин шундай бахти тугал инсонлар? Яна “хотира – ҳаёт сўзининг бошқа бир номи. Биз хотираларимизнинг ўйинчоқларимиз. У бизни ўзи истаган шаклу шамойилда ҳайратга солади, пушаймон қилади, хурсанд ёки хафа қилади.” Менинг ҳаётим одамларнинг менда қолдириб кетган хотираларини яна ўзларига қайтариб бериш ташвишида ўтди. Қисқаси, шу кунга қадар ҳаётимда содир бўлган воқеаларни мен эмас, балки хотиралар белгилаб келган”.

Фароғат янада ажабланди:

“Мен... мен аслида сизнинг ҳақиқатингизни, ҳаёт ҳикоянгизни билмоқчи эдим” – деди  синиқ овозда.

Ҳалима ая:

“Сиз, ўйлаб кўрганмисиз, эҳтимол ўзингиз яшаяпман деб юрган ҳаёт бошқа бировнинг ҳикояси бўлса-чи?

Ая оғир хўрсиниб давом этди: “Ёки сиз тасодифий бир ҳикоянинг қаҳрамони бўлсангиз-у, ўз ҳикоясининг қаҳрамонидек ёлғон хаёллар осмонида учиб юрган бўлсангиз-чи? Кимдир сизга гул отмагунча бировнинг омонат ҳикоясини сиртингизда ортмоқлаб юраверасизми? Ўз ҳикоянгизни ёзиш ва яшаш учун ўзгаларнинг ҳикояларидан озод бўлишингиз керакмасми? Сиз ўз ҳикоянгизнинг ҳақиқатан ҳам асл қаҳрамонимисиз?”

У ўқиётган китобидан бошини кўтарди. Ромлари униққан деразадан майин ва ҳузунли қўшиқ эшитиларди...

Тун бунча узоқ...

Тонг бунча йироқ...

 

Маъруфжон Йўлдошев

23 август 2022


22.05.2022

Чопаётган одам

 



ЧОПАЁТГАН ОДАМ

Асрлар давомида одамзод излаётган ягона нарсанинг бахт эканлиги ҳақида кўп гаплар айтилди. Бахт ҳақида қанча китоблар, қанча ривоятлар, мақолу маталлар айтилди ва ёзилди. Минг йил олдин ҳам ундан олдин ҳам одамлар муттасил сирли ва тасаввури мушкул бахтни қидириб яшади. Ҳозир ҳам одамзод бетиним бахтни излаш билан овора. Гоҳ афсонавий қушлар қанотида келиши, гоҳ оппоқ отда, гоҳ асрорангиз бир туннинг энг сокин палласи – лайлатул қадрда келиши ривоят қилинадиган бахтнинг келишига одамзод асрлардир муштоқ ва интизор.  Аслида бошқа бир савол бор. Бахт дегани ҳақиқатан ҳам ҳаммани бахтиёр қилишга қодир қудратми? Ёки бахт ҳаммада ҳам муттасил кутиладиган ва бардошлар тугаб, умидлар сўнганда келадиган ёки мавжудиятини баъзан келиб кетгандан кейин ҳис қилдирадиган борлиқми? 

Қадим замонлардан бери донишмандлар бахтни излашдан воз кечишни уқтирадилар. Сокин ва секин яшашнинг афзаллигини айтадилар. Чунки қидираётган одам излаган нарсасини тезроқ топгиси келади. Тезлашгани сайин бахт қўлини узатаётгандек бўлаверади. Бани башар ҳам унга етиб олиш пайида тезроқ ва янада тезроқ чопаверади. Чопиб кетаётган одам атрофини кўра олмайди, бир чумолининг бир дона буғдой донасини қандай мамнуният билан инига ташиб кетаётганини кўра олмайди, масалан. Бир қуш полапонини қандай овқатлантираётганини кузатиш имконидан маҳрум, масалан.  Чопаётган одам етишмоқчи бўлгани бахт бўлгани тақдирда ҳам ҳаёт гўзалликларидан маҳрум одамдир! Маҳрумият масканида бахтга ўрин йўқ, масалан!

Бахтга эришдим, бахтлиман деган инсонларнинг юз-кўзига синчиклаб қараганмисиз? Ҳаёт уларни қанчалар чарчатганлигини сезмаслигингиз мумкин эмас. “Шуни қилсам бахтли бўламан”. “Шунга эришсам бахтиёр бўламан”. “Шу нарса насиб қилса, биздан бахтиёр инсон бўлмайди”... Истаклар юкидан, орзулар залворидан жуссалари эгилган, хаёллари паришон. Уларни уҳдаларидан олиб ташлаш эсларига ҳам келмайди. Энг ёмони ўзлари улардан воз кечишни истамайдилар.

Хаёл ва орзуларимизни задалаган афсусларни ҳақиқатан ҳам ўша сирли куч, кўринмас қудрат – бахт деганлари кетказа олишига   кўзимиз етадими? Бизга керак бўлган нарса ва ҳаётимизни узайтирадиган нарса чиндан ҳам ўша мавҳум мавжудот бахтмикан ўзи? “Бахтлиман, бундан ортиғи керак эмас менга”, деганларнинг ҳаёти ҳақиқатан ҳам кошки ва афсусларсиз дунёмикан?

Бизга керак бўлган нарса аслида бахт эмас – ҳис қилабилмоқликдир, эҳтимол. Онни, оламни, одамни ҳис қилабилмоқ! Оллоҳни бутун вужудинг билан ҳис қилмоқ ва бағрингни тўлдириб ичингга тортмоқликдир, эҳтимол. Ичингдаги Оллоҳ билан суҳбати аржуманд қурмоқ ўша шаклу шамойили мубҳам бахтдан кўра муфид ва мужиброқ эмасми? Қўрқувни ҳис қилмоқ муҳимроқ эмасми, ҳаммасидан?! Яқинларингдан, яқинингдан ҳам яқинроқ туйғуларингдан ажралиб қолишдан қўрқиш ҳисси, масалан. Тушуняпсанми, Огоҳ?!

Бас, шундай экан, бахт қидиришни тўхтат! Шоҳ томирларингда оқаётган ҲАЁТни ҳис қил! Сен шуни ҳис қилсанг, бошқа ҳаммаси беҳуда амал эканлигини англайсан. Негами? Чунки, ҳис қилинмаган ҳаёт яшалмаган ҳаётдир!

М.Йўлдошев 

23.03.2022

 

ТЎДАКЎЛ МАХЛУҚИ

Кўчадан ҳовлиқиб кириб келган Салимжон тандирда нон ёпаётган онасига қараб бор овозида бақирди:

— Эна, энааа, отамлар чакакўбра ўлдиришипти.

— Нима?! Нимакўбра дейсан? Яқинроқ кеп гапирсанг-чи, болам тушмагур.

Салимжон ҳовли этагидаги тандир олдида уймалашиб турган онаси томон югурди.

— Чакукўбра!

— Кўбра дейсанми, вой ўлмасам, қайда ўлдирибди?

— Тўдакўл бўйида.

— Илон бораканми? Кўбра нима қилади биз томонда?

Онаси Салимжоннинг гапига кўп парво қилмай, ўзига-ўзи гапириб тандирдаги чўғни қалай бошлади. “Борган сари ғўзапояларниям жони қолмаяпти... Бир боғ ғўзапоядан тушган чўғни қара, бир тандир нон ёпгани етмай кул бўлади-я, олдинлари бир боғ ғўзапоядан икки тандирлаб нон ёпардим, қолган чўғини сандалга солардим. Бу ўлгур сандалга бормай кул бўлиб ўчяпти...”

— Кўбрамас, эна, чакабўра! Эна!

— Чиябўри дейсанми? Бир томон қир-адир бўлгандан кейин чиябўри бўлади-да! Бўриям бўлади, тулкини айтмасаям бўлади. Шунга шунчами? Отангни ўзи бўляпсан сен бола. Ваҳимангни қара-я...

— Йўқ, чиябўримас, бўриям, тулкияммас, чўкибура. Эээ, адаштирворяпсиз...

— Вой, Салимжон, болам тушмагур-а, миндей тушунтириб гапир, бир чакбўри дейсан, бир такабўри... Нафасинг оғзингга тиқилиб боя чакакўбра чукакўбра деб ўтгинмни ёрдинг-а... Ўша палакатти оти нима экан ўзи битта-биталаб айт-чи қани!

— Эшмат тоғам чакабўри деди, Баҳодирни дадаси чакакўбра деди. Баҳодирни дадаси мактабда муаллим. У ҳамма нарсани билади. Чакакўбра ҳақида кўп нарсаларни гапириб берди. Ҳамма оғзи тегирмон бўлиб эшитти. Отамам бу чакакўбра деди. Энди маҳалла бўлиб кечалари нўвбатга турамиз, деди. Бу урғочиси экан, эркагу эниклариям бўлиши керак. Бу махлуқ, қаттиқ ўч олади. Энди бутун қишлоқ хушёр бўлиши керак, деди.

— Ааа, ўша махлуқни кўрдингми ўзинг, айт қанақа экан? Ростанам отанг айтганча бўлса, итларингни чорвоқ томонга бойлаб қўйгин кечаси. Билиб бўлмайди. Отанг нуқул арини уясига чўп суқиб юради ўзи. Шартмиди шу ҳозир!

— Кузда қўйларимизни бўғизлаб кетган ҳайвон боруу, ўшани оти шунақа экан. Қирқишлоқдаям жуда кўп одамларни товуғини, қўй-қўзисини бўғизлаб кетган экан. Мактабимиз қоровули Эрали акани уришқоқ хўрозини ҳам шу махлуқ опқочган дейишяпти. Бу очофат қиш ичи ўшаларни еееб мазахўр бўпқолганми, яна қишлоққа оралабди. Отам кўриб қопти, ғорга кириб кетаётганда. Кейин тоғамларни чақирибди. Ҳаммалари ғорни пойлаб ўтиришибди. Чиқиши билан биргалашиб тош-таёқ қилиб ўлдиришибди. Жуда турқи хунук ҳайвон экан.

— Ўша Эрали қоровулни хотини тунов куни қатиқ сўраб чиқди бизникига. “Хўроз топилдими”, десам, “Алкаш эрим қуморда ютқазиб келди”, деди-ю...  Ор ўлсин-а, ор ўлсин. Энди битта жанаварни бўйнига илворибдими ўзини айбиниям. Одам бўмайди бу алкаш, тағин мактабга қоровул қуриб кетгандай ўша зиққимхўрни олишганга ҳайронман.

— Эна, ҳозир-чи, блогерлар бири қўйиб бошқаси отамни суратга оляпти. Отам қаҳрамон бўпкетти, энааа...

— Қаҳрамонмиш, етти бошли аждаҳа билан уришиб енгибдимики қаҳрамон бўлсин! Ё яъжуж-маъжужни даф қиптими? Фарҳодга ўхшаб тоғдан сув ўтказмагандир, ҳа балогир бўлмай ҳар нарса бўлгурлар. Булар йўқ нарсаниям бордек қилишга уста тойифа экан-да.

***

Ҳалимабу тандирдан қизариб пишган нонларни узиб саватга тераётган маҳалда дарвоза шарақлаб очилди.  Эри уч-тўрт нотаниш киши билан бирга кириб келди.  Садақайрағоч остидаги сўрига яқинлашганда хотини эсга тушди шекилли, атрофга бир аланглаб овоз солди:

— Онаси, қарамайсанми, меҳмонлар келди. Тошкенти азимдан келишибди. Чой-пой берсанг-чи!  

Ҳалимабу югуриб сўрига яқинлашди. Усти бир аҳволда эканлигидан хижолат тортди. Узоқроқдан салом-алик қилиб қўя қолди. Эри бўлса ўзида йўқ хурсанд, “Кимсан, бутун юртга таниқли блогерлар уйингни йўқлаб келди, хотин. Қўй сўйсанг келмайди булар айтиб қўяай!”

— Хуш кепсизлар, ўтиринглар, мен ҳозир иссиққина нон ёпгандим. Ҳозир опкеламан.

Блогер деганлариям узоқ йўл босиб келишмаганми, иссиқ нонни эшитибоқ мойдек майишди. Ортиқча манзират кутиб ўтирмасдан сўрига жойлашиб олишди.

Ҳалимабу елиб-югуриб дастурхон тузади. Салимжонни қўшниникига – келинни ёрдамга чақириб келишга юборди. Ҳа дегунча ҳовли томошаталаб оломонга тўлди. Ҳамманинг диққати сўрида. Блогерлар ичида пурвиқор ўтирган Тўхтамурод чўпон ҳаётининг энг ҳузурли онларини бошдан ўтказмоқда эди.  Худди депутатлардек ҳар саволга тайёр жавоби бор. Ҳалимабу эрига қараб бир зум хаёлга чўмди. Эри бу воқеадан кейин машҳур бўлиб кетса, катталар буни кўриб, “иее шундай бамаъни, серсавлат, гапдон, сиёсатни сув қилиб ичиб юборган фуқаромиз бор экану, тоғу тошда чўпонлик қилиб умри беҳуда совриляпти экан. Чақиринглар буни вазирга ёрдамчи бўлади” деса-я... Ана ундан кейин Тошканга кўчамиз. Ситиларда, осмон билан бўйлашган уйларда ўтирамиз...  Шундай эрим бор экану билмас эканман, тавба...

Қўни-қўшни аёллар Ҳалимабуга суқланиб  қараб туришарди. Салимбой ҳам ўртоқларига отасининг қаҳрамонлигини айтиб чарчамасди.

***

Сўрида гап қизигандан қизиди. Таомлар еб бўлингач, меҳмонлар қорни тўйиб, энди ўз ишларига киришган эди. Тўхтамурод кетма-кет берилаётган саволларга жавоб тополмай каловланиб, пешонасидаги терни тинимсиз артиш билан овора эди. Тошкентдан келган бир жиккаккина блогер йигит куйиниб гапирарди:

— Хўп, ўша махлуқ, қўй-қўзиларингизни бўғизлаган экан, кўзингиз билан кўрмаган бўлсангиз ҳам, майли ишондик, дейлик, бу махлуқни ўлдириш шартмиди? Тутиб, қафасга солиб, яна бироз кутиш мумкин эди-ку!

— Бу махлуқни деб халқимиз ҳузур-ҳаловатини йўқотди. Қанча қўй-қўзимиздан, товуқ, жўжамиздан ажралдик. Кечалари ҳеч ким кўчага чиқолмайдиган бўлиб қолганди. Мана энди тўй-тўйчиқ ҳам, гап-гаштак ҳам бемалол бўлаверади. Одамлар уйидан чиқишга қўрқиб қолганди. Кеч тушдими худди кўчада бир номаълум маҳлуқ кезиб юргандек...

Сўри атрофидаги оломон бирдан айвондаги телевизор томонга қаради. Оқшом янгиликларида  “Тўдакўлда номаълум маҳлуқ ўлдирилди” деган хабар берилди. Оқ сийрак жунли, тумшуғи узун, қулоқлари тик ва катта, қуйруғи ингичка узун, оёқлари ғайритабиий узун ва тизларида тирноқлари кўриниб турган қўрқинчли махлуқнинг суврати узоқ муддат экрандан тушмади. Ижтимоий тармоқлар ҳам Қашқадарёда чупакабра деган ғалати махлуқ аҳоли томонидан овланиб, уриб ўлдирилганлиги ҳақидаги хабарларга тўлиб кетди. Қашқадарё ва атрофдаги вилоятлардан Тўдакўл томон қизиқувчан одамлар оқиб кела бошлади. Ҳамма чупакабрани ўз кўзи билан кўриш илинжида воқеа жойига шошиларди.  Кимдир бу махлуқни “эчки, қўй-қўзиларни бўғизлаб, қонини эмиб, ўлдириб ташлаб кетиши” ҳақида гапирса, кимдир “қабрларни ковлаб, ўликларнинг миясини еркан” деб янада ваҳимали тусда ҳикоя қилади. Улар ўз ҳикояларининг ишончли чиқиши учун шоҳидлар исми-шарифигача айтишни канда қилишмайди. Ҳаммадан ҳам Норбуванинг ҳикояси ошиб тушди. “Чакбура дўзахдан қочган малъун дегани. У қайси қишлоққа ўрласа, демак ўша ерда дин-диёнат сусайган бўларкан. Чикабўра оралаган қишлоқни ер ютиши муқаррар экан. Бутун халқ тезлик билан ибодатга қайтиши керак. Бундан катта бало келмасидан тоат-ибодат қилиб қолиш керак” деб ҳаммани оғзига қаратди Норбува. Қишлоқнинг эътиборли кишиларидан Мансур муаллим ҳам муҳокамалар оловига ёғ пуркаб борарди: “Китобларда ёзилишича, дунёнинг аллақайси бурчагида Лохнесс деган митти кўл бор. Ўша кўлда тунда бир маҳлуқ кўринармиш. Диназаврми, аждаҳоми, хуллас насли қирилиб битган бир махлуқ экан. Бутун дунёдан одамлар ўша махлуқни кўрармиканман, деб ўша кўлга боришар экан. Бизнинг чупакабра ҳам фанга “Тўдакўл махлуқи” ёки “Тўдакўл чупакабраси” номи билан кириши зарур. Ана ўшанда бу қишлоқ дунёнинг энг сирли иккинчи марказига айланиши мумкин экан.” Кимдир “Косонсой махлуқи” ҳақида, яна кимдир Ғаллаоролда кўринган даҳшатли илонни эслаган бўлди. Норбува “қиёматга яқин ер остидаги жамики махлуқотнинг ер бетига чиқиши” ҳақидаги ривоятини баланд овозда айтиб, бутун кўзларни ўзига қаратиб олди.

Сотим носфуруш гапга қўшилди: “Носни кўпайтириб ғамлаб қўйишим керак экан унда. Одам бирдан кўпайиб кетса, шошиб қолишимиз мумкин, дейман-да...”  Одамлар яйраб кулишди.

Бир талаба йигит эса “Бу ҳеч қанақа чупакабра эмас, тулки экан, анча олдин ўлдирилган экан. Шунга туклари тўкилиб хунуги чиқиб кетган экан” деб ҳамманинг ҳафсаласини бир пул қилди. Оломон унга шундай қарадики, бечора талаба шаккоклик қилиб қўйгандек қўрқиб кетди. Ҳар куни ҳам топилавермайдиган бундай оламшумул воқеани битта тирранчанинг гапи билан йўққа чиқаришни исташмас эди.

Шовқинни эшитган Тўхтамурод кўчага чопди, тошкентлик меҳмонлар ҳам унга эргашди. Оломон Тўдакўл бўйига қараб кетишар эди. Улар ортидан қараб истеҳзоли кулиб турган жиккаккина блогер йигит сўз бошлади:

— Тўхтамурод ака, қаранг нима қилдингиз. Улар энди ўша сиз айтган ҳузур-ҳаловатини топишди. Махлуқ ўлди, ўлдирилди. Уларнинг ичидаги қўрқув бартараф бўлди. Улар хотиржам бўлди. Энди ҳеч ким кечалари дарвозасини тамбаламайди, бемалол ярим тунда ҳам кўчада юришаверади. Тўғрими шу, муддао шумиди, ака?

— Ҳали бунга эртами дейман-да, бу махлуқнинг эркаги бордир, болалари бордир...

— Ҳаа, ўлманг, Тўхтамурод ака. Хотиржамлик учун бир жонлини қурбон қилиш одати ибтидода қолган. Бугун бошқа замонда яшаяпмиз. Бир махлуқни ўлдириб хотиржам бўлган ва бўлолмаган инсонлар ишонч ҳосил қилиш, ўз кўзлари билан кўриш учун йўлларга тўкилибди. Қаранг, ёшу қари қаерлардан келишяпти!   

— Қўрқув бирлаштиради дейишади-ю...

— Ҳа, айнан шундай, ака. Одамзоднинг жамоа бўлиб яшаш эҳтиёжи ҳам қўрқув туфайли ўртага чиққан. Қўрқувни, қўрқув сабабини ташқаридан қидириш кори ақл ҳисобланмайди. Муҳими ичингдаги қўрқувни енга оласанми, ҳамма гап шунда...

— Сизни тушундим, меҳмон. Бу чапакўбрами, чупакабрами, отинг қурғурни ўлдириш билан иш битмайди, дейсиз-да...

— Ҳа-да, ҳамма гап ичингдаги чупакабрани ўлдира оласанми мана шунда.  Бир ҳайвонни ўлдириб қай даражада хотиржам бўла оласан? Ўзингни еб битраётган, миянгни пармалаб, ичингни кемириб ётган қанча чупакабрани ўлдира оласан? Нега уларни то шу ёшгача сақлаб юрибсан? Миянгнинг тор кўчаларида юзлаб, минглаб чупакабралар чопиб юрибди-ю. Юрагингга ўрнашиб олган баҳайбат чупакабрани нима қилдинг? Бу оломон шу саволларга жавоб топмагунча ҳузур-ҳаловатни қидирмагани маъқул!

Кўчада шовқин тинди, оломон аллақачон сой бўйига етиб борди. Шаҳри азимдан келган журналист ва аллақайси қўмиталардан келган меҳмонлар ҳам қайтишди. Тўхтамурод дарвоза олдида узоқ қолиб кетди. Ҳалимабу хавотирланиб унга тикилди. Бояги фахр туйғуси ўрнини ачиниш ва ҳамҳоллик эгаллаган эди. Тўхтамурод хотинига қараб пичирлади:

— Ичингдаги чупакабрани нега ўлдирмадинг?

Ҳалимабу бир сесканиб кетди:

— Отаси, одамни қўрқитманг, кеч бўлди, кириб ётинг. Ким нима деса деяверади. Ўлдириб тўғри қилдингиз. Уям худованднинг бир махлуқи-я, аммо бўғизланган қўй-қўзиларингизга ачинасиз-да, отаси.

Тўхтамурод эса негадир бўғизланган қўйларига эмас,  шу ғариб махлуққа ачина бошлади... Миясининг тиришлари оралаб чопиб кетаётган юзлаб чупакабрачалар кўз олдига келди. Баданининг аллақаерига биқиниб олиб юрагини ғажиётган ота чупакабра ҳақида ўйлай бошлади...

23.03.2022.