11.03.2024

 


ЭЛЧИН ИСКАНДАРЗОДА

 

Элчин Искандарзода (Элчин Барат ўғли Искандаров) - 1964 йил 16 сентябрда Шуша шаҳрида туғилган. 1981 йилда Ағдам шаҳар 6-сонли ўрта мактабни олтин медал билан тамомлаган. 1981-1986 йилларда Озарбайжон Политехника институти (ҳозирги АзТУ) механика факультетида таҳсил олган. Институтни имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1989-1992 йилларда Озарбайжон техника университетининг “Машина ва механизмлар назарияси” ихтисослиги бўйича таҳсил олган. Техника фанлари доктори, профессор. У 230 дан ортиқ илмий иш, 52 ихтиро, 14 монография ва дарслик, 95 бадиий ва илмий китоб, 130 та таржима асар муаллифи. Унинг китоблари кўплаб тилларга таржима қилинган ва Туркия, Россия, Латвия, Литва, Беларус, Грузия, Қозоғистон, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Эрон, Руминия, Украина, Сурия, Қирғизистон, Косово, Македония, Болгария, Ироқ ва бошқа мамлакатларда нашр этилган. Профессор Элчин Искандарзода Шуша ҳақидаги достон ва шеърлар муаллифи, истеъдодли шоир сифатида элга танилган.

 

МЕНИНГ ШУША ДОСТОНИМ – ЗАФАР ПОЭМАСИ

Шуша номли...

Суюкли дардим чиқар ҳар ердан қаршимга,

суюкли тақдирим чўкар кўз ўнгимга,

суюкли кўз ёш оқар кўзларимдан,

суюкли оғриқлар азоблар юрагимни,

суюкли азоблар оғритар бағримни,

суюкли айрилиқлар боғланар бўйнимга,

суюкли,

суюкли,

суюкли,

ҳаммаси Шуша деб номланар...

 

Айрилиқнинг илк куни...

Шаҳарни бутунлай тарк этишар эди

осмонини,

сувини,

йўлларини, уйларини...

 

Уйларнинг деразалари айрилиқ томон очилар эди,

айрилиқ чирмовиқдек чирмаган эди,

деразаларни,

эшикларни,

зиналарни,

умидларни...

 

Баъзиларида қайтиш умиди бор эди,

баъзиларида йўқ.

Баъзилар қачондир қайтажакларди,

баъзилари йўқ.

 

Шаҳарнинг тонгларини тарк этдилар,

бугунини,

ўтмишини,

ва хуш онларини.

 

Энди бу шаҳарнинг аҳолиси

бу шаҳарнинг йўлларидан ўтмайдилар,

у кўкларга боқмайдилар,

у чўлларда чопмайдилар,

у сувлардан ичмайдилар.

 

Кўп нарсалар бўлаётганди,

бу шаҳар узоқ айрилиққа қадам қўяётганди,

бу шаҳарни бутун шаҳар тарк этаётганди.

 

***

 

Биз йўлга чиқдик.

Биз йўлга чиқарилдик,

узун бир йўлга.

Билармидик, бу йўллар қай манзил сари элтгай,

қаён олиб боргай,

қайерда тўхтагай,

қачон тушамиз бу ёлғиз йўлдан,

тарк этилган йўлдан.

 

Шу ҳолда кетавердик,

югурдик, юравердик.

Ажал ортда қуварди,

замон қуварди,

айрилиқ қуварди,

ўлим қуварди.

Ниманидир ҳал қилгани кетардик,

Англамоқ учун кетардик,

ватансиз яшамоқ учун кетардик.

 

Кетаверардик...

 

***

Дунёдан сирпаниб кетдик,

истамасдан кетдик,

истамасдан тарқалдик,

истамасдан тарк этдик...

 

Бизга тегишли ҳеч нима йўқ эди,

қўним топгани бир жой йўқ эди,

шунчаки биз ҳам йўқ эдик.

 

Биз қаерда эдик?

-                Билмайман.

Қаерга кетардик?

-                Билмайман.

-                Олдинда бизни нелар кутаётир?

-                Билмайман.

-                Биз бормидик?

-                Билмайман...

Аммо аслида биз йўқ эдик.

 

***

Бу шаҳарнинг умидини-да ўлдириб кетардик,

тонгларини ҳам ўлдириб кетардик,

шу тахлит ўзимизни ҳам ўлдириб кетардик,

балки ҳеч билмасдан

бу шаҳарни ҳам ўлдириб кетардик.

 

***

Бизнинг уй...

Бизнинг уй ортимиздан қувмоқ истарди,

талпинарди,

чирпинарди,

пойдеворидан қўпмоқ истарди,

аммо ўзидан қўпабилмасди.

 

Қайрилиб боқдим,

деразаларнинг кўзларидан ёшлар оқарди,

мўриларидан оҳлар чиқарди,

деворлари чатнаб ёрилар эди,

оғриғидан эгилиб паришон бўлганди,

шунда ҳам турган жойидан қўпабилмасди.

 

Уй одамга ўхшайди,

отамга ўхшайди,

бобом каби йиғлайди,

ич-ичидан,

эзилиб-эзилиб,

ёниб-ёниб йиғлайди.

 

У бизнинг уй эди,

у бизнинг дарвоза,

бизнинг деразамиз,

бизнинг борлиғимиз эди...

 

Биз бизнинг уйдан қўпгандик,

қўпиб узоқлашгандик,

кетган сари уйимиз узоқларда қолганди,

қувончимиз,

севинчимиз узоқларда қолганди,

бор будимиз узоқларда қолганди.

 

Биз ҳам узоқларда қолгандик –

уйимизга,

юртимизга,

осмонимизга,

бизники бўлган ҳамма нарсага.

 

***

Булутларнинг устидан кечар эдик,

булутли эдик.

Ёмғирлар ичидан ўтар эдик,

ёмғирли эдик.

Кузлардан, қишлардан ўтар эдик,

кузли эдик,

қишли эдик...

 

***

Овозлар, оҳ... овозлар,

ёндирарди юрагимни,

доғлар эди юрагимни,

-                Шушам айй, Шушам айй...

 

Шушам оғрир эди,

ҳар жойи оғрир эди,

ичимда бир Шуша оғрир эди.

 

Ҳамманинг,

шушалик ҳамманинг ичида,

кўзида,

кўнглида бир Шуша оғрир эди.

 

***

Кетганларнинг ортидан сув сепадигани қолмади,

булутлар ҳам ичида йиғлади,

Шуша ҳам ичида йиғлади,

дарахтлар ҳам,

сувлар ҳам ичидан йиғлади.

 

Сувлар ичидан йиғлади.

 

***

-Сен билмайсан дўстим,

Шуша етим қолди, дедим.

-Биз ҳам Шушадан етим қолдик, деди.

-Биз Шушасиз ўламиз-ку, дедим,

-Биз аллақачон ўлганмиз, деди.

 

***

Замонга бас, дедим,

замон басни билмади.

Туманга чекил, дедим,

туман қулоқ осмади,

Ҳасрат тугарми, дедим,

ҳасрат адо бўлмади.

Оғриқ тинарми, дедим,

оғриқ тинмади, тинмади...

 

***

Бир шаҳарнинг оғриғи,

замоннинг оғриғи эди,

замоннинг оғриғини чекардик.

 

Бир шаҳарнинг оғриғи,

тонгларнинг оғриғи эди,

тонгларнинг оғриғини чекардик.

 

Бир шаҳарнинг оғриғи,

йўлларнинг оғриғи эди,

йўлларнинг оғриғини чекардик.

 

Оғриқларни расм каби чизардик толеимизга,

шеър каби сурардик кўзларимизга,

мусиқа каби жойлардик туйғуларимизга.

 

Бир шаҳарни тортардик айрилиқларга.

 

***

Биров айтди, биз қайтамиз,

яна ўша йўлларда юрмоқ учун,

биз қайтамиз яна севмоқ, севилмоқ учун,

биз қайтамиз яна яшамоқ учун,

яна бор бўлмоқ учун,

биз қайтамиз, янгидан туғилмоқ учун.

 

***

 

Биров айтди,  аждодларимизнинг қабрлари омонмикин?

қабрлар омон,

оғочлар омон,

уйлар омон қолдими?

Йўқса, қабрлар ҳам ўлдими?

Йўқса, қабртошлари ҳам ўлдими?

Йўқса, қабрларни ҳам ўлдирдиларми?

 

***

Қарасамқабрлар орқамиздан бўйланиб турар,

қарасам, қабртошларининг кўзларидан ёшланиб турар,

қарасам, Шуша бўйли қабристон ёлғизланиб турарди.

Шушани ҳам олиб кетгим келди,

ўзим билан олиб кетишни истадим,

аммо қўлларим орасидан

ёмғирдек тўкилди, Шушам.

 

***

 

Дедимки, ай Шушам бахт недир билганим сенсан,

онам деганим сенсан,

севги дегичим сенсан,

ҳаёт билганим сенсан –

ўлганим ҳам ўзингсан.

 

***

Бу дам онам ёлворди, ҳамда қандай ёлворди!

-Сени Оллоҳга омонат этдим, Шушам.

Оналар Шушани Оллоҳга омонат этди.

Оллоҳ бу омонатни

             қачондир қайтариши керак эди, қачондир...

Шуша оналарнинг омонати эди Оллоҳга!

 

***

 

Сўнгра шеърларга сиғиндим,

сатр ораларида овундим,

онамнинг тизларида тасалли топдим.

 

Онам Шуша эди,

оналар Шуша бўлганди бу айрилиқда.

... Шуша ҳар ерда эди,

ичимизда, чўлимизда,

Бакуда,

Олмонияда,

Америкада,

Туркияда,

ҳар ерда, ҳар ерда...

 

***

Чинордан ўтган бир поезд ҳам бор эди,

Бизни орзуларимиз ортидан олиб боргувчи поезд.

Ўша поезд келиши керак эди,

Бизни Ағдамга,

Ағдамдан Шушага етказиши керак эди.

Аммо бу соғинч, бу ҳасрат кўп куттирди,

бир умр куттирди,  ёмон куттирди,

поезд келмасди...

 

Шушадан бошқа бизни кутадиган йўқ эди,

аммо Шушани кутгувчилар кўп эди, беҳад кўп.

 

***

Телефон қўнғироғи чалинди, дўстим экан,

-Элчин, Толиб амакининг ўғли Лайсон ҳам,

-Нима, Лайсон?

-Ҳа, Лайсон ҳам кутмади ўша поездни,

-...

-Аммо ўша поезд келади, мутлақ келажак

...

Биз Ағдамда тушиб,

у ердан ўша вақтлардаги каби Шушага кетамиз,

Лайсон кетмайди.

-Абулфат ҳам,

-Саййид Фикрат ҳам,

-Қамар буви ҳам,

- Оталаримиз ҳам кетмайди энди.

ҳ, дўстим, эҳ! Хўш, Собир нимадан ўлди?

-Шушасизликдан!

 

***

 

-                Шуша қайтади, дўстим, мутлақ қайтажак

... биз ўша қайтишни кутамиз,

биз Шушага қайтамиз,

Шушага “Салом!” - деймиз,

Собирнинг номидан,

Вақиф муаллим номидан,

Қамар бувининг номидан,

Сафура хола номидан,

... шаҳидларнинг номидан.

 

***

Йўқотилган йиллар ортидан,

ғойиб умрларнинг ортидан,

йўқотилган хушбахтликлар ортидан,

бир бола чопади,

бир бола юрадир Мен отли,

Қамар бувиси узоқдан ўша болага сасланади:

-                Элчин, Шуша сени чақираётир!

 

***

Саҳар йўлга чиқамиз, Шушага кетамиз, деди дўстим.

Билардим боришимни,

ва билмасдим гўё.

Шуша бизни кутар эди,

Шуша кетганларни кутар эди,

Шуша болаларини кутар эди.

 

... Шуша ортига қайтганди.

Шуша қонлар эвазига озод бўлганди,

Шуша озод эди.

Биз Озод Шушага кетар эдик.

 

Онам йиғлар эди, қизим йиғлар эди,

                  жон дўстим йиғлар эди,

Шуша йиғлар эди.

 

Йиғлама, дедим Шушам.

Биз келамиз, келамиз кўз ёшларингни артгани,

келамиз тўйиб тўйиб ҳидлагани,

келамиз сенга қурбон бўлгани,

қурбонинг бўлай, Шушагинам!

 

***

Ҳаммамиз айрилиқда бир Шуша ҳикоясини яшадик,

бир Шуша қўшиғини тингладик,

бир Шуша достонини ўқидик,

бир Шуша шеърини ёздик,

бир Шуша алифбосини ўргандик –

айрилиқ алифбосини!

 

***

Ҳақиқатга кетган йўлдамиз,

севгига боргувчи йўлдамиз,

болаликка борар йўлдамиз,

Шуша томон кетган йўлдамиз...

 

***

... Неча йилларнинг ҳасратидан сўнг,

неча умрларнинг айрилиғидан сўнг,

неча айрилиқларнинг оғриғидан сўнг,

Шушага бордик.

Шуша қучоқ очиб бизни қучоқлади,

юзлаб, минглаб Шуша бир Шушага қовушди,

ватан бутун бўлди,

ватан том бўлди,

ватан бир жон бўлди.

Шуша отамдайин йиғлади,

-                жон Шушагинам!

 

***

Дедим, кўрай, уйимиз жойидами?

жойида эди.

Дедим, кўрай, Жидир адир жойидами?

жойида эди.

Дедим, кўрай, масжидимиз жойидами?

жойида эди.

Дедим, кўрай, қабристон ўз жойидами?

жойида эди.

Дедим, кўрай, йўлимиз жойидами?

жойида эди, жойида.

Фақат Шушадан кетганлар жойида эмас эди.

Ҳаммаси узоқларда, кўп узоқларда

          қабр бўлиб қолган эдилар.

Қабрлардан-да салом олиб келгандик Шушага!

 

***

Бир Ватан қанай севилади?

Сендан кейин англадик.

Бир ватаннинг номи қандай севилади?

Сендан кейин англадик.

Сендан кейин кўп нарсани англадик...

 

Англадикки, Шуша ҳам бир сасдир.

Жидир адирнинг, Хорибулбулнинг саси,

ўтмишимизнинг, аждодларимизнинг саси

мусиқанинг, шеърнинг сасидир.

 

***

Ватанни севмоқ кўп нарсани ўрагатади одамга,

уни асрамоқни ўргатади,

унинг учун курашмоқни ўргатади,

унинг учун ўлмоқни ҳам ўргатади.

 

Сендан кетганлар руҳ бўлиб қайтдилар,

сендан кетганлар ўлиб қайтдилар,

сендан кетганлар Шуша бўлиб қайтдилар, Шушам!

 

М.Йўлдошев таржимаси

Манба: edebiyyatqazeti.

11.03.2024

2.03.2024



“KICHKINA ODAM”NING HAYQIRIG‘I

Jazoirlik mashhur qo‘shiqchi Idir taxallusi bilan ijod qilgan Hamid Jeryat (1949-2020) ona tilining chin ma’nodagi oshig‘i edi. Umri davomida eng go‘zal qo‘shiqlarini ona tili bo‘lgan barbar tilida kuyladi. Uning qo‘shiqlari Afrikaning turli mintaqalariga tarqalib ketgan barbarlarning milliy madhiyasiga aylandi. Ular Idir qo‘shiqlari ostida ona tilini asrab qolish uchun kurashish kerakligini anglagan edilar. Idir bir intervyusida   shunday degan edi: “Men general emasman, ortimda qo‘shinim ham yo‘q. Xalq birdamligini ko‘rishdan boshqa dardi bo‘lmagan bir odamman. Faqatgina ona tilimda qo‘shiqlar kuylashni istayman. Chunki qo‘shiq aytish mening nazarimda tilni yashatmoq demakdir. Va bu til ortida muhtasham madaniyat bor.

A Vava Inouva” barbar tilida “Kichkina odamman” degan ma’noni bildiradi va o‘tgan asrning eng go‘zal qo‘shig‘i sifatida e’tirof qilingan. 

Ota va qiz o‘rtasidagi suhbat tarzidagi qo‘shiq so‘zlari barbar xalqining qadim afsonasi asosiga qurilgan. Afsonaning qisqacha mazmuni shunday:

O‘rmon yaqinidagi kichik bir qishloqda ko‘zi ojiz chol va uning G‘ariba ismli qizi yashar ekan. Ular birga o‘rmondan o‘tin, qo‘ziqorin va meva-cheva terib kelib kun kechirishar ekan. Chol kasal bo‘lib yotib qolibdi. O‘rmonga qizning o‘zi borishga qo‘rqar ekan. Ayni o‘sha kunlari qishloqda bir mahluq paydo bo‘lgani va yolg‘iz kimsalarni uyidan o‘g‘irlab ketayotgani haqida mish-mish tarqagan ekan. Shunday bo‘lsa-da, G‘ariba o‘rmonga borishga qaror qilibdi. Bo‘lmasa, mahluq yeb ketishidan emas, ochlikdan o‘lishi aniq ekan. Ketayotib, - otajon, men yo‘qligimda kim kelsa ham eshikni ochmang, o‘zim kelganimda bilaguzuklarimni shiqirlataman, shunda eshikni oching, odamxo‘r mahluq insonlarning ovoziga taqlid qilib uyga kirib olar emish  - debdi. Ota “bormay qo‘ya qol”, - desa ham G‘ariba o‘rmonga ketibdi. U o‘rmonda adashib qolib, yarim tunda arang uyiga yetib kelibdi. Bilaguzuklarini ham o‘rmonda yo‘qotib qo‘yibdi. Eshigini taqillatib, “ota, eshikni oching, bu men kichik odamcha - qizingiz G‘aribaman” -desa, ota “bilaguzingni shiqirlat-chi” -dermish. “Ota, men o‘rmondagi mahluqlardan qo‘rqyapman, eshikni oching” -desa, ota “men ham qo‘rqaman o‘sha mahluqlardan”, -dermish.  

Ushbu qo‘shiq Jazoir xalqining Fransiya ishg‘oliga qarshi kurash boshlagan yillarda yangradi. Bu esa ishg‘olchilarga qarshi barbar tilida “Men borman!” deyishning eng yaxshi usuli edi. Shu bois “Kichkina odamman” qo‘shig‘i barbar xalqining ishg‘olchi “o‘rmon mahluqlari”ga qarshi birlashishga chorlovchi  madhiyaga aylangan edi.

2020-yilning may oyida 71 yoshida tug‘ilgan yurtidan uzoq bir diyorda vafot etdi. Darvoqe, qo‘shiqchining taxallusi barbar tilida “yashaydi, tirik” degan ma’noni bildirar ekan. Uning muhiblaridan biri shunga ishora qilib “Hamid Jeryat vafot etdi, ammo Idir yashaydi” degan edi. Darhaqiqat, Idir milliy mujodalaning mangu ovozi sifatida qalblarda yashayveradi.

Qo‘shiq so‘zlari shunday boshlanadi:

Qiz: Tsxilek lliyin tabburt, a vava inouva, a vava inouva

(Iltimos, eshikni oching, Inouva ota, Inouva ota)

 

Ota: Tchcen tchcen tizzebgatin im, a yelli ghriba

(Oh, G‘ariba qizim, bilaguzigingni shiqirlat, eshitay avval)

 

Qiz: Uggadegh lwahch lghaba a vava inouva

(O‘rmon mahluqlaridan qo‘rqyapman, tezroq oching Inouva ota)

 

Ota: Uggadegh ula d’nekkini ,a yelli ghriba

(Oh, G‘ariba qizim, men ham ulardan qo‘rqaman)

 

# A_Vava_Inouva #Kichkina_odam #Idir #Hamid_Jeryat

M.Yo‘ldoshev

 


 

31.12.2023

 


ЯНГИ ЙИЛ, ЯНГИ САҲИФА...

Ассалому алайкум!

Бугуннинг адоғида эски йилни кузатиб, янги йилга қадам қўямиз. Яшаб ўтилган йилнинг сўнгги дақиқалари, шахду шиддати ортиб бораётган сониялар, бу йилнинг рухсорига тўйиб олиш илинжида каттароқ очилаётган кўзлар, завқ ва ҳаяжондан катталашиб бораётган қароғлар,  тилга тўкилишдан ҳузурланаётган эзгу тилаклар...

Кўзлар соат милларига тикилган... Гўё соат бонг уриши билан мўъжиза юз берадигандек кутиш ҳаяжони... Ёшу қари умидбахш дуоларни кўк тоқига йўллайди. Кун давомида бу кўҳна гунбади гардонни эзгу тилаклар тутиб кетади. Бугун барча сўзлар шукр ва дуоларга айланиб даргоҳи Мужиб сари парвоз қилади...  

Луғатлардаги ижобий маъно юкли сўзларнинг савдоси қизигандан қизиган. Харидоргир сўзлар қулай қолипларга жойланган, ишлатишга тайёр, оласану йўллайверасан. Залварли сўзлар хос жумлаларда тортиқ қилинади, улар луғатларнинг сарғайган саҳифаларидан ҳассосият билан териб, танлаб олинади. Ҳеч ким айтмаган, ҳеч кимнинг ёдига тушмаган оҳорли сўзларни маржондек териб, бетакрор нутқи билан ҳаммани хайрон қилиб қўйиш умидида чопаётганларнинг ҳам бугун бозори чаққон...

Тўкин дастурхон устида, ҳаётидан мамнун инсонлар тилидаги истакларнинг салобатидан сўзлар хижолат. Юпун дастурхон атрофида айтилаётган тилакларнинг камтарлигидан виждонлар маҳжуб.

Аммо эзгу тилакларнинг ваҳдатидан дунё янада гўзаллашади. Кўнгиллар тилаклар селидан покланади. Нигоҳларда меҳри мунир аксланади. Одамзод аслига қайтади. Болалик онларини эслайди. Хотиралар уйғонса, қалб ғуборлардан тозаланади.

Миллар яквужуд бўлиб, эски йилнинг якуни ва янги йилнинг бошланишини эълон қилишга тайёр.

Интиқлик билан кутилган он яқин, илк дуолар, илк ҳаяжонлар... Ва умримизнинг очилажак яп-янги саҳифаси...

Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

31.12.2023

17.12.2023

 


Телефонга мубталоликдан қутилишнинг 2 йўли

Телефонга мубталолик бугунги кунда глобал муаммо. Бу касаллик ёш танламагани каби жинс, касб ёки ҳудуд ҳам танламайди. Телефон мубталолари диққатни жамлай олмаслик, уйқусизлик, фаромушлик, атрофда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодиса ва хабарлардан “қуруқ қолаётгандек” ҳиссиётга берилиш, ўзига ишончнинг йўқолиши кабилардан кўп шикоят қилишар экан. Интернетда бу балодан қутилиш учун кўп тавсиялар бор. Мен сизга иккита усулини айтай.  

1. Телефонни “учиш режими”га ўтказиш. Муҳим ишларни бажаришдан олдин ўзингизга овоз чиқариб шундай дейишингиз мумкин: “Биз учиш режимига ўтамиз. Самоларга парвоз қиламиз. Булутларнинг устига чиқамиз. Хаёл дунёси телефондагилардан кўра яхшироқ. Қани, кетдик!”

Телефоннинг “учиш режими”даги вақтини душанбадан бошлаб, секин-аста узайтириб бориб, якшанба куни телефонни тўлиқ “учиш режими”да тутишга одатланиш.

2. Телефон экранини “оқ-қора режим”га ўтказиш. Телефон очиқ турган пайтда экранни “оқ-қора режим”га ўтказиш орқали ижтимоий тармоқларнинг жозибадор рангин тузоғидан қутилиш мумкин. Трамоқлардаги ранго-ранг визуал материаллар онг остини бошқарадиган тузоқлардир. Оқ-қора рангда бўлса унчалик эътибор тортмаслиги мумкин. Зарурат бўлганда ҳаракатланувчи тугмани босиш орқали рангли экран режимига осонгина ўтиш мумкин экан.

Синаб кўринг, балки ишингизга яраб қолар. Телефондан ортиб қолган вақтни эса оилангизга ва китоб ўқишга сарфланг...

17.12.2023

12.12.2023

 


БАХТ...

Тун ярмида телефондан келган товуш эътиборимни тортди. Очиб қарадим. Нотаниш кимса. Бир савол йўллабди. “Сиз учун бахт нима?” Савол бор-йўғи шу. Бу соатда нега керак бўлди экан, шу саволни бериш? Жавоб бердим ҳам дейлик, нима ўзгаради менинг жавобим билан? Кун бўйи турли иш, ўй-ташвишлар билан чарчаган пайтингда бундай саволларга жавоб бериш тугул у ҳақда ўйлаш ҳам малол келади. Яримлаган тақризимни тугатишим керак, бир ёқдан ўқишим керак бўлган диссертация бор. Чалғимаслигим керак.

Телефонни ўчириб, диққатимни жамлашга ҳаракат қиламан. Бироқ “ким экан бу жаноб?”, “нега керак бўлди бу саволга жавоб?” ва бирин-кетин саволлар чиқиб келаверади. Ўйламаслик учун ҳар қанча ҳаракат қилмай, қуйилиб келаверади саволлар.

Телефонни олиб “қисқагина бўлса ҳам жавоб ёза қолай, эътиборсиз экан деб ўйламасин!” деган хаёл келади бирдан. Ортидан “ўйласа-ўйлайвермайдими, у ким, танимасам” дейман ўзимни ҳақли чиқариш учун. Диссертация ўқий бошладим. Жадидлар, алифбо, тил, унлилар, ундошлар... Ёпдим! Шундоқ ҳам кун бўйи халқаро анжуманда шу гапларни бот-бот эшитиб келгандим. Жадидлар, алифбо, тил, унлилар, ундошлар... 

Кел, ёзақолай, балки шунда чалғишлардан қутиларман. Бошлайман.

Салом, Умар бей!

“Бир сўз билан мен бахт деганда шуни тушунаман деб қўяқолсаммикин?” Ёзишдан тўхтайман. “Эҳтимол, шу одамдан жўяли гап чиқар деб ёзган бўлса-чи?” Ўзимни ақлли кўрсатишга ички эҳтиёж бордек кетма-кет келаётган саволлардан нафратлана бошлайман. “Хўп, майли, жавоб ёзма, лекин сен учун бахт нима ўзи?” Ўзингдан чиққан балога қайга борасан давога! Ёзаман. “Лекин нотаниш бир кимса учун эмас, ўзим учун ёзаман!” Бироз чучмал шарт. Ўзинг учун ёзишинг шартми? Ўзинг билсанг бўлди-да. Кимга ҳисоб берасан? Кимга керак бу тарздаги зўраки ҳисоб... Майли, ёзай-қутиламан!

Хуллас, мен учун бахт нима ўзи?

Салом, Умар бей!

Мендан бахт ҳақидаги фикримни сўрабсиз. Буни бир сўз билан тушунтиришнинг иложи бордир, эҳтимол. Лекин айнан қайси сўз билан тушунтириш мумкинлиги ҳақида ўйласам ўйларим чўзилиб кетади. Қисқа қилиб айтиш мумкин бўлса, бахт дегани мен учун ҳаётни бор бўйи билан яшаш дегани. Эҳтимол, баландпарвоз туюлаётгандир. Ўзимга ҳам шундай туюлди, лекин фикрларимни бор самимиятим билан ёзаётганимга ишончим комил. Соддароқ айтадиган бўлсам, ўзим ёқтирган ишга кўпроқ вақт ажрата олсам ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Эҳтимол, бахт дегани қадрдонлар билан учрашиш, ҳол-хотир сўраш, юракдан табассум қилиш ёки нотаниш инсонлар билан танишиш деганидир. Кимгадир чин дилдан ташаккур айтиш, кимгадир салом бериш, кимгадир “Ҳорманг!” дея олишдир. “Яхшиям борсиз!” дея олмоқ буюк саодатдир, эҳтимол. Янада аниқроқ айтсак, ота-онангизнинг борлиги, соғлиги энг буюк бахтиёрликдир, ёки оилангиз, фарзандларингиз бахт деган тушунчанинг шаклу шамойили эмасмикин? Ишдан чарчаб чиққанингизда “тезроқ борақолай” дея интиққан уйингиз бахт яшайдиган манзилдир,эҳтимол. Гоҳ қуёш, гоҳ ой, гоҳ танни яйратиб эсадиган шамол шаклида намоён бўлмасмикин? Баъзида майин ёмғир, баъзан оппоқ қор бўлиб кўринмайдими ўша мубҳам тушунча? Баъзан бахт дегани шунчаки чуқур-чуқур нафас олабилмоқликдир, дегинг келади. Ёки ҳар нени унутиб сокин ва некбин юриш, атрофингда ҳар сония рўй бераётган мўъжизаларни кўрабилмоқликнинг ўзи катта саодат, демоқчи бўласан... 

Балки бахтни инидан учирма бўлиб, учишга чоғланаётган полапондан сўраш керакдир?...

Эҳтимол, тун ярмида шу саволга жавоб беришга уринишнинг ўзи бахтдир...

Кўряпсизми, жаноб Умар, саволингизга жавоб бериш учун қанча ҳаракат қилсам, шунча саволларга кўмилиб боряпман. Ҳар не бўлганда ҳам, агар бахтни узоқлардан, истиқболдан қидирсангиз уни топишингиз даргумон. Бахтни кўриш учун ортга боқиш керак. Негаки, бахт яшаб ўтилган онларда, юрилган изларда, айтилган сўзларда ўзини кўрсатади. Бахт қидириладиган нарса эмас, у йўқолмаганки, изласангиз. У бор, ҳамиша бўлган. Атрофда сочилиб ётибди бахт деганлари. Ҳамма гап уни кўра билишда, англай олишда.

12.12.2023