6.04.2020

Пандемия (ҳикоя)



ПАНДЕМИЯ

(ҳикоя)


Миш-миш дейилганда “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” деган нақл эсга тушади. “Э... бўлмаган гап, – дея инкор қилинади, дастлаб – буларнинг бари бекорчилар топган уйдирмадан бошқа нарса эмас”. Бироқ ичга тушган шубҳа қуртидан бутунлай озод бўлмоқ учун миш-мишларнинг тагидаги ҳақиқат ошкор бўладиган кун кутилади. Баъзан бетоқат бўлиб бошқалардан ҳам сўраб кўрилади. “Эшитдингизми?” дея бошланадиган суҳбат давомида “ишнинг аслини билиш” ҳақидаги интиқликдан ошиб, суҳбатдошни “хабардор қилиш”, “хушёр бўлишга ундаш”, “ҳайратга солиш” ва “дунёдан хабардор эканлигини алоҳида таъкидлаш” каби маъноларни ортмоқлаб баландлаб кетаверади. Бундай маъно ва иддаоларнинг урчишида суҳбатдошнинг кўзидаги биргина йилт этган нур кифоя. Сўзловчи ўша нурни сезган онданоқ беихтиёр ўзи эшитган миш-мишга бироз бадиий бўёқ ва “озгина” янги маълумот қўшиб кетиш эҳтиёжини сезади.
Коронавирус ҳақидаги хабар ҳам бошида миш-миш сифатида кириб келди ва қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган шаклу шамойилларга кириб улгурди. Масалан, электру интернетдан бебаҳра чекка ҳудудларда ҳам бу хабар суҳбати жон қиёфасида чертмаган эшигию кирмаган хонадони қолмади.
***
Раматали бозор халтасини елкасига олиб, икки дона наматни эшагига жойлаб йўлга тушди. Уни кўча бошида кутиб турган қўшни Ҳалимтой ҳол-хотир сўрашни ҳам унутиб, сўрай кетди:
– Янгиликни эшитдингизми? Хитойда бир бало чиққанмиш, аломати қиёмат дейишяпти, минглаб одамлар ўлганмиш. Бу кетишда, ҳадемай бизгаям етиб келса кера-а-а-к.
– Бу хитойи дегани илонни илон демаса, чаённи чаён демаса, қимирлаган нимаики бўлса тутиб еяверса, чиқади-да!  
– Шуни айтаман-да, кўршапалакдан юққанмиш ўлат. Ўша балои офатни юқтирган кўршапалак битта хитойини тишлаб олган, кейин ўша одам қутуриб қолганларга юқтирганмиш.
– Ола-а-а, кўршапалак қутурган экан, дегин?! Унда чатоқ бўпти. Энди уни топиб бўлмайди. Итмидики қидириб топсанг, османда учса бу махлуқ, яна тунда...
***
Қоратепаликлар катта бозорга бориш учун Желакисойгача эшак-арава ёки отда боришади. Сой бўйидаги темир қозиқларга уловини боғлаб, эски кўприкдан яёв ўтишади. У ёғи равон йўл, ўтган кетган бозоргача элтиб қўяди. Қоратепа кафтдеккина тоғ қишлоғи. Турғунидан кўчкини кўп. Беш-ўн хонадонни демасанг, деярли ҳаммаси қишлоққа баҳорда келишади. Бу қишлоқ эркаклари чўпонлик билан шуғулланишади. Аёл-қизлари эса кигиз босиш ҳунарини яхши эгаллашган. Раматали бу қишлоққа кўчиб келмасдан аввал катта шаҳарда, мўътабар бир даргоҳда илми толиблик қилар эди. Келажак ҳақида ойдин орзулари, ёруғ режалари бор эди. Аммо шаҳарга, у ердаги шовқинли ва шиддатли ҳаётга, катта-кичик қийинчиликларга мослашиб кетолмади. Фарзандларини ҳам ўзи билан бирга сарсон қилмаслик учун ҳаммасини ташлаб, ўз қишлоғига қайтишга қарор қилганига ҳам ўн беш йилдан ошибди. Уйда мол-ҳол, экин-тикинга қарайди. Қишлоқ болаларига адабиётдан сабоқ беради. Аёли ва қизларига кигиз босишда кўмаклашади. Қоратепаликлар кигизни ҳам, кигизчиликни ҳам муқаддас билишади. Бу ҳунарни ҳамма ҳам эплайвермайди. Ўрганса ҳам олдин устадан қўл олади, дуо ва розилик олади. Кигиз қадимдан одамзоднинг жонига оро кирган, чўпон-чўлиқни совуқ ва жазирама иссиқдан сақлаган, жангчиларни душман найзасидан қўриган. Кўчкин қавмлар эса ўтовни ўрашда, безашда, тўшашда ҳам, тўй-тўйчиқда ёки катта-кичик маросимда ҳам кигиздан фойдаланишган. Тўғри-да, патак қилиб ковушга солса оёғи, камзул қилиб кийса тани яйрайди. Намат қилиб ерга тўшаса уйи иссиққина бўлади. Улар кигизни ёвуз руҳлардан асрагувчи қутлуғ мато деб авайлашган. 
– Бу ҳафта кам бўптими, Раматали? Иккита намат нима бўларди? Бу ёғи баҳор кигизга талаб камаяди. Бозори келганда фойдаланиб қолсангиз бўлмайдими?
– Бори-да, Ҳалимтой. Ризқ қилгани бўлади.
– Мана қаранг, мен ўтган сафар тўртта ташлаб келгандим. Бугун яна тўртта олиб кетяпман. Айтишларича, тез орада ўлат етиб келса, ҳамма ёқда қўрғов бошланар экан. Бозоргаям, мозоргаям киритмай қўяркан. Тўй-тўйчиқни айтмасаям бўлади, жанозаю тазияга ҳам рухсат берилмас экан. Шаҳардаги ўғлим ўн қоп ун, ўн қоп картошка-пиёз, ёғ-мой дегандек рўзғорбоп ҳамма нарсасини ғамлаб қўйибди. Ота, ҳамма шунақа қиляпти, дейди. Шунга қўрқиб қолдим, Раматали.
– Ҳалимтой, ўғлингга айт, тўғри иш қилмабди. Ўша унларига қурт тушмай, картошка-пиёзи чириб тугамай тарқатиб юборсин. Мусулмончиликка тўғри келмайди. Айб бўлади, уят бўлади.
– Ўзимиздаям ҳамма шунақа қилаётганмиш. Ҳазиллашиб бўлмайди, дейишяпти. Бугун хотиним менгаям оладиган нарсаларни тайинлаб юборди. Ғамлаб қўйсак ҳар ҳолда хотиржам бўламиз-да, нима дединг?!
– Сен ҳам жуда ваҳимачи бўлиб қолибсанми, Ҳалимтой? Бунақа эмасдинг-ку! Шаҳарликлар ваҳимачи бўлади, кўп эътибор берма, бизнинг қишлоққа одам зўрға етиб келадию, ўлат келармиди? Бундай нарсалар оламон кўп жойларда бўлади, деб эшитганман. Худойим таоло ҳар юз йилда бир балони юборар экан ер юзига. Шундай қилмаса, одамларнинг дину диёнати бўшашиб, имони сусайиб кетаркан. Мени эсласин, тузукроқ ибодат қилсин, тоза-пок бўлсин, берганларимнинг қадрига етсин деб бир офатни юборар экан. 
– Сен ҳалиям ишонмаяпсан, шекилли! Ҳой, мусулмон, бунинг ҳазили йўқ. Дунёда одамлар қирилиб кетяпти экан. Кетаётган жойида тап этиб тушиб юраги ёрилиб ўлаётганмиш. Кўмадиган одам қолмаётганмиш катта шаҳарларда. Тушуняпсанми?
– Эшит, унда Ҳалимтой. Қадимда бир мўйсафид йўлда кетаётса, қоп-қора либосли бир махлуқ қаршисидан чиқиб қолибди. “Кимсан, бунча шошиб қаерга кетяпсан? Муродинг нима?” – деб сўрабди мўйсафид махлуқдан. “Вабоман, Бағдодга кетяпман. У ерда юз кишини жонини олишим керак”, – дебди махлуқ. Орадан анча вақт ўтиб Бағдодда вабо тарқалибди ва минг киши бу иллатдан вафот этибди. Мўйсафид яна ўша махлуқни йўлда учратиб қолиб сўрабди: “Сен юз кишини ўлдираман, деб эдинг. Лекин минг киши нобуд бўлди-ку!” Махлуқ бунга жавобан: “Мен чиндан ҳам юз кишини ўлдирдим, қолганини ваҳима ўлдирди”, деган экан.
Ҳалимтой Раматалининг бу билан нима демоқчи эканлигини англагандек бўлди. Гапни узатмай жимгина унга эргашди. Бироз вақт ўтиб Ҳалимтой гапни бошқа мавзуга бурди:
– Бу, дейман, Раматали, бизнинг қишлоқ қачон бино бўлган?
– Етти авлод ота-бобомиз ҳам шу қишлоқда яшаган бўлса керагов. Нима эди? 
– Етти авлод ота-бобомиз ҳам шу ергача эшакда келиб, у ёғига пиёда кетганмикан-а? 
– Ким билади, дейсан...
– Бу халқ одам бўлмайди, мен сенга айтсам. Битта кўприк қилиб қўйиш шунча қийинми-а? Ота-буваларимиз нимага битта кўприк қилишни ўйлаб кўришмаган экан-а? Шунга ҳайрон қоламан. Ўша вақтлардаям шаҳар бўлгандир, бозор-ўчар, рўзғор дегани бўлгандир, ахир! Қишин-ёзин шу ергача эшакда, қолганига пиёда кетишган бўлса, наҳотки, дейман-да! Наҳотки, шуни маслаҳат қиладиган бирон ақлли чиқмаган бўлса! Мени фарзандларимнинг шаҳардан келмаслигига ҳам шу сабаб. Йўл йўқ, шунақаям бўладими? Кеча бино бўлган қишлоқ бўлса, ҳа майли, дейсан...
– Ўғлинг шаҳарда каттакон. Қизинг ҳам шаҳарда ўзига тўқ. Айтсанг уларга битта кўприк нима бўпти, Ҳалимтой!
– Улар қилмайди. Қайтангга мени ҳам олиб кетаман, деб қўймайди.
– Олдин катта кўприклар бўлган деб эшитганман. Олтита от ёнма-ён юриб ўтаверадиган кўприк бўлган дейишади. Желакисой у пайтлар кўп қутирар экан. Ҳар баҳор тошиб нима учраса оқизиб кетаверган экан. Шунга кейинчалик кўприк қуришмай қўйишган экан. Қолаверса, нари борса беш тўп турғин яшайди, қолганлар ёзда келиб кузда кетишади. Кўприкка на ҳожат?
– У гапинг ҳам тўғри, ҳа энди омади гап-да. Биз болалигимизда шу жойларда балиқ овлардик, эслайсанми?
– Эсламай бўладими? Соли тоғани биласан-а? Ўша тоға кўп доно одам эди-да. Бир куни шу сой ҳақида гапириб, нега Желакисой деб аташганини айтиб берган эди. Жела деб қамишдан тўқилган саватларга айтилар экан, Желаки балиқ шундан экан. Ҳозир унақа сой балиғи қолмади. Бозорда желаки балиқ деб сотаётганиям худди молдек емлаб боқилган ҳовуз балиғи, маза-матра йўқ.
– Бозорга борайлик, сени бир чойхонага олиб кираман, ўша жойда ҳақиқий желаки балиқ пиширади. Шу ўзимизни сойдан овлаб кетишганини ўзим кўрганман.  
Суҳбат қизиса, йўлнинг узоқлиги билинмайди. Гапнинг қаймоғи тугамай қўшнилар Желакисойга етиб келишди. Уловларини ҳар галгидек қозиқларга боғлаб, наматларни сойнинг нариги ёғидаги араваларга юклашди. Ҳа демай шаҳарга, катта бозорга етиб олишди.
Арава бозор дарвозасига яқин тўхтаганида кигизфурушлар улар олиб келган наматларни талаб кетишди. Раматали ҳар доимгидек савдолашиб ўтирмади, арзонгаров пуллаб четроққа чиқиб Ҳалимтойни кута бошлади. Раматали учун шаҳар дегани катта бозордан иборат. Теваракдаги ҳамма қишлоқдан одамлар шу ерга келади. Савдогариям, харидориям асли қишлоқлик. Ҳаммаси шу ерга тўпланиб бир-бирини алдайди, бир-бирини тунайди. Шаҳарликлар тайёрга ўрганиб қолишган, ҳовлиси бўлса ҳам тўрт туп картошка, беш туп мева кўчат экай демайди. Улар анвойи гулларни ёқтиришади. Қишин-ёзин ям-яшил бўлиб тураверадиган ўт-ўланлардан экишади. У ўтларни биронта жонзот емайди. Лекин шаҳарликлар ўшандай бефойда ўтларга қараб завқ олишади. Ён-яқин қишлоқлардан келтирилган мева-чеваларни сотиб олиб ейишади. Памилдорини бандидан, олма-ўрикни шоҳидан узиб ейишнинг мазасини билишмайди-да, йўқса кўча-куйни мевали дарахтга тўлдириб ташлаган бўларди. Ҳовлиларига картошка-пиёз эккан бўларди...
Ҳалимтой савдони пишитиб, наматларини Раматалиникидан баландроққа пуллаб келди. Икковлашиб катта шовқин ичига шўнғиб кетишди. Бозор-ўчардан олдин ошхонага кириб балиқхўрлик қилишмоқчи бўлишди. Ҳалимтой қовурилган желаки балиқ буюртма қилиб девордаги телевизорга тикилди. Телевизорда тожли вируснинг дунё бўйлаб тарқалиши ва қурбонлар ҳақида хавотирли хабар берилаётган эди.
“Covid-19 бутун дунё бўйлаб катта тезлик билан ёйилиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу вирусни пандемия деб атади. Давоси ҳануз топилмаган бу иллатдан минглаб одам вафот этди. Болалар ва катта ёшдаги кишилар орасида ўлим ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Ўзбекистондаги коронавирус беморлари бўйича қўшимча маълумотларни маълум қилди. Касалланганлар сони ортиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра тез кунда барча турдаги қатновлар тўхтатилади. Шаҳар ва қишлоқлар қўрғови жорий қилинади. Кўчага чиқмаслик ва уйда қолиб тозаликка эътибор бериш тавсия қилинади...”
– Оббо... Пандеми дейдими! Буниси ошиб тушди энди. Пандеми бўлган бўлса, охир замон кепти-да...
Бу хабардан кейин Ҳалимтой бетоқат бўлиб Раматалига қаради. Раматалидаги хотиржамлик уни баттар бетоқат қилди.
– Бунақа хотиржамликни қаердан олгансан-а? Айтсанг, биз ҳам озроқ олармидик!
– Сен уни қўй-да, бу пандеми дегани нима эканлигини биласанми, ўзи? 
– Бутун дунёга ёйилаётгани учун шундай дейишибди. Бу вабодан баттар дегани. Вабосиям, ўлатиям битта исириқ билан даф қилинган экан. Буни давоси йўқмиш. На исириқ на бошқа дори-дармон кор қилармиш.
– Ҳа, шундай... Қўрғов эълон қилинса, биз-ку уйдан чиқмай ҳам бир кунимизни кўрармиз. Бу шаҳарликлар нима қилади? Нима еб, нима ичади? Ишламаса ойлик ҳам олмайди. Буёғи нақ қиёматку, ошна!
– Шуни айтаман-да, ҳалидан бери шуни тушунтирмоқчи бўлдим-у сен ишонишни истамадинг. Кўряпсанми, қиёматни бу дунёда кўрсатиб қўймоқчи бўлди шекилли худойим таоло.
Еган балиқларининг мазасини ҳам англамай, чала-чулпа еб ўрнидан туришди. Ташқарига чиқиб бозор-ўчар қилишди. Одамлар қўлига нима кирса сотиб олишаётгандек эди. Картошкани қоплаб олиб ётишибди. Ун, ёғ, гуруч, совун сотиладиган жойларда тумонат одам. Раматали одамлардаги ваҳимаю саросимани кўриб ҳайрон, гўё оғир бир туш кўраётгандек эди. Ҳалимтойга “бу туш эмасми” дегандек ажабланиб қаради. Амал-тақал бир нималар олиб уйига қайтишди. Йўлда Ҳалимтойнинг жағи-жағига тегмади. Қўшни шаҳар ёки туман марказидаги бозорларга бориш кераклигини тинмай таъкидлади. Раматалининг кўз олдидан инсофу диёнатни бир четга суриб қўйган эркагу аёлнинг мол талоши кетмади. “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин” – деган пайғамбарнинг уммати бир-бирини туртиб ҳаммадан кўпроқ картошка олиш учун қиёмат кўтараётган эди.
***
Раматали уйга кириб, келтирган бозорлигини сўрига қўяр-қўймас аёли ва қизларини чақириб бозордаги ҳолатни гапириб берди. Икки гапининг бирида “пандеми бошланибди” деди алоҳида урғу билан. Катта қизи Хайриниса бу сўзни “тўполон” деб тушунди, кичик қиз Буҳажар “очарчилик” бўлса керак деб ўйлади. Аёли Бумайрам ҳам бу сўзни ўзича тушунди. У бу янги сўз баҳона кимларнидир айблай бошлади. “Пандеми нима дегани бўлса? Панд еди деганимикин? Ким панд еган экан? Панд ейдиган иш қилган бўлса егандир-да. Ажаб бўпти, яхшилаб бир панд еса ақли кириб қолармиди? Ўзи жуда ҳаддидан ошиб кетаётганди. На инсофни билади, на диёнатни. Ахир бугунни эртаси ҳам бор, дейдиган одам қолмади. Қиёматда ўзим алдаган одамларни юзига қандай қарайман, демайди. Пулсиротдан шунча юк, шунча гуноҳ билан ўта оламан, деб ўйласа керак-да. Ҳа, ўзи инсоф бермаса қийин...”
***
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас шаҳардаги ўғли Мирғиёс ҳовлиқиб кириб келди. Мажбурий таътил берилганини айтди. Ҳамма унинг оғзига тикилди. Мирғиёс шаҳардаги ваҳимани айтиб берди. Ҳар куни қишлоқ этагидаги катта тутга чиқиб қўлидаги телефонида кундалик хабарларни билиб қайтади. Тутга чиқмаса телефони ишламайди ҳисоб. Охирги топган хабари мамлакат бўйича қатъий қўрғов бошланганлиги, кимда-ким қўрғов шартларини бузса, қаттиқ жазоланиши ҳақида эди. Ҳеч ким уйидан чиқмаслиги керак. Қариндош-уруғ зиёрати ҳам манъ қилинган, дўконлар беркитилган, кийим бозор ҳам, мол бозор ҳам тақа-тақ ёпилган эди. Тўйу марака қилиб, тўртта одамни уйига чақирган жазоланаётгани ҳақида кетма-кет хабарлар келиб турарди. Ҳамма қўрқув ичида қолди.
Раматали бу бўлмишларни кузатиб яратганнинг “қаҳҳор” сифати ҳақида мулоҳаза қилар эди. Асал ҳам бисёр бўлса беқадр бўлади. Авваллари уйлар тор, кўнгиллар кенг бўларди. Одамлар хурсанду хушҳол яшайверишарди. Уйларда буғдой нон бўлмас эди, аммо буғдой сўз бисёр бўлар эди. Оч қолдим деган одамни эшитмаганмиз. Қўша-қўша машина бўлмаса ҳам ҳамма ишга улгураверардик. Телефонсиз ҳам ҳаёт ўтаверган. Қайтангга ҳузур ва файз бор эди ҳаётимизда. Энди-чи, ҳузур-ҳаловат, файзу баракот кўтарилди хонадонлардан. Кун сокин ва узун бўларди. Кунда ҳам тунда ҳам баракат қолмади. Ҳамма қаёққадир югурган, бетиним чопган-чопқиллаган. Қаноат кўтарилди одамлардан. Бир коса ошга тўйган одамзод қачон бунчалик ебтўймас, очофатга айланиб улгурган бўлса...  Оллоҳ берган неъматларнинг қадрига етмасликнинг оқибати шу бўлса керак, дерди. Нафас олиб бермоқликнинг нақадар буюк саодат эканлигини англасин, деганимикин? Қўл бериб ё қучоқлашиб сўрашишни қўя туринг, кўча-куйга бемалол чиқиб келишнинг ҳам беадад шукрга шоён эканлигини сезсин, деганимикин? Мен берган ҳалол ризқнинг, неъматларнинг мағзу моҳиятини билсин деганимикин, бу жазо? Аслида бу жазомикин? Қаҳҳор эгам қаҳр қила туриб ҳам яхшиликни илинмаяптими? Жаббор эгам жабр қила туриб ҳам эзгуликни раво кўрмаятими? Ҳар ишда бир хайр бор деб шунга айтсалар керак...
***
Мирғиёс кўчадан келиб топган хабарларини ваҳимали овозда сўзлай кетди: “Дорихоналарда ниқоблар қолмабди. Айрим дорихоналарда шу кунгача беш юз сўмлик ниқобларнинг донаси 50 минг сўмга чиқиб кетибди. Дорихона эшигига ниқоб ва исириқ йўқ деган ёзувлар илиб қўйишибди. Бозорча ёнида катта мошинада исириқ сотишяпти. Бир боғини 10 минг дейди. Ўрису ўзбек аралаш талаб олишяпти. “Бу қандай инсофсизлик-а?!” – десам, исириқфуруш тиржайиб: “Худойим таолони ўзи чевар. Куни кеча бир боғини беш юз сўмга сотолмай сарғайиб юргандим. Мана бир кунда бир мошин исириқ сотдим. Ўн баробар қимматига. Тўйимниям қиламан, ўғлимнинг ўқишига ҳам пул етади энди”, – дейди.  
***
Хайриниса онаси билан бирга ерга ёйилган, ювиб тозаланган ва саваланган жунларни юзлик, оралиқ ва орқалиққа ажратиб ўтирарди. Буҳажар эса уларга сув ташиб турар эди. Ҳа демай сараланган жунларни тузли сувда намлаб қолип устига текис ёйишади: аввал гулини чиқаришади, сўнг оралиқ ва навбати билан орқалиқ қисмларини бир текис ёйиб, устидан қайноқ сув қуйишади, сўнг наматни думалатиб ўраб йиғишади. Кейин арқон билан боғлашади. Иш бу билан тугамайди. Ҳўл ўрам оёқ билан тепилади, билакланади, думалатилади, вақти-вақти билан сув сепиб ҳўллаб турилади. Нами тортилган ўрам ечилади, сув сепилади ва яна ўралади ҳамда тайёр бўлгунга қадар шу тарздаги бостириш давом этаверади. Сўнг тайёр бўлган кигиз пардозланади, қирғоқлари тортиб, текисланади, ортиқча четлари қирқиб ташланади. Бумайрам кигизга оқ, кулранг ва жигар рангли нақшларни солишни ёқтиради. Ундан бошқасини билмайди ҳам. Онаси бу шоҳсимон нақшларни ўргатаётганида момоси, қишлоқ кигизчиларининг пири бўлган – Унсин момодан ўрганганини такрорлаб турарди. Қизи Хайриниса эса гулдор нақшларни солиб тайёрлайди. У кигизларига мужассамоти юлдуз, моин, қўчқор шохи, булут ва бошқа номлардаги нақшларни усталик билан ишларди. Айниқса, гулсиз сидирға, рангига кўра оқ, қора, қизғиш кигизларни ёқтирарди. Хайриниса ишлаган қалин ва зич босилган оқ кигизларга талаб катта эди. Улар Мирғиёснинг ваҳимали хабарларидан чарчаган бўлса ҳам унга қулоқ осгандек бўлиб ўз ишларини давом эттирардилар. Ҳар бири ўз хаёли билан банд. Ҳали қилиши керак бўлган шунчалик кўп ишлари борки... Қандайдир кўзга кўринмас бало уларнинг йўлига ғов бўлмаслиги керак эди.
***
Кунлар ўтган сари тождор вируснинг нафаси тобора яқинлашиб кела бошлади. Аввал бошда миш-миш сифатида кириб келган балойи азим қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган қўрқув машинасига айланиб улгурди. Энг чекка қишлоқларда ҳам бу машинанинг даҳшатли наъраси кириб бормаган хонадон қолмади. Бу балони даф қилишнинг йўлларидан бири тозалик экан, покликни ибодат билган халқ ичида унга жой йўқлиги тайин. Аммо унинг таъсир доираси тинимсиз кенгайиб бормоқда. Демак, қаердадир, нимададир камчилик бор. Эҳтимол, бадан тозалигининг ўзи кифоя қилмаётгандир, тану жон озодалигига эҳтиёж бордир. Эҳтимол, озурда қалбни ғуборлардан, киндан, нафратдан, торликдан, адоватдан, хасисликдан, худандишликдан, худғамликдан тозалишимиз керакдир... Эҳтимол, уй деганимиз фақат тўрт девордан иборат эмасдир, мамлакатдан ҳам кенгроқ бўлса-чи, дунё ягона уйимиздир, эҳтимол. Ирқ, миллат, дўст, душман каби сифатлардан фориғ бўлиб ИНСОН отлиғ қутлуғ мартабага эришмоғимиз керакдир, эҳтимол...
Раматали шундай ўй-хаёллар оғушида дарвозага яқинлашганида кўчадаги кекса тут тагида Ҳалимтой одамларга энг сўнгги янгиликни ваҳима ва хавотир билан сўзлаб бераётган эди. “Эшитдингизми?.. Фалонча одам юқтириб олганмиш, фистонча одам ўлганмиш...”
Маъруфжон Йўлдошев
5.04.2020.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder