27.04.2020

Измирни тинглайман бу кеча...


Измирни тинглайман бу кеча


Измирни тинглайман бу кеча
Измир ёғаётир кўкдан бу кеча...

Оқшомлари жуда гўзал бўлади
Измирнинг 
айтганмидим?
Айниқса, ёмғирли кеча денгиз бўйида
турфа рангларнинг 
майин рақсини ва
тўлқинлар куйини тингламоқ бирга...

Чағалайлар -
Измирнинг етим болалари
азим шаҳар гаврошлари
лўли қизлари мисоли
маъсум, мафтункор...
Тунни ёқтирмайди
ёмғирни суймагай сира
(ёмғир юпунларга азобдир фақат)
марҳаматга муштоқ чорлоқлар
шундан ўтинади кунга, қуёшга
топинади тонгга
шуълага...
Тонгни уйғотади улар самолар айтиб
Кунни уйғотади санолар айтиб.

Айтганмидим буларни сенга
Айтгандим, камтарлик қилма, балки ўн марта,
балки юз марта айтганман
индамай тинглайсан, кўзларингда айни
ҳаяжон, илк марта эшитган каби.

Осуда тунлари соҳилнинг
мафтункор кўзларинг қадар
гўзал, бетакрор
юлдузлар кўкдан
ёғилган ерда
соҳилда беун
Ичимда сокин
Ҳасратлар гўё
Кўкдан ёғилганда инжулар
ИЗМИРНИНГ КЎЗ ЁШИ ЁМҒИРЛАР
Измирни тинглайман
Ёмғирни тинглайман
Ёмғирли кеча...
Бодом гулларини эсладингми айт
ерла бир бўлганди ҳу ўшал кеча
Ёмғирли кеча...
Измирни тинглаймиз келгин ёнимга
Кўкдан Измир ёғаётир бу кеча...
5.04.2020

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder