29.04.2020

Тазарру саодати (мақола)


ТАЗАРРУ САОДАТИ

Рамазон келди!
Шаҳри рамазоннинг шукуҳи бу йил бутунлай бошқача. Инсонларнинг шаҳди ҳам шашти ҳам шунга монанд. Катта офат туфайли ҳамма ўз уйида, оиласи даврасида ўтказяпти моҳи рамазонни. Маҳдудият боис масжидларда жамулжам ибодатлар ҳам йўқ, гуро-гур ифторлар ҳам, урф-одат зирҳи остида кун сайин турмушимизга кириб келаётган ва динимизнинг аслига зид турли-туман дабдабаю асъасалар ҳам тўхтаган. Аммо етказганига, раво кўрганига шукур!
Ўн бир ойнинг султони бу йил бошқача келди. Гўё тафтиш учун, сарҳисоб ва идрок учун атайин шундай келгандек... Шовқинсиз, тинч, сассиз сокин. Бефарқ ва мудроқ оламонни ислоҳ қилиш учун махсус шу зайлда келгандек, гўё... Йўқларни эмас, тўқларни тўйдириш ўзарига тушиб кетиб, қутлуғ ойнинг маънавиятини англашдан маҳрум қолаётган бандаларини ҳидоятга чорлаш учун шу янглиғ келгандек, гўё... Замирида мўминлар учун зўр ҳикмат, обидларга узлат имкони ила келди улуғ ой.
Ҳазрати Мавлоно Румий айтади: “Танингдаги оғзингни ёпсанг, аслингдаги маънавий оғзинг очилади ва ўша оғиз билан илоҳий сирларни, руҳоний ҳикмат луқмаларини истаганингча еяверасан.” (Маснавий, III. 3747.) Мавлоно майда ташвишларни ташлаб, буюк ва баланд юмушларни идрок қилишга, ўткинчи туйғулардан тозариб боқийликка даҳлдор амаллар ҳақида тафаккур қилишга чорламоқда.
Сўздаги сеҳрни, инжаликни, эркаликни теран ҳис қилгувчи шоира  Сайёра Тўйчиева, эскилар таъбири билан айтганда, ҳали сиёҳи қуримаган бир шеърини менга йўллабди. Шеър “Рамазон” деб ўқилади, “Шукроналик” деб уқилади. Яратгандан келган ҳар ҳолу марҳаматни, заҳмату машаққатни, қўшалаб келган жудоликни қутлуғ синов билган шоиранинг янги шеърини ўқиб беҳад хурсанд бўлдим.
Хуш келдинг-ей, қадамингга  ҳасанотлар,
Мубораклар, муҳаббатлар, муножотлар,
Итоатлар, иноятлар, ижобатлар,
Ҳикоятлар, ҳимоятлар, ҳидоятлар,
Ё Рамазон! Ибодатлар фурсатидир,
Ё Рамазон! Саловатлар фурсатидир.
Илк сатрларни ўқиганда, шунчаки қофиядош сўзлар йиғинига ўхшаб туйилади. Аммо тасбеҳ доналари каби мунтазам тизилган сўзларнинг бир-бирини туртиб ҳосил қилаётган “Асмои ҳусна”га алоқадор оҳанглар кўнглингизга ёруғлик олиб кира бошлайди. Қалбингизда шеърга руҳан яқинлик туғилади. Ўқиган сари дилингизу тилингиз зикрга келади:
Парвардигор ёруғ Ватан бердинг бизга,
Бухорий-ла  битта маскан бердинг бизга.
Лавҳул Маҳфуз битикларин гарди каби
Юрак тўла тоза имон бердинг бизга.
Ё Рамазон! Кароматлар ҳикматидир,
Ё Рамазон! Шарофатлар ҳикматидир!
Ватанга муҳаббат имондандир, дейилади қутлуғ китобда. Айниқса, Ватан деб улуғлаганинг тупроқларда Бухорий, Термизий ва яна қанчадан-қанча олиму уламо, шоиру шуаро униб ўсган макон бўлса, бундай масканни севмай бўладими?! Бу банддаги “Лавҳул Маҳфуз битикларин гарди каби Юрак тўла тоза имон бердинг бизга” сатрлари диққатимни тортди. Лавҳул Маҳфузни азалда битилган тақдир китоби ўлароқ тасаввур қиламиз. Шоиранинг метафораси ўша метафизик китобнинг гардини ҳам қудсийлаштиради. Қалбидаги имонни ўша асрорли китобга қўнган гардга менгзатади. Демак, юрак ҳам, қалб ҳам Лавҳул маҳфуз каби китоб. Имон эса унга қўнган гард. Гардки, азалдан, жаннат боғларидан қўпган зарра. Беҳишт тупроғининг ҳидини ёдга солгувчи зарра. Бу сатрлар менга “олам ва одам”, “микрокосмос ва макрокосмос” мунозараларини эслатди. Яна Ромиз Равшаннинг “Мен бир чангман” деб номланган шеърини ёдга солди. Ўша шеър
Самоларда
Учиб юрган чангман мен.
Кўкдан ерга
Қараб турган кўзман мен.
сатрлари билан бошланади. Сайёра Тўйчиеванинг гард метафораси замирида ҳам ана шундай баланд поэтик мазмун бор. Бу ўхшатиш мағзига инаверганингиз сари янги-янги маъноларини кашф қилаверасиз. Яхшиси, шеърнинг давомини ўқинг, сўзлар шивирлаётган ҳикматни туясиз, руҳи равонингизга ёғилаётган раҳматни, синоатни, каффоратни, шафоатни ҳис қиласиз.    
Бандасига раҳмат ёғар йўл қайдадир,
Дунё икки ёғоч-улов, тахт қайдадир,
Бошда балққан ҳилол бўлиб топди Қадр
Сабр топмас эрсанг, айт-чи, бахт қайдадир?
Ё Рамазон! Синоатлар фурсатидир,
Ё Рамазон! Каффоратлар фурсатидир.

Отам эккан бўғдойларнинг лашкари саф
Ярқирайди баргларига шудринг қадаб,
Кечмишим не яратганнинг тақдирида
Ўзим сабаб, кўзим сабаб, сўзим сабаб,
Ё, Рамазон! Шаҳодатлар  фурсатидир,
Ё Рамазон! Шафоатлар  фурсатидир!

Бир майизни қирқ бўлакка бўлиб еган
Аҳил элга  дарду ғам ҳам юқмас экан.
Чумолидай  бир-бирини қўлласа халқ
Арслонсифат шиддат берар толе деган
Ё Рамазон! Шижоатлар фурсатидир,
Ё Рамазон! Матонатлар фурсатидир.

Бугун  дунё руҳи шикаст, бемор бўлди,
Оналарнинг  кўнгли сезгир, бедор бўлди
Хасталарга  жон тикилган улуғ жангда
Қароғлари кўзмунчоғу тумор бўлди,
Ё Рамазон! Саломатлар фурсатидир,
Ё Рамазон! Қаноатлар  фурсатидир.

Жами ойлар  гавҳарисан, шоҳу султон,
Эл бошига иш тушганда келган меҳмон,
Хасталарга сиҳат бергин, кушойиш бер
Субҳи содиқ  дуо қилгай Ўзбекистон,
Ё Рамазон! Тиловатлар фурсатидир,
Ё Рамазон! Шифоатлар фурсатидир.

Тангрим суяр бемор ҳолин сўраганни,
Ё мискиннинг бир кунига яраганни,
Шифо берган, мадад берган мардларига
Икки дунё саодатин атаганни
Ё Рамазон! Садоқатлар фурсатидир,
Ё Рамазон!  Саховатлар фурсатидир.

Раҳмат ойи, таровеҳлар тингладим мен,
Ҳикмат ойи, нурга тўлиб йиғладим мен,
Рубьи маскун дарвозасин пештоқида
Мусичанинг шукронасин англадим мен,
Ё, Рамазон! Тақво – кўнгил неъматидир!
Худойимнинг бандасига шафқатидир!
Худойимнинг бандасига шафқатидир!

Тасаввуфда “савмул қалб” тушунчаси бор, бу “қалб рўзаси”, “кўнгил рўзаси” дегани. Қалбнинг истиғфордан, зикруллоҳдан ўзга неъматларга ёпилиши дегани. Тафаккурнинг тиниқишига, тозаришига имкон бериш дегани.
Бу йилги рўзаи рамазоннинг ўзгачалиги ҳам шунга монанд бўлди. Узлатга чекиниб мушоҳада қилишга, ухровий туйғулар ҳақида ўйлашга, умрнинг, ҳаётнинг мазмун моҳияти ҳақида тафаккур қилишга имкон туғилди. Сайёра опа ижодида бу оламни қоплаган маҳдудият жиддий излар қолдирадиганга ўхшайди. Эҳтимол, унинг шеърларидаги “кўзи қора, қоши қора санамгина”лар ҳам бу узлатдан насибини олиб, маънан теранлашиб, мазмунан баландлар. Эҳтимол, шоиранинг Рамазон шеъри унинг ижодий бурилишини ясаб берар. Шеърнинг 9 банддан ташкилланиши ҳам 9 рақамидаги “туғилиш”га, “янгиланиш”га, “тозаланиш”га ишорадир. Рамазон сўзининг 18 (9+9) марта ишлатилиши афсонавий қақнуснинг ўз кулидан қайта яралишига ўхшаш таъкиддир, қасамдир, балки. “Асмои ҳусна”га алоқадор 33 сўзнинг бир шеърда қўлланилиши ҳам тасодифий эмасдир, балки. Бу шеър, эҳтимол, Мавлоно айтган “ундан бўлак ўй – беҳуда вақт сарфи, ундан ғайрига назар – кўз нури исрофи” ҳикматининг назмий ифодасидир. Рамазонни илоҳий марҳамат, тақвони кўнгил неъмати сифатида маънолаштирган шоиранинг тазарруси саодатли, ибодати ҳаловатли бўлишини тилаб қоламан.
Маъруфжон Йўлдошев
29.04.2020.

2 yorum:

  1. Sayyora opaning she’ri, sizning ko’ngil kechinmalaringiz ilohiy bir quvvat bn bitilgandek go’yo... muhimi bu quvvat, bu o’zni hisob kitob qilish o’quvchiga ham yuqadi. Rahmat katta! Charchamang, Ustoz!

    YanıtlaSil
    Yanıtlar
    1. Раҳмат, саломат бўлинг...

      Sil