12.04.2020

Совуқ хабар (ҳикоя)


СОВУҚ ХАБАР
(ҳикоя)

- Апрелда ёққан ёмғирни қарая... Табиат ҳам роса маза қиляпти-да, одамларсиз. Ҳавонинг тозалигини қара, ўт-ўланни яшнаганини-чи. Қурт-қумурсқа, жониворлар ҳам худога шукур айтиб ётгандир, бутун кўча уларга қолди, – деди ота ташқарида ёғаётган ёмғирга термулиб.

Она:
- Нимасини айтасиз, одамзод фақат ўзини ўйлайди. Манави мушукниям, кучукниям, чумолиниям жони бор, шулар ҳам яшаши керак-ку, демайди. Шуларни ноласи тутганмикан, дейманда ўзимча...

Ота:
- Ҳа, ҳамма нарсани уволи бўлади, ахир. Қиёмат қойим бўладиган бўлса, мана шу одамзоднинг кўрнамаклиги туфайли бўлади. Агар ўша буюк тўфонда Нуҳ алайҳиссалом одамзоднинг бунчалик худбинлашиб кетишини тасаввур қилганида кемасига одам боласини умуман чиқармаган бўлармиди...

- Оллоҳнинг синови-да буларнинг бари. Ишхонадагилар билан гаплашгандим, Сурмахонни айтишича, катта офат сабаб ўлаётганларни давлат ҳеч кимга кўрсатмай кўмаётганмиш. Яқинларини қўя туринг, на ғассол, на домла-имомга рухсат бор экан. Кўмишдаям дориланган яшикка солиб, устидан оҳактош солиб кўмаётганмиш.

- Бекорларни айтибди, ҳар қанақа миш-мишни гап деб гапираверма. Дўхтирлар ҳам, давлатимизни тепасида ўтирганлар ҳам мусулмон, иймонли одамлар. Худодан қўрқади. Диний қўмитадаги катта уламолар ҳам бекор ўтиргани йўқ. Улар динимизда айтилган қоидаларга қараб фатво беришади. Ахборотда айтди-ку, бунақа ваҳимали гапларга ишонаверманглар деб.

- Ишонганим йўқку-я, сўнгги манзилга кетаётган чоғида бир яқини тепасида турмаса, бесбегона одамлар қўлида қолиб ўлаётганларга ачинаман-да... Уларни ортидагилар-чи, уларни юрагидаги ҳовурни қандай сўндиришади энди, ҳеч бўлмаса жон берганини кўрса, ўз қўли билан бир ҳовуч тупроқ сепса юраги осонроқ совиярмиди. Оллоҳ уйлардан йироқ қилсин.

- Ҳа, кеча қишлоғимиздаги Маҳмуд тоғанинг аёли ўтиб қолганди-ку, унга ҳам ҳеч кимни йўлатишмабди. Оиласидагиларни ўзи олиб бориб тупроққа қўйишибди.

- Ҳаа, Оллоҳ раҳмат қилсин, Муҳтарам опа кўп яхши аёл эди, лекин ёруғлик кўрмади, мундооқ одамга ўхшаб. Умри тупроқ ичида ўтди, қачон борсак, далада бўларди. Тириклар бир нима қилиб кунини кўриб кетарку-я, ўлганга қийин.

- Майли, кел, хунук гапларни қўяйлик. Ёмғирни қара, ташқарини қара, уйда ўтириб юрагинг сиқилиб кетган бўлса керак. Интернети ҳам телевизори ҳам шумхабарни уясига айланиб қолди. Шунга ўқигим ҳам, эшитгим ҳам, кўргим ҳам келмай қолди. Қара, стадион ям-яшил бўлиб қолибди. Ёнғоқни қара...

Шу пайт ўғил хонасидан ҳовлиқиб чиқиб келди:

- Эшитдиларингми, Анвар Обиджон бугун ўтиб қолибди.

Ота:
Иҳ, ёмон бўптию, Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун”. Айтдим-а, бу ёмғирни ёғиши бошқача, деб. Жаннати одам оламдан ўтса, ёмғир раҳмат бўлиб ёғаркан. Бувим раҳматли ўтганида ҳам қуёш чарақлаб турган бир пайтда шувиллаб ёмғир қуйворган эди... Тақдирни қаранг-а, агар шу кунлар бўлмаганда уни кузатишга тумонат одам чиқарди. Ҳаётдаям ўта камтар инсон эди, кетиши ҳам ниҳоятда камтарона бўларкан-да! Оллоҳ охиратини берсин, қўлимиздан нима келарди, дуодан бўлак.

Кичик қиз:
- Унгаям коронавирус юққан эканми?

Ўғил:
- У ҳақда ёзмабди. Шу журналистларда бемаъни бир одат бор-да. Атайин ёзмайди. Ёки сарлавҳасини шунақанги қитмирлик билан қўйишади-ки, ичига кирмасдан хабар мазмунини билолмайсан. Мен ҳам нимадан вафот этган экан деб қарадим, йўқ 11 апрель куни 73 ёшида вафот этганини ёзишибди. Олтиариқда, ўз қишлоғига дафн қилинар экан.

Она:
- Коронавирусданмасдир, агар унақа бўлганда олдиндан эшитган бўлардик. Ҳазилакам одамми, Анвар Обиджон!

Катта қиз:
- Ҳа, Севара Назархон чақирув марказида кўнгилли бўлиб ишлаётганмиш. Шуни қаҳрамон қилиб айлантирган журналистлар, агар Анвар Обиджон коронавирусга чалинганида индамай ўтирармиди?

Ўғил:
- У бошқа, бу бошқа. Ўйлаб кўр, қайси бемор ҳақида маълумот берилди шу кунгача? Журналистларга қайси мавзу беришса, ўшани айлантиришади.

Катта қиз:
- Ана Францияга бориб келиб, ҳаммага юқтирган аёл ҳақида маълумот берилдию. Анвар Обиджон катта ёзувчи, агар у карантинда бўлганида эшитилмай қолмасди.

Она:
- Бу бало четга бориб келганларда чиқди, ё ўшалар билан алоқа қилганларда. Аввали худо, ҳатто зирапча ҳам бесўроқ, бесабаб кирмайди, билиб қўйинглар. Кимдир, нимагадир сабаб бўлади. Азроил ҳам фаришта экан, Оллоҳга “Мен қандай оламан, шунча одамни жонини, мени ёмон кўриб қолишади-ю” деса, эгам “Сен вазифангни бажаравер, мен одамларга бир сабабни кўрсатаман,” – деган экан.

Ота:
- Анчадан бери кам кўринадиган бўлиб қолганди телевизорларда ҳам. Жиддийроқ касал бўлганми, дейман-да.

Кичик қиз:
- "Даҳшатли Мешполвон"ини ўқиганман. Жуда қизиқ асар.

Ўғил:
- Киносини кўрганман, дегин!

Она:
- Ўқиган, ўқиган ўзим кўрганман. Маза қилиб ўқиган. Айрим жойларида биргалашиб қотиб кулганмиз...

Ота ўғлидан сўради:
- Сен ўзинг айт-чи, қайси асарини ўқигансан?

Ўғил:
- Мен ҳам ўшани ўқиганман, кейин "Мешполвоннинг жанглари"ни ҳам қизиқиб ўқиб чиққанман. "Пидбўл" деган ҳажвиясини ҳам ўқиб роса кулганман. Туркиянинг "Галатасарай" командасини номини Топиндиқ тоға деган қаҳрамон тўғри айтолмайди. "Ғалатисолай" дейди.

Ота мириқиб кулиб деди:
- Жа топган эканку-а!

Ўғил:
- Топиндиқ ота ҳеч кимга гап бермай пичоқсиз сўядиганлардан бўлади. Футболни тушунмайди ўзи, атрофидагиларни туртиб кўришга қўймайди."Турклар пулга ёмон ўрганишибди-ей," – дейди - "Ғалатисолай"да лўланглаган бир қирмочбош бор. Шу бола ўйинда ортиқча очофатлик қилворди. Фалон сўмга тўп ураман деган бўлса керак, пулни вақтида беришмаганми, бирдан важоҳати бузилди-ю, ёнидан югуриб ўтаётган ўйинчининг илигига тепди," -дейди. "Ўртада уларни келиштириб юрадиган оқсоқол чўнтагидан қизил пул суғириб, ма заҳрингга деб унга кўрсатди. Қирмочбош борига шукур қилмасдан, бунинг кам деб жириллашга тушди. Оқсоқолнинг дувонафеъли тутиб, пулни қайтариб чўнтагига солди-қўйди. Кейин, бор, кимга арз қилсанг қилавер, дегандек қўлини силтади. Қирмочбош десангиз, ўртоқлариниям юз-хатир қилмай, шартта ўйинни ташлаб кетворса бўладими," - дейди.

Ота:
- Ҳакам қизил карточка берганини айтяптими? Ҳа-ҳа-ҳа...

Ота-ўғил биргалашиб кулишди.

Катта қиз:
- Мана бу сайтда ҳажвияларини берибди. Эшитинглар:
"Олтиариқликлар меҳмон келса, ҳатто, жонларини беришади… Лекин, бодринг уруғини эмас."
"Олтиариқлик оталар ўғилларига шундай насиҳат қилишади: Дўстингни сотма! Аммо, туруп дўст эмас!"
"Олтиариқликлар четга қиз узатмасликка тиришадилар – эртанги бодринг етиштириш сирлари бошқа жойларгаям тарқалмасин, деб."
"Олтиариқликлар асосан уч нарсадан кўпроқ зиён кўрадилар – экинга тушган ширадан, қарзини узмайдиган жўрадан, меҳмонга келган хўрадан."
"Шакарқишлоқлик Ўрозмат ўнг билагини доим пашшахонадан ташқарига чиқариб ухларкан – чивин чақиб, кафтимни қичиштирса, эртага қўлимга пул тушади, деб."

Ҳангомаларни тинглаб ҳаммалари ҳузур қилиб кулишди, айниқса отанинг анчадан бери бундай кулганини кўрмаган фарзандлар яйраб-яйраб кулишарди.

Ота:
- Яна бир гапи бор эди, раҳматлини: Олтиариқликлар сувдан унумли фойдаланишади. Баҳорда пуфлаб бодринг қилишади, кузда дамлаб турп.

Яна баралла кулишди.

Она:
- Ҳой, инсонлар, одам вафот этибди. Фотиҳа ўқиб, дуолар билан ёдлаш ўрнига қаҳ-қаҳ отиб кулишингизни қаранглар. Мусулмончиликка ярашадиган иш қилинглар.

Ота:
- Тўғри гап, фотиҳа ўқиб дуо қилиш керак. Биз ўқиб, дуони ҳам қилдик. Яхши инсон бўлганлигини ҳам айтдик. Анвар Обиджон чиндан ҳам бебаҳо одам эди. Унинг ўзи бутун умр элни суйиб, кулдириб, хурсанд қилиб ўтди. Васиятнамо бир шеърида, "мен ўлсам, йиғламанг, кулинглар" деган экан.

Катта қиз:
- Ҳа мана ўша шеъри. Машрабга атаб ёзган экан:
Мард ва ночор дўстларим,
Қаҳ-қаҳ уринг...
Ўляпман.
Мотамсаро турманг жим,
Қаранг, мен ҳам куляпман.
Қаҳ-қаҳ уриб,
Зил дарддан —
Соқит этинг қалбимни.
Кўриб қолай бир марта
Яйраб кулган халқимни…

Бу шеърдан сўнг орага чуқур жимлик чўкди. Ҳамма ўз ҳолича нималарнидир топиб овунди.

Ўғил деразадан ташқарига қараб шиғалаб ёғаётган ёмғирга термулди.

Катта қиз телефонидаги адибнинг оила даврасидаги расмига тикилиб ўйга толди.

Кичик қиз онасининг бармоғидаги узукни ўйнаб ўтирди.

Она қанча ёзувчи, қанча шоир оламдан ўтгани-ю, аммо ҳеч бири ҳақида бунчалик жамулжам бўлиб муҳокама қилинмагани ҳақида ўйларди. У кейинги пайтларда карантиндан, коронавирусдан нолимасликни ҳаммага тайинларди. "Шукур қилинглар, худойим таоло бундан баттаридан асрасин. Бир билгани борки шу офатни юборибди," дея шикоятга ўрин қолдирмасди. Унинг "иллат эмас, ҳикмат қидиринглар" деб таъкидлашидан, эски кунлардаги каби оилавий суҳбатларнинг тикланаётганига, ҳар қандай мавзунинг бақамти муҳокама қилинаётганига беҳад мамнун бўлаётганлиги сезиларди.

Ота ўрнидан туриб дераза ёнига ўтди. Ўзига ўзи гапиргандек пичирлай кетди: Элни суйиб, хурсанд қиламан деб, ўзи куйиб адо бўлган экан-да, раҳматлик... Бу ҳаёт яна ўз йўлига тушади, тушиши керак албатта... Ким билсин, яна қанча нафас керак, қанча тонг, қанча оқшом, ой, юлдуз, қанча қуёш, қанча ёмғир керак яна... Қанча ўлим қанча туғилиш керак... Билмадим, билолмадим, аммо энди Анвар Обиджон қайтмайди-да...
Маъруфжон Йўлдошев

12.04.2020

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder