19.04.2020

Излаш ва изланиш азоби (мушоҳада)



Излаш ва изланиш азоби

"Ҳаётнинг маъниси муттасил излаш ва изланишдан иборат!" дейди донишманд. 
Инсон нимани излайди? 
Қаердан излайди? 
Қандай излайди?
Ҳамма гап шунда...
Излаш ва изланиш ҳақида тафаккур қилмоқ машаққатли аммо саодатли. 
Энг олий ҳақиқат Оллоҳ ва уни мушоҳада қилмоқдир, дейилади китобларда.
Уни англаш йўлидаги машаққатлар қалбни поклайди. 
Аммо одамзод Оллоҳни мушоҳада қилишдан кўра унинг марҳаматига ноил бўлмоқни афзал билади. 
(Аслида, бундан ўзгасига қурби етмайди.) 
Худди одобли бўлиш орқали ота-онанинг мақтовига сазовор бўлишни мақсад қилган болакай каби. 
Худди қобилияти ва фазилатини намойиш қилиш орқали раҳбар ишончини қозониб юқори мартабага эришишни мақсад қилган ходим сингари. 
Муҳаббат изҳори ва садоқат намойиши орқали маъшуқанинг кўнглини ром қилишни ҳадафлаган ошиқ мисоли. 
Марҳамат мақсадга айланган жойда ҳақиқат чекинади.
Чунки ҳақиқат бу майда манфаатлардан анча баландда...
Қалбида заррача манфаат мақсади бўлганлар уни англашдан маҳрумдирлар. 
Бу ҳукм эмас, ҳаёт қонунияти. 
Одамзоднинг жуда баланддан йиқилгани ҳақидаги ривоятларни кўп эшитганмиз. 
Қанчалик баланддан эканлигини англамоқ учун кўкдаги сайёраларни, юлдузлар ва улар ортидаги оламларни тасаввур қилмоқ кифоя. 
Бу нисбатан осонроқдир, балки. 
Узоққа кетишга ҳожат йўқ, аввал "Ўзингни англа!" деган фармонга қулоқ осмоқ лозим. 
Қайси дин вакили бўлишидан қатъи назар ҳар бир инсонга "жаннат" ва "дўзаҳ" деб аталган икки йўлдан бирини танлаш таклиф қилинади. 
Насиҳатлар қилинади, энг тўғри йўл чизиб  берилади, ҳукмлар ўқилади, йўқотилган манзилни топиш йўллари кўрсатилади.
Аммо сен "Ўзингни тани!" хитоби ҳақида ўйла. 
Жаннат ҳам, дўзаҳ ҳам ўз ичингда бўлса-чи! 
Қидирганинг "шоҳ томирларингдан ҳам яқинингда" бўлса-чи! 
Излаганинг "тош ичига беркинсанг ҳам сени кўриб туради"ган бўлса, нега ташқаридан қидиришинг керак? 
Истаганинг аслида истагингда, орзулаганинг айнан орзуларингда бўлса-чи! 
Эй, исёнкор кўнглим! 
Эл қатори чизилган йўлдан юраверсанг нима қилади?
Жаннат ҳам нақд дейишяпти-ку! 
Сув ўрнига бол оқадиган ариқлар, атрофингда беадад ҳурилар, боғлар, минг турфа егуликлар... 
Буларга эга бўлмоқ учун бор-йўғи гуноҳ деб аталган ишларга қўл урмайсан. 
Буларга эришмоқ учун энг олий ҲАҚИҚАТни қидиришни бас қиласан. 
Таптайёр йўлдан юрасан, ўнгу сўлга қайрилмайсан, қарамайсан ҳатто ичингга. 
Сўроқламайсан кимсан, нимасан, азалда қандай эдингу, тақдиринг нега шундай ёзилганини...
Парданинг ортидаги СИР сирлигича қолмоғи керак...
Оддий одам каби қобил бўл, мантиқли бўл, мақтовли бўл... 
Нима қиласан, "Лавҳи маҳфуз"ни титкилаб?
"Жаннат инсонларнинг энг буюк мақсадидир." 
Бу мақсад йўлида ҳар нега қодир одамзод. 
Диндорлик ҳам, мутассиблик ҳам, сўфийлик ҳам шу мақсаднинг зоҳиридир. 
Улар учун ўлим ҳам ўша улуғвор мақсаднинг бир парчасига айланиб кетган. 
Бир қарашда маъсум, бироқ бу тарздаги ҳаёт бичимида даҳшатли худбинлик яширингандек гўё. 
"Жаннат, жаннат, жаннат" дея ёлвораётган оламон, аслида унинг соҳиби ҳақида мушоҳада юритармикан? 
"Асл мақсад Унинг жамолига мушарраф бўлмоқ" дея ваъз ўқиётган воиз ҳам Юсуфнинг қудуғида эмас, беҳишт боғларида ўтириб "Ёр" жамолига термулмоқни орзуламайдими?
Эй, бечора кўнглим! 
Сен йўлингдан қолма, давом этавер.
Қушлардан сўрама учмоқнинг маънисини.
Чумолидан сўра Каъбанинг йўлларини.
Гуллардан сўрама беҳиштнинг ифорини.
Қоялардан сўра то қиёмат Унга термулмоқни.
Ёмғирлардан сўрамагин раҳматларга айланмоқни.
Сен яхшиси, ЙЎЛдан сўра бу ҳаётнинг ҳикматини.
ЙЎЛ айтади, ЙЎЛ кўрсатар энг мўътабар ҲАҚИҚАТни...
Донишманднинг билгани шу: "Ҳаётнинг маъниси муттасил излаш ва изланишдан иборат!"
Маъруфжон Йўлдошев
19.04.2019     

2 yorum:

  1. ... ichingiz hikmatga to’la, Ustoz...

    Kishilar diliga yorug'lik olib kirayotgan ijodingiz ajrini Alloh bersin.
    Yozayotganlaringizning har bir harfi mukofotingiz bo'lsin ikki dunyoda.
    Hammamizga izlaganimizni topishni nasib etsin!

    YanıtlaSil