17.04.2020

"Бобурнома"даги этимологик маълумотлар таснифи (мақола)




“БОБУРНОМА”ДАГИ ЭТИМОЛОГИК МАЪЛУМОТЛАР ТАСНИФИ


“Бобурнома” жаҳон ва ўзбек адабиётида ноёб тарихий-илмий ёдгорлик сифатида беҳад қадрланади. Бу бебаҳо асар эски ўзбек (чиғатой) тилида ёзилган бўлиб, “Бобурия”, “Воқеоти Бобур”, “Воқеанома”, “Тузуки Бобурий”, “Табақоти Бобурий”, “Таворихи Бобурий” каби номлар билан ҳам танилган. Бобурнинг ўзи эса мазкур асар учун “Вақойе” ва “Тарих” деган номларни ишлатган. Бу асарда тарих, адабиёт, тилшунослик, фольклор ва этнография, география, биология, зоология каби кўплаб фанлар учун ниҳоятда қимматли маълумотлар битилгани маълум. Профессор Абдулҳамид Нурмонов Бобурнинг лингвистик қарашлари ҳақидаги мақоласида шундай ёзади: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ажойиб саркарда, буюк давлат арбоби, талантли шоир, муаррих, географ, этнограф, адабиётшунос, исломшунос, ҳарбшунос, мусиқашунос сифатида дунё илми аҳлига маълум ва машҳурдир. У тилшуносликка атаб махсус асар ёзмаган бўлса ҳам, лекин ўзининг қомусий асари - “Воқеанома” (“Бобурнома”) сида тилшуносликка доир бир қатор қимматли фикрларни баён қилади.” (Нурмонов. 2012. 309-б.) Олим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон филологиясининг бешиги бўлган ҳинд ва машҳур араб филологияси анъаналаридан баҳраманд бўлганлигини ва шу асосда бир қатор сўзларнинг этимологиясини баён қилганлигини таъкидлайди. Адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмонов ҳам Бобуршоҳни тил илмининг билимдони сифатида таърифлайди ва “Бобурнома”ни тилшунослик асари деб қараш лозим, деган фикрни илгари суради. “Вақоеъ” муаллифи тил илмининг энг қизиқарли соҳалари - этимология, фонетика хусусида ўта жозибали ва теран илмий кузатишларини баён қилади. (Раҳмонов. 2008. 20-22-б.)
Ҳақиқатан ҳам асарда муайян топонимик объект номлари, маълум лақаб ёки тахаллус билан изоҳланувчи атоқли отлар, ўсимлик ва ҳайвонот олами билан боғлиқ ономастик бирликлар жуда қизиқарли тарзда изоҳланади. Ўша ном билан боғлиқ халқ ичида машҳур бўлган қизиқарли ривоятлар этимологик далил сифатида келтирилади. Изоҳлаш жараёнида ўрни билан бошқа тилларда қандай аталиши ҳақида қиёсий маълумотлар бериб борилади.
Тадқиқотчи Хатижа Ўздил Бобурнинг айрим топонимларни қўйилиш сабаблари билан боғлиқ маълумотларига қизиқади ва уларни тўрт гуруҳга ажратиб таҳлил қилишга ҳаракат қилади. 1. Ривоятга асослаб изоҳланган номлар. Бунда Ҳодарвеш, Такасекретку, Масжиди Лақлақа каби номлар ҳақидаги ривоятлар тилга олинади. 2. Сўз маъноси асосида изоҳланган номлар. Бунда кишиларга қўйилган лақаб ва тахаллусларнинг уларнинг касби-корига ёки маълум бир хусусиятига кўра берилгани ҳақидаги Бобурнинг қарашлари тилга олинади. 3. Баъзи номларнинг қўйилиши билан боғлиқ Бобурнинг тахминий фикрлари. Бу қисмда Кўҳи Сафид, Гўрбанд каби топонимик объектлар номи ҳақида Бобурнинг шахсий фикрлари қаламга олинади. 4. Халқ талаффузи туфайли ўзгарганига ишонилган номлар. Бунда айрим топонимларнинг халқ талаффузи билан боғлиқ ҳолда ўзгаришга учрагани ҳақидаги Бобурнинг қарашлари таҳлил қилинади. (Özdil. 2013. p. 1141-1148.)
“Бобурнома”ни ўрганган тилшунос ва адабиётшунослар Бобурнинг тилга бўлган муносабатини баҳолар экан, унинг ономастик (антропонимик, топонимик, этнографик) маълумотларни бериш чоғида у ёки бу тарзда этимологик маълумотлар билан далиллаш методини ҳинд, араб ва туркий тилшуносликдаги анъана ва тамойилларга боғлаб тушунтирадилар. Бу ҳолат кейинги даврларда ҳам давом этганлигини кўришимиз мумкин. Масалан, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарида мўғул этноними ҳақида шундай этимологик маълумот берилади: “Асл лафз мўғул мунгул турур. Авомнинг тили кесилмасликидин бора-бора мўғул тедилар. Мунгнинг маъносини барча турк билурлар, қайғу маъносини турур.” (Абулғозий. 1992. 17-б.) “Шажараи турк”да бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп кузатилади. Бобуршунос Ҳасан Қудратуллаев “Бобурнома”даги атама ва иборалар билан боғлиқ этимологик қайдлар ҳақида алоҳида тўхталар экан, муаллифнинг бундан кўзлаган мақсадини шу тарзда изоҳлайди: “Бобур этимология тушунчаларини назаримизда шунчаки ҳавас учун ўрганмаган, балки шоҳ, саркарда ва адиб сифатида бу масалага ёндашган. Унинг томонидан ҳар бир тасарруфига кирган вилоят номи, ерли халқ тили, жойнинг табиатида мавжуд предметларни номини белгилаш, аниқлаш ҳарбий ишларни ҳам муваффақият билан олиб боришига ёрдам берган. Мана бу мисол фикримиз далилидир. Бобур урушда ҳарбий буйруқларни эски мўғул тили ва ўзга тилларда эканини билиб, аскарларга ҳар бир амри ва истагини тез етишига ҳаракат қилиб ҳарбий атамалардаги “ямин ва ясор”ни (арабча сўзлар ўнг қўл, сўл қўл) деб ўзгартиради ва буни “имтиёз” сифатида баҳолайди. Худди шундай аниқлик киритилган “бўй” сўз атамаси ҳам киритилган. Ана шундай ислоҳчилик ишларини олиб борган Бобур “ҳеч маҳал онча тартиб ва насақ била ясамайдур эдим”, - деб қилган ишидан мамнунлигини ҳам билдирган.” (Қудратуллаев, 2018, 69-70-б.)
Тилшунос Аҳмет Туран Турк ҳам “Бобурнома”даги айрим маълумотларни илмий-этимологик характердаги маълумотлар ва халқ этимологияси характеридаги маълумотлар сифатида таснифлайди. (Türk. 2019. s. 203-214.) Бунда бахши, бўтака, бўка каби сўзларнинг келиб чиқиши ҳақидаги қайдлар илмий-этимологик характердаги маълумотлар сифатида таҳлил қилинади. Такасекретку, Ҳодарвеш каби топонимлар ҳақидаги изоҳлар халқ этимологияси характеридаги маълумотлар сифатида талқин қилинади.
“Бобурнома”дан олинган мисолларни юқорида келтирилган таснифлар асосида қуйидагича тартиблаш мумкин.
1. Топонимик объектлар номи билан боғлиқ этимологик маълумотлар. “Бобурнома”да бундай маълумотларни Такасекретку, Ҳодарвеш, Масжиди Лақлақа, Кўҳи Сафид, Ҳаатий Пўл каби топонимлар изоҳида кузатиш мумкин. 
Такасекретку.
Аввал Юнусхон била Андижоннинг шимол тарафида Сайхун дарёсининг ёқасида, Такасекретку деган ерда. Бу жиҳатдин ул мавзиъ бу исмға мавсумдурким, тоғ доманаси жиҳатидин бу дарё андоқ тор оқарким, ривоят қилурларким, ул ердин така секригандур, мағлуб бўлуб иликка тушти. Яна Юнусхон яхшилик қилиб вилоятига рухсат берди. Бу ерда уруш бўлғон учун Такасекретку уруши ул вилоятта таърих бўлубтур. (Бобурнома. 2002. 38-б) Матн табдили: Аввал Юнусхон билан Андижоннинг шимол тарафи - Сайҳун дарёсининг ёқасидаги Такасекретку деган ерда. Бундай номланишининг боиси шуки, тоғ этаги бўлганидан бу ерда дарё шундай тор жойдан оқадики, ривоят қилишларича, у ердан така сакраб ўтган экан. Мағлуб бўлиб, қўлга тушди. Юнусхон яхшилик қилиб вилоятига рухсат берди. Бу ерда уруш бўлгани учун “Такасекретку уруши” ул вилоят тарихида қолгандир. (Бобурнома. 2008. 33-б)
Ҳодарвеш.
Хўжанддин беш-олти йиғоч шарқ тарафидадур. Хўжанд била Кандибодом орасида бир даште тушубтур, Ҳодарвешға мавсумдур. Ҳамиша бу даштта ел бордур. Марғинонгаким, шарқидур, ҳамиша мундин ел борур. Хўжандғаким, ғарбидур, дойим мундин ел келур: тунд еллари бор. Дерларким, бир неча дарвеш бу бодияда тунд елга йўлуқуб, бир-бирини тополмай “Ҳо дарвеш”, “Ҳо дарвеш” дея-дея тамом ҳалок бўлурлар, андин бери бу бодияни Ҳодарвеш дерлар. (Бобурнома. 2002. 36-б.) Матн табдили: Хўжанд ва Кандибодом орасида Ҳодарвеш номли бир дашт бор. Бу даштда ҳамиша шамол эсади. Бундан шарқ томонда бўлган Марғинонга ҳам шу ернинг шамоли боради. Хўжанд бунинг ғарбида бўлиб, мудом бу ердан у ерга шамол эсади; қаттиқ шамоллари бор. Дерларки, бир неча дарвеш бу даштда қаттиқ шамолга йўлиқиб, бир-бирларини тополмай, “Ҳо, дарвеш!” “Ҳо, дарвеш!” дея-дея ҳалок бўлганлар. Ўшандан бери бу даштни Ҳодарвеш дейдилар. (Бобурнома. 2008. 31-б.)
Масжиди Лақлақа.
Самарқанднинг қалъасининг ичида яна бир қадимий имораттур, Масжиди Лақлақа дерлар. Ул гунбазнинг ўртасида ерга тепсалар тамом гунбаздин лақ-лақ, ун келур, ғариб амредур, ҳеч ким мунинг сиррини билмас. (Бобурнома. 2002. 60-б.) Матн табдили: Самарқанд қалъасининг ичида яна бир қадимий иморат бор. Уни масжиди Лақлақа дейдилар. Унинг гумбази ўртасида ерни тепсалар бутун гумбаздан “лақлақ” товуши келади, қизиқ ҳодисадир. Ҳеч ким бунинг сирини билмайди. (Бобурнома. 2008. 57-б.)
Кўҳи Сафид.
Кўҳи Сафид Нингнаҳорнинг жанубида воқиъ бўлубтур, Бангаш била Нингнаҳорга восита ушбу тоғдур. Отлиққа йўл йўқтур. Тўққуз руд ушбу тоғдин чиқар, бу тоғдин қор ҳаргиз ўксумас. Бу жиҳаттин ғолибо Кўҳи Сафид дерлар. (Бобурнома. 2002. 110-б.) Матн табдили: Кўҳи Сафид Нингнаҳорнинг жанубида ястанган бўлиб, Бангаш билан Нингнаҳор ушбу тоққа туташади. Отлиққа йўл йўқдир. Бу тоғдан тўққиз сой чиқади. Тоғда қор ҳаргиз камаймайди. Шу боисдан бўлса керак, Кўҳи Сафид - Оқ тоғ дейдилар. (Бобурнома. 2008. 108-б.)
Ҳаатий Пўл.
Шарқ сойиғи зилъининг буржида Ҳаатий Пўлдур. Пилни “ҳаатий” дерлар, дарвозани “пўл”. Бу дарвозанинг чиқишида бир филнинг суратини мужассам қилибтурлар, устида икки филбон ҳам қилибтурлар; биайниҳи фил, хейли мушобиҳ қилибтурлар. Бу жиҳаттин “Ҳаатий Пўл” дерлар. (Бобурнома. 2002. 238-б.) Матн табдили: Қалъанинг шарқ тарафида девори буржи остида Ҳаатий пул жойлашган. Ҳиндлар филни “ҳаатий”, дарвозани “пул” деб атайдилар. Дарвозадан чиқишда бир филнинг суратини ўйиб тасвирлабдилар, устида икки филбони ҳам бор. Худди филнинг ўзи, жуда яхши ўхшатишибди. Шу боис “Ҳаатий пўл” деб айтадилар. (Бобурнома. 2008. 252-б.)
Масжиди Муқаттаъ.
Яна бу мадрасанинг жанубида бир масжид солибтур, масжиди Муқаттаъ дерлар. Бу жиҳаттин Муқаттаъ дерларким, қитьа-қитъа йиғочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшлар солибтурлар, тамом деворлари ва сақфи ушбу йўсунлуқтур. (Бобурнома. 2002. 60-б.) Матн табдили: Яна бу мадрасанинг жанубида масжиди Муқаттаъ номли бир масжид солдирган. Муқаттаъ(бўлакланган) дейишларининг сабаби, бўлакбўлак ёғочларни тарашлаб, ислимий ва хитойи нақшлар солингани, бутун деворлари ва шифтлари ушбу йўсинда нақтпланганидандир. (Бобурнома. 2008. 56-б.)
Кашмир.
Ушмунча дейдурларким, бу тоғ элини Кас дерлар. Хотирға еттиким, Ҳиндустон эли “шин”ни “син” талаффуз қилур. Чун бу тоғда мўътабар шаҳр Кашмирдур, балки Кашмирдин ўзга бу тоғда яна шаҳре эшитилмайдур. Бу жиҳаттин бўла олурким, “Касмир” демиш бўлгайлар. (Бобурнома. 2002. 197-б.) Матн табдили: Айтишларича, бу тоғ халқини “кас” деб аташаркан. Менинг хаёлимга шундай фикр келди: ҳиндистонликлар “шин” (ҳарфи)ни “син” деб талаффуз қиладилар. Бу тоғда эътиборга молик шаҳар Кашмир бўлиб, ундан бошқа шаҳар ҳақида ҳеч гап йўқ. Шу сабабли Кашмирни “Касмир” деб атаганлар. (Бобурнома. 2008. 204-б.)
Қарши.
Яна Қарши вилоятидурким, Насаф ва Нахшаб ҳам дерлар, Қарши мўғулча оттур, гўрхонани мўғул тили била “қарши” дерлар. Ғолибо, бу от Чингизхон тасаллутидин сўнг бўлғондур. (Бобурнома. 2002. 61-б.) Матн табдили: Яна Қарши вилоятидирки, Насаф ва Нахшаб ҳам дейдилар. “Қарши” мўғулча сўздир, қабристонни мўғул тилида “қарши” дейдилар. Афтидан, бу ном Чингизхон юришидан сўнг қўйилган. (Бобурнома. 2008. 58-б.)
Гўспандлиёр.
Бу йўл отлиқ йўли эмас экандур. Қўйчи ва чўпон гоҳи гала ва рамани бу йўл ва танги била индурур учун бу йўлни Гўспандлиёр дер эмишлар. Йўлни афғон тили била лиёр дерлар. (Бобурнома. 2002. 119-б.) Матн табдили: Бу йўл отлиқ йўли эмас экан. Қўйчи ва чўпон гоҳо гала ва сурувни шу йўл ва тор тоғ оралиғи билан ҳайдагани учун бу йўлни Гўспандлиёр дер эканлар. Афғон тилида йўлни “лиёр” дейдилар. (Бобурнома. 2008. 118-б.)
Сингир.
Тонгласи андин кўчуб, Ҳангуға тушулди, бу навоҳидағи афғонлар бир парча тоғни сингир қилдилар. Сингир лафзини Кобулға келганда эшитилди. Бу эл тоғни беркитканни сингир дерлар эмиш. Черик эли етган била-ўқ афғонларнинг сингирини ушатиб, юз-икки юз мутамаррид афғонларнинг бошларини кесиб келтурдилар. (Бобурнома. 2002. 119-б.) Эртасига у ердан кўчиб, Ҳангуга тушилди. Бу атрофдаги афғонлар бир парча тоғни сингир қилдилар. “Сингир” сўзини Кобулга келганда эшитдик. Бу эл тоғни тош билан тўсишни сингир дейишаркан. Лашкар эли етиши биланоқ афғонларнинг сингирини ушатиб, юз-икки юз исёнкор афғоннинг бошини кесиб келтирдилар. (Бобурнома. 2008. 118-б.)
Ғурбанд.
Яна бир Ғурбанд туманидур. Ул вилоятларда кўталларни банд дерлар. Fyp сари бу кўтал била борурлар, ғолибо ул жиҳатдин Ғурбанд дебтурлар. (Бобурнома. 2002. 112-б.) Яна бири Ғурбанд туманидир, У вилоятларда довонни банд дейдилар. Ғўрга бу довон орқали борадилар. Афтидан шу сабабли Ғурбанд деганлар. (Бобурнома. 2008. 110-б.)
2. Айрим сўз ва атамаларнинг маъноси билан боғлиқ этимологик маълумотлар. “Бобурнома”да бундай маълумотларни олача, бўка, бутака, бахши, ябруҳ ус-санам, нилагов, кўтаҳпой, эмлук, муши мишкин каби кўплаб сўзлар изоҳида кузатишимиз мумкин.
Олача.
Султон Маҳмудхондин кичик Султон Аҳмадхон эдиким, Олачахонга машҳурдур. Олачанинг важи тасмияси муни дерларким, қалмоқ ва мўғул тили била ўлтургучини “олачи” дерлар. Қалмоқни неча қатла босиб, қалин кишисин қирғон учун “олачи” де-де касрати истиъмол била Олача бўлубтур. (Бобурнома. 2002. 40-б.) Матн табдили: Султон Маҳмудхондан кичиги Султон Аҳмадхон бўлиб, Олачахон исми билан машҳур. Олачахон деб аталишининг сабаби шундаки, айтишларича, қалмоқ ва мўғул тилида қотилни “олачи”, дейдилар. Қалмоқларни бир неча марта босиб, кўплаб одамларини қиргани учун “Олачи” дейилавериб, истеъмолда Олача аталиб кетган. (Бобурнома. 2008. 35-б.)
Бўка.
Самарқанд ҳокими экан фурсатлар ўзбакдин элчи келур, ўзбак улусида бу элчи зўрға машҳур экандур. Ўзбак зўр кишини “бўка” дер эмиш. Жонибек дерким: бўкамусен, бўка бўлсанг, кел, курашалинг. Бу элчи ҳар неча музояқа қилур, қўймас, курашурлар, Жонибек йиқар. Мардона киши эди. (Бобурнома. 2002. 45-б.) Матн табдили: Самарқанд ҳокими бўлган пайтлари шайбонийлардан элчи келади. Бу элчи ўзбак улусида полвон сифатида машҳур экан. Ўзбаклар зўр кишини бўка дер эмиш. Шунда Жонибек: “Бўкамусен? Бўка бўлсанг, кел, курашайлик” деган экан. Бу элчи ҳар қанча узр сўраса-да, қўймай кураш тушадилар. Жонибек йиқитади. Мардона киши эди. (Бобурнома. 2008. 40-б.)
Бутака.
Ўти тоғининг ва пуштасининг ва жулгасининг бирдек бўлур ва хўб бўлур, аксар бутака ўти бўлур, отға бисёр созвор ўттур. Андижон вилоятида бу ўтни “бутка” ўти дерлар, важҳи тасмияси маълум эмас эди, бу вилоятларда маълум бўлди. Бу ўт бута-бута чиқар учун бутака дерлар эмиш. (Бобурнома. 2002. 115-б.) Матн табдили: Тоғининг қирлари ва ўтлоғининг ўти бирдек яхши бўлади. Кўпроқ бутака ўти ўсади, от уни яхши ейди. Андижон вилоятида бу ўтни бутка ўти дейдилар. Унга қўйилган номнинг сабаби маълум эмас эди, бу вилоятларда маълум бўлди. Бу ўт бута-бута бўлиб ўсгани учун бутака дер эканлар. (Бобурнома. 2008. 113-б.)
Бахши.
Кичик хоннинг қошидин қўпуб, ўзумнинг ўрдумга келдим. Ярамни боққали Атика бахши отлиқ, мўғул жарроҳини йиборибтурлар. Мўғул эли жарроҳни ҳам “бахши” дер. Жарроҳликда бисёр ҳозиқ эди. (Бобурнома. 2002. 94-б.) Матн табдили: Кичик хоннинг ҳузуридан чиқиб, ўзимнинг ўрдамга келдим. Ярамга қарашга Атика бахши исмли мўғул жарроҳини юборибдилар. Мўғул халқи жарроҳни ҳам бахши дейди. У жарроҳликда жуда моҳир эди. (Бобурнома. 2008. 93-б.)
Ябруҳ ус-санам.
Баъзи китобларда битибтурларким, “ябруҳ ус-санам” бу тоғлардадур, вале бу муддатта ҳеч эшитилмади. Бир гиёҳ эшитилдиким, Еттикентнинг тоғларида бўлур, ул эл “айиқ ўти” дерлар, меҳргиёҳ хосиятлиқ, ғолибо меҳргиёҳдур, ул эл бу от била айтурлар. (Бобурнома. 2002. 36-б.) Матн табдили: Баъзи китобларда “ябруҳ ус-санам” шу тоғлардадир, деб ёзганлар. Бироқ бу муддатгача ҳеч кўрмадик. Бир гиёҳни Еттикент тоғларида бўлади, дейишади, номи “айиқўти” эмиш; меҳригиёҳ хосиятли, афтидан ўша меҳригиёҳдир, у эл бу ном билан айтади.” (Бобурнома. 2008. 31-б.)
Нилагов.
Яна нилаговдур, баландлиғи отча бўлгай. Оттин бир нима инчкарактур, эркаки кўктур. Бу жиҳаттин ғолибо “Нилагов” дерлар. (Бобурнома. 2002. 199-б.) Ҳиндистонда яна нилагов тарқалган. Бўйи отча келади. Бироқ отдан бир оз ингичкароқдир, эркаги кўк рангда булади. Шу сабабли уни “нилагов” (кўк ҳўкиз) деб атайдилар. (Бобурнома. 2008. 207-б.)
Кўтаҳпой.
Яна кўтаҳпойдур улуқлуғи оқ кийикча бўлгай. Мунинг икки қўли ва икки бути қисқароқдур. Бу жиҳаттин кўтаҳпой дерлар. (Бобурнома. 2002. 199-б.) Яна Ҳиндистондаги ҳайвонлардан бири - кўтаҳпой (калтаоёқ) бўлиб, катталиги оқ кийикча. Унинг олдинги ва орқа о ёқлари калта, шу сабабли уни кўтаҳпой - калтаоёқ дейдилар. (Бобурнома. 2008. 207-б.)
Эмлук.
Қўрғоннинг икки тарафидаги руд ёқалари тамом дарахттур, кўпраги эмлук йиғочидур. Бу мевани баъзи турклар қора емиш дерлар. (Бобурнома. 2002. 110-б.) Қўрғоннинг икки тарафидаги сой ёқалари батамом дарахтлардир; кўпроғи эмлук дарахтидир. Бу мевани баъзи турклар қора емиш дейдилар. (Бобурнома. 2008. 109-б.)
Муши мушкин.
Яна бир сичқон Нижровда бўлур эмиш, “муши мушкин” дерлар. Мушк иди андин келур эмиш. (Бобурнома. 2002. 111-б.) Яна бир сичқон Нижровда бўлар экан. Уни „мушкин сичқон“ дейдилар. Ундан мушк ҳиди келармиш. (Бобурнома. 2008. 110-б.)
         3. Баъзи тарихий шахсларнинг лақаби билан боғлиқ этимологик маълумотлар. Асарда бундай маълумотларни Иброҳим чопуқ, Қанбар Али Саллох каби тарихий шахсларнинг лақаблари ҳақидаги изоҳларда кузатишимиз мумкин.
Иброҳим чопуқ.
Бу юртта эканда неча навбат ташқаридин-ичкаридин кўнгуллук йигитлар Хиёбонда яхшилар чопқулаштилар. Бир мартаба Хиёбонда Иброҳим Бекчик чопқулашти, юзига чоптилар. Мундин сўнг Иброҳим чопуқ дерлар эди. (Бобурнома. 2002. 56-б.) Матн табдили: Бу юртдалигимизда бир неча маротаба ташқаридан ва ичкаридан юракли йигитлар Хиёбонда яхши қилич чопишди. Бир марта Хиёбонда Иброҳим бекчик қиличбозлик қилганда юзини чопдилар. Шундан сўнг уни Иброҳим чопуқ дер эдилар. (Бобурнома. 2008. 52-б).
Қанбар Али Саллох.
Яна бир Қанбар Али эди, мўғул эди, ахтачидин эди. Отаси вилоятқа кириб неча маҳал саллохлиқ, қилғон учун Қанбар Али саллох дер эдилар. (Бобурнома. 2002. 42-б.) Яна бири Қанбар Али мўғул бўлиб, у отбоқарлардан эди. Отаси вилоятга келиб, узоқ вақт қассоблик қилгани учун Қанбар Али қассоб дер эдилар. (Бобурнома. 2008. 37-б.)
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сўзнинг, умуман тилнинг замирига яширинган миллий қадриятларни, халқнинг дунёга боқиш тарзини билиш орқали мамлакатни бошқариш мумкинлигига ишонган ва ўзи ҳукмронлик қилган давлатда кучли тил сиёсатини олиб борган. У ҳам хукмдор, ҳам зиёли сифатида бутун умри давомида она тилининг равнақига алоҳида эътибор бериб келган ва шу тариқа миллий тилнинг мунтазам сайқалланиб, такомиллашиб боришига ўз ҳиссасини қўшган. Унинг “Бобурнома” асарида келтирилган этимологик маълумотлари, айрим сўз ва истилоҳларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ тахминий фикрлари, илмий мушоҳада ва қайдлари бугунги тилшунослигимизнинг, хусусан, этимология, этнография, география, биология, зоология, ўлкашунослик каби бир қатор фанларнинг тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшганлигини асло унутмаслигимиз лозим.

Адабиётлар:
Ahmet Turan Türk. Bâburname’de Köken Bilgisi Denemeleri. Motif Akademi Halkbilimi Dergisi, 2019, Cilt: 12, Sayı: 25, s. 203-214.
Hatice Özdil. Bâbürnâme’de Bâbür’e Göre Bazi İsimlerin Koyulma Nedenleri. International Journal of Social Science Volume 6 Issue 1, p. 1141-1148, January 2013. 
Абулғозий Баҳодирхон. Шажараи турк. Тошкент: Чўлпон, 1992. 17-б.
Бобурнома. Нашрга тай.: П.Шамсиев ва бошқ. Табдил: В.Раҳмон ва К.Муллахўжаева. Тошкент: “Ўқитувчи”, 2008.
Бобурнома. Нашрга тай.: С.Ҳасанов. Тошкент: Шарқ, 2002.
Қудратуллаев Ҳ. Бобурнинг адабий-эстетик олами. Тошкент: Маънавият, 2018.
Нурмонов А. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг лингвистик қарашлари. Танланган асарлар. II жилд. Тошкент: Академнашр, 2012. 309-б.
Раҳмонов В. Шоҳ, адиб ва шоир - Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома” Тошкент: “Ўқитувчи”, 2008. 20-22-б.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder