22.04.2020

Қутлуғ сўз байрами



ҚУТЛУҒ СЎЗ БАЙРАМИ
“Шундай севгинки сўзларни, улар бор будини, маъноларининг энг асл, энг сараларини сенга туҳфа қилсинлар, дейди файласуф Жамил Мерич ва шундай давом этади: Сўзлар сувдаги аксимиз, сўзлар дилдан дилга узанган кўприк, сўзлар асрларни туташтиргувчи муқаддас нарвон.” Бу кўприкдан ўтмай туриб, бу нарвоннинг беқиёс поғоналаридан юксалмай туриб, сўзларда ўзимизни кўрмай-кузатмай туриб ўзлигимизни топишимиз қийин. Чунки тилимиз ўзлигимиздир. “Ўзини билган Раббини билади” ҳикматининг замирида ҳам шу мантиқ ётибди. Мадомики, тил ўзлик экан, тил миръоти-мунаввар экан, тилни ўрганмай чин мусулмон бўлиш, демакки чин инсон бўлиш ҳам муаллақ ва мубҳам бўлиб қолаверади. Тил илмида “дунёнинг лисоний манзараси” деган тушунча бор. Ҳар миллат дунёни ўзича идрок этади. Тафаккур ва тахайюлидаги дунёни сўзлар орқали ифода қилади. Сўзларга тўкилган дунё адабиёт бўлади, шеър бўлади, ҳикмат бўлади, миллатнинг абадиятга, сўнгсизликка алоқадорлигини кўрсатувчи қутлуғ далилларга айланади. 
Тил бизнинг ўзлигимиз экан. Биз киммиз? Биз етти маҳалласини ўз оиласи деб билган серандишаларнинг авлодимиз. Биз бир ҳарф ўргатганга қирқ йил қуллик қилишга рози бўлган, илм қадрини беҳад юксак тутган қадрибаланд миллатнинг давомчиларимиз. Биз ҳатто қабристонни буюк адабиётга айлантирган Билгаларнинг болаларимиз. Сўзни муқаддас билган ва исрофидан тийинган поктийнат оталарнинг меросхўримиз.  
Ҳозирда кўчалардаги пешлавҳаларда урчиган ажнабий сўзлар ва пурнуқсон ёзувлар кўнгилни ранжитиши табиий. Аммо улар ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Атайин ҳам қилинган эмас. Ўша ғашимизга тегаётган хатолар, аслида, биз йўл қўйган хатоларнинг оқибати, катта авлод йўл қўйган камчиликларнинг инъикоси холос. Оилада, дастурхон атрофида миллий қадриятлар ҳақида суҳбатлашиш ўрнига бошқа халқ фильмлари томоша қилинаётган бўлса, у хонадонни қадим ва қутлуғ қадриятлар тарк этади. У хонадонда ўзлик ўксийди, тил ранжийди. Оталар ва болалар ўртасида тафовут кучаяди. Кўчадаги ажнабий сўзлар ҳам, миллатимизга ярашиқсиз урф-одатлар ҳам ҳеч кимни ажаблантирмай, табиий ҳолга айланиб бораверади.
Эскилар сўзни беҳад шаффоф ойнага менгзатиб “миръоти мужалло” дейишган. Сўзларда инсоният тубига етган ва етолмаган ҳақиқатларнинг жами мужассам. Сарвари олам “Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” дейди. Ўша сеҳрдан яхшилик йўлида, эзгулик йўлида фойдаланиш доноликнинг бегидир белгиси ҳисобланади. Шеърдаги ҳикмат эса маъноларнинг аълосидир.   
Ҳазрат Навоий “Аввалу охирингға солғил кўз, Бил ҳам аввал сўзу ҳам охир сўз” дейди “Сабъаи сайёр”да. Демак, оламнинг аввали ҳам, интиҳоси ҳам сўз аталган фавқулбашар қувват манбаига боғлиқ.
“Ўлукка жон бергувчи” сўзнинг қудрати ҳақида миллатимизнинг улуғлари кўп ва хўб айтганлар. Сўз билан илони инидан чиқириш мумкинлигини, тил яросининг тиғ яросидан юз чандон оғир эканлигини, сўз билан жаннатни дўзаҳга айлантириш мумкинлигини ота-боболаримиз ҳикмат лисонида таъкидлашдан чарчамаганлар.
Америка ҳиндулари билан боғлиқ бир ривоят кўп эсланади китобларда. Ҳинду қабилаларидан бирининг эътиқодига кўра балиқ гўшти ҳалол бошқа гўштлар эса ҳаром ҳисобланар экан. Узоқ давом этган қурғоқчилик туфайли кўлу дарё сувлари тортилиб, балиқлар камайиб кетибди. Гўштга бўлган эҳтиёж қондирилмагач, одамлар заифлашиб, оғир меҳнатга, жангга яроқсиз бўлиб қолишибди. Қабила оқсоқоллари кенгашиб бу аҳволдан чиқиш чораларини қидиришибди. Шунда бир донишманд: “Агар кийикни тоғ балиғи деб атасак, одамлар уни истеъмол қилишармикан?” дебди. Буни синаб кўришга қарор қилишибди. Маълум вақт ўтгач, одамлар “тоғ балиғи”ни бемалол истеъмол қилишга кўникишибди. Шу тариқа қабила аҳли қийинчилик йилларидан омон ўтиб олишибди.
Сўзнинг таъсир кучи ҳамма даврларда, ҳамма халқларда эътироф этилган ва унга эҳтиром кўрсатиш муттасил таъкидлаб келинган. Ўпкадан келаётган ҳаво оқимининг оғизда «жонланиши», турфа оҳанг, турфа маъно касб этиши одамзодни ҳайратга солган бўлиши табиий ҳол. Бу ҳайратни шеърият мулкининг султони буюк Навоий бениҳоят гўзал тарзда ифодаланган:
Ҳам сўз ила элга ўлимдан нажот,
Ҳам сўз ила топиб ўлик тан ҳаёт.
Халқнинг ҳикмат ганжинаси бўлмиш мақол ва ибораларимизда ҳам бунга монанд ҳайрат жилваларини истаганча топиш мумкин: Ўз қадрини билган сўз қадрини билир. Бир сўз кулдиради, бир сўз ўлдиради. Сўз кишининг ўзаги. Кўз етмаганга сўз етар. Сув тошни ёрар, сўз бошни.
Аслида, ҳинд донишмандининг айтганича бор: “дунёни ва одамларни сўз бошқаради”, шундай эмасми? Яратганнинг каломи ҳам рақсда ёки куйда эмас, сўзда намоён бўлмаганмиди? Сўзнинг илоҳийлиги рост, одамларни бошқариш кучига соҳиблиги ҳам рост. Жангда қўмондоннинг моҳирона ишлатган сўзлари таъсирида аскарлар ўлимга қарши тик ва мардона бора оладилар. Сўзларда ўлимни ҳам ҳечлаштирадиган буюк кучнинг борлиги рост, ахир.
Улуғлар: “сўз мураккаб вазиятларда садоқатли дўст, танг ҳолларда нажот” - деб бежиз айтишмайди. Амир Темур шиддатли жангларнинг бирида аскарларига тўлаш учун тангаларнинг тамом бўлганлиги ва ҳазинадан танга юбориши зарурлиги ҳақида Бибихонимга хабар жўнатибди. Чопар танга ўрнига икки энлик хатни Амир Темурга элтибди. Хатда ёзилган экан: “Тангаларингиз тамом бўлган эрса, сиёсатингиз ҳам тугаганми, амирим?” Буюк саркарда вақтинчалик пул ўрнини босадиган бошқа манбалардан фойдаланган ва жангларда муваффақиятини давом эттирган экан. Нари борса ўнтагина сўз орқали нажот юбормаганмиди Бибихоним?!
Ёки дунёга машҳур америкалик ихтирочи Томас Эдисоннинг ҳаётида рўй берган бир воқеа сўзнинг ва ишончнинг нималарга қодир эканлигини ёдга солиб туради:
Кунларнинг бирида ёш Томас Эдисон мактабдан эрта қайтади ва онасига ўқитувчиси бериб юборган мактубни тутқазади. Она кўзларида ёш билан мактубни ўқиб берди: “Ўғлингиз – даҳо. Бу мактаб унга кичиклик қилади ва бу ерда уни таълим беришга қодир ўқитувчининг ўзи йўқ. Шу сабабли уни ўзингиз ўқитинг.”
Орадан йиллар ўтади. Томас улғайган, онаси эса бу дунёни тарк этган эди. Бир куни Эдисон онасининг ғаладонидан бир мактуб топиб олди. Бу ўша, ўзи мактабдан олиб келиб берган мактуб эди: “Ўғлингиз ақли заиф, у махсус мактабда ўқиши керак. Биз уни бошқа ўқита олмаймиз. Шу сабабли уни уйда ўқитишингизни тавсия қиламиз.”
Эдисон узоқ йиғлаб олгач, кўзида ёш билан кундалигига шу сатрларни ёзиб қўяди: “Томас Альва Эдисон – онасининг қаҳрамонона фидокорлиги туфайли ўз асрининг даҳосига айланган ақли заиф бола эди.”
Бугун – байрам, муқаддас тил ва қутлуғ сўз байрами. Минг йиллик адабиётимизнинг покиза осмонида порлаган “Девони луғатит турк”дан, “Қутадғу билик”дан, Яссавий “Ҳикматлар”идан, Навоийнинг шоҳбайтларидан таралган ёниқ ва ёруғ сўз байрами. Бу байрам барчамизга муборак бўлсин!
Маъруфжон Йўлдошев

"Маданият" газетасининг №37 (119) 8. 10. 2020 кунги сонида чоп қилинган.


 

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder