1.05.2020

Измир ай...



Измир ай...

Сени ўйламоқ шу он,
уйқудан ўтинмоқ хаёлинг
хаёлдан қизғанмоқ жамолинг
ҳорғиним, ҳордиғим, Измир ай...

Тунларинг ўзгача ёқади, оқшомларинг ёқар ўзгача
хом сут эмган тонглар умидсиз,
умидланмоқ сенда ўзгача
оппоғим, суюклим, Измир ай...

Чорлоқлар фол очар соҳилда
кемада алданишга мойил оламон
ҳайратдан унутар хиёнатларни
хиёнатларини машҳур бевафоларнинг!
чорлоғим, ардоғим, Измир ай...

Сени телбавор севганин айтиб, чарчамайдилар
Миланни, Парижни олқар уялмай
уялмай тинглайсан, чидайсан қандоқ
маъсумам, маҳмурам, Измир ай...

Атилла Илҳон бўлиб севаман сени
номинг мих бўлиб қоқилган ақлу хушимга
тилимда ўрмалар “Айрилиқ савдога дохил”
дохилим, доғулим, Измир ай...

Постмодерн хаёлларим билан севаман сени
йўсин ҳидли мумтоз шамолларга буркагин мени
мовийларинг билан исит, яшилларинг ёлғон
ёлғоним, озорим, Измир ай...

Соат минораси юз йиллик ханжардир кўксимда
юз йиллик орият, юз йиллик қасам
юз йиллик соғинчим, кутганим етмасми
етмасим, узоғим, Измир ай...

Осонсўр* қарашлим, кўрфаз кўзлигим
сени узоқлардан эслайвераман
қизғонавераман чорлоқлардан ҳам
кўзмунчоғим, ўзмунчоғим, Измир ай...
01.05.2020
Маъруфжон Йўлдошев
*Асансўр-лифт. Измирнинг тарихий жойларидан бири.  

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder