11.05.2020

Умид Нажжорий



УМИД НАЖЖОРИЙ

(шеърлар)
Унутмоқ

Қуриган дарахт деди:
Қайтса агар ўша кунлар,
эгилиб, тўкилган баргларим териб олардим.

Инини шамол совурган қуш:
Қабрим узра бироз осмон сепинг, - деди.

Куйган гугурт чўплар дунёнинг қувғин шоирлари эди.
Улар ёнишди...
Ўчиришди...
Ташланди узоқларга.
Қутисига қайтмоқ орзусида жон берди шоирлар.

Кўприкни сел олиб кетди, сел...
Устидан ҳануз ҳеч ким ўтмасдан.

Балиқлар эса унутдилар ҳамма нарсани
Қуруқ дарахтларни...
Инсиз қушларни...
Шоирларни...
Кўприкларни унутди балиқлар.

Балиқлар бир куни эрталаб уйғонмадилар.
Балиқлар юрак уришини унутгандилар.

Карантин кунлари...

Бу ер - Боку.
“Корона” кўчаси.
Ҳамма яширинган ниқобларига.
Оқ ниқоблилар ёнимдан ўтар булут сингари
Танимайман ҳеч қайсисини.
Танимайман ҳеч кимни.
Танишмайди мени ҳам.

Шу ердаман “Корона” кўчасида.
Ишини йўқотган масхарабознинг табассумидир дунё,
Устимиздан кулар карантин кунларида.
Кўчаларда ёлғизлик тентийди.
Деразадан қарар бир қуш овози.
Деворлар қафас рангида.
Болалар сукути ўйнар маҳаллада.

Бу ер - Боку.
“Cовид – 19” айланмаси.
Қипяланғоч каби совқотар тунларКарантинойларида.
Узаниб ўлади ёлғизлар танҳолик қибласига.
Борса келмас поездларнинг рельсларида итдек отиб ташланар тонглар.
Отилар қуёшга соялар.
Отилар оловга дарахтлар.

Бу ер - Боку.
Хитойи телефонимда онамга сим қоқдим:
- Она, Табризнинг ҳоли қалай?
- Иситмаси бор Табризнинг,
Табриз йўталмоқда Соат майдонида,
Пишоварий умрбод Ватан вирусига чалинган,
фуқаролар кетди,
тошлари қолади...
Байроқларни кўтаришга мажол йўқ минораларда,
гўшакни қўйяпман.

Бу ер - Боку.
Фуқаролиги бўлмаганлар рўйхатидаман.
Ҳужжатим йўқ чўнтагимда.
Мен бир ўгай сояман,
бу шаҳарнинг совуқ кўчаларида,
жаҳлдор одамлар издиҳомида.

Ҳамма яширинган ниқобларига.
Оқ ниқоблилар ёнимдан ўтар булут сингари
Танимайман ҳеч қайсисини.
Танимайман ҳеч кимни.
Танишмайди мени ҳам.
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder