1.05.2020

Ирмоқваш


Ирмоқваш

ирмоқлар денгизга шошилар...
чопқиллаб кетиб боради ирмоқлар
осмонлаб боради
булутларга айланмоқ учун 
ёғмоқ учун
қайтмоқ учун
бормоқ учун денгизга...

балиқлар руҳимда мажнунваш
тилла балиқчанинг митти авлоди
учмоқ истайди булутлар узра
орзулардан баланд
хаёллар етолмас юксакликларда...

чорасизлик ёмон ахир
ночорлик ёмон
озордир кўнгилга
ичингдаги сассиз қичқириқ
қичқирмоқ истайди соқов ва лол илтифот
садақаси Юсуфнинг ўндан бир мисқол
дунёни гўзаллик қутқарар – дема
кулдирма...

қоялар уваланиб борар
тупроқлашиб борар оловлари сўниб
ҳаволаниб борар
денгизга етолмай ҳасратланиб борар
зарралар...

сен денгизни севмайсан, азизим
денгиз мовий эмас, қизил қон қизил
вужудингда оқар бетиним...

балиқлар
қирмизи тилла балиқлар
руҳимнинг зарралари –
юлдузлар –
сўниб борар жим-жим жимирлаб –
оғриқлари сим-сим танимда...

тонг яқин
оппоқ тонг
ирмоқлар денгизга шошилар
ирмоқваш...    
Маъруфжон Йўлдошев
1.05.2020.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder