28.05.2020

Одил Ширин (шеърлар)


ОДИЛ ШИРИН

шеърлар


Шоир умри

Юлдузларга боқаман,
ичим куяр, 
                танда титроқ
умр - гўё қизил қонла
бир банд шеър 
                битилган япроқ...

Тоғлар, кутади мени

Фалак тўсди йўлимни,
Кишанлади қўлимни.
Ким айтар қоронғида
Нур-зиёдек сўнгайман...
Тоғлар, кутади мени
Бир кун албат қайтаман.

Ё бир баҳор оқшоми,
Ёки ёмғирли кунда.
Ё қалқонла қайтарман,
Ёки қалқон устида.

Яшаса эди

Қорабоғ жангларида шаҳид кетган жасур ўғлон Элчин Музаффарўғли хотирасига...

Яшаса эди бир қизни севарди,
Беҳи гули, анор гули.
Ой бир гўзал тўлган тунда
Тўхтади унинг юраги.

Яшаса эди уй қурарди,
Дарчасин шарққа қарата.
Энди гул-қиз сўлар қайда,
Йиғлар она номозларда.

Яшаса бўларди дўстим,
Ака-укамдан зиёда.
Энди осмонлар тоқида,
Қўллари тангри пойида...

Ёзуқ

Шамолларга қўшилиб учар, учар
Сувларга қўшилиб оқар.
Умрнинг олтин чоғида,
Оппоқ сувларда солланар.

Елкансиз қайиқлар каби,
Сузар, сузар ва ғарқ бўлар.
Оқар сувлар тиниқ, шаффоф,
Шамолда оғир чайқалар...

Елкансиз қоғоз қайиқда,
Толеъим бетиним йиғлар.
Кўз ёшини кўрсатмасдан,
Оқар оқар оппоқ сувда...

Хафалик

Неча кунки,
телефон жим...
Неча кунки,
тасалли излайман
гўзал хотиралар ичра.
Биламан,
улар мендан хафа
ранжиган хотираларинг ҳатто.

Сўнгги шеърини ёзган одам

Чорпояда узаниб,
Сўнгги шеърини ёзган одам.
Бу дунёга қўл силтаб,
Тушларини ёзган одам.

Тўрт томони чор девор,
Ўнг деворда дераза.
Ташқарида гирдибод
Йўқми бу дардга даво?

Уйқусини ёзган одам,
Сўнгги шеърини ёзган одам
Бу тўрт девор, текис том
Ғойиб бўлар тез, одам.

Маъруфжон Йўлдошев таржимаси
28.05.2020

2 yorum:

  1. умр - гўё қизил қонла
    бир банд шеър
    битилган япроқ...

    YanıtlaSil