12.05.2020

Ақшин Эврен



АҚШИН ЭВРЕН

(шеърлар)

Антик ХХI аср

Дунёнинг сиёсий харитасига қарайман:
Бу дунё битта харитада шундайин ол, алвондир.
Бизни алдашди, дўст..., бизни алдашди.
Аслида, қизил ранг йўқ,
Қизил - ранг эмас, қон.

Қўлларига ота”, она дея ёзиб урушга кетганлар яраланди қўлларидан.
Қўллар эмас, оталар, оналар яраланди.
Урушлар туфайли уммонлар, денгизлар пайдо бўлди
Тупроқ инсонларни бир-биридан узоқ тутмоқ учун ажралди.

Ғалати:
Ер устида жанг қилганлар ер остида қўшни бўлдилар.
Барча гуллар сўлади, дўст, барча гуллар сўлади, албат.
Аммо энг биринчи қабр узра қўйилгани сўлади, дўст.

Айни оғочдан йўнарлар тор ва қурол қўндоғин,
айни жойдан шикастлангай оналарнинг қучоғи.

...Капалак деб ўйлар, балки ракеталарни чечак
Қандай товуш чиқаргайдир отилганда пианино тиллари?

Ер шарига қарайман:
XXI аср ҳазратлари кимёвий дорилар устига ёзмиш:
Болалар қўли етмайдиган жойда сақланг."
Кўз ёшларга тўлиб шивирлар ҳаким:
Болаларни кимёвий ракеталар етмайдиган жойда сақланг.

Оёқларга қайтмоқни ўргат

Нон қирғоғи аёл
Энди сендан "Қандайсан?" деб эмас,  "Қанчасан?" деб сўрамоқчиман.
Биз мактаб ёшида эмасмиз ахир...
Энди бизни 2 олмоқ эмас, икки айро бўлиш оғритар,
энди
- “Салом.  ҚАНЧАСАН?”
- “Салом.  Йўқман” билан бошланади барча айрилиқлар.
Ёлғон эди,  “айрилиқ” сўзининг ёнига “бошланар” сўзи ярашмас асло.
Айрилиқ, шундайин тугамоқ, битмоқдир,
тунлар...
тунлари ўз тўшагингда ғойиб бўлмоқдир.
Ердан олиб, тош устига қўйган увоқларим ҳаққи,
Бир халқ оч қолгандек азоб чекаман.

Нон қирғоғи аёл,  биласан
бир қўлда икки жонни етаклаганлар кўпроқ бахтсиздир,
ёхуд, бир кўрпа остида бир-бирларини бездирганлар-чи?
Сен ҳам биласан,
севгида оёқлар эмас,  қўллар чарчайди кутмоқдан...

Нон қирғоғи аёл,
Бу шиддатли азобларнинг аста-аста ўлдириши бор,
ва тун ўртасида уйқудан уйғотишлари.
Сендан ҳеч нарса истамайман... 
фақат
оёқларга қайтмоқни ўргат, 
қайтмоқни...
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder