10.05.2020

Шота Иаташвили




Шота Иаташвили

Шота Иаташвили - шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос. 1966 йилда Грузиянинг Тбилиси шаҳрида туғилган. Саккизта шеърий тўплам ва учта ҳикоялар китобининг муаллифи. Йилнинг энг яхши шеърий тўплами учун “Саба” мукофоти (2007) ва “Киев Дафнаси” фестивалининг Халқаро мукофоти (2009) лауреати.

МАРТ ҚУЁШИНИНГ СУВРАТЛАРИ
(Иоселиани кўчаси №37.  Биринчи қаватдаги балкон)

1.
Ғўлабирдай эркак мошинавори
Чайқала-чайқала кезар ҳовлида.
У қуёшни кўриб, қимирлади гўё.

2.
Озғин, хомуш кишининг қўлидаги халтада
қипқизил помидор.
Дўхтир қутисидаги юрак мисоли.

3.
Бир йигит ҳаётдан безгандек гўё.
Кўмкўк Жигули ялтираб
Ҳамқофия бўлди кўкда қуёшга.

4.
Қора қиз қора қўлида оқ нонни ушлаб турибди.
Қора мушук семиз аёлнинг қучоғидан тушди.
Кекса бир аёл такса итини сайрга олиб чиқди.

5.
Сабзиранг коржомали икки ходима
супургини доманага ташлаб кетдилар.
Эскирган жиҳозни икки киши кўчага чиқариб ташлади.

Ҳаво

Шеър мен томон сурилди
япон уйидаги эшик мисоли
у ёпилди ва очилди
на ташқари, на ичкарига,
у шунчаки секин, сокин сурилди.

Шеър мен томон сурилди
ушбу эшик ортида
япон уйидаги аёл мисоли
яланғоч, енгил қадамлар билан, оёқ ўлчами 35,5
ва пардозли оёқ бармоқлари билан.

Шеър мен томон сурилди
япон хаттотининг қўли мисоли
севгига йўғрилган хаттот
аёлнинг сиртида, гуруч қоғозидаги мисоли.

Шеър мен томон сурилди
япон татамисидаги эҳтирос каби
ғайриодатий ва жўн одатий.

Шеър мен томон сурилди.

МЕНИНГ ШАҲАРЛАРИМ ҲАҚИДА УЧЧАНОҚЛАР

Роттердам
Биринчи харид - соябон.
Охиргиси - чипта Парижга.
Қолганлари метафораларга қоришди.

Париж
Нимасини таъкидлаш керак?
Бу ерда ҳаммаси мўъжиза.
Ҳатто айшинг ҳам ҳалолинг билан.

Лион
Эрта туришга эриндим жуда.
У ёнга ўгирилиб, яна ухладим.
Ва шаҳарни кўра олмадим.

Бухарест
Европача кийинган маданийлашган лўлилар
кафеда ўтириб ҳаёт ҳақида суҳбатлашмоқда.
Сайёҳлар каби ва юртдошлари каби ўлканинг.

Истанбул
Йўлакларни қандай ғайрат билан ювишар.
Бу ерда кир ҳам ҳайратангиз порлоқ
қолган ҳамма нарса мисоли.

Боку
Оловнинг тиллари...
Очиқ кафеда чой ичамиз
ва Ер нақадар гўзал ёнмоқда.

Алупка
Барчага Айвазовский тошини кўрсатишни яхши кўрардим.
Кечаси хонамга қайтмоғим учун деразадан чиқдим ташқари.
Ва ҳовузда, оққушлар билан бирга, ГКЧП ағдарилганини қайд этдим.

Киев
Фақат бу шаҳар
уччаноққа мосланмас сира.
Ёки қандайдир йўл билан мослаганмидим?

Москва
Шоирга ўхшамас, жуда ёш!
- деди миршаб ва мен Пушкинни эсладим
қачондир ўлган менинг ёшимда.

Тула
Кремлда ўтирдим ва менга ҳикоялар айтди бир аёл.
Кўча бўйлаб юрдим, шамол юзимга урар бетиним.
Шаҳар номи барча хотиралардан гўзал.

Тифлис
Доим қийналаман
тушунолмайман.
Меҳмонларга нимани кўрсатиш мумкин?

Батуми
Ва бугун
бу шаҳарни кезмоқ истайман.
Онамнинг қўлидан тутганча.

Вилнюс
Талабалар уйининг боғчасида типратикан.
Бизда пул йўқ ва уни сотишга қарор қилдик.
Аммо энг яқин ҳайвонот боғи фақат Каунасда эди. 
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder