15.05.2020

Китобингизни ўқидим...



ЗАРЧОДИР ОСТИДАГИ МУСАҲҲАР ДУНЁ

...баъзи китоблар шунчаки ўқилмайди.
Тасаввуф вакиллари лисонида “илми авом” деган иборани учратамиз. Содда қилиб айтганда – оддий халқ учун белгиланган илм ва амаллар мажмуасини тушунамиз. Ижодкор халқи ҳам шундай бўлса керак. Ўз даражотидан туриб, истаса “авом”, истаса “сараланганлар” учун ижод қилади. Ва бунда илоҳий хислат эгаларини айбдор қилиб бўлмас. Чунки, “кўнгилга солганини” қоғозга туширади.
Маъруфжон Йўлдошевнинг ҳикояларида ҳам бир қарашда оддий одам учун ёзилмаган сатр, жумла, фикр, хаёлот ҳосиласи бўлган воқеъликларнинг гувоҳи бўласиз. Уларни англаш учун баъзан сатрга, баъзан воқеъликнинг ўзига такрор-такрор қайтасиз. Ёзувчи ҳақиқатини баъзан англаб, баъзан ақлингиз қуроллари ила титкилайсиз. “Нима демоқчи У?”- деган савол, қизиқувчан хаёлингизга тинчлик бермайди. Ҳар сафар у айтган фикрни англагач ёки топганингизда унинг фикр даҳосига таҳсин ўқиб, уни англаган ақлингиздан шукрона ҳиссини туясиз.
Аммо Маъруфжон Йўлдошевнинг ҳикояларини ўқиган одам учун бунинг ўзи етарли эмас. Яъни, ақл кўзи билан англашнинг ўзи унинг ҳикояларини анчайин қашшоқ қилиб қўярди. Қачонки қалб кўзи билан ҳис этишни бошласангиз, ҲАЁТ аталмиш неъматнинг бор гўзаллиги, нафосати, ранжи-ю, ундан кейин келувчи ҳузурини туясиз. Бу гўёки мўъминнинг намоздаги хузуъ ва хушуъ ҳолатидан ҳосил бўладиган ҳис оқимига ўхшайди, назаримда. Намозда бу ҳисларни туйиш учун “гуноҳ” аталмиш барча туйғулардан озод бўлиш талаб қилинади. Маъруфжон Йўлдошевнинг ҳикояларидаги алқанган, унинг соф, гоҳ болалик, гоҳ она меҳри туйғуларидек азиз, гоҳ Ватан кенгликлари, рангларидек гўзал туйғуларни англаш учун унинг ҳар бир сатри, жумла, фикр, хаёлот ҳосиласига унинг ўзидек пок, илоҳий даражадаги соф туйғулар билан ёндашиш, китобини қўлга олиш, ўқиш ва уқиш керак бўлади.
Ҳар сафар болалигидан, болалик хотираларидан чиқариб ташлашни истагани – Мамдуҳ... Оддий иссиқ ўлчагич (градусник) билан қилинадиган “болалар найрангни” эплай олмаган – содда Мамдуҳ. Аркон сувда чўкиб кетишига бир баҳя қолганда Яратганнинг қўли-ю, Ўзи бўлиб келган Мамдуҳ, ҳамма “олмончи” бўлишга интилганда қўлидан китоб тушмай, шаҳарлик бўлиб кетган Мамдуҳ. Юртдошини “сариқ чақага” олмай, сўкишига учраган Турғут Тунчқоя ўғли... ва ниҳоят, болалигидан ҳам, хотираларидан ҳам бутунлай, биринчи бўлиб ўчириб ташлашни истагани..., аммо “ўчириб ташланмайдиган кишисига” айланган капитан ва унинг столидаги қизил, бир эшиги йўқ машина...
Ким билсин, бир қарашда “тўрс” кўринган бу одамнинг умри бино бўлиб олган якка-ю ёлғиз “совғаси”дир, бу машина. Қалбида бурч ва меҳр туйғулари курашган бу одам, бурчни устун қўйиб, меҳрнинг “аъло” даражасига эришди: “Чунки менинг ҳаётимдан, болалигимдан, хотираларимдан ўчириб ташлайдиган кишим йўқ”. Бу катта ҳарфлар билан ёзиладиган “ИНСОН” деб аталадиган зотга берилган энг юксак баҳо. Зеро инсон ҳаётининг мазмуни ҳам – шу!
Маъруфжон Йўлдошев – худди халқ достони каби – синкретик ҳодиса. Унда илм ҳам, шоирлик ва бахшилик ҳам, сатрларни дур каби сўзлар инжусидан терувчи носир ҳам, хаёлот оғушидаги ҳисларнинг рационал мағзини излаб, унинг кўйида “девона”га айланган Ориф ҳам – Ўзи. Баъзан игна, баъзан сомон ё тупроқ, баъзан қум ё саҳродаги Тенере, роҳиб Баҳиро ҳам, туяларнинг изи ҳам – У. Баъзан, “шоир ёки ёзувчи бу дунёнинг кишиси эмас!”-деган фикрга минг марталаб таҳсин ўқигинг, иймон келтиргинг келади.
Хотира аталмиш ноёб хилқат – Маъруфжон Йўлдошев ғояларининг ўзига хос теран илдизи. Туркий қавмга даҳлдорлик ҳисси уни доимо ибтидога чорлайди. Бугунги андишасиз, бевафо, инсон қалби ва фикрини қул, манқурт қилишга шайланган дунёдан бир лаҳзага бўлсин воз кечиб, ҳурлик туйғуларини туйишга чорлайди уни – мозий.
Бу ҳурликни Кунтуғди ва Ойжамол аравада ётиб ўтказган биринчи туннинг юлдузларга тўла кенг самосидан, турли ўт-ўланлар ва ер тафтига тўйган дала-дашт шабодасидан топасиз. Ҳурлик ва бахт нелигини энди англаганингизда эса Ойжамолини йўқотиб, эвазига фарзанд неъмати билан сийланган Кунтуғдидек – бир кам дунёнинг синовига рўбарў бўласиз. Ва шу қарама-қаршилик, синов туфайли хаёлот оламидан рўёга, ҳаётга қайтасиз. Аммо ҳаётдан тўйган, ранжиган, безиган, энг муҳими, қўл силтаган Одам бўлиб эмас... Ҳаёт завқига тўлган, шу юрт, тупроқ, майса-ю осмонга меҳр қўйган, энг асосийси, Ойжамолдек чин муҳаббат соҳибалари ёниқгул бўлиб қайтишига умид боғлаган Инсон бўлиб, бу дунёга қайтасиз. Шоирнинг, ёзувчининг кўзга кўринмас, аммо қалб илғайдиган хизмати шу бўлса керак.
Тоиржон Ҳайдаров
филология фанлари номзоди, доцент







Ш.Рамазанова ва Г.Арипова фотосуратларидан фойдаланилди.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder