21.05.2020

Китобингизни ўқидим...


СОҒИНЧНИНГ МАЪЮС СУКУНАТИ

Маъруфжон Йўлдошевнинг "Зарчодир остида" ҳикоялар тўплами хусусида

“Мен бу ердаман демаганим учун оёқлар остида топталавердим… Мен бу ердаман демаганим учун кечир, Робия”. (“Руҳий парвоз” ҳикоясидан)

Инсон борлигини нафақат ўзига, балки ўзгаларга ҳам исботлаб яшашга мажбур. Бу балки бахтли бўлишнинг шартидир. Борлигингни исботлаб яшаш ҳар доим катта руҳий қувватни талаб қилади. Инсон умрининг ҳар бир босқичида бундай кучли бўлишга қодир эмас. Мана шу қодирмаслик ортидан келган йўқотганларинг соғинчи эса бир умр таъқиб этади.

“Руҳий парвоз”даги соғинч менга қачондир Онеттининг “Соҳил бўйлаб чопаётган Эсберг” ҳикояси баҳона ҳис қилганларимни қайта бошдан кечиришга мажбур қилди. “Руҳий парвоз”да соғинч ҳисси кенг ва ёрқин таҳлил қилинган.

Соғинаётган одам бу дунёнинг шовқинидан маълум муддатга чекинган одамдир. У ҳаёт шиддати эмас, ўз юрагининг темпига мос яшай бошлайди. Ҳикоядаги ҳам ҳисда (қаҳрамоннинг онасини, болалигини соғиниши), ҳам тафаккурда (Тенере дарахти, монастр роҳиби) акс этган соғинч дилниям, ақлниям бирдек ўзига ишонтиради. Ҳикояда соғинч асосий мавзу сифатида тасвирланса-да, у орқали урғу берилган бошқа бир маъно мавжуд. Қаҳрамон ул маънони соғинаётган пайтда, соғинч туфайли англаб етади. “Ҳамма нарса мен эдим” дейди у, саҳродаги ёлғиз дарахт ҳам, саҳро ҳам, аёл қидирган игна ҳам. У айни шулардан қувват олиб яшаяпти ботқоқдаги нилуфар каби. (Дарвоқе, ҳикояга муаллиф  “Ботқоқ бўлмаса, нилуфар ҳам бўлмайди” деган тагсўзни бежиз танламаган.) Тенере дарахтидек аждодлари танидан ўсиб чиққан. Танидан ўсиб чиқди дегани, бу ўшаларнинг қувватини сўриб, уларнинг борлиғи маҳв бўлиши эвазига ҳаёт суряпти демакдир! Унга нима қувват бераётган, нимадан ўсиб чиққан бўлса, у улардир.

Ҳикояда доктор тилидан соғинаётган одамнинг “мунтазам илгарилаши ва мукаммаллашишга иштиёқи камайиб боради” дейилади. Албатта, соғинаётган одам ўз ичига, тубига чўкади. Тенере дарахти илдизлари каби 40 метрлик чуқурга ботган илдизларини кўради. Ҳикоя қаҳрамони соғинаётган ўтмишини фақат шахсий ўтмиш сифатида эмас, аждодлар хотирасининг, қувватининг, инсоният ўтмишининг англами сифатида қабул этмоқ керак.

Одам аксар ҳолларда соғинаётганини англамаслиги бор гап. Йиллар давомида соғиниб яшаётган қалб ҳам маъюслашиб, ҳам қаттиқлашиб боради. Қондирилмаган соғинч оғир дард, қалбнинг яланглашиши, ялонғочлашишидир. Соғинч шундай ичкаридаки, ҳар кун ҳар кунги одатий ҳаётни яшашга халақит бермайди. Соғинч бир касаллик. Одам соғинч касаллик эканини тан олмай охирги бардоши тугагунча одатий турмуши билан куймаланиб юраверади. Одатий кунларнинг бирида йиқилади. Соғинчдан йиқилган одамнинг қайтиб туриши осон эмас. Ўзи сезмаган соғинч бутун қувватини ичдан шимиб олади, ичдан сўради. Ҳикоя қаҳрамонининг тан ва руҳи бетоблиги ҳолати ҳам айни шу жараёнга исбот.

Ҳикояда докторнинг соғинч ҳақида совуқ ақлга таяниб айтган гаплари ҳам ҳақиқатлигини сезиб турасиз.  Аммо ҳиссиёт ақлнинг бу совуқ хулосаларини тан олмайди. Ахир соғинч ақлдан ташқаридаги, ҳис қилинадиган, ҳикояда айтилганидек “ложувард” борлиқ.

Ҳикояларнинг бирида қабр қора уй деб, лолақизғалдоқ ёниқгул деб аталиши ортида катта ҳолатлар яширин, менимча. Ҳолатни таърифлаш мумкин, лекин уни номлаш бу ҳолатни авайлай оладиган дили, диди нозик одамнинг қўлидан келади. “Ойжамол қора уйига кирди.” Шу қора уйнинг орқасида қанча эзгин, тушкун, маҳзун ва тилсимли ҳолат бор. Шу қора уй ичида қанча ҳузун ва асрор борлигига ишора бу.

Ёхуд “Ёниқгул” зариф бир майса аталишининг ўзидаёқ гулнинг ниҳоятда нозиклигини, титроғини туя оласиз. Тилда талаффуз қилар экансиз, титроғи тасаввурда жонланади. Унинг дардмандлиги, дарддан бағри ёнгани кейинги масала. Баъзи гуллар, умуман, табиатдаги барча нарса дардга дош беравериб кучга тўлади, кучлига айланади. Кучли бўлган сари дағал ва қўпол бўлиб боради. Асли яшаш учун курашнинг қоидаси шу дардга дош бериш. Нозиклик яшаш учун курашда яхши хусусият саналмайди. Нозиклар ё дағаллашиб тирик қолади ё жуда эрта нобуд бўлади. Ёниқгул шу иккинчи тоифадан, ниҳоятда нозик гул. Дардлари майин, уч кун яшаб-яшамай шамолда соврилиб кетган ёниқ барг гулбарглариям жуда майин.

“Ёниқгул” деган сўз тасаввуримга шунча ҳолатни етаклаб келди. Биз кўниккан “лолақизғалдоқ”да эса қандайдир эркалашга, гулларнинг бири тури эканига урғу бор. “Ёниқгул”да эса назокат, дардмандлик, инжалик мужассам. (“Зарчодир остида”даги ҳикоялар қатида бутун бир ҳолат яшаган сўзларни кўп учратдим, масалан, “ёлғоншом” каби.)

Қишлоқ мен учун ҳикояси ярим қолган одамлар яшайдиган макон. Ҳар куни ўнлаб, юзлаб одам ҳикоясининг давомини қидириб гавжум шаҳарларга кетиб боради деб ўйлардим.” (“Авлиё тут омонми?”)

Қишлоқ хотиралари, соғинчи бу китобнинг асосий мотиви ўлароқ, у бугун шаҳарликка айланган киши кўзқарашидан баён этилади. Қишлоқда замон ва макон ҳолати жуда кенг ва ҳар бир одам ҳикояси мана шу кенгликдаги сокинликка ўралган. Биз ўз ҳикоямизнинг сокин маромига тоқат қилолмай, кўнгилдаги маънога бўлган бетийиқ иштиёқни тезроқ қондириш учун шаҳарларга отиламиз. Шаҳарда ҳаёт мароми тезлашиши мумкин бу албатта макон ва замон торайиши эвазига содир бўлади (охир оқибат бу тор ва тангликдан ҳам зада бўламиз). Шу маром қанча тезлашмасин, барибир қидирганини ўз ҳикоясининг қизғин давомини топмаганига ичида иқрор бўлиб бораверади. Қизиқ томони эса, шу ҳикоянинг сокинлигу шиддатига тоқат қилишни ўрганади одам. (Шу маънода шаҳар инсонларнинг Ўрганишга бўлган тийиқсиз эҳтиёжини қондиради, тўғрироғи бостиради.) Тоқатга ўрганар экан, тобора сукунатни қўмсаб бораверади. Ахир қидирганингни тополмаган, эҳтимол тополмаслигингни ҳам тан олган заминда Яшашга тоқат қилиш осонми? Аччиқ, аламли, гоҳ шукрона ва сабрга қоришиқ бўлса-да ҳаёт маъноси ҳақидаги ўйлар тоқатга тиргак бўлиши, кўнгилни кенгайтиши мумкин. Бундай ўйлар эса бир тилсим каби фақат ва фақат сукунат бағрида кўз очади. “Сукунатсиз руҳ асл аъмолини англолмай, бадан отлиқ қафасда сиқилиб қолади. (“Зарчодир остида”дан) Асрорлар тезроқ юзидан ўз пардасини оладиган жимжит тун, қари дарахт япроқларининг тўкилиши, деразадан қараб турган одам бировни кўриб бошқа бир одамни эслаб кетиши, қўмсаши умуман, буларнинг барчасида сукунат бор. Хотирлашнинг, соғинишнинг ўзи ҳам сукунат эмасми?

Хотиралари қишлоқ билан боғлиқ бўлган одам учун бу сукунатнинг маҳобати янада улкан. Сокинлик билан ўралган ҳаётни қўмсаш, эслаш осонмас, қай ёшда бўлмасин сокинликка охиригача дош бериши мушкул бунга. Мана шу сукунат ва хотиралар ичра аҳамиятсиздек кўринган ва аллақачон ўтмиш бўлган воқеалардан инсон ҳаётининг катта моҳияти чиқиб келаверади.

Дунёга машҳур америкалик ёзувчи Томас Вульф бутун ижоди давомида деярли фақат уй мавзусида асарлар ёзган. Ғалати тамойил. Туғилган уйида 20-21 ёшигача яшайдию, кейин маъно қидириб олисларда юрар экан, тобора қуввати ва ҳисларини Уйни англашга сарф этиб бораверади аксар одамлар. Ҳаёт билан юзма-юз қолган сари уни соғинч қамрайди. Йўқ, бу зўрма-зўраки бурч ёки виждон қийноғидан туғилган ҳис эмас, бу бир эҳтиёж каби табиий пайдо бўлади. Уйни англаш, Уйни соғиниш олисларда кўнгилни юмшатадиган ягона ҳис бўлиб қолади. Нега ҳаёт маъноси ҳақида ўйлаган сайин одам Уйни англашга эҳтиёж туяди. Балки асл маъноларнинг бири Уйдадир…

Китобдаги соғинаётган, қўмсаётган қаҳрамонлар қиёфасида дераза олдида туриб сукунат ичра ҳаёт маъноси ҳақида ўйлаётган одам хаёлимга қалқади дафъатан.

“Зарчодир остида”даги ҳикояларда соғинчнинг маъюс сукунати таралиб турибди. Тўғри, кўп ўринларда бу сукунат лирик оҳангларда жаранглайди. Шу сабаб руҳни зўриқтирмайди. Қаҳрамонлар соғинар экан, муаллиф бу соғинчнинг номини топиб ёза олади. Сиз қаҳрамоннинг қандай соғинаётганини ҳис қиласиз. Қаҳрамоннинг ҳис қилаётган соғинчи тиниқ тасвирларда англатилади. Қаламкаш, наинки қаламкаш, ҳар бир инсон учун шунинг ўзи катта бахт. Зеро, “Бутун умр ўзинг кўрган, аммо нима эканини англолмай, англатолмай яшашнинг даҳшати” (“Яшилмиди, сариқмиди?) ачинарли, аянчлидир.
Тилланисо ЭШБОЕВА






Ш.Рамазанова ва Г.Арипова фотосуратларидан фойдаланилди.

1 yorum:

  1. “Бутун умр ўзинг кўрган, аммо нима эканини англолмай, англатолмай яшашнинг даҳшати” (“Яшилмиди, сариқмиди?”) ачинарли, аянчлидир”.
    “Zarchodir ostida” gi zargarona bitiklar...

    YanıtlaSil