24.03.2015

Бадиий асар тилини ўрганиш муаммолари

Бадиий асар тилини ўрганиш муаммолари

Аввало таъкидлаш керакки, бадиий асар тилини ўрганишда кенг тарқалган икки асосий йўналишни кузатиш мумкин. Бу икки йўналишни Х. Дониёров ва С. Мирзаевлар "Сўз санъати"деб номланган китобларида қуйидагича таърифлаганлар: «Тилдаги ўсиш-ўзгаришларни ўрганишни ўз олдига вазифа қилиб қўядиган аспект - лингвистик аспект, ёзувчининг умумхалқ тилига бўлган муносабати, тил бойликларидан фойдаланиши, ёзувчи маҳорати, стили ҳақида хулоса чиқарувчи аспект - стилистик аспект». Тилнинг муайян тарихий даврдаги ҳолати, айни ҳолатга хос бўлган хусусиятлар, лексик, фонетик ва грамматик ўзгачаликлар, тилнинг ҳозирги ҳолати билан умумий ва фарқли жиҳатларни илмий тадқиқ этиш мақсадида ўша даврга оид адабий-бадиий асарларнинг тили ўрганилиши мумкин. Бунда бадиий асарлар, ёзма ёдгорликлар тили айни мақсаддаги тадқиқот учун фақат материал бўлиб хизмат қилади. Тил тарихини тасвирлаш ва тадқиқ этишда бу йўл энг қадимги ва мустаҳкам лингвистик анъана сифатида яшаб келмоқда. Ўзбек тилшунослигида бу йўналишда жуда кўп тадқиқотлар яратилган. Ана шундай  бир  қатор  ишлар  орасида  таниқли  тилшунос олимлар А. Рустамов, Қ.Абдураҳмонов, Ф. Абдуллаев, Х. Дониёров, Б. Бафоев, С. Аширбоев, Ф. Исҳоқов, Б. Турдиалиев, М. Раҳматуллаева, Т.Жумаев ва бошқаларнинг кўплаб ишларини кўрсатиш мумкин.Бундай йўналишдаги ишларни туркийшуносликда ҳам анча-мунча борлигини таъкидламоқ керак. Масалан, таниқли туркийшунос олим Э. Р. Тенишев ана шундай асарларидан бирида ўз мақсадини қуйидагича ифода этган: «Мақолада XVIII аср туркман шоирлари Давлатмуҳаммад Озодий ва Махтумқули Фироқийнинг шеърий асарлари тили лингвопоэтика ёки индивидуал услуб жиҳатидан эмас, балки бу услубнинг адабий тилга алоқасини тавсиф этадиган хусусиятларнинг жами нуқтаи назаридан ўрганилган» (Тенишев Э. Р. Язык произведений Довлатмухаммеда Азади и Махтумкули Фраги // Сущность, развитие и функции языка. - Москва: Наука, 1987, 196-бет).Бадиий асар тилини «стилистик аспект»да ўрганишнинг асосий мақсади эса бундан фарқ қилади, албатта. Бу ўринда масала тилнинг турли вазифаларга эгалигига бориб тақалади. Ўз илмий ижодининг асосий қисмини бадиий асар тилини ўрганишга бағишлаган Г.О.Винокур тилшуносликда анча эскидан тилнинг коммуникатив ва экспрессив вазифалари фарқлана бошлаганини таъкидлар экан, фикрининг далили сифатида олмон тилшуноси фон дер Габеленцнинг 1891 йилда нашр этилган китобидаги қуйидаги қарашини келтиради: «Тил фикрнинг бўлакларга бўлинган ҳолдаги ифодаси, фикр эса тушунчаларнинг боғланишидир. Лекин инсон тили фақат боғланаётган тушунчалар ва уларнинг мантиқий муносабатларинигина эмас, балки сўзловчининг ўз фикрига муносабатини ҳам ифодалашни истайди; мен фақат ниманидир айтишнигина эмас, балки ўзимни ҳам ифодалашни хоҳлайман ва шу тарзда мантиқий омилга уни ҳар жиҳатдан тўйинтирган ҳолда психологик омил қўшилади» (Винокур Г.О. О языке художественной литературы. М. 1991.с.35).Тилшуносликка оид замонавий адабиётларда тилнинг, асосан, тўрт-беш вазифаси қайд этилади. Масалан, В. А. Аврорин тилнинг коммуникатив (алоқа қуроли, воситаси), экспрессив (фикрларни ифодалаш), конструктив (фикрларни шакллантириш), аккумулятив (ижтимоий тажриба ва билимларни тўплаш, сақлаш) вазифаларини фарқлаш лозимлигини таъкидлайди.Бадиий асар тили тадқиқига бағишланган ишларда тилнинг айни «экспрессив вазифаси» атамаси билан бир қаторда «тилнинг поэтик вазифаси», «тилнинг бадиий вазифаси», «тилнинг эстетик вазифаси» каби атамалар ҳам қўлланади. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, «тилнинг эстетик вазифаси» атамаси филологик адабиётларда нисбатан кўп ишлатилади. Бундай бўлиши ҳам табиий, чунки эстетик вазифа тушунчаси экспрессивлик, бадиийлик, поэтиклик каби бир қатор тушунчаларни ҳам ўз ичига олган ҳолда уларни умумлаштира олади. Бошқача қилиб айтганда, мазкур тушунчаларга қараганда эстетик вазифа тушунчасининг ҳамрови анчайин кенг.Бу ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, дунё тилшунослиги тарихида айрим олимлар тилнинг эстетик вазифасини керагидан ортиқ абсолютлаштириб талқин этган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, итальян файласуфи ва сиёсат арбоби Бенедетто Кроче 1902 йилда нашр эттирган, 1920 йилда рус тилида босилиб  чиққан «Эстетика как наука о выражении и как общая лингвистика» номли китобида тилшуносликни эстетика билан айнан тенглаштирган. Б. Кроче ғояларини давом эттирган немис филологи Карл Фосслер эса сўз ва гапнинг эстетик бўёғи бетакрорлигига ва айни шу бўёқнинг тилда етакчи вазифани бажаришига ишонган. Албатта, тил вазифалари орасида эстетик вазифани асосий, етакчи вазифа деб қараш, яъни тилни тамомила эстетик моҳият сифатида талқин этиш тўғри эмас. Аммо бу олимларни ана шундай мутлақ фикрга олиб келган нарса тилдаги эстетик вазифа ҳам ўзини ҳар қадамда, айниқса, бадиий матнда намоён этиб туриши билан боғлиқ эканлиги тайин.Прага лингвистик тўгараги аъзолари томонидан тилни вазифаларига кўра фарқлаш концепцияси ишлаб чиқилган. «Прага лингвистик тўгараги тезислари»да биринчи марта тил вазифалари билан уларнинг реаллашиш шакллари ўртасидаги алоқа ҳақидаги қоидалар аниқ таърифлаб берилган. «Тезислар» муаллифлари мана бундай деб ёзганлар: «Тилни ўрганиш ҳар бир хусусий ҳолатда тилнинг вазифалари ва бу вазифаларнинг реаллашиш шаклларининг хилма-хиллигини қатъий тарзда ҳисобга олишни тақозо этади. Акс ҳолда ҳар қандай тилнинг, хоҳ синхрон, хоҳ диахрон бўлсин, тавсифи муқаррар равишда янглиш ва маълум даражада сохта бўлиб қолаверади». Бу фикр шу жойда яна қуйидагича давом эттирилган: «Нутқий фаолият ижтимоий роль бажарар экан, у ғайрилисоний борлиқ билан алоқасига кўра фарқланади. Бунда нутқий фаолият ё алоқа-аралашув вазифасига эга бўлади, яъни ифодаланмишга йўналтирилган бўлади, ёки поэтик вазифага эга бўлади, яъни белгининг ўзига йўналтирилган бўлади».Табиийки, тил ўзининг ҳар бир вазифасини ўзига хос бир шаклларда ифода этади, шунинг учун ҳам, «Тезислар» муаллифлари таъкидлаганларидек, тил тавсифида ана шу реаллашиш, ифодаланиш шаклларини ҳисобга олиш шарт. Аммо тилнинг у ёки бу вазифаси бир-биридан мутлақо ажратилган, тамомила  мустақил ҳолда реаллашади  дейиш унчалик ҳам тўғри бўлмайди.Зотан, коммуникатив (алоқа-аралашув) вазифа тилнинг вазифалари орасида энг марказий, етакчи вазифа эканлигини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.Албатта, ҳар қандай бадиий асарда тилнинг коммуникатив вазифаси ҳам реаллашади, аммо эстетик вазифа биринчи планда туради, етакчилик қилади. Шунинг учун ҳам лингвистик адабиётларда бу ҳолатга мана бу тарзда алоҳида урғу берилади: «Бадиий матн ҳар қандай нобадиий матндан фарқли ўлароқ алоҳида вазифани - коммуникатив вазифа билан мураккаб ўзаро алоқадорликда намоён бўлувчи ва матннинг ўзига хос қурилишида ҳал қилувчи омил ҳисобланувчи эстетик вазифани бажаради» (Гореликова М.И., Магомедова Д.М. Лингвистический анализ художественного текста. М.:Русский язык, 1989, с.5)Бу ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, тилнинг бу ўзига хос эстетик вазифаси намоён бўладиган соҳа фақат бадиий асар матнидир, ундан бошқа бирон бир нутқ кўринишида тил ўзининг бу вазифасини реаллаштира олмайди деб қараш ҳам асосли эмас. Бу маънода тилшунос Д. Н. Шмелевнинг мана бу фикрлари диққатга сазовор: «Тилнинг бу вазифаси (эстетик вазифаси) фақат бадиий асардагина намоён бўлмайди. Бизнинг диққатимиз жумланинг шаклига, фикр қай тарзда ифодаланганлигига қаратилган ҳар онда биз айнан шу вазифанинг ҳаракати доирасига кирамиз» (Шмелев Д.Н. Русский язык в его функциональных разновидностях. М. Наука,1977,с.35)Олимнинг алоҳида таъкидлашича, сўзловчи ўз нутқининг ташқи шаклига эътибор бера бошлаши, лисоний ифода имкониятларини баҳолашга ўтиши билан тилнинг эстетик вазифаси ўзининг бошланғич кўринишида намоён бўлади, яъни сўзловчи нимани ифодалашнигина эмас, балки айни шу «нима»ни қандай ифодалашни ҳам муҳим деб ҳисоблашидан бошлабоқ тилнинг бу вазифаси ишга тушади. Жонли сўзлашув, кундалик мулоқот жараёнидаги кўпдан-кўп ўткир ҳазиллар, латифанамо кулгилар, чуқур маъноли сўз ўйинлари, кимларгадир тақлид қилишлар ва ҳоказо ҳолатларда ҳам тил белгиси, унинг бадиий-ифода  имкониятларига ўз-ўзидан диққат қилинадики, бунда тилнинг эстетик вазифаси яққол намоён бўлади. Бу муносабат билан Д. Н. Шмелев қуйидагиларни ёзади: «Тилнинг эстетик вазифаси, албатта, сўзлашув нутқида ҳам доимий равишда намоён бўлади. Лекин барибир бу вазифани сўзлашув нутқида етакчи деб бўлмайди, бадиий матнларда эса тил ҳамиша айни шу алоҳида вазифаси билан иштирок этади (бу вазифа, албатта, тилга, унинг барча кўринишларига ҳамиша хос бўлган коммуникатив вазифасини чекламайди, балки уни ўзига хос бир шаклда трансформация қилади)».Демак, тилнинг эстетик вазифаси  бутун ўзига хослиги ва мураккаблиги билан, албатта, коммуникатив вазифани ҳам трансформация қилган, бадиият манфаатларига тўласича хизмат қилдирган ҳолда бевосита бадиий нутқда намоён бўлади. Умумхалқ тилидаги барча бирликлар бадиий тилда у ёки бу даражада эстетик қиммат касб этади.Бадиий асар тилини ўрганишдаги иккинчи, яъни «стилистик» йўналиш тилнинг худди шу эстетик вазифасини тадқиқ этишга қаратилган. Айтиш лозимки, тилнинг эстетик  вазифасининг асосий намоён бўлиш ўрни бадиий асар матни экан, бу вазифанинг ўзига хос хусусиятларини фақат тилшунослик ёки фақат адабиётшунослик доирасида ўрганиш қийин. Бунинг учун адабиёт назарияси, адабиёт тарихи, поэтика каби адабиётшунослик йўналишлари ва лингвистик стилистика, тил тарихи, лексикология, семасиология, этимология, грамматика каби тилшунослик йўналишлари бир-бири билан ҳамкорликда иш кўриши лозим. Тилнинг эстетик вазифаси масаласи бу икки йирик фан оралиғидаги мураккаб муаммодир. Ҳатто асримиз бошида бир қатор тилшунос ва адабиётшунослар бу муаммони илмий асосда ўрганадиган алоҳида фан тури шаклланиши лозимлиги ҳақидаги қарашни илгари сурганлар. Масалан, Б. А. Ларин 20-йилларнинг бошларида мана бундай деб ёзган эди: «Эртадир ёки кечдир, менимча, жуда тез орада тил эстетикаси алоҳида фан сифатида тан олинади» (Ларин Б. А. Эстетика слова и язык писателя. - Ленинград: Художественная литература, 1974, с.28)Бадиий асар тилини тилнинг айнан эстетик вазифасининг намоён бўлиши тарзида ўрганувчи соҳани «лингвистик поэтика» - «лингвопоэтика» деб номлаш филология илмида анча турғунлашган. Ана шу маънода бадиий асар тилини «стилистик аспект»да ўрганишни «бадиий асар тилини лингвопоэтик жиҳатдан ўрганиш» тарзида номлаш ва талқин этиш мақсадга мувофиқ.Ўзбек тилшунослигида бадиий асар тили лингвопоэтик нуқтаи назардан тадқиқ этилган ишлар анча-мунча бор. Масалан, бир қатор ишларда Алишер Навоийнинг насрий ва назмий асарларининг тили бадиий маҳорат жиҳатидан ўрганилган, улуғ мутафаккирнинг бадиий услубига хос лисоний воситаларнинг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилинган.Академик Ш. Шоабдураҳмоновнинг бир қатор ишларида ўзбек халқ достонлари, шунингдек, адиблар бадиий асарларининг тили чуқур таҳлил этилган, лексик-семантик, грамматик бирликларнинг конкрет асардаги бадиий-эстетик қиммати очиб берилган.Бадиий тил масаласини айни лингвопоэтик мақсадлар билан ёритиш борасида  Х.Дониёров, С. Мирзаев, Ҳ. Самадов, И. Қўчқортоев, Х. Абдураҳмонов, М. Миртожиев, Н. Маҳмудов ва бошқалар алоҳида диққатга сазовор бир қанча ишларни яратганлар.Ўзбек тилшунослигида кейинги ўн йилликларда муайян бир ижодкорнинг тилдан фойдаланиш маҳорати, ёзувчининг у ёки бу тил сатҳи бирликларини қўллашдаги ўзига хосликларини муфассал кўрсатишга бағишланган жуда кўплаб тадқиқотлар юзага келганлиги қувонарлидир.Айтиш лозимки, бадиий тилни ўрганишда кўпроқ лексик бирликларнинг лингвопоэтикасига кўпроқ эътибор қилинганлиги кўзга ташланади. Масалан, тилшунос Л. Абдуллаеванинг монографиясида ўзбек бадиий адабиёти тилининг лексик стилистикаси муаммолари ёритилган. Э.Қиличев эса ўзнинг "Бадиий тасвирнинг лексик воситалари" (Тошкент, 1982) деб номланган китобида бадиий тасвирда иштирок этадиган лексик воситалар, уларнинг ифода имкониятлари билан боғлиқ масалалар устида тўхталган.Б. Умурқуловнинг «Поэтик нутқ лексикаси» (Тошкент: "Фан",1990) номли монографиясида ҳозирги ўзбек шеърияти тилининг лексик манбалари, поэтик лексика, анъанавий поэтизмлар, сўз вариантлари ва уларнинг эстетик қиммати каби масалалар тадқиқ этилган.Кўриниб турганидай, ўзбек тилшунослигида бадиий асар тилининг лингвопоэтикаси бўйича жуда кўп иш қилинган. Аммо бу йўналишдаги тадқиқотлар доираси нечоғлик катта бўлишига қарамасдан, улар адабиётимиз тарихида алоҳида ўрин тутадиган жиддий асарларнинг барчасини қамраб олган деб бўлмайди. Бунинг устига, мазкур тадқиқотларнинг илмий савиясини ҳам бир хил деб айтиш қийин.Таъкидлаш жоизки, бадиий тил бобида беназир ибрат мактабини яратган Чўлпондай улкан санъаткорнинг асарлари тили ҳозирга қадар лингвопоэтик нуқтаи назардан деярли ўрганилмаган. Тўғри, бу йўлда бир-икки кичик-кичик уринишлар бор. Масалан, Ж. Худойбердиевнинг «Сўз - ўзга, маъни - ўзгадур» (Тошкент,1997) номли китобида Чўлпоннинг сўз танлаш ва сўз қўллаш борасидаги маҳоратининг айрим қирраларигагина тўхталинган. Ёки Д. Неъматованинг "Қисмат ва руҳият уйғунлиги" ("Ўзбекистон адабиёти ва санъати", 1999, №23) номли кичик бир мақоласида Чўлпон шеъриятида сўз масаласи қаламга олинган, аммо унда лингвопоэтикадан кўра адабий таҳлил устунлик қилади.Чўлпон асарлари тилининг лингвопоэтикасини атрофлича ўрганиш ўзбек бадиий нутқи назарияси учун жуда кўп нарса бериши шубҳасиз. Ўзбек тилининг бойлиги ва ундаги лисоний бирликларнинг эстетик кўламини кўрсатишда ҳам Чўлпоннинг бадиий тили бўйича лингвопоэтик хулосаларнинг аҳамияти бениҳоя муҳимдир. Айни пайтда Чўлпон асарлари тилини чуқур тадқиқ этиш ҳозирги ўзбек адабий тилимизнинг шаклланиш тарихини янада аниқроқ тасаввур этиш имкониятини ҳам беради. 

22.03.2015

Фирдавс Файзуллоҳ

Фирдавс Файзуллоҳ 

 Таниқли мусаввир Фирдавс Файзуллоҳ 1963 йилда Тошкентда туғилди. Шоир Сайёр ва Гулчеҳра Жўраеванинг фарзанди. 1970 йилда расм ва мусиқа мактабига ўқишга кирди. Ўрта мактабдан кейин 1983 йилда рассомчилик билим юртида, кейин эса Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олди. У ижодининг дастлабки палласидан янгиликка интилди, тасвирий санъатдаги анъаналарни рад этмаган ҳолда янги шакл ва моҳият излади. Унинг айтишича «Ҳаёт, демак санъат ҳам туғилган шаҳару қишлоғинг билан чекланмаслиги керак». Мусаввир бугунги кунда ижодини Анқарада давом эттирмоқда.
***
Firdevsi Feyzullah 1963'te Taşkent'te doğdu. Şair Gülçehre Corayeve ve Sayyar'ın çocuğudur. Resme olan yeteneği, annesi ve babası tarafından fark edilince, 1970 yılında resim ve müzik ilk ve orta okuluna kaydettirildi. 1983 yılında devlet güzel sanatlar akademisi'ne girdi. Çalışmaları komisyonlar tarafından seçilerek ilk akademi sergisi'ne katıldı. Hayatın ayrıntılarını tuvaline yansıtan Firdevsi Feyzullah, sanatta ülke, sınır, diyar tanımayan sanatçılardan. Tek tutkusu resim olan sanatçı, resim yolculuğunu bakın nasıl anlatıyor: ''yaşam ne kentlerle sınırlı, ne de kentler kendileriyle. büyük kültür birleşmeleri masallara, efsanelere tanıklık eden eski uygarlıkların eteklerine dökülürken, eserleri ile dünyayı tek çatı altında birleştiren sanatçılar da, sanat hanlarının tahta kapılarını açmaya devam ediyorlar." Eserlerinde bale, satranç, yaprak ve benzeri temaları bolca kullanır. Genelde konuları kadın-erkek ilişkileri, güçler savaşı ve doğa olarak gösterilebilir. Resimlerinde perspektif duygusunu zeminde yok ettiğinden, çizdiği figürler havada uçuyormuş gibi görünür. Çizimleri oldukça gerçekçidir. Ressam günümüzde icadını Ankara'da devam ettirmektedir. 


Оллоҳнинг лоласи (ҳикоя)


ОЛЛОҲНИНГ ЛОЛАСИ

(ҳикоя)


Соатни тўғрилашни унутибман. Кеч уйғондим. Дарсларга улгуришим керак. Кийиниб шоша-пиша уйдан чиқдим. Остонада кичик шаффоф пакетга ўроғлиқ эндигина очилай деб турган лолага кўзим тушди. Кимдир эшик олдига қўйиб кетибди.

Бир онда миямдан минг турфа ўй ўтди. Ким қўйди экан буни? Нега қўйди экан? Уйда бўлсам ҳам, наҳот сезмадим?
Лола совуқда титраб, илтижо билан “менда нима айб, уйга олиб кириб қўй, кейин саволларингни беравер” деяётгандек кўринди кўзимга. Бу совуқда сўлиб қолади, шундоқ ҳам совқотибди...

Уни эшикдан ичкарига киритиб, ишга шошилдим. Қўшнининг эшигида ҳам бир дона лола турибди. Қўшни азонда кетиб оёқ тинганда қайтади. То у келгунга қадар бу лолани совуқ уриб кетади. Хаёлимни тўплашга улгурмай кейинги қўшнининг деразасидаги лолага кўзим тушди. Демак, кимдир лола тарқатган. Омина хола уни аллақачон олиб, тувакка ўтқазиб, кунгай токчага қўйишга ҳам улгурибди.
Муюлишдаги масжидга етгунга қадар ҳар эшикнинг олдига бир тупдан лола ташлаб кетилганини кўрдим. Демак, лола муюлишгача тарқатилибди. Кўча бошида аравада мева-чева сотиб ўтирадиган амакининг ёнига яқинлашиб, саломлашдим. Лолани ким тарқатганини сўрадим. Амаки, кулиб деди:

- Лола бува тарқатди. Ҳар йилги одати, қишлоғидан бир арава лола олиб келиб кўчама-кўча тарқатади. Хўп, ажойиб одам-да... Менга ҳам берди, ана, кўр, бир сават лола. Ҳар баҳор шундай қилади. Жаннати одам, бу, жаннати...

- Ҳа, шундайми, бизнинг эшигимиз олдига ҳам ташлаб кетибди. Хайрон бўлдим.

Хайрлашиб, йўлимда давом этдим. Чорраҳадан ўтиб касалхона ҳовлисига кирдим. Бу йўл кестирма йўл бўлгани учун яқин, энг муҳими тинч, машина шовқини йўқ. Йўлакнинг икки ёнига экилган алвон лолаларни кўриб яна Лола буванинг “одати” хаёлимга келди. Қизиқ, нега бундай қилар экан? Ахир бир туп лола бозорда фалон пул бўлса. Қишлоқдан бу ерга олиб келиб тарқатишининг сабаби нима экан? Хуллас, жавобсиз саволлар билан овора бўлиб факультет биносига етиб борганимни ҳам билмай қолдим. 


***


Дарс бошланди. Мустақиллик даври ўзбек шеърияти ҳақида маъруза қилдим. Шоирлар, шеърлар, тасвирлар, шакллар, тимсоллар... Навбат Муҳаммад Юсуфнинг “Лолақизғалдоқ” шеърига келди. Матнни видеотасвирдан эшиттирдим. Машҳур бир актёр ҳазин куй жўрлигида шеърни ўқиди.

Мендан нима қолар: икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб, бир уюм тупроқ.

Одамлар ортимдан нима деса дер,

Мен сени ўйлайман ўзимдан кўпроқ –

Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!

Кўз олдимга яна совуқда титраб турган лола келди. Дарс тугагач хонамга қайтдим. Тушгача чала қолган мақола устида ишладим. Нега бу ерга келиб қолганига ҳайрону лол турган бир туп лола кетмай қолди кўз ўнгимдан. Нима айб қилиб қўйганини англолмай дилдираб турган лола келаверди кўз олдимга. Мақолани давом эттиролмадим. Қаҳва ичиш учун ташқарига чиқдим.

Хонага қайтганимда талабаларим кутиб туришган экан. Уларга бир романни турк тилига таржима қилишни топширганман. Тайёр бўлганларини ўқиб текшираман. Хатоларини кўрсатаман. Биринчи талаба матнни ўқиди. Мен ўзбек тилидаги матн билан қиёслаб боряпман. 

У ажойиб лоладану ғаройиб қушдан кимлардир аллақачонлар хабар берган эдилар. У хабарлар тупроқ орасидаги дур ёки хазон орасидаги қирмизи чечак бўлиб, турли мушоҳада йўлларига ишора қилар, баъзилари ғам ва андуҳ маконлари-ю ишқ-муҳаббат биёбонларига, бошқалари эса жангу жадал майдонларига йўллардилар. Бепоён маъно даштлари қаршимда ястаниб, шу тариқа намоён бўлар эди...”

“Бугун ғалати кун бўлдими-а?!” Бу саволни ичимда, ўзимга ўзим бердим, деб ўйладим. Бироқ талабанинг ажабланиб қараб туришидан бундай эмаслигини англадим. “Ҳеч, эътибор берманг” дедим ва матн ўқишда давом этдик. Асарда қаҳрамон севган қизига тоғнинг энг баланд чўққиларида ўсадиган афсонавий лолани олиб келиш учун йўлга чиққани ҳикоя қилинади. Унга ҳамма ҳайрон қолади, кўплар ҳавас қилади, орзу қилади... Матн охирлади:

Сал нарида шаффоф сувларини чайқатиб Ойдинкўл нозлана-нозлана чайқалади. Учёнғоқ дейилган жойдаги пасту баланд қирлар ва уларнинг ёнбағирлари алвон-алвон лолақизғалдоқлар билан қопланган, улар ёмғирдан кейинги шабадада масъум-масъум тебранишади, гулбаргларида, гулкосаларида жаннат ёмғирларининг томчилари туриб қолган, бу томчилар ажойиб бир жаранг билан ерга – муборак тупроқларга бир-бир тўкилади...”


***


Уйга қайтишда Омина холанинг эшигини тақиллатдим. Хола олдин деразадан қараб мени танигандан кейин эшикни очди. Салом бердим. Узундан узоқ дуо қилди. Мен вақтни бой бермай Лола бува ҳақида сўрадим.

- Ҳа, олдингми, лолани? Ё, Раззоқ, болам. Насиб қилса, элдан келар, елдан келар, селдан келар; насиб қилмаса, элла кетар, елла кетар, селла кетар, буни тилингдан қўйма. Бу авлиёларнинг гапи, дуодай гап. Жуда табаррук лола бу, эҳтиёт қил, ҳўпми! Ёз бўйи очилиб кўнглингни равшан қилади. Мен бозордан олиб эккан лолалар очиладию сўлади. Лола буваники-чи, ёз адо бўгунча очилиб тураверади. Жуда ажойиб гул-да бу лола...

- Нега Лола бува дейишади? Лола тарқатгани учунми?

- Лолага ошиқ бўлгани учун шундай дейишади, болам. Лола Оллоҳнинг, атиргул эса расулининг рамзи, биласан-а буни?

- Ҳа, албатта. Тасввуфта...

- Отам раҳматли айтардилар, абжадда Оллоҳнинг ҳам, ҳилолнинг ҳам, лоланинг ҳам ҳисоби олтмиш олти бўларкан. Учови ҳам бир хил ҳарфлар билан ёзиларкан. Отам раҳматли, маконинг нурга тўлгур, сарой хаттотининг ўғли бўлган. Мана шу ёзувлар отамдан ёдгор қолган. Шу хатни ёзаётганларида тепасида томоша қилиб турганим ҳали-ҳали ёдимда...

Омина хола девордаги хаттотлик санъати намуналарига термулиб хаёлга толди. Мен секин қўзғолиб рухсат сўрадим. Хола дуо қилиб ўрнидан турди. Эшикни очаётиб “Лола бува, бечора анча қариб қолибди. Олдинги шашти қолмабди. Озиб-тўзиб кетибди. Оллоҳ шифо берсин!” деди.

-Ҳа, айтгандай, Лола бува қайси қишлоқдан эди? Сал бўлмаса унутаёзибман.

- Ҳасратқишлоқдан деб эшитганман, болам.

- Ҳа... Майли, хола. Мен борай энди, яхши дам олинг.

Омина хола айтган Ҳасратқишлоқни эшитганман. Измирга яқин тоғ қишлоғи. Мен турган уйнинг эгасига ўша қишлоқда яшайдиган қариндоши сут-қатиқ олиб келарди. Қишлоқ исмини эшитганимдаёқ қизиқиб қолгандим ўша қишлоққа.


***


Уйга келиб бироз дам олдим, кейин уй соҳиби билан гаплашиш учун ташқарига чиқдим. Собир амаки оқшом номозидан энди қайтиб турган экан. Ҳол-аҳвол сўрагандан кейин лола ва Лола бува ҳақида сўз очдим. Собир амаки жилмайиб, ҳа, бечора бир умр ёлғиз ўтди, деди. Бола-чақа ҳам кўрмади. Бир келганида айтиб берганди. Хотини қаттиқ бетоб бўлиб қолган экан. Қаҳратон қиш... “Бир дона лола пиёзидан олиб келинг. Экиб токчага қўяман. Лола касалнинг дардини ўзига оларкан. Ғунчалигидан бошлаб унга қараган одамнинг дардини ўзига оларкану ичига ютаркан. Шундан унинг ичида доғи бўларкан. Ажабмас, менга ҳам шифо бўлса...” деб ялинибди эрига. Қиш эмасми, эр ҳам “ҳозир қаёқдан топаман лоланинг пиёзини, оддий пиёз топиш маҳолку” дебди. Эртасига тоққа ўтин кесгани кетибди. Кўчки бўлиб йўллар тўсилиб қолибди. Икки-уч кун кейин келса хотини бир аҳволда ётган экан. Қўни-қўшни хабар олиб турган экан, лекин касаллиги оғирлашиб бораверибди. Эри келганда илк сўзи “лола топдингизми?” бўлибди. Ўша кеча хотин қазо қилибди. Шу-шу эр ҳам тирик мурдага айланибди. Орадан анча вақт ўтиб, хотинининг қабрига лола экибди. Қишда селлофан билан ўраб қўяркан, лолалар сўлмасин деб. Уйини, ҳовлисини, кўчасини ҳам лолага тўлдирибди. Ортганини қишлоқларга тарқатаркан. Ундан ҳам ортганини шаҳарга олиб келиб кўчама-кўча тарқатиб чиқишни одат қилган. Ҳар баҳор шундай қилади. Масжиднинг ичидаги лолаларни ҳам Лола бува олиб келган. Ҳали кўрдим, анча ўзини олдириб қўйибди. Ҳамма дардини ичига ютганда, Оллоҳнинг лоласи...

Уйга кирдим, овқатланиб китоб ўқий дейман, Лола бува ҳақидаги ҳикоялар хаёлимдан кетмайди. Эртага шанба, уйда ишим ҳам йўқ. Эрталаб Ҳасратқишлоққа бир ўтиб келсамми, деб ўйладим.

Туш кўрибман.

Алвон духоба ёпилгандай ҳар ер лолазор. Қай бирини узай десам бирдан одамга айланиб, фарёд чекаверармиш. Ҳар бири “лола топдингизми?” деб ёлворар эмиш... Шу пайт лолазорга бир девона кириб келибди. Ҳамма лолалар бирдан ҳазонга айланибди. Девона фарёд қилибди. Унинг чинқириғидан олам ларзага келибди... Уйғониб кетдим. Бомдодга азон чақирилаётган экан.


***


Йўлга чиққанимда кун аллақачон тиккага келган эди. Бир соат деганда қишлоққа кириб бордим. Тоғ қишлоғи, нари борса йигирмата хонадон бор. Уйлар ҳам тошдан қурилган бежрим, пастак... Дарвоза олдида ўйнаб ўтирган болалардан Лола буванинг уйини сўрадим. “Икки марта ўнгга қайриласиз” деб йўл кўрсатган бўлди болалар. Биринчи кўчадан бурилиб бироз юрдим. Қаршидаги кўчада тобут кўтариб бораётган оламонни кўрдим. Ўнгга бурилиб очиқ дарвозага яқинлашдим. Ҳовлининг ҳар ери лола, биронта бошқа гул йўқ. Девор ва устунлардаги осма тувакларда, дераза токчаларида, ҳамма-ҳамма жойда лола. Хонадонда бўш жой қолмабди, ҳаммаёқ лола... Қидирган манзилимга етиб келганимни пайқадим. Аммо...

Ортимга қайтиб оламон кетган томонга югурдим. Қабристонга кириб боришаётганда одамларга етиб олдим. Лола бувани қирмизи қизғалдоқлар қоплаган бир қабрнинг ёнига дафн қилишди. Хотинининг қабри эканлигини сезмаслик мумкин эмасди. Фотиҳалар ўқилгач, одамлар қўлидаги лолаларини қабр устига ташлашди. Иккала қабрнинг устида ҳам тўп-тўп лола... Бирисида очилиб ичидаги доғи кўриниб қолган лолалар, иккинчисида ҳали очилиб улгурмаган лолалар...

Одамлар бувани эслаб, алқаб боришарди. “Оллоҳнинг лоласини ҳам эгасига топширдик...”


Уйга қайтиб келдим. Лола бувадан ёдгор лола кўзимга худди ота-онасиз қолган етимдек кўриниб кетди. Уни авайлаб токчага қўйдим, сув қуйдим. Эртаси кун, ёлғиз қолмасин деб, ёнига бошқа лолалар олиб келиб экдим. Кўп ўтмай токчамда қипқизил лолалар очилди. Оллоҳнинг лолалари...

21.03.2015

Чўлпон ва ўзбек адабий тили


ЧЎЛПОН ВА ЎЗБЕК АДАБИЙ ТИЛИ

Абдулҳамид Сулаймонқул ўғли Чўлпон (1897-1938) ўзбек адабиётининг бениҳоя ёрқин сиймоларидан бири сифатида бадиий тил бобида ўзига хос мактаб яратган сўз санъаткоридир. Унинг бадиий тил маҳорати жуда кўп ёзувчилар учун ибрат мактаби бўлганлиги, бундан кейин ҳам бу мактабда бадиий сўз оламига қадам қўядиганларнинг неча-неча авлодлари самарали сабоқ олмоғи шубҳасиз.
Аввало таъкидламоқ жоизки, Чўлпон ўзининг баракали бадиий ижоди билан ўзбек адабий тилининг ривожи ва бойишига жиддий ҳисса қўшган ҳассос адибдир. Унинг шеърий, насрий, драматик, публицистик ва бошқа асарларида ўзбек тилининг гўзаллиги, бойлиги, туганмас ифода имконлари ўзини тўлиқ намоён этган. Бу асарларни ўқиганда, маҳоратли адибнинг ўзбек халқ тили хазинасини нечоғлик тугал эгаллаганлигига, бетакрор сўз ижодкори сифатида бу хазинадаги унсурларни ўз бадиий ниятига нечоғлик мувофиқ тарзда сайлай билганига, тилдаги лисоний воситаларга нақадар сайқалу жило бера олганига, бу бирликлардаги маъно инжаликларидан жуда катта усталик билан фойдалана олганига такрор ва такрор амин бўлмоқ ва ҳайратланмоқ мумкин.
Назм - тил, хусусан,  сўз ўзининг бутун ифода имкониятларини, оҳангу мусиқасини ҳам, маъно товланишию инжаликларини ҳам, турфа муносабату ҳаракатини ҳам намойиш эта оладиган синоатли саҳна. Бу саҳнанинг моҳир меъморлари бизнинг минг йиллик адабиётимизда беҳисоб бўлиб, уларни қадим Мовароуннаҳру Хуросоннинг покиза осмонидаги мангу ярқироқ юлдузларга менгзаш мумкин. Тайинки, бу юлдузлар силсиласида Чўлпоннинг алоҳида ўрни бор. Шеърни «ипакдан кўйлак кийган тил» деб билган Чўлпон назмининг тили ўзига хос шундай бетакрор ва назокатли дунёки, унда ҳар бир сўз мунтазам маъно-мазмун, тиниқ образ, яхлит бадиият учун куюниб яшайди.
Албатта, назмда сўз, оҳанг ва маъно рақси учун имконлар сўнгсиз. Аммо, маълумки, насрда бу имкониятлар назмга нисбатан унчалик катта эмас. Шунга қарамасдан, Чўлпон насрда ҳам айни имкониятларни мукаммал ва мунтазам топа билган, уларни ишга сола олган улкан сўз устасидир.
Чўлпоннинг бутун ижодида «Кеча ва кундуз» романи нафақат ғоявий-бадиий жиҳатдан, балки поэтика ва бадиий тил маҳорати жиҳатидан ҳам алоҳида ўрин тутади. Ёзувчи бу асарини ўз ижодининг сўнгги паллаларида яратган, бу ҳақда турли қарашлар бор, аммо адиб ижодини чуқур тадқиқ этган адабиётшунос Д. Қуроновнинг кўрсатишича, романнинг 1933 йилда тугатилгани ҳақиқатга яқинроқ (Чўлпон ҳаёти ва ижодий мероси. 1997, 52-бет). Шунинг учун ҳам Чўлпон бу пайтгача бўлган даврда турли жанрларда кўплаб асарлар яратиш жараёнида бадиият борасида тўплаган барча тажрибаларидан ушбу романни ёзишда тўла фойдаланган. Бу ҳақда Д. Қуронов мана бундай деб ёзади: «Маълумки, кўп мутахассислар романни ўзида ҳар учала адабий турга хос хусусиятларни уйғунлаштирувчи синтетик жанр деб ҳисоблайдиларки, бу хил қараш жиддий асосга эга. «Кеча ва кундуз» романининг бошларида кузатилувчи сюжет ривожидаги драма сюжетига хос шиддат, қаҳрамонлар руҳиятини очишда кузатилувчи драмага хос усуллардан кенг фойдаланилгани, диалогларнинг юксак маҳорат билан яратилгани фикримизнинг далилидир. Айни пайтда, Чўлпон рус ва Европа адабиётидан таржималар қиларкан, улардан ижодий таъсирлангани, ўргангани табиий. Шу маънода, «Кеча ва кундуз»га Чўлпоннинг шеърият, наср, драматургия, таржима соҳаларидаги изланишларининг маҳсули, уларда эришган ютуқларини ўзида мужассам этган асар деб қарашимиз мумкин».
Ана шу мулоҳазалардан келиб чиқилса, «Кеча ва кундуз» романини Чўлпоннинг бадиий тил маҳорати борасидаги бетакрорлиги, ўзига хослигини кўрсатиб бера оладиган хира тортмас кўзгу дейиш мантиқийдир.
Бадиий асар тилини мутлақо автоном бир тарзда, яъни умумхалқ тилидан тамоман ажратиб олган ҳолда ўрганиб бўлмаслиги табиий.
Маълумки, асримиз бошидаги ўзбек тили ва унинг услубига форсий, арабий, усмонли турк, татар тилларининг таъсири керагидан ортиқ  эди. Бу ҳолат бадиий асарлар, публицистик мақолалар, умуман газеталар тилида ҳам акс этар эди. Бу табиий равишда ҳар қандай адабий-бадиий матннинг тушунилишини қийнлаштирар, уларнинг таъсир кучини сусайтирар эди.
Илғор фикрли зиёлилар бу салбий ҳолатдан қутулиш борасида жиддий саъй-ҳаракат кўрсатганлар. Чўлпон ўзининг «Тилимизнинг ишланиши» номли мақоласида «Бухоро ахбори» газетасининг тилидаги бундай қусур ҳақида таассуф билан мана буларни ёзган: «Локин йўлдошимизнинг («Бухоро ахбори» газетасининг) доим кўзга қадалатурғон битта зўр хатоси бордирки, уни хайрихоҳлик билан айтиб ўтмасак бўлмайдир. Бизнинг кўрсатмак истаганимиз камчилик - тил, шева камчилиги, тўғриси, тилга аҳамият бермаслик хатосидир. Бош сарлавҳа ёнида «... адабий жаридаи туркия» деб ёзилган бу газета, маълумдирким, ўзбек шевасида чиқадир. Бухоро ҳокимиятининг расмий тили ҳам ўзбекчадир. Бухородек форс-эрон таъсирига ортиқ ютулуб кетиб, ўз тилидан ажралиб қолғон бир ўлка учун, у ердаги кўпчилик авом учун тилнинг аҳамияти жуда зўрдир. Ҳолбуки, «Ахбор» йўлдошимизда бу жиҳатга сира диққат этилмайдир ёки этила олмайдир. Унинг ярим татар ва чала-була ўзбек шевасида босилатурғон мақола ва хабарларидан бир неча мисол кўрсатай...».
1905-1917 йилларда Туркистонда босилган вақтли матбуотни чуқур ўрганган Тадқиқотчилар бу тўғрида мана буларни ёзадилар: «Садои Туркистон» кунномаси ва «Оина» ойномаси ўзбек миллий  адабиёти тилининг ривожи ва софлиги учун фаоллик кўрсатди. Бадиий асарлар ёзишда тушунилиши қийин ёт арабий, форсий жумлалардан фойдаланишга қарши чиқди, «адабиётни вужудга келтирадиган энг биринчи қурол она тилидир» деган шиорни кун тартибига қўйди. Шунинг учун ҳам вақтли матбуот бадиий асарларнинг тилига катта аҳамият бериб, ўз ижодида арабча, форсча жумлаларни ҳаддан ташқари зиёд қўллаган ёзувчиларни қаттиқ танқид қилди: «Бас, биз ақл арбобининг бирор нарса ёза бошласа, ибораларни араб ва форсий луғатлари ила тўлдирмаклари илм ва фазлга  асло далолат қилмайдур. Энг фозил ва комил бўлғон инсонлар ўзларининг кўнгилларидаги фазл ва камолни аҳолининг она тилларида сўйлаб тушунтурурлар» («Туркистон вилоятининг газети», 1914, 85-сон).
Айтиш керакки, асримиз бошидаги тил жараёнларининг аҳволи, жонли сўзлашув тили билан босма асарлар тили ўртасидаги муносабат, ёзма адабий тилнинг шаклланиши ва ривожи билан боғлиқ масалалар жуда анча мураккабдир. Ўзбек тилининг софлиги ва соддалиги учун холис илмий мантиқ билан тинимсиз курашган Абдурауф Фитрат 1928 йилдаги тил ва имло қурултойида сўзлаган нутқида мазкур аҳволнинг туб илдизларини, масаланинг моҳиятини атрофлича очиб ерган: «Бошқа турк эллари томонидан чиқорилғон газетлар ва китобларни ўқидик. Усули жадид мактаблари ҳам очдик. Илгарирак босуб газет ҳам чиқардик. Мактаб учун, газет учун тилимиз керак бўлиб қолди. Уни янгидан қайғура бошладик, тушуна бошладик. Бу ишларни қилғонлар - бизнинг очиқ фикрлиларимиз, зиёлиларимиз эдилар. Буларнинг сонлари оз, ишлари кўб эди. Муаллимимиз, адибимиз, шоиримиз, сиёсийимиз, файласуфимиз ҳаммаси шунлар эдилар. Бунлар шунча ишлари билан бирга тил ва адабиётимизни ҳам чуқурроқ, теранроқ текшира олмадилар. Тилимизни тушунар экан, «кеп қопсиз» каби бузуқ сўзлар, ёзувимизни ахтарар экан, ҳалиги мадраса мактубларига учрадилар. Бунлар, албатта, совуқ эди, ярамас эди.
Ҳолбуки, бир ёқдан тили оз-кўп тузалган татар газетлари ҳам ёзилғон китоблари турар эди. Мана шундай кулинч бир ҳолда қолғон бурунги зиёлиларимиз: «тилимиз илмий, адабий бир тил эмас экан», деган кулинч бир қарашга ҳам келдилар.
Мана шунинг билан мактабларимиз, ёзувларимиз усмонлича таъсири остида қолдилар. Тошкентда очилғон курсларда она тили сабоқлари учун берилган соатларнинг кўбраги усмонличага берилди.
Мана шу ишларнинг ҳаммаси тилимизни таҳқир этиш, тилимизга ҳурматсизлик кўрсатиш эди. Бунларнинг ҳаммаси тил-адабиётимизни яхшигина танимасликдан келган эди. Мана шуларнинг ҳаммасига ёғиқмоқ, исён этмак, шуларнинг ҳаммаси билан курашмак учун ёш ва йигит бир куч 18-йилда майдонга келди».
Бу «ёш ва йигит бир куч» ўзбек тили, имлоси, адабиёти, санъати ва маданиятини миллий асосларда ривожлантиришдай улуғ мақсадлар билан Фитрат раҳбарлигида ташкил этилган ва Элбек, Ғози Юнус, Боту, Саидалихўжа, Санжар Сиддиқ, Қаюм Рамазон, Чўлпон, Шорасул Зуннун каби ўз замонасининг илғор зиёлиларини бирлаштирган «Чиғатой гурунги» жамияти эди. Ўзбек адабий тилининг мутлақо соф ва табиий ўзанларда ривож топиши йўлида мактаблар очган, ўзбек тилининг илмий грамматикаларини яратган Фитрат Бойбўлатов деган кимсанинг туҳматона танқидларига қарши ёзган «Ёпишмаган гажаклар» номли очиқ хатида бу жамиятнинг мақсади ҳақида, жумладан, қуйидагиларни таъкидлайди: «...Мактабларда усмонли тили, усмонли адабиёти она тили дарслари ўрнида қабул қилинди. Мана шу ҳаракатга қарши ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида «Чиғатой гурунги» ташкил қилинди. «Чиғатой гурунги» ўзбек миллатчилиги, ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида пантуркист тўдаларга ва шунга берилган ўнг жадидларга қарши курашди».
Фитрат 1919 йилда «Тилимиз» номли мақоласида ўзбек тилининг ўша пайтдаги ҳолатидан бениҳоя ёзғириб, куйиб-ёниб мана бундай деган эди: «Туркча бахтсиздир. Минг йилдан бери эзила келмишдир. Лекин, битмамишдир. Битмас, яшамишдир, яшар. Негаким бойдир. Туркча яшамишдир. Яшар, лекин ўзини араб, форс тиллариндан қутқара олурми, йўқми? Сўзни бу ерга етиргач, бармоғимни яранинг ўзагига босмиш бўлдим». 
Миллий адабиётнинг такомилига, энг аввало, бадиий асар тилини соддалаштириш орқали эришиш мумкин деб ҳисоблаган Чўлпон ҳам Фитрат каби ўзбек адабий тилининг табиий, табиатига мувофиқ тарзда ривожланишини таъминлаш йўлида баракали меҳнат қилди. Умуман, Ғ. Абдураҳмонов алоҳида айтиб ўтганидек, «Адабий тил ва унинг услубини соддалаштириш, сўзлашув тилидаги бой имкониятларни ўрганиб, уларни адабий тилга сингдириш жараёни XX асрнинг биринчи чорагида, айниқса, 20-йилларда кенг кўламда олиб борилди» (Абдулла Қодирий услуби ҳақида // Ўзбек тили ва адабиёти, 1994, 4-5-6-сонлар, 39-бет.). Чўлпон ўз сафдошлари билан бирга кенг оммага тушунарли бўлган ўзбек адабий тилини шакллантириш, бу тилни жонли тилга яқинлаштиришга жиддий ҳисса қўшган. Ўзбек адабий тилининг лексик жиҳатдан бойиши, грамматик жиҳатдан сайқалланиши, мукаммаллашиши, умуман, такомиллашишида Чўлпоннинг хизматлари алоҳида аҳамиятга моликдир. Унинг бу борадаги хизматлари ўз давридаёқ нафақат хайрихоҳлари, балки бешафқат танқидчилари, тўғрироғи, қораловчилари томонидан ҳам иложсиз очиқ эътироф этилган. Масалан, 1927 йилда адибга «Чўлпон йўқсул халқнинг шоири эмас, у миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоиридир» деган тутуруқсиз сиёсий айбни қўйиб турган Олим Шарофиддинов айни шу мақоласининг ўзида  унинг  тилига  қойил қолиб мана бундай ёзган: «Унинг тили содда, ҳар турли фикр-туйғуларни ифода қилишга ярарлик ҳам нуқсонсиздир. Бу кунги ўзбек адабий тили, шубҳасиз, Чўлпон тилидир. Чўлпон бунинг билан тақдир этарлик, мақтарликдир».
Бетакрор сўз устаси Ойбек ҳам ўша йилларда Чўлпон асарлари тили ҳақида мана бу ҳаққоний гапларни ёзган эди: «Бугунги ёш насл унинг содда тилини, тотли услубини, техникасини кўп севади. Ундан кўп гўзалликлар олади» ( Бу ҳақда қаранг: Рўзимуҳаммад Б. Чўлпон - тонг юлдузи демак. - Тошкент: Ўқитувчи, 1997, 23-бет.). Кўринадики, Чўлпон ўзининг бутун насрий ва назмий ижоди, бутун маърифатпарварлик фаолияти билан ҳозирги ўзбек адабий тилимиз мезонларининг шаклланиши ва такомилига самарали ҳисса қўшган улкан адибдир. Бундай ҳиссани қўша билмоқ учун, энг аввало, ижодкор бу тилнинг тарихини, луғавий заҳирасининг асос манбаларини, маъно-мазмунини чуқур эгалламоғи лозим эди. Чўлпон халқнинг табиатини, тарихини, чинакам миллат фидойиси сифатида миллатнинг бош белгиси ҳисобланмиш тилини фақат китоблардан эмас, балки жонажон халқининг ўзидан тиним билмасдан ўрганган эди. Шунинг учун ҳам мутлақо табиий равишда унинг асарларида қадимий ва бой ўзбек тилининг бетакрор салоҳияти, туганмас ифода имкониятлари ўзининг инкишофини топган.
Чўлпоннинг насрий нутқдаги бадиий маҳоратининг чўққиси бўлмиш «Кеча ва кундуз» романи нафақат ёзувчининг эстетик идрокини, балки яхлит ўзбек тилининг эстетик моҳиятини ҳам намоён эта оладиган асардир. Бу роман тилининг лингвопоэтикасини ўрганиш асосида Чўлпоннинг бадиий тил маҳоратини кўрсатиш мумкин, айни пайтда бу гўзал романнинг лингвопоэтик тадқиқи уста сўз санъаткори тасарруфидаги ўзбек тили ўзининг эстетик вазифасини нечоғлик мукаммал бажаришини далиллайди.
Таассуф билан яна такрор айтиш мумкинки, ана шундай гўзал асарнинг тили ҳанузгача ўзбек тилшунослигида тадқиқот объекти бўлган эмас. Аслида Чўлпоннинг қиёссиз истеъдодини росмана идрок этиш, холис баҳолашда унинг ўзига хос тили калит вазифасини бажариши аниқ. Йирик ва жасоратли чўлпоншунос Озод Шарафиддиновнинг мана бу гапида ана шу ҳақиқат дангал ифодаланган: «Чўлпонни англаш уни мақтаб кўкларга кўтариш эмас, уни идеаллаштириш эмас, унинг номига кўчалару санъат кошоналари қўйиш эмас. Чўлпонни англаш - сўз санъатининг ботиний қонуниятларини теран англаш, уларнинг шоир ижодида қандай зуҳур топишини  англашдир» (Шарафиддинов О. Чўлпонни англаш. - Тошкент: Ёзувчи, 1994, 46-бет).
М.Юлдашев. Чўлпон сўзининг сирлари. Тошкент: Маънавият, 2002.

Абдулла Орипов



Бугун Ўзбекистон халқ шоири АБДУЛЛА ОРИПОВ таваллуд топган кун. Қуйида шоирнинг энг янги шеърларидан бирини ҳукмингизга ҳавола қиламиз. Шеърдаги лирик қаҳрамоннинг ўз “мен”и билан қилган суҳбати ўта самимийлиги билан диққатни тортади. Баъзан ўзидан ҳам яширишга уринган ҳақиқатларни тилга келтирган лирик қаҳрамоннинг самимияти таҳсинга сазовор.
Ардоқли шоиримизга узоқ умр, соғлик ва ҳузур-ҳаловат тилаймиз.


Мен узоқ даврлар қароқчи бўлдим,
Шу йўлда тобланди ақл ва юрак.
Ўзимдан ўтганин мен ўзим билдим,
Сен нега қароқчи бўлмоғинг керак?

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,
Нажот деворига тирмашдим узоқ.
Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,
Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,
Айтмаган ёлғоним қолмади бирор.
Сен-чи, ҳийлакорлик қиласан нечун,
Сенга ўтрик айтиш нимага керак?

Дуч келган кимсага қилдим хушомад,
Оёғин яладим мушукдай ҳатто.
Эгилди бир замон тик бўлган қомат,
Бу ҳолни сенга ҳеч кўрмасман раво.

Энди сен боболар шавкатига боқ,
Актёрдек сохтакор шавқларга тўлма.
Мен ҳаёт қўлида бўлдим ўйинчоқ.
Бахтсиз яшаб ўтдим, сен бахтсиз бўлма.


Aşık Veysel




Турк халқ бахшиси ОШИҚ ВАЙСАЛ тахаллуси билан ижод қилган Вайсал Шатирўғли 1894 йилнинг 25 октябрида Туркиянинг Сивас вилоятига қарашли Шарқишла тумунидаги Сивриалан қишлоғида таваллуд топди. Унинг икки опаси чечак касаллиги туфайли оламдан ўтади, Вайсал эса кўр бўлиб қолади. Отаси унга чалғисин дея соз олиб беради. Секи-аста чалишни ўрганган Вайсал дардини куйга солиб ижро эта бошлайди. Мусаҳҳар овози ва таъсирчан сўзлари билан тез орада машҳур бўлиб кетади. Содда ва пурмаъно шеърлари "Айтимлар" (1944), "Созимдан саслар" (1950), "Дўстлар мени хотирласин" (1970) номли китобларида нашр қилинган. Ўлимидан кейин 1984 йилда барча шеърлари бир китоб ҳолида қайт нашр қилинган. 1973 йилнинг 21 мартида вафот этди.
Бахшининг ҳаёти билан боғлиқ бир ҳузунли ҳикоя:
Бу воқеа Анадўлунинг чекка бир қишлоғи бўлмиш Сивриаланда рўй берибди. Сокин тун. Кўкда ой ва юлдузлар ердаги барча воқеалардан хабардордек ҳайратла кузатиб турибди. Аёл режасини бугун амалга оширади. Бу кеча эрини ташлаб хуштори билан қишлоқдан бутунлай қочиб кетади. Ҳаммасини унутади. Эрини... Бу кўлмакдай қишлоқни... Ойни, юлдузларни, хаёлларини... Ҳаммасини унутиб янги ҳаётни бошлайди... Ҳаммаси бу кеча рўй бериши керак...
Эри аллақачон ухлаб бўлган. Хотин эса қулоғини динг қилиб кўча пойлайди. Ниҳоят кутилган овоз эшитилади. Ковушини кийиб олдиндан тайёрланган бўҳчасини олиб чорбоғ томонга йўл олади. Иккови тезлик билан бу ердан узоқлашади. Тонггача қишлоқдан чиқиб олиши керак. Биров кўрса, оқибати ёмон бўлади. Аёл қочиб борар экан ковушининг ичида нимадир оёғига ботаётганини сезибди. Лекин тўхтаб вақт ўтказишни истмай йўлда давом этаверибди. Қишлоқдан эсон-омон чиқиб олишгач ўтириб нафас ростлашибди. Ўша пайт ковушини қўлига олиб оёғига ботган нарсанинг нима эканлигига қизиқибди. Ковушининг патагини кўтарибди. Бир даста пул! Буни кўрган хотин ҳайратга тушибди...
Эр аслида ҳаммасини билар, сезар экан. Бир куни хотинининг уни ташлаб қочишини билган экан. Шунча йил хизматимни қилди, киримни ювди, уйимни тозалади, қўлидан туз тотдим. Мени бахтиёр қилди. Энди мени тарк этса, номардга муҳтож бўлмасин, оёққа туриб олгунча бир корига ярасин дея тўплаган пулини хотинининг ковушига яшириб қўйган экан...
Бу жўмард инсон на бир мактабда ўқиган, на бирор университетни тамомлаган. Ҳатто умри бино бўлиб китоб варақлаб кўрмаган экан. Аммо бугун унинг қўшиқлари миллионлаб инсонларнинг дардига малҳам бўлмоқда. Миллионлаб инсонларга йўлчи юлдуз бўлмоқда.  
Қуйида ўша гўзал табиатли, зийрак ва танти инсоннинг "Узун инжа бир йўлдаман" қўшиғини ҳукмингизга ҳавола қиламан. Шеърларидан намуналарни www.marufjonyuldashev.com web-саҳифамизнинг блог бўлмасидан ўқишингиз мумкин. 


20.03.2015

Bahor sevinchi...


BAHOR BAYRAMINGIZ MUBORAK BO‘LSIN!

Har yil bir keladigan bahor sevinchi yana ko‘ngillarni qitiqlay boshladi. 
Yana tabiatning dildiragan tanlariga iliq qon yugurdi...
Tollarning ko‘m-ko‘k sochpopuklari qizlarning mayda o‘rilgan kokillariday selkillab tushmoqqa boshladi. 
Muz tagida loyqalanib oqqan suvlarning g‘amli yuzlari kuldi, o‘zlari horg‘in-horg‘in oqsalarda, bo‘shalgan qul singari erkinlik nash’asini kemira-kemira ilgari bosadilar. 
Simyog‘ochlarning uchlarida yakka-yakka qushlar ko‘rina boshladi. 
Birinchi ko‘ringan ko‘klam qushi birinchi yorilgan bodroq nash’asini beradi.
Bultur ekilib, ko‘p qoshlarni qoraytirgan o‘sma ildizidan yana bosh ko‘tarib chiqdi... 
Muloyim qo‘llarda ivib, suvga aylangandan keyin go‘zal ko‘zlarning supasida yonboshlashni muncha yaxshi ko‘rar ekan bu ko‘kat! 
Erkaklarning gullik do‘ppisiga tegmay, yalang ayollar bilan, ularning sochlari, gajaklari va ro‘mol popuklari bilan hazillashib o‘ynagan salqin shabada... ko‘klam nash’asi bilan sho‘xlik qiladi.
Hayot nega bu qadar go‘zal va shirin bo‘ladi bahorda?
Cho‘lpon “Kecha va kunduz” romanidan.