22.03.2015

Оллоҳнинг лоласи (ҳикоя)


ОЛЛОҲНИНГ ЛОЛАСИ

(ҳикоя)


Соатни тўғрилашни унутибман. Кеч уйғондим. Дарсларга улгуришим керак. Кийиниб шоша-пиша уйдан чиқдим. Остонада кичик шаффоф пакетга ўроғлиқ эндигина очилай деб турган лолага кўзим тушди. Кимдир эшик олдига қўйиб кетибди.

Бир онда миямдан минг турфа ўй ўтди. Ким қўйди экан буни? Нега қўйди экан? Уйда бўлсам ҳам, наҳот сезмадим?
Лола совуқда титраб, илтижо билан “менда нима айб, уйга олиб кириб қўй, кейин саволларингни беравер” деяётгандек кўринди кўзимга. Бу совуқда сўлиб қолади, шундоқ ҳам совқотибди...

Уни эшикдан ичкарига киритиб, ишга шошилдим. Қўшнининг эшигида ҳам бир дона лола турибди. Қўшни азонда кетиб оёқ тинганда қайтади. То у келгунга қадар бу лолани совуқ уриб кетади. Хаёлимни тўплашга улгурмай кейинги қўшнининг деразасидаги лолага кўзим тушди. Демак, кимдир лола тарқатган. Омина хола уни аллақачон олиб, тувакка ўтқазиб, кунгай токчага қўйишга ҳам улгурибди.
Муюлишдаги масжидга етгунга қадар ҳар эшикнинг олдига бир тупдан лола ташлаб кетилганини кўрдим. Демак, лола муюлишгача тарқатилибди. Кўча бошида аравада мева-чева сотиб ўтирадиган амакининг ёнига яқинлашиб, саломлашдим. Лолани ким тарқатганини сўрадим. Амаки, кулиб деди:

- Лола бува тарқатди. Ҳар йилги одати, қишлоғидан бир арава лола олиб келиб кўчама-кўча тарқатади. Хўп, ажойиб одам-да... Менга ҳам берди, ана, кўр, бир сават лола. Ҳар баҳор шундай қилади. Жаннати одам, бу, жаннати...

- Ҳа, шундайми, бизнинг эшигимиз олдига ҳам ташлаб кетибди. Хайрон бўлдим.

Хайрлашиб, йўлимда давом этдим. Чорраҳадан ўтиб касалхона ҳовлисига кирдим. Бу йўл кестирма йўл бўлгани учун яқин, энг муҳими тинч, машина шовқини йўқ. Йўлакнинг икки ёнига экилган алвон лолаларни кўриб яна Лола буванинг “одати” хаёлимга келди. Қизиқ, нега бундай қилар экан? Ахир бир туп лола бозорда фалон пул бўлса. Қишлоқдан бу ерга олиб келиб тарқатишининг сабаби нима экан? Хуллас, жавобсиз саволлар билан овора бўлиб факультет биносига етиб борганимни ҳам билмай қолдим. 


***


Дарс бошланди. Мустақиллик даври ўзбек шеърияти ҳақида маъруза қилдим. Шоирлар, шеърлар, тасвирлар, шакллар, тимсоллар... Навбат Муҳаммад Юсуфнинг “Лолақизғалдоқ” шеърига келди. Матнни видеотасвирдан эшиттирдим. Машҳур бир актёр ҳазин куй жўрлигида шеърни ўқиди.

Мендан нима қолар: икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб, бир уюм тупроқ.

Одамлар ортимдан нима деса дер,

Мен сени ўйлайман ўзимдан кўпроқ –

Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ!

Кўз олдимга яна совуқда титраб турган лола келди. Дарс тугагач хонамга қайтдим. Тушгача чала қолган мақола устида ишладим. Нега бу ерга келиб қолганига ҳайрону лол турган бир туп лола кетмай қолди кўз ўнгимдан. Нима айб қилиб қўйганини англолмай дилдираб турган лола келаверди кўз олдимга. Мақолани давом эттиролмадим. Қаҳва ичиш учун ташқарига чиқдим.

Хонага қайтганимда талабаларим кутиб туришган экан. Уларга бир романни турк тилига таржима қилишни топширганман. Тайёр бўлганларини ўқиб текшираман. Хатоларини кўрсатаман. Биринчи талаба матнни ўқиди. Мен ўзбек тилидаги матн билан қиёслаб боряпман. 

У ажойиб лоладану ғаройиб қушдан кимлардир аллақачонлар хабар берган эдилар. У хабарлар тупроқ орасидаги дур ёки хазон орасидаги қирмизи чечак бўлиб, турли мушоҳада йўлларига ишора қилар, баъзилари ғам ва андуҳ маконлари-ю ишқ-муҳаббат биёбонларига, бошқалари эса жангу жадал майдонларига йўллардилар. Бепоён маъно даштлари қаршимда ястаниб, шу тариқа намоён бўлар эди...”

“Бугун ғалати кун бўлдими-а?!” Бу саволни ичимда, ўзимга ўзим бердим, деб ўйладим. Бироқ талабанинг ажабланиб қараб туришидан бундай эмаслигини англадим. “Ҳеч, эътибор берманг” дедим ва матн ўқишда давом этдик. Асарда қаҳрамон севган қизига тоғнинг энг баланд чўққиларида ўсадиган афсонавий лолани олиб келиш учун йўлга чиққани ҳикоя қилинади. Унга ҳамма ҳайрон қолади, кўплар ҳавас қилади, орзу қилади... Матн охирлади:

Сал нарида шаффоф сувларини чайқатиб Ойдинкўл нозлана-нозлана чайқалади. Учёнғоқ дейилган жойдаги пасту баланд қирлар ва уларнинг ёнбағирлари алвон-алвон лолақизғалдоқлар билан қопланган, улар ёмғирдан кейинги шабадада масъум-масъум тебранишади, гулбаргларида, гулкосаларида жаннат ёмғирларининг томчилари туриб қолган, бу томчилар ажойиб бир жаранг билан ерга – муборак тупроқларга бир-бир тўкилади...”


***


Уйга қайтишда Омина холанинг эшигини тақиллатдим. Хола олдин деразадан қараб мени танигандан кейин эшикни очди. Салом бердим. Узундан узоқ дуо қилди. Мен вақтни бой бермай Лола бува ҳақида сўрадим.

- Ҳа, олдингми, лолани? Ё, Раззоқ, болам. Насиб қилса, элдан келар, елдан келар, селдан келар; насиб қилмаса, элла кетар, елла кетар, селла кетар, буни тилингдан қўйма. Бу авлиёларнинг гапи, дуодай гап. Жуда табаррук лола бу, эҳтиёт қил, ҳўпми! Ёз бўйи очилиб кўнглингни равшан қилади. Мен бозордан олиб эккан лолалар очиладию сўлади. Лола буваники-чи, ёз адо бўгунча очилиб тураверади. Жуда ажойиб гул-да бу лола...

- Нега Лола бува дейишади? Лола тарқатгани учунми?

- Лолага ошиқ бўлгани учун шундай дейишади, болам. Лола Оллоҳнинг, атиргул эса расулининг рамзи, биласан-а буни?

- Ҳа, албатта. Тасввуфта...

- Отам раҳматли айтардилар, абжадда Оллоҳнинг ҳам, ҳилолнинг ҳам, лоланинг ҳам ҳисоби олтмиш олти бўларкан. Учови ҳам бир хил ҳарфлар билан ёзиларкан. Отам раҳматли, маконинг нурга тўлгур, сарой хаттотининг ўғли бўлган. Мана шу ёзувлар отамдан ёдгор қолган. Шу хатни ёзаётганларида тепасида томоша қилиб турганим ҳали-ҳали ёдимда...

Омина хола девордаги хаттотлик санъати намуналарига термулиб хаёлга толди. Мен секин қўзғолиб рухсат сўрадим. Хола дуо қилиб ўрнидан турди. Эшикни очаётиб “Лола бува, бечора анча қариб қолибди. Олдинги шашти қолмабди. Озиб-тўзиб кетибди. Оллоҳ шифо берсин!” деди.

-Ҳа, айтгандай, Лола бува қайси қишлоқдан эди? Сал бўлмаса унутаёзибман.

- Ҳасратқишлоқдан деб эшитганман, болам.

- Ҳа... Майли, хола. Мен борай энди, яхши дам олинг.

Омина хола айтган Ҳасратқишлоқни эшитганман. Измирга яқин тоғ қишлоғи. Мен турган уйнинг эгасига ўша қишлоқда яшайдиган қариндоши сут-қатиқ олиб келарди. Қишлоқ исмини эшитганимдаёқ қизиқиб қолгандим ўша қишлоққа.


***


Уйга келиб бироз дам олдим, кейин уй соҳиби билан гаплашиш учун ташқарига чиқдим. Собир амаки оқшом номозидан энди қайтиб турган экан. Ҳол-аҳвол сўрагандан кейин лола ва Лола бува ҳақида сўз очдим. Собир амаки жилмайиб, ҳа, бечора бир умр ёлғиз ўтди, деди. Бола-чақа ҳам кўрмади. Бир келганида айтиб берганди. Хотини қаттиқ бетоб бўлиб қолган экан. Қаҳратон қиш... “Бир дона лола пиёзидан олиб келинг. Экиб токчага қўяман. Лола касалнинг дардини ўзига оларкан. Ғунчалигидан бошлаб унга қараган одамнинг дардини ўзига оларкану ичига ютаркан. Шундан унинг ичида доғи бўларкан. Ажабмас, менга ҳам шифо бўлса...” деб ялинибди эрига. Қиш эмасми, эр ҳам “ҳозир қаёқдан топаман лоланинг пиёзини, оддий пиёз топиш маҳолку” дебди. Эртасига тоққа ўтин кесгани кетибди. Кўчки бўлиб йўллар тўсилиб қолибди. Икки-уч кун кейин келса хотини бир аҳволда ётган экан. Қўни-қўшни хабар олиб турган экан, лекин касаллиги оғирлашиб бораверибди. Эри келганда илк сўзи “лола топдингизми?” бўлибди. Ўша кеча хотин қазо қилибди. Шу-шу эр ҳам тирик мурдага айланибди. Орадан анча вақт ўтиб, хотинининг қабрига лола экибди. Қишда селлофан билан ўраб қўяркан, лолалар сўлмасин деб. Уйини, ҳовлисини, кўчасини ҳам лолага тўлдирибди. Ортганини қишлоқларга тарқатаркан. Ундан ҳам ортганини шаҳарга олиб келиб кўчама-кўча тарқатиб чиқишни одат қилган. Ҳар баҳор шундай қилади. Масжиднинг ичидаги лолаларни ҳам Лола бува олиб келган. Ҳали кўрдим, анча ўзини олдириб қўйибди. Ҳамма дардини ичига ютганда, Оллоҳнинг лоласи...

Уйга кирдим, овқатланиб китоб ўқий дейман, Лола бува ҳақидаги ҳикоялар хаёлимдан кетмайди. Эртага шанба, уйда ишим ҳам йўқ. Эрталаб Ҳасратқишлоққа бир ўтиб келсамми, деб ўйладим.

Туш кўрибман.

Алвон духоба ёпилгандай ҳар ер лолазор. Қай бирини узай десам бирдан одамга айланиб, фарёд чекаверармиш. Ҳар бири “лола топдингизми?” деб ёлворар эмиш... Шу пайт лолазорга бир девона кириб келибди. Ҳамма лолалар бирдан ҳазонга айланибди. Девона фарёд қилибди. Унинг чинқириғидан олам ларзага келибди... Уйғониб кетдим. Бомдодга азон чақирилаётган экан.


***


Йўлга чиққанимда кун аллақачон тиккага келган эди. Бир соат деганда қишлоққа кириб бордим. Тоғ қишлоғи, нари борса йигирмата хонадон бор. Уйлар ҳам тошдан қурилган бежрим, пастак... Дарвоза олдида ўйнаб ўтирган болалардан Лола буванинг уйини сўрадим. “Икки марта ўнгга қайриласиз” деб йўл кўрсатган бўлди болалар. Биринчи кўчадан бурилиб бироз юрдим. Қаршидаги кўчада тобут кўтариб бораётган оламонни кўрдим. Ўнгга бурилиб очиқ дарвозага яқинлашдим. Ҳовлининг ҳар ери лола, биронта бошқа гул йўқ. Девор ва устунлардаги осма тувакларда, дераза токчаларида, ҳамма-ҳамма жойда лола. Хонадонда бўш жой қолмабди, ҳаммаёқ лола... Қидирган манзилимга етиб келганимни пайқадим. Аммо...

Ортимга қайтиб оламон кетган томонга югурдим. Қабристонга кириб боришаётганда одамларга етиб олдим. Лола бувани қирмизи қизғалдоқлар қоплаган бир қабрнинг ёнига дафн қилишди. Хотинининг қабри эканлигини сезмаслик мумкин эмасди. Фотиҳалар ўқилгач, одамлар қўлидаги лолаларини қабр устига ташлашди. Иккала қабрнинг устида ҳам тўп-тўп лола... Бирисида очилиб ичидаги доғи кўриниб қолган лолалар, иккинчисида ҳали очилиб улгурмаган лолалар...

Одамлар бувани эслаб, алқаб боришарди. “Оллоҳнинг лоласини ҳам эгасига топширдик...”


Уйга қайтиб келдим. Лола бувадан ёдгор лола кўзимга худди ота-онасиз қолган етимдек кўриниб кетди. Уни авайлаб токчага қўйдим, сув қуйдим. Эртаси кун, ёлғиз қолмасин деб, ёнига бошқа лолалар олиб келиб экдим. Кўп ўтмай токчамда қипқизил лолалар очилди. Оллоҳнинг лолалари...

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder