24.03.2015

Қаҳрамон руҳияти ва сўз


Қаҳрамон  руҳияти ва сўз

Инсоннинг ботиний олами суҳбатларда,  музокараларда у ёки бу даражада зоҳир топиши шубҳасиздир. Бадиий  адабиётда бу жараён диалог ва монологлар орқали намоён бўлади. Асар қаҳрамонларининг суҳбатлари, баҳс-мунозараларининг биз кўниккан суҳбатлардан , шунчаки кайфий мунозаралардан фарқи шундаки, асардаги диалоглар адибнинг бадиий ниятига алоқадор бўлгани боис эстетик ёқимли ва асарнинг яхлитлигини таъминловчи бадиий унсур ҳисобланади. Шу сабабли ёзувчи қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларинигина эмас, қалби ва қиёфаси, ботини ва зоҳири, маънавий ва моддий мавжудияти ўртасидаги инжа мувофиқликни топа билиши ва бу ҳолатни сўз руҳи билан уйғунлаштира олмоғи лозим. Қаҳрамоннинг тафаккур тарзи, дунёқараши, ижтимоий савиясига  муносиб ҳаёт бичими топиш ўта мураккаб фаолият. Бунинг учун характер ва ҳаёт мантиғини жиддий кузатиш ва моҳиятини равшан ифодалай олиш зарур бўлади. Зеро асар тилининг гўзаллиги унинг равонлиги, аниқ ва ихчамлиги билан белгиланади. «Шу маънода диалог маҳорати ёзувчи талантининг, унинг ҳаётни қай даражада чуқур билиш ва инсон табиатини зукколик билан ҳис қилишини очиб кўрсатувчи заргарлик калитидир» (Ғофуров И. Гўзалликнинг олмос қирралари. Адабий ўйлар. Т., 1964.  141-б).
«Кеча ва кундуз»даги диалоглар силсиласида қаҳрамонларнинг ички дунёси, ақл-заковати, фаҳм-фаросати ва ахлоқий қиёфаси ўзининг барча қирралари билан намоён бўлади. Асардаги Раззоқ сўфи билан  Қурвонбиби ўртасидаги диалогни эслайлик: Қурвонбиби сўфига ёқадиган бир сўз топгандай, дадиллик ва бемалоллик билан кулиб туриб гап бошлади:
-Мен Зебини бир жойга жўнатиб ётибман.
Сўфи бу сафар бақирмаса ҳамки, дағал бир овоз билан сўради:
-Қаерга? Нега?
-Ойдинкўлдаги Халфа эшонимизнинг кичик қизлари бир-иккита ўртоғини «баҳорлашиб кетинглар» деб чақиртирган эканлар. Шуларнинг биттаси Зеби, яна биттаси унинг ўртоғи Салтанатхон экан. Салтанатхон аравани қўштириб қўйиб, ўзи Зебини айтгали келибди. Йўқ десак қандай бўлади?
Хотини нима деса «йўқ» дейдиган сўфи бу сафар бирданига «йўқ» демасдан, хаёлга кетди.(...)
Сукут узоққа чўзилгандан кейин Қурвонбиби энди бу сафар жиддий бир чеҳра билан:
-Нимага индамайсиз? Хўп денг! Катта одам, уят бўлади. Бир яхши хотинлари, бир отинча қизлари борки... Ўзларини бўлса ўзингиз биласиз,-деди.
Сўфи негадир:
-Биламан, фитна, биламан!-деб қўйиб, яна жим бўлди.
Энди Қурвонбиби яна ҳам жиддийлашди:
-Бўлмаса «йўқ» денг. Салтанатхонга жавоб берай, кетсин! Азонда келган эди.
Шундан кейин сўфининг тили айланди:
-Шошма, фитна! «Йўқ» дема, майли, бора қолсин...
Қачон келади?
-Индинга эрта билан ё кечқурун.
-Эшонойимнинг раъйларига қарасин.
Сўфи ўрнидан турди. Картдан тушиб, кавшини кияркан:
-Овозим бор деб ашулага зўр бермасин, деди. Номаҳрамга овозини эшитдирса рози эмасман!.(18-19)[1]
Ушбу диалог қаҳрамонларнинг ўзаро муносабатларини, ўзига хос руҳий дунёларини ва асарнинг мазмун-моҳиятини очишда муайян вазифани адо этиш билан эътиборга лойиқ. Раззоқ сўфи тунд ва дағал табиатли одам. Шу билан бирга хотини ва қизининг кўнгли билан қизиқмайдики, қизини «қиш ичи сиқилган кўнглини ёзиб келиш учун» қишлоққа юборса. Бироқ, Қурвонбиби сўфидан ижозат олиш «илмини» чуқур эгаллаган. Қурвонбибининг бу маҳоратини ёзувчи қизлар нутқи орқали ғоят жонли ва ишонарли қилиб беради:
«-Қурвон холам боплади!-деди Салти.
-Энам гапга уста. Эшондан тушганини кўринг. Эшон десангиз отам ўлганини ҳам билмайди... Худо муни эшонлар учун яратган».(18)
Шу боис ҳам сўфининг бироз  аввалги авзои масаланинг қизлар ҳисобига ҳал бўлишига тўсиқ бўла олмади. Қурвонбиби  «халфа эшон» сўзига алоҳида урғу бериб айтишдан бошлагач, хотини нима деса «йўқ» дейдиган одам бу гал хаёл суриб кетди. Табиийки, Қурвонбиби қулай фурсатни қўлдан бериб қўймаслик тараддудида оғзидан бол томиб халфа эшонни мақтагани-мақтаган. «Бир яхши хотинлари, бир отинча қизлари борки... Ўзларини бўлса ўзингиз биласиз...» Тилимизда -лар кўплик шаклининг ҳурмат маъносида ҳам қўлланиши меъёрий ҳолдир. Мазкур вазиятда ҳурмат маъносини тугал ифодалаш  учун  ёлғиз     «-лар»нинг ўзи етарли бўлмагани боис «яхши» сифатлаши келтирилади. Бироқ, бу билан ҳам қониқиш ҳосил қилмаган ёзувчи «яхши»нинг шунчаки «яхши»лардан фарқли, алоҳида «бир яхши» эканлигини урғулашни лозим кўради. Қурвонбибининг мақсади-қизлари учун эридан рухсат олиб бериш. Шу мақсадда ўзи кўрмаган, билмаган халфа эшонни ва унинг хотин-болаларини тавсифу таърифлаш билан овора. Эшоннинг хотини «бир яхши» экан, «аъло» бўлганида ҳам сўфи учун заррача аҳамияти бўлмас эди. Қизи-ку «бир отинча» экан, фаришта бўлмайдими? Сўфи учун муҳим бўлган нарса ўша отинчанинг отаси, ўша «бир яхши» хотиннинг эри халфа эшонлигидадир! Сўфи қизига рухсат беришда айнан шу нарсага алоҳида эътибор берган. Бундан ташқари суҳбат якунида ҳолатни янада ойдинлатувчи бир изоҳ бор:
«Бу сафар одамга ўхшаш гапириб, Қурвонбибини қувонтирган Раззоқ сўфи шу сўзлардан сўнг яна ўз жимлигига қайтди. Бироз сўнгра салласини кийиб, яхтагини қўлига олгандан сўнг:
-Хуржунни бер, фитна! Бўлмаса, иккита қоп бер!-деб қолди. Қурвонбиби қопни узатар экан, эрининг қўлига шу топда бир оз пул тушганини, энди каттароқ харид қилиш учун бозорга кетаётганини ва ҳалиги зўр илтифотнинг ҳам пулнинг кучи билан бўлганини англади...»(19)
Сўфининг ғазабдан тушишига сабаб бўлган омиллардан бири халфа эшоннинг «юз-хотири» бўлса, иккинчиси «пулнинг кучи»дир. Қурвонбибининг эшонойини айланиб-ўргилиб мақташлари-чи? Уларнинг таъсири, кучи асло сезилмадими? Аслида халқда «яхши гап илонни инидан чиқаради» деган нақл бор. «Илонни инидан чиқарадиган» яхши гаплар сўфига кўпам кор қилавермасди. Қурвонбиби буни билади. Лекин ўзи танимаган бир одамни олқар экан, худди кўргандек, кўп қадрдон кишиси ҳақида сўзлаётгандек ҳолатга кириши унинг характери билан ҳам боғлиқ. Қурвонбиби ҳеч кимга ёмонлик соғинмайдиган, ҳаммани ичидан севадиган, бағри кенг, очиқ кўнгил ва айни дамда содда ўзбек онаси.
Эътибор берилса, ушбу суҳбатнинг асар тақдирида муҳим роль ўйнаши аён бўлади. Мазкур диалог пировардида Зебилар қишлоққа бришга изн оладилар. Воқеа-ҳодисаларнинг кейинги такомили шу суҳбат билан бевосита боғлиқ. Диалогнинг асар учун нечоғли қимматли эканлигини назарда тутиб, баъзи ўринларга қайта мурожаат қиламиз. Раззоқ сўфи якка-ю ягона қизнинг отаси. У жоҳил, дағал бўлгани билан барибир ота эмасми? Жавоб беришдан аввал узоқ сукутга чўмади. Отасининг бу ҳолатини ичкаридан кузатиб турган Зеби: «Отам осонлик билан маъқул гапга кўнадиган одам эмас... Жим туриб қолишини кўринг: ҳали ҳам чурқ этмайди» дейди. Зеби ва онасининг назарида «маъқул» кўринган нарса ота дунёқарашида қай тарзда таҳлил қилинаётган экан? Раззоқ сўфининг тундлиги боис буни билишимиз қийин. Лекин халқда кенг тарқалган ақидага кўра ота кўнгли баъзи нарсаларни олдиндан сезаркан. Сўфининг узоққа чўзилган сукути замирида қизининг тақдири билан боғлиқ ички сезимлар ётмаганмикан? Шу маънода "сўфи негадир:
- Биламан, фитна, биламан!-деб қўйиб яна жим бўлди" ифодаси диққатни тортади. Ёзувчи «негадир» сўзига сўфининг ҳадигини, гумонини юклай олган чамаси. «Биламан» сўзининг такрорланиши ва яна жим қолиши... Буларнинг бари инсон онгида   кечадиган, лекин англаниши қийин бўладиган ҳолатларнинг, сезимларнинг ифодасидир. Сўфи ота сифатида ва инсон сифатида шуур остида рўй берадиган ана шундай жараёнларни бошдан кечираётгани аниқ. Раззоқ сўфи умри давомида шаклланган характеридан ва кўникмаларидан чиқиб кетиши маҳол бўлганидан қизига изн берди. Эшоннинг раъйи ва пулнинг кучи бу борада асосий вазифани бажарган бўлса-да, сўфига далда берган яна бир сир бор. Ўша сирни сўфининг нутқидан қидирамиз:
«-Овозим бор деб ашулага зўр бермасин,-деди,-Номаҳрамга овозини эшитдирса рози эмасман!». Демак, асар сўнгидаги кўргиликлар Зебининг овози орқали келишини Сўфи қайсидир маънода сезган. Фақат масалани ҳамма сингари осонгина ҳал қилган: «Ундай қилмаса, бундай бўлмайди» қабилидаги ечим Раззоқ сўфига далда берган бўлиши мумкин. Яъни: «ашула айтмаса, номаҳрамга овозини эшитдирмаса, паранжини ечмаса ҳаммаси яхши тугайди» каби табиий ишониш тарзи отанинг кўнглидаги ғашликларни қувиб юборган бўлса ажаб эмас.
Ёзувчининг маҳорати қаҳрамонларнинг туйғу-кечинмаларини теран англаши ва ҳар бир қаҳрамоннинг савиясига, дунёқарашига, руҳий оламига ғоят мос келадиган сўз топа билишида ёрқин намоён бўлади. Жумладан, ёзувчининг ардоқли қаҳрамонларидан бири, китобхон меҳрини оҳанграбодек ўзига жалб қилувчи мафтункор Зеби нутқидан унинг онги, маданий савияси ва уни бошқалардан ажратиб турувчи ўзига хос характерини пайқашимиз мумкин: «Сўфининг бу авзойини кўргандан кейин икки қизнинг борқадар умиди ҳам узилиб бўлди. Зеби бу умидсизликни яшира олмади:
"- Ўйнашмай ўлайлик, энди отам ҳеч қаерга чиқармайди...
Салти ҳам ўз ташвишини англатди:
- Нима қиламиз энди? Сиз бормасангиз, мен ҳам бормайман... Энахон тоза койийди-да.
- Тек ўтирган бўлсак кўнгли юмшармидикан?-деди Зеби.
Салти индамади. Бироздан сўнг яна ўзи илова қилди:
- Кўнгли ўлсин, юмшаган вақтини кўрганим йўқ! Катта-катта харсангтошларни сой бўйига девлар ташлаган, дейди... Энг каттасини отамнинг кўкрагига ташлаб қўйиб, «мана шу сенинг кўнглинг!» деганмикан, яшшамагурлар!"
Халқ тилининг ранг-баранг бўёқларидан уста рассомдек маҳорат билан фойдалана олган ёзувчи Зеби нутқи орқали воқеа бўлиб ўтаётган вазиятни, шароитни жонли ва тугал тасвирлаш билан бирга «ардоқли» қаҳрамоннинг ўша муҳитга муносабати, хусусан оиладаги ўрни ва эркини ғоят ишонарли тарзда акс эттиради. Зеби оиладаги якка-ю ягона қиз. У ҳар қанча эркалик қилса, ҳар қанча шўхлик қилса ярашгулик қиз. Лекин Зеби ундай қила олмайди. Эркалик у ёқда турсин, озиб-ёзиб бир севингани, дугонаси билан бир қувнаб-шодлангани ҳам баджаҳл отанинг тор кўнглига сиғмади. Зеби булар ҳақида ўйлашни ҳам истамайди. Ҳатто бундан бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайдигандек кўринади. Отасининг ўзига ва онасига нисбатан совуқ, бегоналардек муносабатни сингдира олмаса-да, дилидагини тилига чиқаришни эп кўрмайди. Зеби ана шундай шароитда ўсиб-улғайгани боис барига кўникиб кетган эди. Бироқ шундай вазият юзага келдики, беихтиёр «кўнглини ёришга», ички исёнини ошкор қилишга жазм этди. Қиз руҳиятидаги дастлабки умидсизлик дарҳол унинг тилига тўкилди:  
"- Ўйнашмай ўлайлик, энди отам ҳеч қаерга чиқармайди...". Кўриниб турибдики, Зеби ўзини бўлиб ўтган воқеада асосий айбдор деб ўйлаяпти. Шу сабабли қилган хатосини эмас, «айбига» яраша жазонинг муқаррарлигини фаҳмлаб, жазо турини ҳам ўзича чамалаб бўлди. Бироз вақт ўтиб, юрак дукури босилгандан сўнг: «Тек ўтирган бўлсак кўнгли юмшармидикан?»-дея ўзига савол беради. Демак, Зеби юз берган воқеани таҳлил қила бошлади. Энди у отасининг ҳам айби йўқмикан деган мулоҳазага бормоқда. Ўйнашганлиги учун «жавоб бермаслиги» аниқ бўлди, гўё. Лекин тек ўтирганида изн берармиди? Зеби икки ҳолатни қиёс қилиш орқали отасининг ҳам айбсиз эмаслигини фарқлади. Фақат Зебининг бу тарзда ўйлаши унинг наздида отага нисбатан ҳурматсизликдай туюлди чамаси, айбдорни бошқа жойдан қидиришга киришди ва топди ҳам: Айбдор ёвуз кучлар-девлар бўлиб чиқди. Натижада Зеби дугонасининг олдидаги маҳжубликдан ҳам қутулган бўлди. Эсласангиз, ҳовли супуриш эпизодида Зеби қўлига супурги олишни истамаса-да, ўртоғининг «бу қиз энасининг гапига кирмас экан» деган ўйга боришини ўйлаб, индамасдан қўлига супурги олган эди. Худди шунинг сингари Зеби отасини ёмонлайверса ўртоғи «бу қиз отасини ҳурмат қилмас экан» деб ўйлаши мумкин эди-да. Зеби шу тобда отасини эмас, отасининг кўкрагига энг катта тошни ташлаб, «мана шу сенинг кўнглинг!» деб кетган девларни койиётган, уларни айблаётган эди.   
М.Юлдашев. Чўлпон сўзининг сирлари. Тошкент: Маънавият, 2002.


[1] Романдан келтирилган бу ва бундан кейинги мисоллар ушбу нашрдан олинган: Чўлпон. Асарлар. Уч жилдлик. II жилд. О. Шарафиддинов таҳрири остида. - Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994. Қавс ичида китобнинг мисол олинган саҳифаси кўрсатилган.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder