16.03.2015

Мазлума опа маърифати

МАЗЛУМА ОПА МАЪРИФАТИ

Дарс жараёнида талабаларнинг турли саволларига жавоб беришга тўғри келади. Саволларнинг баъзилари ўринли, баъзилари шунчаки, “домла дарсига бефарқ эмаслигимни сезсин” қабилида бўлади. Баъзилари эса ҳақиқатан ўйлашга мажбур қиладиган бўлади. Яна шундай саволлар бўладики, бехосдан “наҳот, шуниям билмаса, мактабда ўқиганми ўзи” деган хаёлга борасиз. Талабалар ичида дарсингизга умуман алоқаси бўлмаган саволларга ҳам жавоб беришингизни кутадиганлари кам эмас. Қисқаси, талабанинг маънили-маънисиз саволлари қаршисида ҳар доим сабр билан, чидам билан туриш, ҳар бир саволга алоҳида эътибор билан жавоб қайтариш жуда катта маданият ва маърифатни талаб қилади. Мазлума опада ана шундай маърифат бор эди. 
Бир куни дарсда Мазлума опа ёзув тахтаси ёнида турган талабадан тухумнинг оқини оқлаб, сариғини сақлаб енг мисолининг синтактик таҳлилини сўрадилар. Талаба берилган гапни таҳлил қила олмади ва ўзини оқлаш учун шундай сабаб кўрсатди:
– Домла, мен таҳлилга қизиқаман, лекин қийналаман, тўғрироғи мантиғини тушунмайман. Шу синтактик таҳлил нимага керак ўзи? Ўзбек тилида яхши гапирсак, яхши ёзсак бўлди-да. Ҳамма тилшунос олим бўлмайди-ку!
– Яшанг, баракалла, ўғлим! Мен шу саволни ўзимга 14 ёшимда берган эдим. Шундан бери ҳеч кимдан бу саволни эшитмагандим. Келгусида сиздан яхшигина мутахассис чиқишига ишонаман. Ҳар қандай ишда зўр мутахассис бўлиш учун ана шундай зийраклик керак бўлади. (Таҳлилни билмасдан туриб ҳам шунча олқиш олган, бу олқишлардан ўзини “яхшигина мутахассис”дай тута бошлаган ўша талаба бугун марказий газеталарнинг бирида юқори лавозимда фаолият кўрсатади.) Мазлума опа ўша талаба ўтирган партага яқинроқ келиб сўзини давом эттирдилар:
–Агар кўзимиз оғриса, биринчи кимга мурожаат қиламиз?
–Докторга!
–Баракалла! Нима учун унга ишонишимиз керак. Кўз бизники, нега ўзимиз даволай қолмаймиз. Ёки машина бузилса, устага олиб борамиз. Уни ҳайдашни биладиганлар нега ўзи тузатиб қўя қолмайди? Сартарошга нима учун пул бериб сочингизни олдирасиз? Томошабинлар Эргаш Каримов миниатюраларини нега интизорлик билан кутишади, кун санаб ўтиришади? Буларни ҳам қўйинг, сизни Тошкентга келишга, кечаларни кундузга улаб китоб ўқишга, имтиҳондан ўтиш учун ҳаёт-мамот жангига киришга мажбур қилган нарса нима ўзи? Ўйлаб кўрганмисиз? Ҳа, кўзимизни ўзимизга эмас, кўз ҳақидаги бутун илмни ўқиган, ўрганган, билган одамга ишонамиз. Машинани маза қилиб ҳайдаган одам, бузилганда бу ишнинг устасига боришдан ор қилмайди. Сочимизни бу ишни энг яхши уддалайдиган одамга олдирамиз. Кулиб дам олишни истаган одам ўзи қойиллатганида эди, кунда 24 соат одамларни кулдириш ҳақида ўйлайдиган сўз устасини кутмаган бўларди. Ёки сизни китоб ўқишга ундаган нарса ҳам билмаслигингизни тан олиш эмасми? Демак, билмаганлигимиз учун ўрганамиз. Қанча кўп ўргансак, билишимиз керак бўлган нарсаларнинг ҳам беҳисоб эканлигини англаймиз. Бир ишни энг яхши бажарадиган, оз нарса ҳақида кўп нарса биладиган одамни мутахассис дейишади. Одамлар мутахассисга ишонишади. Маслаҳат керак бўлганида, эҳтиёж сезганида мутахассисга мурожаат қилинади. Тилни билиш фақат гапиришни, ёзишни билиш деганигина эмас. Унинг жон томирини билиш дегани. Синтактик таҳлилни ўрганиш орқали сўзларнинг ўзаро боғланиш механизмларини аниқ кўриш имконига эга бўласиз. Синтактик таҳлилни ўрганиш ҳам тил қонуниятларини янада кўпроқ билишингизга кўмаклашади. Шу билан бирга сизнинг мутахассис сифатида камол топишингизга ёрдам беради. Сўзларнинг қандай қоидалар асосида боғланишини аниқ кўришни, сезишни ўрганганингизда ҳаётдаги шу каби қонуниятларни ҳам англай оласиз. Синтаксисда эга, кесим, тўлдирувчи, аниқловчи, ҳол каби қатор тушунчалар бор. Агар боғланишлар қонуниятини билсангиз, ҳаётдаги ўрнингизни ҳам фарқлаш имконига эга бўласиз. Ким эга, ким тўлдирувчи... Сиз берган савол ҳодиса моҳияти билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам аҳамиятли. 
Мазлума опа ҳаётда “тухумнинг оқини оқлаб, сариғини сақлаб ейиш” дарс жараёнидаги синтактик таҳлилдан кўра мураккаброқ эканлигини шу тарзда англатмоқчи бўлдилар. Мазлума опа ёш ўқитувчиларга, шогирдларига дарсда таҳлил қиладиган ҳар бир мисолни ниҳоятда талабчанлик билан танлаш зарурлигини кўп таъкидлардилар ва ҳар бир мисолнинг тарбиявий аҳамиятига, янгилигига, таъсирчанлиги ва мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш лозимлигини уқтиришдан чарчамасдилар. 

Охирати обод бўлсин устознинг...  

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder