4.03.2015

Алп Эр Тўнга – Туркий халқлар бобокалони




Афросиёб таниқли ҳарбий саркарда ва машҳур давлат арбоби бўлиб, у туркий халқлар бобокалони ҳисобланади. Туркий манбаларда у Алп Эр Тўнга ва Тўнга Алп Эр, форсий манбаларда Афросиёб номи билан тилга олинган. Демак, Алп Эр Тўнга ва Афросиёб, аслида, битта шахснинг туркий ва форсий номлари бўлиб, у Турон давлатининг асосчисидир.
Туркшунослик илмининг асосчиси бўлган машҳур олим Маҳмуд Кошғарий ўзининг “Девону луғотит турк” (1071-1072) китобида Алп сўзини қуйидагича изоҳлайди: “Алпботир, қаҳрамон”. Сўнгра китобда Алп Эр Тўнга ҳақидаги машҳур марсия келади.
Тўнга (тонга) сўзи эса девонда қуйидагича изоҳланади: «Тонайўлбарс жинсидан бўлган бир хил ҳайвон. У филнинг кушандасидир. Бу сўзнинг асосий маъноси шудир. Лекин бу сўз туркларда маъноси ўзгарган ҳолда қўлланади. Бу сўз, кўпинча, одамларга лақаб ўрнида ишлатилади. Чунончи, Тонахон, Тона тегин ва шунинг кабилар.
Туркларнинг улуғ хони Афросиёбни Тона Алп Эр деб атар эдилар. Йўлбарс каби кучли баҳодир одам, демакдир”.
Демак, Алп Эр Тўнга сўзининг луғавий маъноси “Йўлбарс каби кучли одам, ботир ва қаҳрамон эр” демакдир. Туркий халқларда ботир саркардалар ва подшоҳлар номига, одатда, Алп сўзи қўшиб ишлатилган. Алп Эр Тўнга бу номни ўзига исм қилиб олган дастлабки инсон, туркий халқларнинг илк хоқони (хони) ҳисобланади. Кейинчалик ўзбек халқ эпосида 90 алп бўлганлиги, сўнгги алп Алпомиш эканлиги куйланган.
Алп Эр Тўнганинг форсий манбаларда ўз номи билан тилга олинмай, балки Афросиёб деб аталишига нима сабаб бўлган? Афросиёб икки сўз: афро ва сиёб сўзларидан ташкил топган. Афрос сўзи арабча бўлиб, от маъносини билдиради. Эрон афсоналари ва ёзма адабиётидаги қаҳрамонлар номига азалдан от (асп) сўзи қўшиб ишлатилган. Масалан, “Шоҳнома”да Гуштасп, Аржасп, Луҳрасп каби кўплаб номлар учрайди. Сиёҳ эса сиёҳи об, яъни қора сув демакдир.
Хуллас, Афросиёб форсчада қора от, қора отлиқ маъноларини беради. Қора сўзи фақат ранг (сифат) маъносида қўлланмай, бу тушунчанинг туркий халқларда кучли, баҳодир каби маънолари ҳам мавжудлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. (Бу ўринда кейинчалик ташкил топган туркий сулола – Қорахонийлар давлатининг номланиши бевосита шу сўзнинг кейинги маъносидан олинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ҳатто Туркистон тарихида Қорахитойлар давлати бўлганлиги ҳам маълум.) Бироқ форслар Афросиёбни ёвузлик ва даҳшатнинг тимсолига айлантирганлар. Тожик қомусларида эса Афросиёб сўзи қўрқинч ва даҳшат солувчи маъносида янглиш изоҳланади.
Мақола Қаҳрамон Ражабовнинг Алп Эр Тўнга мақоласидан олинди.  

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder