20.03.2015

Рамиз Равшан



Рамиз Равшан


Озарбайжонлик катта шоир РАМИЗ РАВШАНни ўзбек китобхонлар ҳам яхши билишади, яхши кўришади. Унинг бир неча шеърини ўзбек тилига Карим Баҳриев юксак маҳорат билан ўгирган. Айниқса, "Сут тишининг оғриғи" достонининг ўзбекчасини ҳузур қилиб ўқиганман. Мен Рамиз Равшаннинг қуйидаги шеърини ўзбек тилига бир мухлис сифатида таржима қилиб кўрдим. Шоир шеъриятига хос инжаликлар таржимада маромига етмаган бўлса, бу қусурни менга оид деб билинг.

МЕН БИР ЧАНГМАН
Самоларда
Учиб юрган чангман мен.
Кўкдан ерга
Қараб турган кўзман мен.
Мен бир кўзман
киприги йўқ, қоши йўқ.
Мен бир чангман
оёғи йўқ, боши йўқ.
Ҳасрат ила
одамларга, ҳайвонларга, қушларга.
ёғиламан бу дунёнинг шўрига.
Улкан чанг заррасидек
бу дунё ҳам чанг бўлар
минг-минг юлдуз ичида.
Бу дунёнинг ичи чангдир.
Бу дунё чанг ичида.
Ости ҳам усти ҳам
чангдир, чанг.
Бу дунёнинг
аввали ҳам охири ҳам
чангдир, чанг.
Мен бир чангман
билмам, қай бир чангдан қўпганман.
Ё аввалдан,
ё охирдан қўпганман.
Чарчаганман, чанг бўлмоқдан, Оллоҳим
Бадансиз, жонсиз бўлмоқдан, Оллоҳим.
Мен бир аёл жисмига
жам бўлмоқни истайман.
Бу дунёда
инсон каби туғилмоқни истайман.
Жисмимга жон истайман,
этдан-суякдан,
кўз ёшидан,
тердан,
қондан,
иликдан.
Мен бир чангман, озоддурман самода
Не ажабки
озод эмас ҳеч бир одам дунёда.
Сен бу жонсиз озодликни
кел, мендан ол, Оллоҳим!
Тез ол, мени қафасга сол, Оллоҳим!
Ҳавосизман,
етиш, менга ҳаво бер.
Нафасимга
бадан отли қафас бер.
Менга сас бер
сасга қафас - оғиз бер.
Менга сўз бер,
сўзга қафас қоғоз бер!..

Аслиятдан М.Юлдашев таржимаси

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder