13.03.2015

Баҳсларга сабаб бўлган сўз




Шу кунларда Туркияда матбуот ва социал тармоқлар орқали бир сўз жамоатчилик томонидан кенг тортишилмоқда. ТDK (турк тили қўмитаси) томонидан тайёрланган изоҳли луғатда мусоид (müsait) сўзининг икки маъноси берилган: 1. Уйғун, муносиб. 2. Енгилтак, енгил табиат, суюқ оёқликка мойил (аёл) тарзида изоҳланган. Араб тилидан ўзлашган бу сўз ўзбек тилида ҳам мавжуд. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида (икки жилдлик, 1981) мазкур сўзнинг мусоада шакли берилган ва қуйидагича изоҳланган: мусоада - кўмаклашиш, имкон туғдириш. Вақт мусоада қилса келарман. (1-жилд, 483-бет) Янги таҳрирдаги 5 жилдли изоҳли луғатнинг 2-жилд 650-бетида эса мусоид сўзи ҳам берилган бўлиб, “ёрдам берувчи, қулай” маъноларида қўлланилиши қайд қилинган.
Туркиядаги тортишувларнинг сабаби эса “аёлларни камситиш, жинсий ажратмачилик, эркак марказлилик” тамойили асосида изоҳланган деган иддао билан боғлиқ. Тортишувлар шу даражага етдики, натижада ТDK раёсати матбуот орқали халққа расмий баёнот эълон қилишга мажбур бўлди.
Бир қарашда, сўзда нима айб? Луғатда нима айб? Луғат мақоласини ёзганда нима гуноҳ? Ўша маънода қўлланган бўлса, луғатга олади-да. Муҳими изоҳ учун келтирилган матннинг асослилигида эмасми? 
Аслида, луғат мақоласи рисоладагидек, ҳаммаси жойида. Луғатчилик анъаналарига тўла риоя қилинган. Аёллар эса мазкур сўзнинг изоҳидан қаттиқ ранжишмоқда. Улар халқ тилида мусоиднинг бундай маъноси йўқ дейишмоқда. Йўқ (эскирган) маънонинг луғатга олиниши аёлларга нисбатан паст назар билан қарашнинг давом этаётгани сифтида талқин қилинмоқда.
Луғатлар муайян тилдаги мавжуд бирликлар асосида тузилади. Сўз ва унинг маъноси бадиий асар ёки вақтли матбуотдан олинган мисоллар асосида изоҳланади. Луғатлар, аёл, эркак ёки кимгадир ёқиш-ёқмаслигини назарда тутиб тайёрланмайди.
Қолаверса, ўша сўзнинг маъно таркибидан аёллар эътироз қилган маъноси олиб ташланса, ҳаммаси яхши бўлиб кетадими? Луғатдан чиқариб ташлаш осон, аммо... Кошки, ўша иллатни феъл-атвордан ҳам сиқиб чиқаришнинг иложи бўлса. Кошки, нутқимиздан ҳам, ўйимиздан ҳам, жамиятдан ҳам ўчириб ташлашнинг имкони бўлса. Бунинг имкони бўлганида эди, салбий маъно ифодаловчи барча сўзлар луғатлардан чиқариб ташланган бўлар эди. Кошки...

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder